Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 10 / Божхона

Ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб

 

2015 йилда Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида бўлиб ўтган «Ўзбекистон керамикаси сақловчилари» кўргазмаси жамоатчиликнинг юксак эътиборига сазовор бўлди. Кўргазма маҳаллий ва хорижий ОАВларда, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.

Нафақат сопол идиш ясовчи усталар, балки барча ҳунарманд усталар билан учрашувларда, одатдагидек, улар ясаган буюмларни хорижга олиб чиқишда тўланадиган солиқлар ҳақида кўп саволлар берилади. Ҳунармандлар бу ҳақда етарлича маълумотга эга бўлмаганликлари туфайли ўз имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмайдилар. Шу боис биз бугун энг долзарб саволларга жавоб берамиз.

 

Солиқ имтиёзлари ва преференциялари

Президентнинг «Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (31.03.1997 йилдаги ПФ–1741-сон) миллий меросимизни асраб-авайлаш учун халқ ҳунармандчилиги ва устачилигининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилган. Бу дегани аввал-бошдан ҳукумат ҳунармандларни тадбиркорлик фаолияти субъектлари деб эмас, балки миллий анъаналаримиз ва ўзига хос ҳунармандчилигимиз сақловчилари сифатида қабул қилган. Давлатимиз томонидан бундай қўллаб-қувватлаш ҳунармандчиликни ривожлантириш ва сақлаб қолишга имконият яратади.

Президентнинг 26.12.2013 йилдаги ПФ–4589-сон Фармони билан давлатимиз раҳбарининг турли имтиёзларнинг амал қилиш муддатини узайтирадиган айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

Президентнинг «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони (30.03.2010 йилдаги ПФ–4210-сон) билан 2014 йил 1 январдан тақдим этилган қуйидаги тўловларни тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддати 3 йилга узайтирилди:

уй шароитида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш бўйича якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлган шахслар – «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари, шунингдек унга аъзо бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқни тўлашдан (имтиёз Президентнинг «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг (1.04.2008 йилдаги ­ПФ–3983-сон) 1-бандида белгиланган, дастлаб – 2010 йил 1 январгача, кейин – 2014 йил 1 январга қадар);

оилавий корхоналар халқ бадиий ҳунармандчилиги ва ўзлари ишлаган амалий санъат буюмларини сотишдан олинадиган даромаддан ягона солиқ тўловини тўлашдан. Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий-безак санъати буюмлари асосий турларининг рўйхати Президентнинг «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (28.03.2005 йилдаги ­ПФ-3588-сон) билан тасдиқланган.

 

Рўйхатнинг 9-бандида бошқа буюмлар қаторига барча турдаги амалий-безак санъати ҳунармандларининг сопол, чинни ва фаянсдан тайёрланган буюмлари, архитектуравий безак элементлари, сопол, чинни ва фаянс буюмларни нақшлар ва трафарет билан безаклаш; тандирлар кўрсатилган.

 

Буюмларни олиб чиқиш тўғрисида

Илгари ҳунармандлар ясаган буюмларни мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетишга рухсатнома олиш учун Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Бадиий экспертиза бошқармасига мурожаат қилинарди ва олиб чиқиб кетилаётган ҳар бир буюм учун махсус йиғим тўланар эди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги Қарори (25.05.2011 йилдаги 152-сон) билан 24 турдаги ҳунармандчилик буюмлари учун ушбу таомил бекор қилинди, уларни олиб чиқишда сертификат талаб этилмайди (Низомнинг 23-банди ва Низомга 5а-илова).

Олиб чиқиб кетишда сертификат талаб қилинмайдиган, сўнгги 50 йил ичида ясалган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий-безак ­санъати буюмларининг рўйхатига қуйидагилар киритилди:

● ганч ўймакорлиги – қандиллар, девор шамдонлари, кўзгулар, ҳайкалчалар;

● ёғоч меъморчилиги – баландлиги 20 см гача бўлган барча турдаги оммавий ишлаб чиқариш буюмлари;

● суякка ўйма нақш солиш – эсдалик буюмлари, кичик пластикалар, нецке, қутичалар;

● тошга ўйма нақш солиш – нақшинкор устунлар, панжаралар, эсдалик буюмлар, кичик пластикалар, нэцке, қутичалар; ёзув анжомлари; шамдонлар; геральдика ва давлат рамзлари; қимматбаҳо ва безак тошлардан тайёрланган тақинчоқлар;

● ёғочдан тайёрланган халқ ҳунармандчилиги буюмлари – ошхона буюмлари (ўқловлар, туздонлар, нон қутилари, қўл жувозлар, ўғирлар, қийматахта, чакичлар); беланчаклар, болалар юритгич (ходунок)лари, бешиклар ва улар анжомлари; жимжимадор токарлик буюмлари; нардалар; шахмат тахталари ва сипоҳлари;

● металл ва тунукадан тайёрланган буюмлар – нақшли қувурлар ва тарновлар; қуйма буюмлар (эшик ва дераза дасталари, занжирлар, қўнғироқлар, шамдонлар); ошхона анжомлари; эсдалик буюмлар (сирғалар, узуклар, билагузуклар, бижутерия);

