Norma.uz

Яроқлилик муддати тугашига оз қолган товар етказиб берилганда

 

Ишнинг моҳияти

Сотувчи (МЧЖ) ва харидор (ХФ) 2015 йил мартида 50 млн сўмлик товарларнинг олди-сотди шартномасини имзоладилар. Унинг шартларига кўра ХФ 7 банк куни ичида шартноманинг бутун суммасини олдиндан тўлаши керак эди, у шундай ҳам қилди.

Сотувчи апрелда товар етказиб берди. Августда харидор 1 млн сўмлик яроқлилик муддати ўтган товарни алмаштириш талаби билан унга даъво жўнатди. Бироқ сотувчи рад жавоби бериб, буни харидор товар берилаётганда яроқлилик муддатлари билан танишгани ва ҳеч қандай талаблар билдирмагани билан изоҳлади. Шунингдек у шартномада яроқлилик муддати ўтишига оз қолган товар алмаштирилиши тўғрисида қоидалар йўқлигини кўрсатди.

Ушбу далилларга қўшилмаган харидор етказиб берилган 1 млн сўмлик товарни худди шундай русумли, тегишли сифатга эга бўлган товарга алмаштириш, 130 240 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилди.

 

Харидорнинг позицияси

– Биз олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятларимизни тўлиқ бажардик. Бироқ сотувчи етказиб берган туркумдаги ҳамма товарларнинг яроқлилик муддатини узоқ деб бўлмас экан. Туркумнинг 1 млн сўмлик қисмининг яроқлилик муддати 2015 йил августида тугар эди. Дўконимизга келиб тушадиган товарлар ассортименти катта бўлганлиги сабабли фақат август ойида муддати ўтган маҳсулотни узоқ яроқлилик муддатига эга бўлганига алмаштириш талаби билан сотувчига мурожаат қилдик. Бироқ у товарни алмаштиришдан бош тортди. Биз Фуқаролик кодексининг 434-моддасига биноан сотувчи яроқлилик муддати ўтган товарни янгисига алмаштиришга мажбур деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли даъвоимизни қондиришингизни сўраймиз.

 

Сотувчининг позицияси

– Харидор товарнинг ҳақини ўз вақтида тўлади, биз уни етказиб бердик. Товарларга спецификацияда уларнинг яроқлилик муддати кўрсатилган эди, харидор уларни кўргани аниқ. Товарни топширишда ҳам, шартномада алмаштириш учун назарда тутилган 7 кун давомида ҳам ҳеч қандай талаблар қўймай, балки муддат ўтгандан кейингина даъво билан мурожаат қилган. Биз сифати харидорга маълум бўлган товарни берганмиз, у спецификация ва юкхат (ҳисобварақ-фактура)га имзо чеккан. Шу сабабли даъвони қондиришни рад этишингизни сўраймиз.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, харидорнинг 1 млн сўмлик яроқлилик муддати ўтган товарни худди шундай русумли, тегишли сифатга эга бўлган товарга алмаштириш, 130 240 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъво талаби билан судга мурожаат қилиш сабабларининг тасдиғини топмади.

ФКнинг 402 ва 405-моддаларига асосланиб, биринчи инстанция суди даъво талабларини қондиришни рад этди ва суд харажатларини тўлашни даъвогар зиммасига юклади. Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирдилар.

 

Юрист шарҳи

ФКнинг 402-моддаси 1-қисмига асосан, сотувчи сотиб олувчига сифати олди-сотди шартномасига мос келадиган товарни топшириши шарт. Иш моҳиятидан кўринишича, харидор шартномани имзолашдан аввал товарнинг яроқлилик муддатларидан хабардор бўлган ва уни топшириш пайтида алмаштириш тўғрисида ҳеч қандай талаб қўймаган. Бу сотувчи олди-сотди шартномасига мувофиқ келадиган товарни топшириш шартига риоя этганини билдиради.

ФКнинг 405-моддасига мувофиқ, қонун ҳужжатларида, шу жумладан давлат стандартларида товар ўз вазифаси бўйича фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолади деб ҳисобланадиган вақт (яроқлилик муддати) белгиланиши мумкин. Сотувчи бундай товарни сотиб олувчига шундай мўлжал билан топшириши керакки, токи ундан яроқлилик муддати тугагунга қадар ўз вазифаси бўйича фойдаланиши мумкин бўлсин. Товарни топшириш пайтида унинг яроқлилик муддати ўтмаган эди. Харидор уни қабул қилиб, яроқлилик муддати августда ўтган товарнинг бир қисмини сота олмаслиги мумкинлиги билан боғлиқ нохуш оқибатларни ўз зиммасига олган.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришни рад этиш тўғрисида тўғри қарор қабул қилган.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, харидор товарнинг яроқлилик муддати ўтгунга қадар ўз вақтида уни янги товарга алмаштиришни назарда тутувчи қўшимча битим тузиш таклифи билан сотувчига мурожаат қилиши керак эди. Бу судга мурожаат қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатга йўл қўймаслик имконини берган бўларди.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1857 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика