Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 31.03.2016 йилда 2095-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритилди.
4-банднинг 9-хатбошисига киритилган ўзгартиришлар билан кўриб чиқилаётган ҳужжатнинг 1-бандида белгиланган тўловчиларнинг турли тоифаларига қўлланиладиган ЭКИҲ миқдорлари юзасидан Низом меъёрлари мувофиқлаштирилди.
Хусусан, белгиланишича, агар энг кам иш ҳақининг миқдори ўзгариши куни ойнинг 1-кунига тўғри келмаса, у ҳолда ой учун энг кам иш ҳақининг ўртача ойлик миқдори қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, Низомнинг 1-бандида ҳар бир ходим учун ойига ЯИТнинг энг кам параметрлари қуйидагича белгиланган:
фермер хўжаликлари учун – ЭКИҲнинг 50%и;
микрофирмалар ва кичик корхоналар (фермер хўжаликлари бундан мустасно) учун – ЭКИҲнинг 65%и;
ЯИТ қолган тўловчилари учун – ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида.
Ходимларнинг ўртача йиллик сони йил якунлари бўйича белгиланиши муносабати билан Низомнинг II боби аниқлаштирувчи меъёрлар билан тўлдирилди. Уларнинг моҳияти қуйидагилардан иборат.
Агар йил якунлари бўйича кичик корхона йирик корхоналар тоифасига ўтадиган бўлса, у 15%лик ставка бўйича тўланган ЯИТ ўртасидаги фарқни 25%лик ставка бўйича ЯИТ миқдоригача қўшимча тўлашига тўғри келади. Бунда Низомга мувофиқ кичик корхона ва микрофирма томонидан амалга оширилган қўшимча тўлов қайтарилмайди, қайта ҳисобланмайди ва фарқни сўндириш ҳисобига қабул қилинмайди.
Йирик корхона кичик корхона сирасига ўтган бўлса, тўлов қайта ҳисоб-китоб қилинмайди ва, тегишинча, қайтарилмайди, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ЯИТ ставкаси кейинги ҳисобот йилидан қўлланилади.
Гўзал ИСЛОМОВА,
«Norma Online» эксперти.