Корхонанинг асосий фаолият тури – дори-дармонлар билан чакана савдо қилиш (дорихона). Лицензия муддати тугаганлиги боис унинг фаолияти вақтинча тугатилган.
Корхона фаолият юритмаётган тақдирда ЯСТ ҳисоб-китобини топшираётганда 2203-сон Низомга 3-илова ва 2449-сон Низомга 1-иловани тўлдириши керакми?
И.Ким,
МЧЖ ХК бош бухгалтери.
– Чакана савдо корхоналари ЯСТни қонун ҳужжатларига мувофиқ, лекин айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлайдилар (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом). Бироқ ушбу тартиб ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат юридик шахс шаклида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари томонидан реализация қилинадиган товарларнинг чакана савдоси бўлган корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди. Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илова) 3-бандига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар фармацевтика товарларини чакана сотишга ҳақли эмаслар. Бинобарин, корхонангиз ЯСТни Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлайди.
2203-сон Низомда белгиланишича, ЯСТ Солиқ кодексида белгиланган тартибда, белгиланган ставкалар бўйича, лекин энг кам миқдордан – ер солиғининг 3 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўланади. Яъни лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши туфайли фаолият вақтинча мавжуд бўлмаслигига қарамай, сиз ушбу давр учун ЯСТнинг энг кам миқдорини тўлашингиз керак бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаймизки, ҳисобот чорагида фаолият мавжуд бўлмаган тақдирда сиз ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаётганда чакана дорихона ташкилотлари қўллайдиган 0,2 пасайтирувчи коэффициентини (2203-сон Низомга 1-илованинг 4-банди) ҳисобга ололмайсиз.
Шу тариқа, ДСИга ЯСТ ҳисоб-китобини тақдим этаётганда сиз Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобини (2449-сон Низомга 1-илова) тўлдиришингиз керак эмас, чунки 2449-сон Низом корхонангизга (дорихонага) татбиқ этилмайди. Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобини (2203-сон Низомга 3-илова) эса топширишингиз лозим, чунки ҳисобот чораги учун солиқ солинадиган тушум мавжуд бўлмаганда ЯСТнинг энг кам миқдори тўланади.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.