● қиличлар, ханжарлар ва пичоқлар – миллий пичоқлар;

● нақшинкор буюмлар – пиёлалар, ликопчалар, патнислар, гулдонлар, чилимлар, шамдонлар, қандиллар, девор шамдонлари, эшик ҳалқалари, эшик ва дераза тўсиқлари, дасталар, занжирлар, қулфлар; пичоқ учун ғилофлар, ошхона анжомлари;

● сопол, чинни, фаянс буюмлар – тандирлар; баландлиги 20 см гача бўлган буюмлар;

● қўлда тўқилган гиламлар – кигиз (намат) буюмлар;

● қўлда тикиш ва тўқиш – табиий ипакдан, ип газлама, жун ва синтетик иплардан тўқилган атлас, беқасам, адрас, салла, газламалар; қўлда ва механик усулда тўқилган буюмлар (жундан тўқилган рўмоллар, қўлқоплар, башмалдоқли қўлқоплар, қалин узун пайпоқлар, пайпоқлар, бош кийимлари);

● шиша буюмлар – бадиий пуфлаш воситасида тайёрланган кичик пластика, девор шамдонлари, эсдалик буюмлар, безаклар (туморлар, тасбеҳлар, маржонлар); шишада, кўзгуда нақш ва орнаментлар билан тайёрланган буюмлар;

● зардўзлик буюмлари – елпиғичлар, чойнаклар учун ёпинчиқлар, бош кийимлар;

● каштачилик – қисман қўлда кашта билан тикилган майда буюмлар (50 х 50 см);

● гулли ва чокли тикишлар – миллий кийим-бошлар; миллий чойшаб ва кўрпачалар, ёстиқлар (лўла, болиш); белбоғлар, тасмалар (жияклар); сумкалар;

● миллий чопонлар ва бош кийимлар – чопонлар, яхтаклар, нимчалар, болалар чопонлари, тўй чопонлари; дўппилар, қалпоқлар, саллалар; мўйна, қоракўл ва қўлда тўқилган материаллардан тайёрланган бош кийимлар;

● ёдгорлик мусиқа асбоблари;

● миниатюралар, рангтасвир расмлар, нақшинкор ва сирли безаклар – қовоқ, суякдаги миниатюралар, расмлар ва орнаментлар, папье-маше;

● табиий ва синтетик қурилиш материалларидан тайёрланган катта ҳажмли ва фигурали шаклдаги қуйма буюмлар (сталактитлар, фризлар, рамкалар, карнизлар, қандиллар, кўзгулар; думалоқ, овал ва бурчакли орнаментлар; устунлар); архитектура безаклари элементлари, шунингдек косиблик усулида мис, бронза, чўян, алюминийдан қуйиш йўли билан тайёрланган буюмлар;

● майда ҳайкалтарошлик пластикалари – табиий ва сунъий материаллардан (ганч, шамот, мис, кумуш, алюминий, суяк, ёғоч, тош, сопол, фаянс, чинни) тайёрланган ҳайкалтарошлик шакллари, баландлиги 20 см дан бўлган ҳайкалтарошлик пластикаларидан ташқари;

● ёғоч, металл, гипс, газлама, сопол ва бошқа табиий ва сунъий материаллардан тайёрланган ўйинчоқлар ва қўғирчоқлар;

● тўқима буюмлар – ўсимлик материалларидан (қамиш, тол, похол, ток навдаси, турли дарахтларнинг шох-шаббаларидан) тайёрланган тўқима буюмлар;

● чармдан тайёрланган буюмлар ва оёқ кийимлар – аёл маҳсилари ва ковушлари, эркакларнинг хром маҳси ва ковушлари, эгар-жабдуқлар, камарлар, миллий нимчалар;

● табиий ва сунъий материаллардан эсдалик ва совға буюмлари (туморлар, тасбеҳлар; маржонлар, сирғалар, узуклар, билагузуклар, бижутерия, камарлар, значоклар).

 

Президентнинг «Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (10.10.1997 йилдаги ПФ–1871-сон) билан олиб чиқиладиган барча турдаги товарлар (ишлар, хизматлар)га экспорт божхона божлари бекор қилинди.

Товарларни «Экспорт» божхона режимида расмийлаштирганлик учун божхона қийматининг 0,1%и, бироқ ЭКИҲнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда йиғим ундирилади (Божхона йиғимлари ставкаларининг 1-банди, 30.04.1999 йилдаги 204-сон ВМҚ билан тасдиқланган).

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 

P.S.

Жорий йилнинг 21 апрелидан янги таҳрирдаги Божхона кодексининг кучга кириши муносабати билан ҳунармандларнинг маҳсулотларини экспорт қилишда божхона расмийлаштирувида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида сўзлаб берилса, айни муддао бўларди. Ушбу мурожаат ДБҚ эътиборидан четда қолмаслигига умид қиламиз.

Прочитано: 3013 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика