Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 10 / Олий мажлис қонунчилик палатасида

Ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

 

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

 

 

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Мажлисда таъкидландики, мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат қилишга, ишни эркин танлаш ва қулай меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳага оид қонун ҳужжатлари изчил такомиллаштирилаётир.

Янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида депутатлар қайд этиб ўтдиларки, фуқароларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини янада мустаҳкамлаш зарурати бозор иқтисодиётининг изчил ривожланиши, ишлаб чиқаришларни модернизациялаш техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ислоҳотларнинг ҳуқуқий майдонини ривожлантириш билан боғлиқ.

Қонун лойиҳаси дастлаб қуйи палата қўмиталарининг аъзолари томонидан фуқаролик жамияти институтлари, меҳнат жамоалари вакиллари, мазкур соҳанинг мутахассислари иштирокида жойларда муҳокама этилди, бу эса қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш имконини берди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасидаги Демократик кучлар блоки ва мухолифат фракциялари мажлисларида ҳам бўлиб ўтди, мажлислар якунларига кўра мазкур ҳуқуқий ҳужжат бўйича уларнинг нуқтаи назарлари шакллантирилди.

Муҳокама давомида депутатлар янги таҳрирдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг қўлланилиши масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Кўриб чиқилаётган қонун меҳнатни муҳофаза қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асосга айланажаги таъкидлаб ўтилди.

Қайд этилдики, қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида уларнинг давлат бошқарувининг, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида таъсирчан муҳокамасини ташкил этишга катта эътибор қаратилди. Қонун ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида етакчи мутахассислар, олимлар, тегишли соҳалар амалиётчилари, фуқаролик институтларининг вакилларидан иборат Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг аъзолари фаол қатнашдилар. Қонун лойиҳаларининг оммавий ахборот воситаларида муҳокамаси ташкил қилиниб, бунда уларнинг моҳияти ва аҳамияти кенг жамоатчилик эътиборига етказилди.

Мажлис иштирокчилари ўтган йил декабрь ойида биринчи ўқишда қабул қилинган «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Демократик кучлар блокининг таклифига кўра янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Республикамизда бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига хўжалик юритувчи субъектлар томонидан риоя этилишини, ушбу соҳада яхлит тизимни шакллантиришга доир вазифаларнинг самарали ҳал этилишини ­таъминловчи бухгалтерия ҳисоби тизимининг юзага келиши ва шаклланишининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилганлиги таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари таъкидладиларки, таклиф этилаётган янгиликлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади. Киритилаётган янгиликлар, шунингдек, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш борасида мансабдор шахсларнинг, бухгалтерия хизмати раҳбарларининг жавобгарлигини янада оширишга ёрдам беради. Қонун халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби тизимининг янада ривожланиши, иқтисодиётнинг ўсиши учун қўшимча шароит ва имкониятлар яратади.

Парламент қуйи палатаси депутатлари республикамизда донорликни янада ривожлантиришга қаратилган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулкдорлар, жамоат ташкилотларининг назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи «Табиий монополиялар тўғрисида»ги ва «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқдилар.

Моддама-модда муҳокамадан сўнг депутатлар мазкур қонунлар лойиҳаларини маъқулладилар.

Парламент қуйи палатаси аъзолари қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Хусусан, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қонун нормаларини халқаро талабларга мувофиқ ҳолга келтиришни назарда тутади, бу эса истеъмолчилар ва давлатнинг маҳсулот, жараёнлар ва хизматлар хавфсизлиги соҳасидаги манфаатларининг ҳимоя қилинишини, маҳсулотни синаш ва ўлчаш халқаро услубларининг татбиқ этилишини таъминлайди.

Депутатлар «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши геология-қидирув ишлари самарадорлигини янада оширишга ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида рақобатли муҳитни яратишга, шунингдек, республикамизнинг минерал-хом­ ашё базасидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини сифатли ижро этишга ёрдам беради.

Қонунчилик палатаси мажлисида, шунингдек, фаолиятнинг айрим соҳаларини янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор бошқа қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Муҳокама якунларига кўра депутатлар қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳужжатларни кейинги ўқишга тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 2138 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика