Болани дам олиш учун хорижга олиб чиқиш тартибини тушунтириб берсангиз. Таътилни Малайзияда ўтказишни режалаштиряпмиз. 12 яшар фарзандим визалар ва рухсат бериш бўлими қўйган амалдаги стикер ёпиштирилган паспортга эга, унда кузатувчи шахс сифатида мен (она) қайд этилганман, менинг номим бўлган кузатиш муҳри босилган. Икковимиз учамиз. Чегарани кесиб ўтиш учун шунинг ўзи етарлими ёки кесиб ўтиш пайтида яна қандайдир ҳужжатларни тақдим этиш керак бўладими?
Л.Бурнашева.
Тошкент ш.
– Агар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида низомга (ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ, фарзандингизнинг паспорти ва чет элга чиқиши учун рухсат бериш ёзуви расмийлаштирилган бўлса, чегарани кесиб ўтаётганингизда муаммо юзага келмаслиги керак.
Шуни қайд этиш зарурки, Низомнинг 29-бандига мувофиқ, бола ота-онасидан бири билан хорижга вақтинча чиқишида иккинчи тарафнинг (ота ёки онанинг) розилиги талаб этилмайди. Бироқ амалда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунни (14.05.2014 йилдаги ЎРҚ-371-сон) ижро этиш мақсадида чет элга чиқиб кетаётган она болани олиб кетишига отасининг розилигини талаб этишлари мумкин. Шу муносабат билан тушунмовчиликларга йўл қўймаслик мақсадида отасининг розилигини олинг. Уни яшаш жойидаги давлат нотариал идорасида расмийлаштириш мумкин.
Санжар Хўжааҳмедов, эксперт-юристимиз.