Бўлғуси пенсионерлар пенсия ҳужжатларини расмийлаштириш учун маълумотномалар тўплаётганда баъзан бир қатор қийинчиликларга дуч келишади. Мазкур сонда сиз ушбу масала билан боғлиқ айрим саволларга жавоблар топасиз.
Агар сиз экспертларимиздан бирон нарса хусусида сўрамоқчи бўлсангиз, norma.uz сайтидаги «Жавоб берамиз» хизматидан ёки газетамизнинг gazeta@norma.uz ва sbx@norma.uz электрон манзилларидан фойдаланинг.
Келажакка инвестициялар
Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон Қарорига 1-илова) пенсия қонунчилигини такомиллаштириш йўлида илгари қўйилган яна бир қадам бўлди. Унда суғурта бадалларини тўлаш ва ҳисобга олишнинг ягона механизми назарда тутилади, бу эса фуқароларга нафақат давлат пенсияси олиш ҳуқуқидан фойдаланиш, балки уни ҳисоблашда турли меъёрий ҳужжатлар қўлланишини истисно этиш имконини беради.
Муаммо ва унинг ечими
Маълумки, чет элда ишланган даврлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонуннинг 36-моддаси 1-қисми ва 40-моддаси, бундан кейин – Қонун). Бу Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, идоралари ва ташкилотлари томонидан хорижий давлатларда ташкил этилган (очилган) ташкилотлар ходимларига, шунингдек Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали ишга юборилганларга тааллуқлидир. Суғурта бадалларини тўлаш ва улар ҳисобини юритиш механизмининг йўқлиги туфайли улар пенсия таъминоти олиш ҳуқуқидан маҳрум эдилар.
Шунингдек қонун ҳужжатларида иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжалиги аъзолари ва бошқалар) томонидан суғурта бадаллари тўланишининг ягона тартиби, шунингдек пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби қайд этилмаган эди. Илгари уларнинг суғурта бадаллари тўлаши турли меъёрий ҳужжатлар (ВМнинг 24.08.2001 йилдаги 351-сон Қарори, 21.04.2006 йилдаги 67-сон Қарори ва 31.07.2015 йилдаги 219-сон Қарори) билан тартибга солинарди, бу ҳол уларни Пенсия жамғармаси ходимлари ҳамда фуқаролар қўллашида қийинчиликларни вужудга келтирар эди.
Низомда суғурта бадаллари тўлаш ва улар ҳисобини юритишнинг ягона тартиби, шунингдек чет элда ёлланган ҳолда ишлаганлар, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходимлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжалиги аъзолари, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг оила аъзоларига пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш тартиби белгиланган.
Аввалига кимлар хорижда ишлайдиганлар тоифасига киришини аниқлаб оламиз. Низомга кўра улар – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ёки фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий Бюролардан чет элда қонун ҳужжатларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда рухсатнома олган чет элда ёлланган ҳолда ишловчи Ўзбекистон фуқароларидир. Шунингдек уларга Ўзбекистон давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан хорижий давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйлари, ваколатхоналар (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда), ташкилотларда ишловчи ходимлар киради. Масалан, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси МДҲнинг баъзи мамлакатларида ваколатхонага эга бўлиб, уларда бизнинг фуқароларимиз ишлайдилар. Чет элда бўлиш далили белгиланган намунадаги маълумотнома, шунингдек Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.
Низом фақат хорижда ишлаш учун расмий рухсатномаси бўлган шахсларгагина татбиқ этилишини қайд этамиз. Пул ишлаш учун хорижга жўнаб кетганлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш ҳуқуқига эга эмаслар.
Бадаллар тўлаймиз. Стажни ҳисоблаймиз
Чет элда ёлланган ҳолда ишлайдиганлар суғурта бадалларини ихтиёрий равишда камида 1 ЭКИҲ миқдорида (бугунги кунда – 130 240 сўм) тўлайдилар. Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам худди шундай суммани тўлайдилар.
Бунда чет элда ишлайдиган шахс бадалларни ҳар ойда, ҳар чоракда ёки Ўзбекистонга келгандан кейин 3 ой мобайнида бир йўла тўлаши мумкин. Шунга эътибор қаратиш лозимки, суғурта бадали тўлаш санасида амал қиладиган ЭКИҲдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Тўловни чет элда ёлланган ҳолда ишловчининг оила аъзолари ёки ишончли вакили тўлаши мумкин. Суғурта бадалларини Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисобрақамларига Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаган ҳолда мустақил равишда бошқа давлатнинг ҳудудидан хорижий валютада ҳам тўлаш мумкин.
Агар киритилган суғурта бадаллари суммаси ЭКИҲдан кам бўлса, қўшимча тўлаш мумкин.
МИСОЛ. Хорижда ишловчи шахснинг ишончли вакили 100 000 сўм суғурта бадали тўлади. Энг кам иш ҳақи 130 240 сўмни ташкил этиши боис, у 30 240 сўм қўшимча тўлов тўлаши керак. Фақат шу ҳолдагина мазкур давр пенсия тайинлаш учун иш стажига ҳисобланиши мумкин.
Ўзаро боғлиқликда
Энг кам суғурта бадалининг тўланиши хорижда ишловчининг стажи бўлишини кафолатлайди. Бироқ пенсия миқдори нафақат унинг қанча давом этганлигига, балки уни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақига ҳам боғлиқдир. У суғурта бадали суммасига боғлиқ. Уни ҳисоб-китоб қилиш услубиятига кўра Пенсия жамғармасига тўланган ойлик суғурта бадали суммаси Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ЯИТ (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун – 15%) ва суғурта бадалларининг (7,5%) умумий ставкасига (айни пайтда 22,5%) бўлинади. Олинган натижа 100 га бўлинади.
МИСОЛ. Чет элда ёлланган ҳолда ишлаётган шахс 130 240 сўм суғурта бадали тўлади. Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган даромад:
130 240 / 22,5 х 100 = 578 844,44 сўмни ташкил қилади.
Агар чет элда ёлланган ҳолда ишлаётган шахс 260 480 сўм суғурта бадали тўлаган бўлса, унинг пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган даромади:
260 480 / 22,5 х 100 = 1 157 688,89 сўмни ташкил қилади.
Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган даромад тўланган суғурта бадалига мутаносиб равишда кўпаяди. Тегишинча, пенсиянинг миқдори ҳам ошади. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, Қонуннинг 31-моддаси 6-қисмига кўра пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи (1 041 920 сўм) олинади.
Қоидалардан истисно
Солиқ кодексига мувофиқ кўпчилик иш берувчилар солиқ агентлари ҳисобланадилар, улар бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига, шу жумладан Пенсия жамғармасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолишлари шарт, бундан уларнинг айримлари мустасно. Чунончи, иш берувчи иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш чоғида ундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, суғурта бадалларини ушлаб қолади ва ходимга пулнинг қолган қисмини беради. Бунинг учун у жавобгардир.
Бироқ иш берувчиларнинг айрим тоифалари (солиқ агентлари ҳисобланмайдиган) мавжудки, улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига кўра ўз ходимларидан солиқни ушлаб қолмайдилар. Уларга қуйидагилар киради:
хорижий давлатнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари (элчихона ёки миссияси), консуллик муассасаси (бош консуллик, консуллик, вице-консуллик ёки консуллик агентлиги);
халқаро (ҳукуматлараро) ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси.
Бундай муассасаларнинг ходимлари иш ҳақини ундан даромад солиғи ва суғурта бадаллари ушланмасдан тўлиқ оладилар. Бироқ улар суғурта бадаллари тўланмаган даврлар пенсияни ҳисоблаш учун иш стажида ҳисобга олинмаслигини унутмасликлари керак.
Ушбу ходимлар солиқ органига ўтган йил учун жами даромад тўғрисида жорий йилнинг 1 апрелигача декларация топшириб, даромад солиғи ва суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлаш ҳуқуқига эгалар. Унда кўрсатилган маълумотлар асосида олдинги йил учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш учун ҳисоб-китоб амалга оширилади.
Тартиб даромадни аниқлайди
Низомда якка тартибдаги тадбиркорлар, оилавий тадбиркорлик субъектлари, унинг оила аъзолари, деҳқон хўжалиги аъзолари ҳамда қорамол парваришлаш ва шахсий ёрдамчи хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотини реализация қилиш билан банд бўлган жисмоний шахслар томонидан суғурта бадаллари тўланиши, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор ёллаган ходимлар учун суғурта бадаллари тўланиши тартибини белгилайдиган нормалар сақланган.
Бироқ бунда пенсия миқдорини ҳисоблаш учун даромадни аниқлаш тартибига ўзгартиришлар киритилган. Чунончи, у илгари қуйидагича аниқланган. Тўланган ойлик суғурта бадали суммаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган, иш берувчилар ва ходимлар учун суғурта бадаллари ажратмаларининг жами фоизига бўлинган ва олинган натижа 100 га кўпайтирилган:
130 240 / 32,51 х 100 = 400 738,46 сўм.
Янги тартибга кўра Пенсия жамғармасига тўланган ойлик суғурта бадали суммаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган ЯИТ (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун) ва Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш пайтида амал қилган фуқаролар суғурта бадалларининг жами ставкасига бўлинади ва олинган натижа 100 га кўпайтирилади:
130 240 / 22,52 х 100 = 578 844,44 сўм.
Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган даромад 178 105,98 сўмга ошганлигини кўрамиз. Албатта, бу бўлғуси пенсиянинг миқдорига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шубҳасиз, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланиши ҳар бир кишининг манфаатларига хизмат қилади.
Зафаржон Хўжаев,
ЎзР Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этиш аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи.
125% (иш берувчилар учун суғурта бадали ёки ЯИТ ставкаси) + 7,5% (ходимлар учун суғурта бадали ставкаси).
215% (микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ЯИТ ставкаси) + 7,5% (ходимлар учун суғурта бадали ставкаси).
Расмий жавоб
Бундай маълумотномани қаердан оламан...
Бўлғуси пенсионерлар пенсияни расмийлаштириш учун ҳужжатларни тўплаётганда маълумотномалар йиғиш заруратига тўқнаш келадилар. Газетхонимиз Е.Александрова у бунда қандай қийинчиликларга дуч келганлигини ҳикоя қилиб берди. Унинг саволларига Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этиш аппаратининг пенсиялар тайинлаш услубияти бўлими бошлиғи Зафаржон Хўжаев жавоб беради.
54 ёшдаман. 55 ёшга тўлганимда пенсияни расмийлаштириш учун меҳнат стажини тасдиқлайдиган маълумотномалар йиғишга қарор қилдим. ИДХЯП орқали Марказий архивга сўровлар юбордим. Олган жавоблардан бошим қотди. Бир хатда айтилишича, ҳужжатлар архивга топширилмаган ва стажни тасдиқлаш мумкин эмас экан. Солиқ органларига мурожаат этишимни тавсия қилишди. Бироқ гап шундаки, юқори идора – Маиший хизмат кўрсатиш вазирлиги тугатилган, корхонанинг ҳуқуқий вориси менга номаълум. Қайси солиқ инспекциясига мурожаат қилишга ҳам ҳайронман. Меҳнат дафтарчамни расмийлаштириб, иш ҳақи бериб борилган бош ишлаб чиқариш бирлашмаси жойлашган ердаги инспекциягами ёки бевосита иш жойи бўлган ателье жойлашган ердаги инспекциягами? Айтмоқчи, ушбу ташкилотларнинг бинолари ҳам қайта қурилган – қаерга боришим керак?
– Мазкур ҳолда ҳеч қаерга бориш керак эмас, архивда ушбу ташкилот бўйича ҳужжатлар топширилмаганлиги боис йўқлиги тўғрисида архив маълумотномасини олиш кифоя қилади.
Пенсия жамғармаси бўлими Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 57-бандига амал қилиб, иш стажини тасдиқлаш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг мазмунини ва зарур тарзда расмийлаштирилганлигини баҳолайди ҳамда:
зарурат бўлганда улар берилишининг асосланганлигини текшириш тўғрисида қарор қабул қилади;
зарур ҳолларда меҳнат фаолиятининг айрим даврларини иш стажи даврига ҳисобга олиш ёки ҳисобдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор чиқаради.
Пенсия жамғармаси бўлими ёки иш стажини белгилаш бўйича махсус комиссия томонидан чиқарилган иш стажини қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисидаги қарор билан рози бўлинмаган тақдирда, ушбу масала суд томонидан ҳал этилади.
Бошқа ташкилот ўз архивининг фирма бланкасида архив маълумотномасини юбориб, буйруқлардан кўчирма билан стажни масъул шахс имзоси ва муҳр билан тасдиқлаган. Иш ҳақи ва ижтимоий суғуртага бадаллар тўланиши тўғрисидаги маълумотномани илова қилмаган. Ушбу маълумотномани бериш мажбурийми? Зеро Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 12-бандига кўра, ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига, бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши керак. Қайси давр учун? Пенсия миқдорини ҳисоб-китоб қилиш учун кейинги 10 йил учунми? Ёки бутун меҳнат даври учунми? Бироқ шундай қилинса, маълумотномалар кўпайиб кетади.
– 55 ёшга тўлганда ёшга доир пенсия тайинлаш учун меҳнат фаолиятининг кейинги 10 йилидаги учун иш ҳақи ва тўланган суғурта бадаллари тўғрисида маълумотнома тақдим этиш кифоя қилади. Зеро «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон, бундан кейин – Қонун) 8-моддасига кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун 5 йиллик меҳнат фаолиятига доир иш ҳақи ва тўланган суғурта бадаллари тўғрисида маълумотнома тақдим этиш кифоядир.
Бунда Пенсия жамғармаси бўлимлари Қонуннинг 43-моддаси 7-қисмига амал қилиб, меҳнат фаолиятининг бошқа даврлари учун иш ҳақи ва тўланган суғурта бадаллари тўғрисида маълумотномани қўшимча талаб қилиш ёки ўзлари мазкур даврларни текшириш ҳуқуқига эгалар.
Низомнинг ўша 12-бандида таъкидланишича, болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилганидан бошлаб у 3 ёшга тўлгунигача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола 3 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома зарур ҳолларда тақдим этилади. Қандай ҳоллар зарур ҳолларга киритилади?
– Низомнинг 12-бандида саналган ҳужжатлар эркак ва аёлларга бирдек тегишли эканлигини ҳисобга олиб, «зарур ҳолларда» сўз бирикмаси, агар пенсия тайинлаш учун аёл мурожаат қилса қўлланади ва у эркакларга нисбатан қўллаб бўлмайдиган қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши зарур бўлади.
Агар ушбу ташкилот унда ишлаган барча йилларим учун иш ҳақи тўғрисида менга маълумотнома тақдим этса, мен болани парваришлаш таътилида бўлган ойлар ва йиллар устига чизиб қўйилади. Шунинг ўзи етарли эмасми? Ёки болани парваришлаш таътили берилгани ва ундан қайтганим тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари албатта бўлиши керакми?
– Декрет таътили даври уни бериш тўғрисида ташкилотнинг буйруқлари асосида аниқланади, чизиб қўйишларни эса ҳар доим ҳам декрет таътиллари билан изоҳлаб бўлмайди, уларни иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари, ташкилот фаолиятни амалга оширмайдиган ва, тегишинча, ходимларга иш ҳақи ҳисоблаб ёзмайдиган пайтда ишсиз туриб қолиш ва бошқа ҳолатлар (масалан, прогул) билан тушунтириш мумкин.
Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномада иш ва бадалларни ушлаш даврлари кўрсатилади, шунингдек меҳнат таътили қайд этилади. Тегишинча, таътилдан олдинги, таътил пули ҳисобланадиган ойда ижтимоий суғуртага бадаллар икки баравар миқдорда ушланди. Таътил ойида уларни тўлаш устунига чизиқ тортилган. Низомнинг 35-бандида белгиланишича, пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, қўшиб ҳисобланади. Меҳнат таътили ойи пенсияни ҳисоблаб ёзиш учун иш стажига ҳисобланадими?
– Таътил пули ушбу таътил кунлари учун ҳисобланиши боис, тегишинча, суғурта бадаллари тўланган даврлар иш стажига ҳисобланади.
Бунда мазкур давр таътил ҳисобланишини кўрсатиб, буни буйруқ нусхаси ёки маълумотноманинг алоҳида қисмига ҳавола қилиш билан тасдиқлаш зарур.
Мен ишлаган ташкилотда қайта ташкил этиш ва ҳужжатларни архивга топшириш олдидан (2012 йил) менга Низом билан белгиланган шаклда бутун ишлаган йилларим учун иш ҳақи тўғрисида маълумотнома беришди. Бироқ ВМнинг 13.05.2014 йилдаги 21-сон Қарори билан ушбу шаклга ўзгартиришлар киритилди. Ушбу маълумотномани янги шаклда янгилашим керакми (фақат энди уни архивдан олишимга тўғри келади)?
– Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган даврда амал қилган намунага мувофиқ келиши керак. Тегишинча, сиз маълумотномани янги, пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган даврда белгиланган шаклда расмийлаштирилган маълумотномага алмаштиришингиз лозим бўлади.
2 ташкилотда ишлаганман. Асосий иш жойида иш ҳақини мунтазам тўлашмаган, бироқ ўриндошлик бўйича иш ҳақини мунтазам олганман ҳамда ижтимоий суғуртага бадаллар ва даромад солиғини тўлаганман. Аммо ўриндошлик бўйича ишим меҳнат дафтарчасига ёзилмаган. Мен ҳатто даромадлар тўғрисидаги декларацияни ҳисобга олинган жойимдаги туман ДСИга топширдим. Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган ойлар стажимга киритиладими?
– Агар асосий иш ва ўриндошлик иши даврлари бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, у ҳолда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш стажига пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра фақат бир давр қўшиб ҳисобланади. Тегишинча, асосий иш бўйича бадаллар бўлмаган, ўриндошлик бўйича бадаллар қайд этилган даврда кейинги давр ҳисобга олинади. Агар асосий иш жойи ва ўриндошлик бўйича давр учун бадаллар тўланган бўлса, пенсия тайинлаш учун мурожаат қилувчининг танлашига кўра фақат биттаси ҳисобга киритилади.
Маълумот учун!
Ташкилот маъмурияти ходим пенсия ёшига етгунига қадар уни пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганидан хабардор қилишга МАЖБУР.
Ўқув курслари стажга қўшилмайди
1987 йил сентябридан 1988 йил апрелигача ЎзССР Давстатқўмнинг ҳисоб юритувчи ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бошқармаси Тошкент вилоят ўқув комбинатида бухгалтерлик курсларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиганман. Уларни тугатганлигим ҳақида давлат намунасидаги гувоҳномам бор. Ушбу ўқиш даврим пенсияни ҳисоблаб ёзиш учун меҳнат стажимга қўшиб ҳисобланадими?
Л.Каримова.
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддасига асосан олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Пенсия тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва янги ихтисосга ўрганиш курсларида ўқиш даврини стажга қўшиб ҳисоблаш назарда тутилмаган.
Иш ҳақисиз стаж
54 ёшга тўлдим, энди пенсияни расмийлаштирмоқчиман. 25 йиллик узлуксиз педагогик стажга эгаман. Бироқ кейинги 10 йил ишламадим – касалликка чалинган онамга қараяпман.
Мазкур вазиятда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қайси даврдаги иш ҳақи қабул қилинади?
И.Маринина.
– Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарорига 1-илова) 87-бандига мувофиқ, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давридаги пенсияни ҳисоблаб чиқаришда қуйидаги даврлар қўшиб ҳисобланмайди:
I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш; ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган қарияларга қараб турилган вақт – 80 ёшга тўлган қария ўзганинг парваришига муҳтож бўлган давр;
олий таълим муассасаларида (шу жумладан, уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар-изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан, чет элда ўқиш;
бола 3 ёшга тўлгунга қадар, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил;
офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, бироқ кўпи билан 10 йил;
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган давр;
муддатли ҳарбий хизматни ўташ вақти, шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмасдан, меҳнатда майибланиш ва касб касаллигига чалиниш оқибатида I ёки II гуруҳ ногирони бўлиб қолган вақт.
Агар охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомида шундай даврлар бўлса (сўнгги банд бундан мустасно), улар аввалги иш йилларига алмаштирилиши керак.
Абдурашид Исмоилов,
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсия ва
нафақалар тайинланишини таҳлил ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи.
Бизга мактуб йўллабсиз
Олисга йўл олаётганда
Мен пенсионерман, Пенсия таъминоти тўғрисида шартнома тузилмаган давлатга доимий яшаш учун кетяпман. Бундай ҳолда менга пенсия қандай тўланади? Янги яшаш жойига тақдим этишим учун пенсия йиғмажилдимни олишим керакми?
А.Руфина.
Тошкент ш.
– Хорижга кетишингизгача сизга пенсия 6 ой аввал Ўзбекистон миллий валютасида тўланади. Бу давр Пенсия жамғармаси бўлимига берилган кетиш тўғрисида аризангизда кўрсатилган санадан бошланади (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 177-банди, бундан кейин – Низом). Тўлов суммаси ариза берилган кунда сиз оладиган пенсия миқдоридан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.
Бундан ташқари, сиз Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини унда «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги ҳамда ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери, кетиш варақчаси, шунингдек бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) билан тақдим этишингиз керак.
Агар сиз хорижий фуқаро бўлсангиз, аризага чет эллик учун истиқомат учун берилган гувоҳномани унда «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги, шунингдек сиз доимий яшаш учун кетаётган хорижий давлатнинг визасини (агар бу зарур бўлса) қўшиб тақдим этишингиз керак. Фуқаролиги бўлмаган шахс учун ҳам шундай талаблар қўйилади. Бунда ариза, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси, унда «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги ҳамда ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери, шунингдек пенсионер бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) тақдим этилади (Низомнинг 178-банди).
Агар тижорат банкининг филиалида сизнинг номингизга банк ҳисобрақами очилган бўлса, 6 ой учун пенсия банк орқали тўланади. Шунингдек уни почта ўтказмаси билан ёки почта алоқаси ташкилоти орқали бир марталик ведомость асосида олиш мумкин (Низомнинг 179-банди).
Шуни билиш зарурки, 6 ой аввал тўланган пенсия суммасини қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсиялар миқдорлари ўзгарганлиги муносабати билан қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилмайди (Низомнинг 180-банди).
Агар сизга тўланиши керак бўлган тўловни олганингиздан кейин республика ташқарисига кетмаган бўлсангиз, сизга 6 ой аввал яна пенсия тўланиши мумкин. Пенсия тўланган 6 ойлик давр тамом бўлгандан кейин пенсияни навбатдаги тўлаш учун мурожаат қилишга ҳақли бўласиз (Низомнинг 181-банди).
Ижтимоий (пенсия) таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузилмаган давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетаётган пенсионернинг пенсия йиғмажилди Пенсия жамғармаси бўлими архивига топширилади (АВ томонидан 5.03.2015 йилда 2657-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 40-банди).
Онаси ёнида бўлмаганда
Жияним – болаликдан II гуруҳ ногирони. Ёши 12 да. Ҳозир бизнинг оилада яшаяпти. Унга нафақа расмийлаштирса бўладими? Қаерга мурожаат қилишим керак?
Анвар К.
– Жиянингизга нафақа олиш учун яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилишингиз зарур. Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ, 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ўзи ёхуд ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси нафақа сўраб мурожаат қилиши мумкин. Шу сабабли сиз шу болага нисбатан ўз мақомингизни – фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийлигингизни расмийлаштиришингиз зарур. Мурожаат қилганда, бошқа ҳужжатлар билан бир қаторда, туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарорининг нусхасига ҳам эга бўлиш керак.
Ногирон болага нафақа олиш учун аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
унинг яшаш жойини тасдиқловчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг маълумотномаси;
соғлиқни сақлаш муассасаси белгиланган тартибда берган тиббий хулоса;
ариза тақдим этган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий паспортининг нусхаси.
Агар аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, 3 кунлик муддат ичида уларнинг қайси бирини тақдим этиш зарурлигини сизга хабар қилишлари керак. Агар улар бу ҳақда хабарнома олинган кундан бошлаб 3 ойдан кечиктирмай тақдим этилса, нафақа тайинлашни сўраб мурожаат этган кун деб ариза қабул қилинган кун ҳисобланади.
Маълумот учун!
Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсиялари иш стажидан ҚАТЪИ НАЗАР тайинланади.
Хабарлар
Пенсия жамғармасидан SMS
Ҳисоблаб ёзилган пенсия ёки нафақа тўғрисидаги ахборотни уяли телефон орқали олиш мумкин. 2016 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уяли алоқа тармоқлари операторлари ва контент-провайдерларнинг SMS хабарлари бепул жўнатилади ва уларга солиқ солинмайди.
Бундай ахборот хизматининг жорий этилиши «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида* назарда тутилган. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг SMS хабар жўнатиш тўғрисидаги таклифи Вазирлар Маҳкамасининг 1.03.2016 йилдаги 165-Ф-сон фармойиши билан маъқулланди.
Пенсия жамғармасининг хабарлари энг зарур ахборотни ўз ичига олади:
Президентнинг фармонларига мувофиқ пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорлари ошгани тўғрисида;
банк пластик карточкаларига пенсиялар ва ижтимоий нафақалар ўтказилганлиги тўғрисида.
Пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорлари, тўлаш шакли ва тайинланган муддати тўғрисида ахборотни муайян қисқа рақамга сўров жўнатиб олиш мумкин.
Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ахборот хабарларини ҳам жўнатиш режалаштирилмоқда.
Пенсия жамғармаси SMS хабарларни жўнатишни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда амалиётга жорий этади.
norma.uz сайтининг хабарига кўра.
*Президентнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги Қарори (18.02.2015 йилдаги ПҚ-2302-сон).
Маълумот учун!
Ўзбекистонда ўртача умр кўриш кўрсаткичи 72 ёшдан ортиқни ташкил этади. Бу 71 ёш даражасида турган дунёдаги ўртача кутилаётган умр кўриш кўрсаткичидан юқори.
(БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти
аҳолишунослик бўлими маълумотлари асосида).
Ёши улуғларнинг ҳурмати йўлида
Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси тузилди
Катта ҳаёт тажрибасига эга фахрийларимиз босиб ўтган йўл ёшлар учун ибрат мактабидир. Айниқса, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободончилик ишлари жараёнида, ёшлар тарбиясида уларнинг маслаҳатлари, йўл-йўриқларига ҳамиша эҳтиёж сезилади.
Пенсионерлар уюшмаси кекса авлоднинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллалар, ҳар бир оилада тинчлик–тотувлик, осойишталик, соғлом муҳитнинг барқарор бўлишини таъминлаш, ёрдамга муҳтож кексаларга ижтимоий кўмаклашиш, пенсионерларнинг соғлиғини тиклаши учун даволаниши, мазмунли дам олишини ташкил этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.
Уюшма ҳузурида пенсионерларни қўллаб-қувватлайдиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали янги иш ўринлари очиш мўлжалланган.
ЎзА материали асосида.
Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради.