Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 16 / Ҳисоботга тайёрланамиз

2016 йил биринчи чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоблашга доир тавсиялар

 

I чорак якунланиб, ҳисоботларни топшириш даври бошланди. Бугунги сонда «Norma Ekspert» мутахассислари иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги корхоналар учун ягона солиқ тўловини қандай ҳисоблашни аниқ мисоллар ёрдамида тушунтирадилар. 2016 йил I чораги учун ЯСТга доир тавсияларни тайёрлашда 2016 йил 1 январдан жорий этилган солиқ солишдаги ўзгартишлар ҳисобга олинди.

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Ягона солиқ тўлови:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.

Солиқ кодекси 360-моддасининг 1, 4 ва 5-қисмлари

 

*ЯСТни ҳисоблашга доир тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни «Norma» gazetalari birlashgan tahririyati» МЧЖ ёки «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.

 

2016 ЙИЛДА ЖОРИЙ ЭТИЛГАН ЯСТга ДОИР АСОСИЙ ЎЗГАРТИШЛАР

 

ЯСТ ставкалари бўйича

2016 йил 1 январдан бошлаб Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарори (бундан кейин – ПҚ-2455-сон Қарор) билан қуйидагилар учун ЯСТ ставкалари ўзгартирилди:

хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари, шу жумладан божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатадиган корхоналар (божхона брокерлари) учун – ЯСТ ставкаси пасайтирилди ва 5%ни ташкил этади (2015 йилда – 6%);

компьютер дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқувчи корхоналар учун – реализациянинг умумий ҳажмида мазкур маҳсулотларнинг реализациясидан тушум улушидан қатъи назар, ЯСТ 5%лик ставкада тўланади (2015 йилда тушумнинг улуши 80%дан кам бўлганда ЯСТ 6%лик ставкада тўланган);

алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газни реализация қилувчи чакана савдо корхоналари учун – аҳолиси сони 100 мингдан кам кишидан иборат аҳоли пунктларида, шунингдек бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда кўрсатилган маҳсулотнинг реализациясидан олинган тушумга 4%лик ставкада ЯСТ солинади (2015 йилда АЁҚШ ҳамда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилувчи корхоналар ушбу туманларда ЯСТнинг тегишинча 2% ва 1%лик ставкаларини қўллаганлар).

Иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидаги корхоналар учун ЯСТ ставкалари 2015 йил даражасида сақланган (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-1, 10-2, 10-3-иловалар).

 

Имтиёзлар бўйича

Қуйидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди:

2018 йил 1 январгача – Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон Қарорига 2-иловага киритилган ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган микрофирмалар ва кичик корхоналарни ЯСТ тўлашдан озод қилиш кўринишида (ПҚ-2455-сон Қарорга 36-илованинг 4-банди);

2021 йил 1 январгача – асосий фаолият тури бўйича гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган микрофирмалар ва кичик корхоналарга ЯСТ ставкасини 50%га пасайтириш кўринишида (Президентнинг 26.01.2009 йилдаги ПҚ-1047-сон Қарорининг 8-банди; ДСҚнинг 6.01.2016 йилдаги «2016 йилда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларидаги ўзгаришлар, шунингдек, солиқ солишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 16/2-288-сон ахбороти).

Хизматлар кўрсатиш соҳаси, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун тўлов терминали орқали ҳақи тўланган хизматлар, товарларни реализация қилишдан тушумга ЯСТнинг пасайтирилган ставкасини қўллаш (амалдагисига нисбатан 5%га пасайтириш) кўринишидаги имтиёз бекор қилинди (ПҚ-2455-сон Қарорга 36-илованинг 1-банди).

ВМнинг 12.02.2016 йилдаги 38-сон Қарори билан лойиҳалари дастурлардан чиқарилган маҳаллийлаштириш дастурлари қатнашчилари бўлган ишлаб чиқариш корхоналари имтиёзни қўллаш ҳуқуқидан маҳрум этилдилар. Лойиҳа Маҳаллийлаштириш дастуридан чиқарилган санадан бошлаб корхона имтиёзлардан маҳрум бўлади (АВ томонидан 14.07.2015 йилда 2697-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари амалга оширилаётган корхоналар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-банди).

 

ЯСТнинг энг кам миқдори бўйича

Тошкентда жойлашган ёки унда ер участкаларига эга бўлган, ЯСТни ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда тўловчилар учун 2016 йилда ер солиғининг энг кам ставкаси 1 га (5-зона) учун 19 837 500 сўмни ташкил этади. Республиканинг қолган минтақалари бўйича ҳам ставкалар оширилган (индексацияланган) (ПҚ-2455-сон Қарорга 20-илова).

Қаранг: 2016 йилда ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда қўлланадиган ер солиғининг энг кам ставкалари «СБХ»нинг 2.02.2016 йилдаги 5-сонида («Ер участкаси жойлашган жойига қараб») чоп этилган.

ЯСТни қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда тўловчилар 2016 йилда ЯСТнинг энг кам миқдорини ПҚ-2455-сон Қарорга 12-илова билан тасдиқланган қатъий белгиланган ставкалардан (2015 йилги даражада сақланган) ва ЭКИҲ – 130 240 сўм эканлигидан келиб чиқиб аниқлайдилар.

 

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим турдаги солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқаришда уларнинг тўланиши лозим бўлган энг кам миқдори белгиланади.

Солиқ кодекси 28-моддасининг 4-қисми

 

1-вазият.

 

ЧАКАНА САВДО КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҳИСОБ-КИТОБИ

 

Кичик корхона Навоий шаҳрида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари (озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария ва шахсий гигиена товарлари) билан чакана савдо қилади.

 

2016 йил I чораги якунларига кўра товарлар реализациясидан тушум 59 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан 32 300 минг сўм тўлов терминали воситасида олинди.

Февралда ҳисоблаб ёзилган дивидендлар (7 000 минг сўм) ҳисобига муассисга корхона балансида ҳисобда турган Nexia берилди. Автомобиль 6 300 минг сўм қийматида (тўлов манбаида дивидендлардан ушланган солиқ – 700 минг сўмни чегирган ҳолда) берилди. Чиқиб кетаётган автотранспорт воситасининг тиклаш қиймати – 19 600 минг сўм, ҳисоблаб ёзилган амортизация суммаси – 15 200 минг сўм, қайта баҳолаш сальдоси – 1 100 минг сўм.

Мартда Наврўз байрами муносабати билан 8 200 минг сўмлик товарлар харид нархида «Меҳрибонлик» уйига текинга берилди.

 

I чорак учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:

чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкалари савдо шохобчаси жойлашган жойга қараб белгиланади (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-2-илова). 2016 йилда «терминал» тушумидан ЯСТ ставкасини пасайтириш кўринишидаги имтиёз бекор қилинганлиги оқибатида бутун савдо тушумига (нақд пул билан ва терминал орқали) ЯСТнинг белгиланган ставкасида солиқ солинади. Навоий шаҳрида у 4%ни ташкил этади;

дивидендлар корхонанинг мол-мулки билан тўланганда фойда олинган бўлса, у Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ бошқа даромадлар таркибига киритилади ва унга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 353-моддаси). ЯСТни ҳисоблашда зарар ҳисобга олинмайди.

Асосий восита чиқиб кетишидан молиявий натижа ҚҚСни (солиқни тўловчилар томонидан) ҳисобга олган ҳолда, объект муассисга берилаётган қиймат ва унинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолаш суммаларининг АВ ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом);

товарлар текинга берилганда ЯСТ солинадиган реализациядан тушумга товарларнинг таннархи ёки уларнинг харид нархи киритилади (Солиқ кодекси ­355-моддаси 2-қисмининг 1-банди). Бироқ мазкур қоида экология, соғломлаштириш ва хайрия жамғармалари, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт муассасалари, таълим муассасаларига товарларнинг текинга берилишига татбиқ этилмайди. Тегишинча, болалар уйига текинга берилган товарлар қиймати ЯСТ солиш объектига киритилмайди;

корхонанинг асосий фаолият тури якка тартибдаги тадбиркорлар реализация қилишига рухсат берилган товарлар билан чакана савдо қилиш ҳисобланади. Шу сабабли Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ қатъий белгиланган солиқ суммасидан келиб чиқиб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ ҳисобланади.

ЯСТнинг энг кам миқдори қатъий белгиланган солиқнинг белгиланган ставкалари ва ЭКИҲ – 130 240 сўмлигидан келиб чиқиб ҳар чоракда ортиб бормайдиган якун билан ҳисобланади. У чорак учун солиқ солинадиган ялпи тушумни ЯСТнинг белгиланган ставкасига кўпайтириш йўли билан аниқланадиган ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси билан солиштирилади. Агар ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб суммасидан ошса, ЯСТ қўшимча ҳисоблаб ёзилади. Акс ҳолда бюджетга ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича ҳисоблаб чиқарилган сумма тўланади. Келтирилган кўрсаткичларни солиштириш учун солиқ тўловчилар Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобини тўлдирадилар, у ЯСТ ҳисоб-китоби билан бирга тақдим этилади.

 

Ҳисобот чорагида реализациядан соф тушум – 59 000 минг сўм олинган. Дивидендлар ҳисобига автомобиль балансдан ҳисобдан чиқарилганлиги натижасида 3 000 минг сўм (6 300 – 19 600 + 15 200 + 1 100) фойда олинган, у ЯСТ солинадиган бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади. Солиқ солинадиган ялпи тушум 62 000 минг сўмни (59 000 + 3 000) ташкил этади. Корхонада имтиёзлар йўқ, шу сабабли ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база ҳам 62 000 минг сўмга тенг бўлади.

Шу тариқа, ягона солиқ тўлови суммаси 2 480 минг сўмни (62 000 х 4%) ташкил этади.

Сўнгра Маълумотнома-ҳисоб-китобни тўлдириш йўли билан ЯСТнинг энг кам ва ҳисоб-китоб суммалари солиштирилади.

 

Диққат! Мисолларда ҳисоб-китоб минг сўмда кўрсатилган. ЯСТ бўйича ҳисобот шаклларида барча кўрсаткичлар сўмда яхлит рақамларда кўрсатилган.

 

ЯСТнинг энг кам миқдори озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари савдоси билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган қатъий белгиланган солиқ ставкасига қараб белгиланади, у Навоий шаҳрида ЭКИҲнинг 6,5 бараварини ташкил этади (ПҚ-2455-сон Қарорга 12-илова).

 

I чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 2 539,68 минг сўмни (6,5 х 130 240 х 3) ташкил этади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушум ва белгиланган ставка – 4%дан келиб чиқиб (имтиёзларни қўлламасдан) ҳисобланади. I чорак учун 62 000 минг сўм суммасидаги солиқ солинадиган ялпи тушум қабул қилинади. I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 2 480 минг сўмни (62 000 х 4%) ташкил этади.

ЯСТнинг энг кам суммаси ҳисоб-китоб суммасидан кўп, шу сабабли 59,68 минг сўм (2 539,68 – 2 480) қўшимча ҳисоблаб ёзилади.

Ҳисобот чораги учун бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси 2 539,68 минг сўмни (2 480 + 59,68) ташкил этади.

 

2-вазият.

 

УЛГУРЖИ САВДО КОРХОНАЛАРИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Корхона Тошкентда дори-дармонларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланади (улгуржи дорихона ташкилоти). 2016 йил I чораги якунларига кўра товар айланмаси 96 000 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек корхона қуйидагиларни ижарага беради:

майдони 220 кв.м бўлган омборхоналарнинг бир қисмини – бошқа улгуржи савдо корхонасига. 1 январдан 30 декабргача бўлган даврга ҳар ойда 3 300 минг сўм ижара тўловини тўлаш шарти билан шартнома тузилган;

майдони 60 кв.м бўлган турғун савдо шохобчасини – чакана дорихона ташкилотига 1 мартдан 30 декабргача. Ойлик ижара тўлови 1 500 минг сўмни ташкил этади.

Ҳисобот чорагида ижарадан даромадлар 11 400 минг сўмни ташкил этди.

Кадастр ҳужжатларига кўра корхонанинг офиси ва, шу жумладан ижарага топшириладиган омборхоналари жойлашган ер участкасининг умумий майдони 1 420 кв.м га тенг.

 

ЯСТни ҳисоблашда қуйидагилар инобатга олинади:

аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат аҳоли пунктларида жойлашган улгуржи дорихона ташкилотлари учун ЯСТ ставкаси 3%ни ташкил этади (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-2-илова);

мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ бошқа даромадлар сифатида ҳисобга олинади ва уларга асосий фаолият тури ставкасида солиқ солинади. Бироқ улар реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилса, мол-мулкнинг ижарага берилиши асосий фаолият тури деб тан олинади. Бунда фаолиятнинг 2 тури (ижара ва улгуржи савдо) бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш, ижарадан даромадларга эса ЯСТнинг 5%лик ставкасини қўллаш керак бўлади.

Кўчмас мулкни ижарага беришдан даромадларга (улар бошқа даромадларга кириши ёки асосий фаолият тури бўйича даромадларга киришидан қатъи назар) шартномага кўра ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб, бироқ кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда солиқ солинади. Яъни энг катта сумма – шартномага кўра ижара тўловига ёки энг кам ставкалар асосида ҳисобланган суммага солиқ солинади (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87 ва 13/1-954-сон тушунтириш хати). 2016 йил учун энг кам йиллик ставкалар Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳридаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2016 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳақида»ги қарори (4.01.2016 йилдаги 1-сон) билан белгиланган.

Агар энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови шартномада назарда тутилган ижара тўловидан кўп бўлса, ошган сумма солиқ солинадиган тушумга киритилади;

асосий фаолият тури улгуржи савдо ҳисобланади, шу сабабли Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ер солиғининг 3 баравари суммаси кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ ҳисобланади. Энг кам ЯСТни ҳисоблашда:

ер солиғининг энг кам ставкаси қўлланади. Тошкент шаҳрида у 19 837 500 сўмни ташкил этади;

юридик шахслар мулк, эгалик, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқида фойдаланадиган барча ер участкалари ҳисобга олинади. Ижарага берилган хоналар майдонлари ҳам умумий майдонга қўшилади. Солиқ кодекси 280-моддасининг 2-қисми ва Солиқ кодекси 282-моддасининг 2-қисмига асосан солиқ солиш объекти сифатида кўрилмайдиган ёки ер солиғи солинмайдиган, шунингдек халқаро шартномаларга кўра дипломатик ваколатхоналарни жойлаштиришга берилган участкалар ҳисобга қабул қилинмайди. Мисол маълумотларига кўра 1 480 кв.м (1 420 + 60) ёки 0,148 га дан келиб чиқиб ҳисоб-китоб амалга оширилади;

корхонанинг асосий фаолият тури ва жойлашган жойига қараб 2203-сон Низомга 1-иловада кўрсатилган пасайтирувчи коэффициентлар қўлланиши мумкин. Улгуржи дорихона ташкилотлари учун пасайтирувчи коэффициент 0,2 ни ташкил этади;

улгуржи савдо корхоналари учун ўтказилган операциялардан келиб тушаётган тушум суммасидан 5% миқдорида ЯСТ бўйича бўнак тўловларини тўлаш тартиби назарда тутилган. Бироқ мазкур тартиб улгуржи дорихона ташкилотларига татбиқ этилмайди (АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди).

 

Чорак якунларига кўра товар айланмаси 96 000 минг сўмни ташкил этди. Ижарадан даромадлар – 11 400 минг сўм бошқа даромадларга киради ва уларга 3%лик ставкада ЯСТ солинади.

Ижарадан даромадларга солиқ солишнинг юқоридаги тартибини ҳисобга олиб, энг кам ставкалар асосида белгиланадиган ижара тўлови билан шартнома бўйича ижара тўлови ўртасида ошиш суммаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш зарур.

Омборхоналар бўйича шартномага кўра ижара тўлови 220 кв.м учун ойига 3 300 минг сўмни (1 кв.м учун ойига 15 000 сўмни) ташкил этади. Тошкент шаҳар ҳокимининг ­1-сон қарорига (48-банд) мувофиқ, улгуржи савдо корхонасига ижарага бериладиган хоналар бўйича ижара тўловининг энг кам ставкаси 1 кв.м учун йилига 14 150 сўмни ташкил этади. Тегишинча, бир ой ва 220 кв.м майдон ҳисобида энг кам ставкадан келиб чиқилса, ижара тўлови 259,417 минг сўмни (14 150 / 12 х 220 кв.м) ташкил этади. Кўриниб турганидек, шартномага кўра ижара тўлови суммаси энг кам ставкадан келиб чиқиб ҳисобланганидан кўп, шу сабабли ҳисобот чорагида омборхоналарни ижарага беришдан олинган 9 900 минг сўм миқдоридаги даромадлар бошқа даромадлар таркибига киритилади.

Ижарага бериладиган савдо шохобчасига доир маълумотларни ҳам худди шунга ўхшаш тартибда солиштириш зарур. Шартномага кўра ижара тўлови суммаси 60 кв.м учун 1 500 минг сўмни ташкил этади. Энг кам ставка 1 кв.м учун йилига 11 300 сўмга тенг. Яъни энг кам ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови ойига – 56,5 минг сўм (11 300 / 12 х 60 кв.м). Мазкур ҳолда шартномага кўра ижара тўлови ҳам энг кам ставкадан келиб чиқиб белгиланган тўловдан кўп, шу сабабли савдо шохобчасини ижарага беришдан 1 500 минг сўм миқдорида (март учун) олинган даромад бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади.

I чорак якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум 107 400 минг сўмга (96 000 + 11 400) тенг. Корхонада имтиёзлар йўқ, шу сабабли солиқ солинадиган ялпи тушум солиқ солинадиган база деб ҳам ҳисобланади. Ҳисоб-китобга кўра ЯСТ суммаси 3 222 минг сўмни (107 400 х 3%) ташкил этади.

Сўнгра ЯСТнинг энг кам ва ҳисоб-китоб суммаларини солиштириш зарур. Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китоби (ҳар йили 1 февралгача тақдим этилади) маълумотларига кўра, бир йил учун ЯСТнинг энг кам суммаси 1 761 570 сўмни (3 х 0,148 х 19 837 500 х 0,2) ташкил этади. Ҳисоб-китоб қуйидагилардан келиб чиқиб қилинди:

0,148 га – ер участкасининг умумий майдони, шу жумладан ижарага берилган омборхона ва савдо шохобчаси майдони;

19 837 500 сўм – Тошкент шаҳрида ер солиғининг энг кам ставкаси;

0,2 – улгуржи дорихона ташкилотлари учун белгиланган пасайтирувчи коэффициент.

Чорак учун энг кам ЯСТ 440,393 минг сўмга (1 761 570 / 4) тенг.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси I чорак учун солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб аниқланади. У 3 222 минг сўмга (107 400 х 3%) тенг.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўп, шу сабабли қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди. Чорак якунларига кўра бюджетга 3 222 минг сўм тўланади.

 

3-вазият.

 

ИШЛАБ ЧИқАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Фарғона шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш корхонаси ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Шунингдек у «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайди. ЯСТ ва ҚҚС бўйича имтиёзлари йўқ.

2016 йил I чорагида маҳсулот реализациясидан тушум 62 760 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан ҚҚС – 10 460 минг сўм. 17 200 минг сўмга, шу жумладан ҚҚС билан 12 000 минг сўмга ўз эҳтиёжлари учун хом ашё ва материаллар сотиб олинди, чет ташкилотларнинг хизматларига ҳақ тўланди. Ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС 2 000 минг сўмни ташкил этди.

Мартда бошқа ташкилотнинг муассиси ҳисобланган корхонага дивидендлар – 13 500 минг сўм ҳисоблаб ёзилди.

Кадастр ҳужжатларига кўра офис, ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналар жойлашган ер участкаси майдони 1 230 кв.м ни ташкил этади.

 

I чорак учун ЯСТ ва ҚҚСни ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга оламиз:

ишлаб чиқариш корхоналари ЯСТни 5%лик ставкада ҳисоблайдилар (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-1-илова). ЯСТ солиш объекти ялпи тушум ҳисобланади, унга ҚҚС чегирилган ҳолда маҳсулот реализациясидан тушум ва бошқа даромадлар киритилади;

дивидендлар Солиқ кодекси 132-моддасининг ­14-бандига кўра бошқа даромадларга киритилади. Бироқ дивидендлар кўринишидаги даромадлардан солиқ уларни тўлаш манбаида ушланиши, яъни корхона дивидендларни солиқ чегирилган ҳолда олиши боис, Солиқ кодекси 356-моддаси 1-қисмининг 2-бандига асосан солиқ солинадиган ялпи тушум уларнинг суммасига камайтирилади. Шу тариқа, ЯСТни ҳисоблашда дивидендлар аввал бошқа даромадлар сифатида, сўнгра имтиёз кўринишида ҳисобга олинади (солиқ солинадиган ялпи тушум дивидендлар суммасига камайтирилади).

Ҳисобда ҳисоблаб ёзилган дивидендлар суммаси ­9520-«Дивидендлар кўринишидаги даромадлар» ҳисобварағи кредитида 4840-«Олинадиган дивидендлар» ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттирилади. Дивидендларни олувчи корхона тўлов манбаи дивидендлардан солиқни ҳисоблаб ёзиши ва ушлашини 9810-«Фойда солиғи бўйича харажатлар» ҳисобварағи дебети бўйича ёзув билан 6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)» ҳисобварағи билан корреспонденцияда акс эттиради. 6410-ҳисобварақ 4840-«Олинадиган дивидендлар» ҳисобварағи кредити бўйича проводка билан ёпилади;

корхонанинг асосий фаолият тури ишлаб чиқариш ҳисобланади. Тегишинча, ЯСТ ер солиғининг 3 баравар суммасини ҳисобга олган ҳолда тўланади (2203-сон Низом);

ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчи корхоналарга Солиқ кодексининг VII бўлимида назарда тутилган ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва ҳисобот тақдим этишга доир умумий тартиб татбиқ этилади.

ҚҚС барча фаолият турлари ва ҚҚС солинадиган оборотлар юзага келадиган, Солиқ кодексининг ­199-моддасида рўйхати келтирилган операциялар бўйича тўланади.

Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишда ҚҚС солиш объекти, унга ҚҚСни киритмаган ҳолда, реализация қиймати ҳисобланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси). Ўз эҳтиёжлари учун хом ашё ва материалларни, шунингдек хизматларни сотиб олишда тўланган ҚҚС Солиқ кодексининг 218-моддасида белгиланган шартларга риоя қилганда ҳисобга қабул қилинади. Бюджетга ҚҚС ҳисоблаб ёзилган солиқ суммаси билан ҳисобга қабул қилинган сумма ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади. Корхона ҳисоблаб ёзилган ЯСТни бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига, лекин ЯСТ суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорга камайтиришга ҳақли.

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини (ҚҚС ҳисоб-китоби ва зарур иловаларни) микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай тақдим этадилар;

ЯСТ ҳисоб-китоби бўйича (ҚҚС суммасига камайтиришни ҳисобга олиб) ҳисоблаб чиқарилган ЯСТдан 8% «Камолот» жамғармасига ўтказилади, ҳисоблаб ёзилган ЯСТ шу суммага камайтирилади. ЯСТнинг энг кам суммасигача қўшимча ҳисоблаб ёзилган сумма мавжуд бўлганда унинг суммаси ҚҚС ва «Камолот»га ажратмалар чегирилган ҳолда ягона солиқ тўлови суммасига қўшилади.

 

I чорак учун ЯСТни ҳисоблаймиз.

ҚҚСсиз реализациядан тушум 52 300 минг сўмга (62 760 – 10 460), бошқа даромадлар (дивидендлар) – 13 500 минг сўмга тенг. Солиқ солинадиган ялпи тушум 65 800 минг сўмни (52 300 + 13 500) ташкил этади. Ушбу суммадан дивидендлар кўринишидаги даромадлар чегирилади, шу тариқа, солиқ солинадиган база 52 300 минг сўмга, ҳисоблаб ёзилган ЯСТ суммаси эса – 2 615 минг сўмга (52 300 х 5%) тенг.

Сўнгра I чорак учун ҚҚСни ҳисоблаш лозим. Реализация бўйича оборотлардан ҳисоблаб ёзилган ҚҚС 10 460 минг сўмни, ҳисобга қабул қилингани – 2 000 минг сўмни ташкил этади. Бюджетга ҚҚС 8 460 минг сўмга (10 460 – 2 000) тенг.

Мисол маълумотларига кўра корхона ЯСТни ҚҚСнинг бутун суммасига эмас, балки ЯСТнинг 50%идан ошмайдиган қисмигагина камайтириши мумкин. ЯСТни камайтирадиган ҚҚС суммаси 1 307,5 минг сўмга (2 615 / 2) тенг.

Ҳисоб-китоб бўйича ЯСТ 1 307,5 минг сўмни ташкил этади. Ушбу суммадан «Камолот» жамғармасига 104,6 минг сўм (1 307,5 х 8%) тўланади. «Камолот»га ажратмалар чегирилган ҳолда ЯСТ – 1 202,9 минг сўм (1 307,5 – 104,6) бюджетга ўтказилади.

Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун энг кам ЯСТ билан ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммасини энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТ маълумотнома-ҳисоб-китоби асосида солиштириш зарур.

 

Чорак учун энг кам ЯСТ миқдори 453,574 минг сўмни (3 х 0,123 х 9 833 584 х 0,5 / 4) ташкил этади. Ҳисоб-китоб қуйидагилардан келиб чиқиб амалга оширилган:

0,123 га – корхона офиси, ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари жойлашган ер участкаси майдони;

9 833 584 сўм – Фарғона шаҳрида белгиланган ер солиғининг энг кам ставкаси;

0,5 – саноат соҳаси корхоналари учун пасайтирувчи коэффициент.

 

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси солиқ солинадиган ялпи тушумни олинган дивидендлар суммасига камайтириш кўринишида имтиёзни ҳисобга олмай, солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб белгиланади. У 3 290 минг сўмни (65 800 х 5%) ташкил этади. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам ЯСТдан кўп, шу сабабли чорак якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди.

Бюджетга 1 202,9 минг сўм ЯСТ ўтказилади.

 

4-вазият.

 

УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ КОРХОНАСИ УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Корхона Бухоро шаҳрида 2 та умумий овқатланиш шохобчасига (қаҳвахонага) эга. У «Камолот» жамғармаси билан шартнома тузган.

I чорак учун маълумотларга кўра умумий овқатланиш хизматлари реализациясидан тушум 36 800 минг сўмни, шу жумладан терминал орқали тўлангани – 12 600 минг сўмни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилардан бири корхонага 1 800 минг сўмлик чегирма тақдим этди.

Корхона қаҳвахона учун хоналарни ижарага олади, улардан бирининг майдони 120 кв.м, иккинчисиники – 80 кв.м ни ташкил этади.

 

Ҳисобот чораги учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагилар инобатга олинади:

умумий овқатланиш корхонаси 10%лик ставкада ЯСТни ҳисоблайди (ПҚ-2455-сон Қарорга 10-2-илова);

ЯСТ солиш базасига, реализациядан олинган тушумдан ташқари, етказиб берувчидан олинган чегирма кўринишидаги бошқа даромадлар ҳам киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси). Бунда чегирмалар суммасига Солиқ кодекси 356-моддасининг 6-бандига асосан ЯСТ солинмайди. Шу муносабат билан ЯСТни ҳисоблашда чегирмалар кўринишидаги даромадлар аввал бошқа даромадлар таркибида, сўнгра имтиёзлар таркибида ҳисобга олинади, солиқ солинадиган ялпи тушум уларнинг суммасига камайтирилади;

умумий овқатланиш корхоналари ер солиғининг 3 баравари кўринишидаги ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТ тўлайдилар (2203-сон Низом). Корхона мулкида ер участкалари ва кўчмас мулк объектлари йўқ. Энг кам ЯСТни ҳисоблашда 2 та ижарага олинган умумий овқатланиш шохобчаси майдони ҳисобга олинади. Умумий овқатланиш корхоналари учун пасайтирувчи коэффициентлар 2203-сон Низомда назарда тутилмаган.

 

Мисол маълумотларидан келиб чиқилса, реализациядан тушум 36 800 минг сўмга, бошқа даромадлар – 1 800 минг сўмга тенг.

Солиқ солинадиган ялпи тушум 38 600 минг сўмни ташкил этади. Ушбу суммадан етказиб берувчилардан чегирмалар кўринишидаги даромадлар чегирилади. Камайтиришни (чегирмаларни) ҳисобга олганда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база 36 800 минг сўмга тенг.

ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси 3 680 минг сўмни (36 800 х 10%) ташкил этади. Ушбу суммадан «Камолот» жамғармасига 8%, яъни 294,4 минг сўм ўтказилади. «Камолот»га ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ 3 385,6 минг сўмга тенг.

ЯСТнинг энг кам ва ҳисоб-китоб суммаларини солиштирамиз. Энг кам ЯСТ ижарага олинган хоналар майдони (0,02 га) ва Бухоро шаҳрида 9 833 584 сўмга тенг бўлган ер солиғининг энг кам ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Чорак учун энг кам ЯСТ 147 504 сўмни (3 х 0,02 х 9 833 584 / 4) ташкил этади.

I чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси реализациядан ялпи тушум ва олинган чегирмалар кўринишидаги даромадларни ўз ичига оладиган солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб аниқланади. Яъни ҳисоб-китоб суммасини ҳисоблашда ЯСТ бўйича имтиёзлар ҳисобга олинмайди. У мисол маълумотларига кўра 3 860 минг сўмни (38 600 х 10%) ташкил этади.

Кўриб турганимиздек, энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмаган, тегишинча, бюджетга 3 385,6 минг сўм ЯСТ тўланади.

 

Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 175-моддасининг 1 ва 2-қисмлари

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

 

Прочитано: 5035 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика