Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 10 / Солиқ тўловчининг ён дафтарига

Даромадларни декларациялаш фурсати етди

 

Солиқ инспекциясига ташрифни кейинга қолдирманг

 

2016 ЙИЛ 1 АПРЕЛЬ – 2015 йилда олинган жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисида декларацияни тақдим этишнинг сўнгги куни. Кимлар декларация топшириши шарт, кимлар уни ихтиёрий равишда топширади, қандай ҳужжатлар тақдим этилади, декларация қандай тўлдирилади каби саволларга «Norma Ekspert» мутахассислари тушунтириш берадилар.

 

Декларация – жисмоний шахснинг йил давомида олган даромадлари ва улардан ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги ҳужжат. Декларация яшаш (прописка қилинган) жойидаги солиқ инспекциясига солиқ тўловчининг шахсан ўзи (қоғоз кўринишида ёки электрон ташувчида) олиб келган ҳолда ёхуд почта орқали буюртма хат шаклида тақдим этилиши мумкин (Солиқ кодексининг 191-моддаси).

2015 йилда олинган даромадлар бўйича декларация белгиланган шаклда (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) 2016 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Декларация топширувчиларни шартли равишда 2 гуруҳга ажратиш мумкин:

Солиқ кодексига мувофиқ декларацияни мажбурий равишда тақдим этувчилар;

ЖШДС бўйича ортиқча тўловни қайтариш ёки ўзининг солиқ имтиёзларига бўлган ҳуқуқидан фойдаланиш учун ўз ташаббуси билан декларация топширувчилар.

 

 

Даромад олдингизми – ҳисобот топширинг!

 

Жами даромад тўғрида декларацияни қуйидаги даромадларни олган жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари мажбурий тартибда топширадилар:

 

ЖШДС ушланмаган ёки энг юқори ставка (23%) бўйича солиқ ушланмаган 2 та ва ундан ортиқ манбадан олинган даромадлар

Жисмоний шахс асосий иш жойидан ташқари, бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ишлаши мумкин. Мазкур ҳолатда асосий иш жойи (меҳнат дафтарчаси юритиладиган корхона) бўйича солиқ шкала бўйича, ўриндошлик асосида олинган даромадлардан ходимнинг аризасига асосан энг юқори ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолинади. Бундай ариза мавжуд бўлмаганда солиқ шкала бўйича ушлаб қолинади. Ушбу ҳолатда ходим ўз даромадларини декларациялаши шарт – жами даромаддан (асосий ва асосий бўлмаган иш жойидан) солиқнинг якуний ҳисоб-китоби солиқ инспекциясида декларацияга асосан амалга оширилади.

Бироқ, агар қатъий белгиланган ставка бўйича ЖШДС (шкала бўйича эмас) солинадиган асосий бўлмаган иш жойидан даромад, хусусан, дивидендлар (ставка – 10%), ижара ҳақи (энг кам ставка бўйича солиқ солинади, 2015 йилда у 8,5%ни ташкил қилган эди) олинган бўлса, бундай даромадлар бўйича декларация тақдим этилмайди. Улардан солиқ алоҳида-алоҳида ушлаб қолинади ва бундай даромадлар белгиланган шкала бўйича солиқ солинадиган даромад миқдорига таъсир қилмайди. Тегишинча, бундай даромадларга солиқ солишда солиқларнинг камроқ тўланганлиги ва ортиқча тўловлар, одатда, юзага келмайди.

 

МИСОЛ. 2015 йилда Б.Авазов қуйидаги даромадларни олган:

А корхонаси (асосий иш жойи) – 21 000 минг сўм;

Б корхонаси (асосий бўлмаган иш жойи) – 15 294 минг сўм (шу жумладан дивидендлар – 12 000 минг сўм, автомобилни ижарага беришдан – 3 294 минг сўм).

Ҳисобот йилида Б.Авазов 2 та манбадан даромад олган, асосий бўлмаган иш жойида солиқ шкала бўйича ёки энг юқори ставкада (23%) эмас, балки бундай даромадларга белгиланган ставка бўйича – дивидендлардан 10% ва ижара ҳақидан 8,5% ушланган. Тегишинча, Б.Авазовда жами даромаддан ЖШДС бўйича кам тўланганлик ҳолати бўлмайди ва декларация топшириши шарт эмас;

 

• меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмаган юридик шахслардан олинган моддий ёрдам тарзидаги даромадлар, агар улардан ЖШДС ушланмаган ёки шкала бўйича ушланган бўлса

Моддий ёрдам тарзидаги даромадлар – жисмоний шахсга бажарилган ишлар (хизматлар) учун тўлов билан боғлиқ бўлмаган даромадлардир. Уларнинг рўйхати Солиқ кодексининг 177-моддасида келтирилган. Бундай даромадларга, масалан, совғалар қиймати, коммунал хизматлар ҳақи, дам олиш ҳақи, болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига боришлари учун тўлов ва бошқалар киради. Мазкур даромадлардан жисмоний шахснинг аризасига асосангина уларни тўловчи корхона томонидан солиқ ушланмаслиги мумкин. Акс ҳолда солиқ шкала бўйича ёки олувчининг аризасига биноан энг юқори ставкада (23%) ушлаб қолиниши керак. Агар даромадларни олувчи бухгалтерияга бундай аризани тақдим этган бўлса, у декларация топширмасликка ҳақли.

 

МИСОЛ. 2015 йилда А.Малишева юбилейи муносабати билан аввалги иш жойидан 700 минг сўмлик совға олган. Совғанинг қиймати – моддий ёрдам тарзидаги даромаддир. Агар совғадан солиқ ушлаб қолинмаган ёки шкала бўйича ушланган бўлса, А.Малишеванинг жами даромадидан ЖШДС якуний ҳисоб-китоби декларациялаш чоғида амалга оширилади;

 

• солиқ агенти ҳисобланмаган манбалардан олинган даромадлар

Тўланадиган даромаддан солиқни ҳисоблаш, ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиш мажбурияти солиқ агенти деб эътироф этиладиган тўлов манбаларига юклатилади. Қуйидагилар солиқ агентлари ҳисобланади:

юридик шахслар;

доимий муассаса орқали фаолият юритадиган Ўзбекистон норезидентлари;

чет эллик юридик шахсларнинг ваколатхоналари;

жисмоний шахслар (резидентлар ва норезидентлар), шунингдек юридик шахслар – ЎзР норезидентлари, улар томонидан чет эллик жисмоний шахслардан кўчмас мулк, акциялар, юридик шахслар – ЎзР резидентлари устав капиталидаги улушлар (пайлар) сотиб олинган тақдирда (Солиқ кодексининг 184, 194-моддалари).

Кўриниб турибдики, жисмоний шахсларнинг даромадларига улар жисмоний шахсдан олинган тақдирда тўлов манбаида ЖШДС солинмайди. Бундай даромадларга, хусусан, ижарага беришдан, мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар, роялти, муаллифлик ҳақи ва бошқалар киради.

Таъкидлаш жоизки, жисмоний шахслардан олинган ижара ҳақига оид даромадлар бўйича алоҳида декларациялаш тартиби белгиланган («Декларацияда ижара ҳақи» бўлимида батафсил маълумот берилган);

 

• Ўзбекистондан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар

Жисмоний шахслар томонидан улар олинганда, солиқ қандай тартибда ва қайси ставка бўйича ушлаб қолинганлигидан қатъи назар, бундай даромадлар бўйича декларация тақдим этилиши шарт.

Ўзбекистон резидентлари бўлган жисмоний шахсларга республикадан ташқарида тўланган даромадлардан, бироқ фақат республика билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф қилиш тўғрисидаги шартномани имзолаган давлатлардаги манбалардан олинган даромадлардан олинадиган солиқ суммалари Ўзбекистонда ЖШДСни тўлашда ҳисобга олинади (агар шартномада жисмоний шахснинг даромадларига фақат Ўзбекистонда солиқ солиниши кўрсатилган бўлса, солиқ ҳисобга олинмайди). Ўзбекистондан ташқарида тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини ҳисобга олиш учун чет давлат ваколатли органининг маълумотномаси ёки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асос бўлади (Солиқ кодексининг 196-моддаси).

Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги шартнома имзоланмаган давлатда даромадлар олинган бўлса, республикадан ташқарида тўланган солиқ ҳисобга олинмаган декларация бўйича ҳисобланган жами солиқ суммаси бюджетга тўланади.

 

Резидент бўлдингизми – ҳисобот беринг

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахслар, даромадлар манбаидан ва солиқ ушланганлиги ёки ушланмаганлигидан қатъи назар, 2016 йилнинг 1 апрелигача даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этишлари шарт.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат турган жисмоний шахс Ўзбекистон резиденти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 19-моддаси).

Чет эллик резидентлар декларацияни республика фуқаролари ҳам топширадиган шакл бўйича ва муддатда тақдим этадилар.

Агар чет эллик резидент фаолиятини календарь йили ичида тугатган ва республика ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, у Ўзбекистонда олган даромадлари тўғрисидаги декларацияни чиқиб кетишидан бир ой аввал тақдим этиши ва декларация топширган вақтдан бошлаб 15 кун ичида солиқларни тўлаши лозим. Чет эллик жисмоний шахс жорий йилнинг 1 февралига қадар доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган бўлса, жорий йил учун даромадлар бўйича декларацияни тақдим этмайди.

 

Агар солиқ тўловчи даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган бўлса, солиқ органи ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида ЖШДС суммасини ҳисоблашга ва солиқ тўловчига бюджетга тўланиши лозим бўлган ҳисобланган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома топширишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 192-моддаси).

Даромадлар тўғрисида декларацияни тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади (МЖТКнинг 174-моддаси 3-қисми).

 

Декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этиш

Аввалги йилда даромадлар олган жисмоний шахслар декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этишлари мумкин (Солиқ кодексининг 192-моддаси). Одатда ортиқча тўланган ЖШДС суммасини қайтариш ёки солиқ имтиёзларини қўллаш истагида бўлган солиқ тўловчилар шундай қиладилар. Масалан, агар асосий бўлмаган иш жойидан солиқ энг юқори ставка бўйича ушлаб қолинган бўлса (ходимнинг аризасига биноан), жами йиллик даромаддан ЖШДС ортиқ тўланганлиги юзага келган тақдирда уни қайтариш ёхуд мол-мулк солиғи ёки ер солиғини тўлаш ҳисобига ҳисоблаш мумкин.

Шунингдек декларация тақдим этишда тўлов манбаида қўлланмаган солиқ имтиёзларидан фойдаланиш мумкин. Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмида бериладиган имтиёзларга (даромад олинган ҳар бир ой учун ЭКИҲнинг 4 баравари миқдоридаги даромадлардан чегирмалар) бўлган ҳуқуқга эга жисмоний шахслар асосий иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда, декларацияга асосан имтиёзларни қўллашлари мумкин. Декларацияни тақдим этишда республика олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммаларига (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди), агар имтиёз даромадлар тўланган манбада қўлланилмаган ёки сумманинг маълум қисмига қўлланилган бўлса, солиқ чегирмаси олишлари мумкин.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган шахсга декларация топшириш ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни даромаддан чегириш ва солиқнинг ортиқча тўланган суммасини қайтариш ҳуқуқини беради, бироқ чегирма даромаднинг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак (Солиқ кодексининг 190-моддаси).

 

Декларацияни тўлдирамиз ва ҳисоб-китоб қиламиз

Жами даромадлар тўғрисидаги декларация 3 бўлимдан иборат.

 

I бўлимда 2015 йилда тўланган жами даромадлар, уларнинг турлари ва тўланадиган манбалари билан, шунингдек ушлаб қолинган ЖШДС суммаси кўрсатилади. Маълумотлар тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотномаларга асосан кўрсатилади, маълумотнома 2439-сон Қарорга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича даромадлар олинган корхона ва ташкилотларнинг бухгалтерияси томонидан берилади.

Мазкур бўлимни тўлдиришда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:

даромадлар Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотноманинг «Ҳисобланган даромад» кўрсаткичидан келиб чиқиб ҳисобланган суммада кўрсатилади;

бюджетга тўланган солиқ умумий сумма таркибида эмас, балки ШЖБПҲга мажбурий бадалларни чегирган ҳолда акс эттирилади, яъни Маълумотноманинг «Бюджетга ушлаб қолинган сумма» кўрсаткичининг маълумотлари акс эттирилади;

хоналарни, шунингдек автотранспортни ижарага беришдан олинган даромадлар, декларацияга 1 ва 2-иловалардаги маълумотлар бўйича кўрсатилади («Декларацияда ижара ҳақи» бўлимида батафсил ёритилган);

агар жисмоний шахс бир нечта манбадан моддий ёрдам олган бўлса, унинг умумий суммаси Маълумотнома билан бирга бериладиган Ойлар бўйича ҳисобланган даромадлар расшифровкаси маълумотларига асосан декларациянинг I бўлими 10-бандида кўрсатилади. Совғалар учун ҳам худди шундай тартиб амал қилади – декларациянинг I бўлими 11-бандида турли манбалардан олинган барча совғаларнинг умумий қиймати кўрсатилади.

 

II бўлимда Солиқ кодексининг 179, 180-моддаларида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ЖШДС бўйича имтиёзлар акс эттирилади. Уларнинг турига қараб солиқ солишдан озод қилинадиган сумма тўлиқ ёки белгиланган меъёрларда кўрсатилади.

Масалан, корхонадан олинган ва унинг устав фондига йўналтирилган дивидендларга тўлалигича солиқ солинмайди, шу боис мазкур бўлимнинг «д» кичик бандида уларнинг бутун суммаси келтирилади. Моддий ёрдам, совғалар, ишдан бўшаш нафақалари бўйича имтиёзлар ЭКИҲга каррали миқдорларда белгиланган:

моддий ёрдам бўйича:

вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган моддий ёрдам суммалари – ЭКИҲнинг 12 бараваригача;

бошқа ҳолларда, фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно, – ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди, 31.12.2015 йилдаги ЎРҚ-398-сон Қонун билан ўзгартиришлар киритилгунига қадар*);

совғалар бўйича – ЭКИҲнинг 6 бараваригача;

ишдан бўшаш нафақаси бўйича – ЭКИҲнинг 12 бараваригача.

Мазкур имтиёзлар ҳисоб-китоби 2015 йил бошидаги ЭКИҲ миқдори – 118 400 сўмдан келиб чиқиб амалга оширилади. Агар кўрсатиб ўтилган тўловлар белгиланган меъёрлардан ошмаса, бўлимнинг тегишли бандларида имтиёзнинг тўлиқ суммаси эмас, балки ҳисобланган сумма келтирилади.

 

МИСОЛ. Л.Жўраевага 2015 йилда асосий ва асосий бўлмаган иш жойидан тўйи муносабати билан совғалар берилган. Уларнинг умумий қиймати 680 000 сўмни ташкил қилади. Солиқ кодексида белгиланган имтиёз суммаси – 710 400 сўм (118 400 х 6) эмас, айнан 680 000 сўм бўлиб, у декларациянинг II бўлими «в» бандида кўрсатилиши лозим.

Агар совғаларнинг умумий қиймати имтиёз суммасидан ошиб кетган бўлса, масалан, 1 000 000 сўмни ташкил қилса, «в» бандида совғаларнинг солиқ солинадиган қисми – 710 400 сўм кўрсатилар эди.

 

Солиқ солинмайдиган суммалар бўйича чеклов муаллифлик ҳақи кўринишида олинган даромадлар бўйича ҳам белгиланган. Уларни олувчилар мукофот пулидан ушбу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатларни, бироқ даромад суммасининг 30%идан ошмаган миқдорда чегириб ташлаши мумкин.

Декларациянинг II бўлимини тўлдиришда шуни ҳисобга олиш керакки, декларацияга ЖШДС бўйича алоҳида имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилишлари лозим. Масалан, Солиқ кодексининг 180-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 4 бараварини чегириш тарзидаги имтиёзга бўлган ҳуқуққа эга шахс ушбу имтиёзни тасдиқлайдиган ҳужжатни (пенсия гувоҳномаси, ТМЭК маълумотномаси, «Ўзбекистон Каҳрамони» унвони берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва ҳоказолар) тақдим этиши шарт.

Грант олувчилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг хулосасини декларацияга илова қилишлари керак. Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига асосан таълим олиш учун тўлов бўйича имтиёзни қўллайдиган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни солиқ инспекциясига тақдим этадилар («ДСИдан имтиёз олинг»да батафсил ёритилган).

Муаллифлик ҳақини олувчи ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни, масалан, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва фойдаланиш учун зарур материалларга тўлов чеки, квитанцияси, фақат ижодий жараёнда фойдаланиладиган хона, мол-мулк ижарасига харажатларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни (ижара шартномаси, тўлов квитанциялари ва бошқаларни) тақдим этиши шарт.

 

Декларациянинг III бўлимидаги жадвалда I ва II бўлимлар кўрсаткичларидан келиб чиқиб ЖШДС ҳисоб-китоби амалга оширилади.

Солиқ жами йиллик даромад (III бўлимдаги жадвалнинг 1-банди) ва солиқ имтиёзлари суммаси (III бўлимдаги жадвалнинг 2-банди) ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган солиқ солинадиган базадан (III бўлимдаги жадвалнинг 3-банди) келиб чиқиб ҳисобланади. Шкала бўйича солиқни ҳисоб-китоб қилиш учун шкала бўйича эмас, балки алоҳида ставкалар бўйича солиқ солинадиган дивидендлар ва фоизлар, ижара ҳақи ва бошқа даромадлар чиқариб ташланади.

Олинган суммадан 2015 йил учун ЖШДС қуйидаги шкала бўйича ҳисоб-китоб қилинади:

 

Солиқ солинадиган даромад миқдори

 

Солиқ ставкаси

 

1 420 800 сўмгача

 

даромад суммасининг 0%и

 

1 420 801 сўмдан 7 104 000 сўмгача (5 х 1 420 800)

 

1 420 800 сўмдан ошадиган сумманинг 8,5%и

 

7 104 001 сўмдан 14 208 000 сўмгача (10 х 1 420 800)

 

483 072 + 7 104 000 сўмдан ошадиган сумманинг 17%и

 

14 208 001 сўм ва ундан юқори миқдорда

 

1 690 752 сўм + 14 208 000 сўмдан ошадиган сумманинг 23%и

 

 

Шкала бўйича ҳисобланган сумма дивидендлар, фоизлар тарзидаги даромадлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлардан (ҳисобот йилида улар мавжуд бўлган тақдирда) ушлаб қолинган солиққа қўшилади ва ҳисобланган ЖШДСнинг умумий суммаси (III бўлимдаги жадвалнинг 4-банди кўрсаткичи) аниқланади. Бунда ундан бюджетга ўтказилган солиқ суммаси ва ШЖБПҲга мажбурий бадаллар чиқариб ташланади.

ШЖБПҲга бадаллар ЖШДС солинадиган даромаддан 1%лик ставка бўйича ҳисобланади. Солиқ солиш шкаласига 2015 йилда солиқнинг нолинчи ставкаси киритилганлиги боис, ШЖБПҲга бадалларни ҳисоб-китоб қилиш учун ЖШДСнинг нолинчи ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромадни (ЭКИҲнинг 1 баравари) чегирган ҳолда солиқ солиниши лозим бўлган даромад база ҳисобланади (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 9-илованинг изоҳидаги 3-банд). ШЖБПҲга бадалларни ҳисоб-китоб қилишда даромадларнинг айрим турларидан ШЖБПҲга ажратмалар қилинмаслигини эътибордан четда қолдирмаслик керак, бироқ улардан ЖШДС ушлаб қолинади. Бундай даромадларга, масалан, дивидендлар ва фоизлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар киритилади.

Ҳисобланган ЖШДСнинг умумий суммасидан ШЖБПҲга бадаллар суммаси чегирилади ва бюджетга тўланадиган солиқ суммаси аниқланади, бу сумма 2015 йил мобайнида иш берувчи, бошқа тўлов манбалари ёки жисмоний шахс томонидан тўланган суммалар (III бўлимдаги жадвалнинг 5-банди «Бюджетга» сатри) билан таққосланади.

Мазкур бўлимдаги жадвалнинг 6-бандида бюджетга қўшимча тўланган сумма ёки у бўйича ортиқча тўланган сумма кўрсатилади. Улар мавжуд бўлмаган тақдирда «0» қўйилади.

 

МИСОЛ. 2015 йилда И.Эргашевга асосий иш жойида 17 700 000 сўм ҳисоблаб чиқарилган, шу жумладан:

иш ҳақи – 16 800 000 сўм;

мукофот – 400 000 сўм;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам – 500 000 сўм.

Ушлаб қолинган ЖШДС суммаси 2 378 912 сўм, шу жумладан ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси – 157 792 сўм.

Иккинчи иш жойида И.Эргашевга 2015 йилда 5 000 000 сўм ҳисоблаб ёзилган, шу жумладан:

иш ҳақи – 4 600 000 сўм;

даволаниш учун моддий ёрдам – 400 000 сўм.

И.Эргашевнинг аризасига асосан ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинган ва 1 150 000 сўмни ташкил қилган, шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 50 000 сўм.

Асосий бўлмаган иш жойидан барча ҳисобланган суммалардан, шу жумладан моддий ёрдамдан ҳам ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолинганлиги боис, И.Эргашев 2016 йилнинг 1 апрелига қадар декларацияни ихтиёрий равишда топширишга ҳақли. Декларациялаш чоғида Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандида назарда тутилган моддий ёрдам бўйича имтиёзларни қўллаш билан 2 та манбадан олинган жами даромадлар – 22 700 000 сўмдан (17 700 000 + 5 000 000) ЖШДС шкала бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинади. Солиқ солинадиган даромадни аниқлашда ЭКИҲнинг 12 баравари миқдорида тўланган – 1 420 800 сўм (118 400 х 12) моддий ёрдам чегириб ташланади.

Декларацияда қуйидагилар кўрсатилади:

асосий иш жойи бўйича даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммаси – I бўлимнинг 1-бандида;

асосий бўлмаган иш жойи бўйича даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммаси – I бўлимнинг 2-бандида;

моддий ёрдам суммаси – I бўлимнинг 10-бандида; II бўлимнинг «б» кичик бандида, шунингдек ЖШДС суммасини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинади (III бўлим).

Декларациянинг I бўлими 10-бандида иккала иш жойидан олинган умумий моддий ёрдам суммаси – 900 000 сўм кўрсатилади. Декларациянинг II бўлими «б» кичик бандида жами даромаддан чегириладиган моддий ёрдам суммаси кўрсатилади. Мазкур ҳолатда унинг жами суммаси (900 000 сўм) чегириб ташланади, негаки у ЭКИҲнинг 12 бараваридан (1 420 800 сўмдан) ошмайди.

Даромад солиғи ҳисоб-китоби декларациянинг III бўлимида амалга оширилади (жадвал тўлдирилади):

1-сатрда жами йиллик даромад аниқланади:

17 700 000 + 5 000 000 = 22 700 000 сўм;

 

2-сатрда жами даромаддан чегирма суммаси ҳисобланади. Ушбу мисолда жами моддий ёрдам суммаси – 900 000 сўм чегириб ташланади;

 

3-сатрда солиқ солинадиган даромад аниқланади (1-сатр – 2-сатр):

22 700 000 – 900 000 = 21 800 000 сўм;

 

4-сатрда шкала бўйича ЖШДС суммаси 2015 йилнинг декабрь ойи учун йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисобланади:

(21 800 000 – 14 208 000) х 23% + 1 690 752 = 3 436 912 сўм, шу жумладан:

ШЖБПҲга ажратмалар суммаси – 203 792 сўм (21 800 000 – 118 400 х 12) х 1%);

Бюджетга тўланадиган ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси (ШЖБПҲга бадаллар чегирилган ҳолда) – 3 233 120 сўм (3 436 912 – 203 792);

 

5-сатрда маълумотномалар бўйича ҳисобланган умумий солиқ суммаси – 3 528 912 сўм (2 378 912 + 1 150 000), шу жумладан:

ШЖБПҲга бадаллар – 207 792 сўм (157 792 + 50 000);

бюджетга тўланган солиқ суммаси – 3 321 120 сўм (3 528 912 – 207 792);

 

6-сатрда бюджетдан қайтариладиган солиқ суммаси аниқланади:

3 233 120 – 3 321 120 = 88 000 сўм.

Мазкур маълумотлар бўйича декл
арациянинг III бўлимидаги жадвал тўлдирилади:

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси

ҲИСОБ-КИТОБИ

Т/р

 

Кўрсаткичлар

 

Солиқ  тўловчи  томонидан  тўлдирилади

 

Солиқ  органи  томонидан  тўлдирилади

 

1

 

Жами даромаднинг умумий суммаси

 

22 700 000

 

 

2

 

Жами даромаддан чегирмаларнинг умумий суммаси

 

900 000

 

 

3

 

Солиқ солинадиган база

 

21 800 000

 

 

4

 

Ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

3 436 912

 

 

бюджетга

 

3 233 120

 

 

ШЖБПҲга

 

203 792

 

 

5

 

Йил давомида тўланган (ушланган) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

3 528 912

 

 

бюджетга

 

3 321 120

 

 

ШЖБПҲга

 

207 792

 

 

6

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси:

 

 

 

бюджетга қўшимча тўланадиган

 

 

 

бюджетдан қайтариладиган

 

88 000

 

 

 

 

МИСОЛ. К.Умаров 2015 йилда «Профтелеком» МЧЖда (асосий иш жойи) ишлаган ва унинг муассисларидан бири ҳисобланади. У «Юнит» МЧЖда ўриндошлик асосида ишлайди. Асосий иш жойидан К.Умаровга 18 000 000 сўм ҳисоблаб ёзилган, 2 562 912 сўм ЖШДС ушлаб қолинган, шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар – 165 792 сўм. Март ойида 12 000 000 сўм миқдорида дивидендлар ҳисобланган, ундан солиқ 1 200 000 сўмни ташкил қилади.

«Юнит» МЧЖда унга 5 600 000 сўм ҳисоблаб ёзилган, шкала бўйича 355 232 сўм солиқ ушлаб қолинган, шу жумладан ШЖБПҲга ажратмалар – 41 792 сўм.

2015 йилда 2 та манбадан даромадлар олган К.Умаров 2016 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай декларация топшириши лозим, негаки асосий бўлмаган иш жойида ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинган. Декларацияни тўлдиришда асосий иш жойидаги даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммаси декларациянинг I бўлими ­1-бандида, асосий бўлмаган иш жойи бўйича даромадлар ва ЖШДС I бўлим 2-бандида, дивидендлар ва улардан олинган солиқ эса I бўлим 6-бандида кўрсатилади.

Декларациянинг III бўлимидаги жадвалда жами даромаднинг умумий суммаси (1-сатр) олинган дивидендларни ҳам ўз ичига олиши керак. Тегишинча, улар 3-сатрнинг кўрсаткичида ҳам ҳисобга олинади. Ҳисоблаб ёзилган умумий солиқ суммаси (4-сатр) солиқ солиш шкаласи бўйича солиқ солинадиган даромадлардан солиқ суммаси ва дивидендлардан солиқ сифатида ҳисоблаб чиқарилади. Тўланган солиқ суммаси 5-сатрда дивдидендлардан солиқни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади.

Мазкур мисолда асосий бўлмаган иш жойида солиқ шкала бўйича ушлаб қолинганлиги муносабати билан ЖШДС кам тўланганлиги аниқланди. У III бўлимдаги жадвалнинг 6-сатрида кўрсатилади.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси

ҲИСОБ-КИТОБИ

Т/р

 

Кўрсаткичлар

 

Солиқ  тўловчи  томонидан  тўлдирилади

 

Солиқ  органи  томонидан  тўлдирилади

 

1

 

Жами даромаднинг умумий суммаси

 

35 600 000

 

 

2

 

Жами даромаддан чегирмаларнинг умумий суммаси

 

0

 

 

3

 

Солиқ солинадиган база

 

35 600 000

 

 

4

 

Ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

5 050 912

 

 

бюджетга

 

4 829 120

 

 

ШЖБПҲга

 

221 792

 

 

5

 

Йил давомида тўланган (ушланган) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

4 118 144

 

 

бюджетга

 

3 910 560

 

 

ШЖБПҲга

 

207 584

 

 

6

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси:

 

 

 

бюджетга қўшимча тўланадиган

 

918 560

 

 

бюджетдан қайтариладиган

 

 

 

 

Декларацияда ижара ҳақи

Жисмоний шахслар томонидан мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар учун алоҳида солиқ солиш ва декларациялаш тартиби назарда тутилган. Уларга энг кам ставка бўйича солиқ солинади, 2015 йилда у 8,5%ни ташкил қилган эди (2015 йилда – 7,5%) (Солиқ кодексининг 181-моддаси; Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон ва 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорларига 9-илова). Бундан ташқари, ижарага бериладиган турар жой ва нотурар жой бинолари, автотранспорт воситалари бўйича ижара тўловининг энг кам ставкалари (Президентнинг ПҚ-2270-сон ва ПҚ-2455-сон қарорларига 26-илова) белгиланганлигини ҳисобга олиш лозим. Агар ижара шартномасига кўра ижара ҳақи суммаси энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан кам бўлса, солиқ энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади. 2015 йилда улар бир ойда (2016 йилги энг кам ставкалар 2015 йилдаги даражада сақланиб қолди) қуйидагича бўлган:

сўмда

Объект

 

Тошкент ш.

 

Нукус ш. ва вилоят  бўйсунувидаги  шаҳарлар

 

бошқа аҳоли  пунктлари

 

Уй-жойлар:

 

 

турар жой

 

умумий майдоннинг
1 кв.метри учун

 

3 000

 

2 000

 

1 000

 

нотурар жой

 

6 000

 

4 000

 

2 000

 

Автомобиль транспорти*:

 

 

енгил автомобиль (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган автотранспорт воситаси)

 

1 та автотранспорт воситаси учун

 

220 000

 

микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари

 

430 000

 

 

 

*) Йўловчилар ташиладиган ва юк тиркамалари ва ярим тиркамалари, шатакчи автомобиллар ва махсус автотранспорт воситалари (ўт ўчириш автомобиллари, компрессор қурилмали автомобиллар, автокранлар, супуриш-сидириш ҳамда чиқинди ташиш автомобиллари ва ҳоказолар) ижара тўловининг энг кам ставкалари қўлланиладиган автотранспорт воситаларига кирмайди (МВ ва ДСҚнинг 28.03.2014 йилдаги ММ/04-01-32-14/246/246 ва 15/1-5434-сон қўшма хати).

 

Турар жой ва (ёки) нотурар жойларни, автомобиль транспорти жисмоний ёки юридик шахсларга ижарага берилганлигидан қатъи назар, ижара ҳақининг энг кам ставкалари қўлланилади. Улар бир ой ҳисоби билан белгиланган. Агар ижара шартномаси амал қилишининг бошланиши ойнинг биринчи санасига ёки унинг амал қилишининг охири ойнинг охирги кунига тўғри келмаса, ижара тўловининг мазкур ой учун энг кам ставкалари ушбу ойда шартнома амал қилиши кунлари миқдорига мутаносиб равишда қўлланилади.

 

МИСОЛ. Жисмоний шахс ижара шартномаси бўйича Тошкент шаҳридаги умумий майдони 82 кв.м бўлган квартирани ижарага беряпти. Шартнома 2016 йилнинг 15 мартида 31 декабригача амал қилади. Ижара ҳақи ойига 600 000 сўмни ташкил қилади.

Март ойи учун ҳақиқий ижара ҳақи ва энг кам ставкаларга асосан ҳисобланган ижара ҳақи март ойидаги шартнома амал қилган кунлар сонига – 17 кун (15 мартдан 31 мартгача) мутаносиб равишда аниқланади.

Март ойи учун энг кам ставка (1 кв.м учун 3 000 сўм) бўйича ҳисобланган ижара ҳақи – 134 903 сўм (82 х 3 000 / 31 х 17), шартнома бўйича – 329 032 сўм (600 000 / 31 х 17).

Март ойи учун солиқ суммаси ижара ҳақининг юқори суммасидан келиб чиқиб аниқланади ва 24 677 сўмни (329 032 х 7,5%) ташкил қилади.

 

Ижарага беришдан олинган даромадлардан ЖШДС қуйидагича тўланади:

даромад тўланган манбада (ижарага берувчининг иштирокисиз), агар ижарага олувчи юридик шахс бўлса;

ДСИда мустақил равишда, агар ижарага олувчи – жисмоний шахс бўлса.

Агар мол-мулкни юридик шахс ижарага олган бўлса, у ижарага берувчи жисмоний шахснинг даромадларидан солиқни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши лозим. Ижарага олувчи ижарага берувчига солиқни чегирган ҳолда ижара ҳақини беради (ҳисоблаб ўтказади). Мазкур ҳолатда жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни топшириш шарт бўлмайди (агар ижарага берувчида ҳисобот йилида мажбурий декларацияланиши лозим бўлган бошқа даромадлари мавжуд бўлмаса).

Шартнома бўйича жисмоний шахс ижарага олувчи бўлса, ижарага берувчи ўзининг ижарага беришдан олган даромадларини декларациялаши шарт. Мазкур ҳолатда ДСИга дастлабки ва якуний декларациялар тақдим этилади.

Ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин 5 кунлик муддатда 2439-сон Қарорга 2-иловада тасдиқланган шакл бўйича дастлабки тарздаги декларация ҳам тақдим этилади (Солиқ кодексининг 192-моддаси 7-қисми). Энг кам ижара ҳақи ставкалари белгиланган турар жой ва нотурар жой, шунингдек автотранспортни ижарага беришда дастлабки декларация билан бир қаторда унга тегишли ҳужжатлар ва ижара шартномасининг нусхаси илова қилинади. Дастлабки декларация бўйича солиқ ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 5-кунигача тўланади (Солиқ кодексининг 193-моддаси).

 

МИСОЛ. Жисмоний шахс ижара шартномаси бўйича 2016 йилнинг 1 мартидан 31 декабрига қадар якка тартибдаги тадбиркорга Бухоро шаҳридаги майдони 140 кв.м бўлган яшаш учун мўлжалланмаган хонани ижарага беради. Шартнома билан ойига 1 200 000 сўм ижара ҳақи белгиланган.

Дастлабки декларациянинг «Уй-жойни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни ижарага беришдан олинадиган солиқ солинадиган даромадларнинг ҳисоб-китоби» деб номланган 1-иловасида қуйидагилар кўрсатилади:

011-сатрда – шартноманинг рақами ва санаси;

март-декабрь ойлари устунларида:

013-сатрда – ижарага бериладиган яшаш учун мўлжалланмаган хонанинг умумий майдони – 140 кв.м;

015-сатрда – яшаш учун мўлжалланмаган хонанинг 1 кв.м учун энг кам ижара ҳақи ставкаси ойига – 4 000 сўм;

016 ва 018-сатрларда – энг кам ставка бўйича ҳисобланган ижара ҳақи суммаси – 560 000 сўм;

019-сатрда – шартнома бўйича ижара ҳақи суммаси – 1 200 000 сўм;

020-сатрда – 1 200 000 сўм, негаки шартнома бўйича ижара ҳақи суммаси энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган суммадан юқори. Бу кўрсаткич 1-илованинг 001-сатрига кўчирилади.

Дастлабки декларацияда қуйидагилар кўрсатилади (март-декабрь ойлари сатрларида):

2-устунда – 1 200 000 сўм (хонани ижарага беришдан олинган даромад). Ушбу сумма 5-устунда ҳам кўрсатилади, бунга сабаб мисолдаги маълумотлар бўйича бошқа мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар мавжуд эмас;

6-устунда – 90 000 сўм (1 200 000 х 7,5%) – ижара шартномаси амал қиладиган ҳар бир ой учун бюджетга тўланиши лозим бўлган жисмоний шахсдан олинадиган даромад солиғи суммаси.

 

2015 йилда мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича якуний декларация 2016 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топширилиши лозим. Қуйидагиларни ижарага берувчи жисмоний шахслар декларация билан бирга тақдим этадилар:

хоналарни ижарага берувчилар – Уй-жойни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни ижарага беришдан олинадиган солиқ солинадиган даромадларнинг ҳисоб-китоби (декларацияга 1-илова);

автотранспорт воситасини ижарага берувчилар – Автомобиль транспортини (енгил автомобилларни, микроавтобусларни, автобусларни ва юк автомобилларини) ижарага беришдан олинадиган солиқ солинадиган даромадларнинг ҳисоб-китоби (декларацияга 2-илова).

ЖШДСнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ (ортиқча тўлов мавжуд бўлганда) 2016 йилнинг 1 июнидан кечиктирмай солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтарилиши керак (Солиқ кодексининг 193-моддаси 3-қисми).

 

МИСОЛ. 2015 йилда П.Боқиев асосий иш жойи бўлган «Арт-Декор» МЧЖдан 18 560 000 сўм иш ҳақи олган. Ундан 2 691 712 сўм ЖШДС, шу жумладан 171 392 сўм ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ушлаб қолинган. 2015 йилнинг 1 апрелидан 31 декабригача П.Боқиев бошқа жисмоний шахсга Gentra автомобилини ижарага берган. Шартномага мувофиқ ойлик ижара ҳақи 300 000 сўмни ташкил қилади. Мазкур даромадлардан П.Боқиев дастлабки декларацияга асосан ДСИга мустақил равишда 229 500 сўм (ҳар бир ой учун 25 500 сўмдан) тўлаган. П.Боқиев 2015 йилда асосий иш жойидан ва автомобилни ижарага беришдан олган даромадлари бўйича декларацияни 2016 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топшириши керак. Энг кам ижара ҳақи белгиланган автотранспорт воситаси ижарага берилганлиги боис, декларация билан бирга Автомобиль транспортини ижарага беришдан олинадиган солиқ солинадиган даромадларнинг ҳисоб-китоби ва шартнома нусхаси тақдим этилади.

Асосий иш жойидан олинган даромадлар, улардан ушлаб қолинган солиқ суммаси декларация I бўлимининг 1-бандида, ижарага беришдан олинган даромадлар (2 700 000 сўм) ва тўланган солиқ суммаси – 5-бандида кўрсатилади.

Декларация I бўлимининг 5-бандидан ташқари, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар Декларациянинг III бўлими «Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси ҳисоб-китоби»да жами даромад (1-сатр) ва солиқ солинадиган база (3-сатр) таркибида кўрсатилади.

2015 йил учун солиқ солинадиган жами даромад 21 260 000 сўмни (18 560 000 + 2 700 000) ташкил қилади. ЖШДС суммаси 2 921 212 сўмга (2 691 712 + 229 500) тенг, улардан:

ШЖБПҲга ажратмалар – 171 392 сўм;

бюджетга тўланадиган солиқ – 2 749 820 сўм (2 921 212 – 171 392).

П.Боқиевга иш жойида бир йил учун ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақидан 2 691 712 сўм ЖШДС ушлаб қолинганлиги, ижара бўйича даромадлардан дастлабки декларацияда белгиланган миқдорда – 229 500 сўм солиқ тўланганлиги боис, йиллик декларация бўйича ҳисоблаб чиқарилган даромад ва йил давомида тўланган солиқ суммалари мос келяпти. Декларациянинг III бўлимидаги жадвал қуйидагича тўлдирилади:

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси

ҲИСОБ-КИТОБИ

Т/р

 

Кўрсаткичлар

 

Солиқ  тўловчи  томонидан  тўлдирилади

 

Солиқ  органи  томонидан  тўлдирилади

 

1

 

Жами даромаднинг умумий суммаси

 

21 260 000

 

 

2

 

Жами даромаддан чегирмаларнинг умумий суммаси

 

0

 

 

3

 

Солиқ солинадиган база

 

21 260 000

 

 

4

 

Ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

2 921 212

 

 

бюджетга

 

2 749 820

 

 

ШЖБПҲга

 

171 392

 

 

5

 

Йил давомида тўланган (ушланган) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

2 921 212

 

 

бюджетга

 

2 749 820

 

 

ШЖБПҲга

 

171 392

 

 

6

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси:

 

 

 

бюджетга қўшимча тўланадиган

 

0

 

 

бюджетдан қайтариладиган

 

0

 

 

 

 

ДСИда имтиёз олинг

Солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олишга (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг таълим олиши учун) йўналтириладиган суммаларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Имтиёзларни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

Имтиёз ўқиш учун тўлов таълим олувчи 26 ёшга тўлгунига қадар амалга оширилган бўлса, унинг ота-оналарига ёки ҳисобот йилида даромадлар мавжуд бўлса, ёшни чеклашларсиз таълим олувчининг ўзига берилади. Ўқиш учун тўлов ота-онаси ёки таълим олувчи томонидан нақд пул ҳисобига ёки пластик карталардан фойдаланган ҳолда, шунингдек банклардаги омонат ва бошқа ҳисобрақамларидан амалга оширилган тақдирда, декларациялашда қўлланилади. Агар ўқиш учун тўловни корхона жисмоний шахснинг даромадлари ҳисобига амалга оширса, имтиёз корхона томонидан қўлланилади.

ДСИга декларация топшириш чоғида имтиёзга ҳақли бўлган шахс (ота-онаси ёки талабанинг ўзи), қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

иш берувчи томонидан ва бошқа даромад манбаларидан тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотнома (маълумотномалар);

талаба (талабалар) билан Ўзбекистон олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) (агар у тузилса) нусхаси;

олий ўқув юртлари ҳисобрақамига (таълим кредитини қоплаганда тижорат банки ҳисобрақамига) пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи таълим олувчининг ўзи томонидан қўлланилганда);

паспорт нусхаси (солиқ имтиёзи ота-она томонидан қўлланилганда) ва таълим олувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

имтиёз ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларнинг паспорт ва СТИР нусхалари (агар имтиёз ҳуқуқига эга бўлган шахслар битта солиқ инспекциясида ҳисобга олинган бўлсалар);

имтиёзни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахслар томонидан солиқ чегирмаси тариқасидаги имтиёз суммаси қўлланилганлиги ёки қўлланилмаганлиги тўғрисидаги маълумотнома (маълумотномалар) (агар жисмоний шахслар турли солиқ инспекциясида ҳисобга олинган бўлсалар).

Тақдим этилган ҳужжатларга асосан декларация тўлдирилади ва солиқ солинмайдиган даромадлар, шу жумладан ўқиш учун тўлов суммасини чегирган ҳолда жами йиллик даромаддан келиб чиқиб йиллик ЖШДС суммаси ҳисоб-китоб қилинади.

 

МИСОЛ. 2015 йилда У.Алимовага асосий иш жойидан 10 900 000 сўм ҳисоблаб ёзилган, шу жумладан:

иш ҳақи – 9 800 000 сўм;

моддий ёрдам – 600 000 сўм;

юбилейга 500 000 сўмлик совға.

941 392 сўм ЖШДС, шу жумладан 83 792 сўм ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ушлаб қолинган.

Асосий бўлмаган иш жойидан ҳисобот йилида У.Алимовага 4 400 000 сўм иш ҳақи ҳисобланган. ЖШДС энг юқори ставка бўйича ушлаб қолинган ва 1 012 000 сўмни ташкил қилади, шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 44 000 сўм.

2015 йилда У.Алимова Тошкент педагогика университетида ўқиётган 22 ёшли ўғлининг таълим олиши учун пластик карта орқали 5 900 000 сўм тўлади.

Декларация тўлдириш учун У.Алимова ДСИга ўғлининг ўқиши учун тўловни тасдиқлайдиган барча зарур ҳужжатлар ва иш берувчидан олинган маълумотномаларни тақдим этди.

Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда қуйидагилар кўрсатилади:

I бўлимининг 1-бандида – асосий иш жойи бўйича ҳисобланган даромад (10 900 000 сўм) ва ШЖБПҲга бадалларни (857 600 сўм) чегирган ҳолда ушлаб қолинган солиқнинг умумий суммаси;

I бўлимининг 2-бандида – асосий бўлмаган иш жойи бўйича ҳисобланган даромад (4 400 000 сўм) ва ШЖБПҲга бадалларни (968 000 сўм) чегирган ҳолда ушлаб қолинган солиқнинг умумий суммалари;

I бўлимининг 10 ва 11-бандларида – тегишинча моддий ёрдам (600 000 сўм) ва олинган совға қиймати (500 000 сўм) суммаси;

II бўлимда имтиёзлар ва жисмоний шахснинг жами йиллик даромадидан чегирмалар кўрсатилади:

«б» кичик бандида – солиқ солинмайдиган жами моддий ёрдам суммаси (600 000 сўм), чунки у ЭКИҲнинг 12 бараваридан ошмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди);

«в» кичик бандида – совғанинг тўлиқ қиймати (500 000 сўм), негаки у ЭКИҲнинг 6 бараваридан ошмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-банди);

«л» кичик бандида – ўғлининг ўқиши учун тўланган маблағлар суммаси – 5 900 000 сўм (Солиқ кодексининг ­179-моддаси 31-банди).

Имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС суммасининг ҳисоб-китоби декларациянинг III бўлимидаги жадвалда амалга оширилади:

1-сатрда жами даромад – 15 300 000 сўм кўрсатилади;

2-сатрда – чегирмалар (имтиёз) суммаси – 7 000 000 сўм (600 000 + 500 000 + 5 900 000);

3-сатрда солиқ солинадиган база (1-сатр – 2-сатр) – 8 300 000 сўм аниқланади.

4-сатрда 2015 йилнинг декабрь ойи учун шкаладан келиб чиққан ҳолда ортиб борувчи якун билан ҳисобланган ЖШДС суммаси ва 3-сатр бўйича солиқ солинадиган даромад кўрсатилади.

ЖШДС 686 392 сўмни ((8 300 000 – 7 104) х 17% + 483 072) ташкил қилади, шу жумладан:

ШЖБПҲга бадаллар – 68 792 сўм (8 300 000 – 1 420 800) х 1%);

бюджетга тўланадиган ЖШДС – 617 600 сўм (686 392 – 68 792);

5-сатрда ҳақиқатда ушлаб қолинган солиқ суммаси – 1 953 392 сўм (941 392 + 1 012 000) кўрсатилади, шу жумладан:

ШЖБПҲга бадаллар – 127 792 сўм (83 792 + 44 000);

бюджетга ЖШДС – 1 825 600 сўм (1 953 392 – 127 792);

6-сатрда қайтарилиши лозим бўлган ортиқча тўланган солиқ суммаси – 1 208 000 сўм (1 825 600 – 617 600) аниқланади.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси

ҲИСОБ-КИТОБИ

Т/р

 

Кўрсаткичлар

 

Солиқ  тўловчи  томонидан  тўлдирилади

 

Солиқ  органи  томонидан  тўлдирилади

 

1

 

Жами даромаднинг умумий суммаси

 

15 300 000

 

 

2

 

Жами даромаддан чегирмаларнинг умумий суммаси

 

7 000 000

 

 

3

 

Солиқ солинадиган база

 

8 300 000

 

 

4

 

Ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

686 392

 

 

 

бюджетга

 

617 600

 

 

 

ШЖБПҲга

 

68 792

 

 

5

 

Йил давомида тўланган (ушланган) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг умумий суммаси – жами, шу жумладан

 

1 953 392

 

 

 

бюджетга

 

1 825 600

 

 

 

ШЖБПҲга

 

127 792

 

 

6

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси:

 

 

 

 

бюджетга қўшимча тўланадиган

 

 

 

 

бюджетдан қайтариладиган

 

1 208 000

 

 

 

Шуни эътиборга олиш керакки, ўқиш учун тўлов бўйича имтиёз декларацияда кўрсатилган жами йиллик даромад доирасида 2015 йилда амалга оширилган ўқиш учун тўланган суммагагина тақдим этилади. Агар ўқиш учун тўлов суммаси ота-онадан бирининг ёки таълим олувчининг даромадидан ошса, қолган суммага имтиёзни декларация тақдим этган ҳолда ота-онадан бошқа бири қўллаши мумкин.

Агар ўқиш учун тўлов суммаси имтиёз ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг жами даромадларидан ошса, у ҳолда юзага келган фарққа имтиёз қўлланилмайди ва чегирма кейинги йилга ўтказилмайди.

 

МИСОЛ. 2015 йилда ота-она Тошкент молия институтида таълим олаётган қизининг ўқиши учун 5 800 000 сўмни нақд пул ва пластик карта орқали тўлади. Тақдим этилган декларациялар бўйича отасининг 2015 йилдаги жами даромади 3 600 00 сўм, онасиники эса – 2 000 000 сўмни ташкил қилди, талаба қизнинг даромади мавжуд эмас.

Имтиёз ҳуқуқини ўз даромади доирасида отаси ҳам, онаси ҳам қўллашга ҳақли, яъни отаси томонидан даромадларни декларациялашда 3 600 000 сўм доирасида, онаси томонидан декларация тақдим этилганда 2 000 000 сўм доирасида имтиёз қўлланилади. Имтиёзнинг умумий суммаси 5 600 000 сўмни ташкил қилади. Қолган 200 000 сўмга имтиёз қўлланилмайди ва кейинги йилга ўтказилмайди.

 

Таъкидлаш жоизки, иш берувчидан олинган қарз маблағлари ҳисобига ўқиш учун тўлов амалга оширилганда, имтиёз ота-она томонидан қарзни қоплаш даврида, бироқ талаба 26 ёшга тўлгунга қадар, қарзни талабанинг ўзи расмийлаштирган тақдирда қарз сўндирилгунгача қўлланилади.

 

Декларациялаш якунлари

Агар 2015 йил учун даромадларни декларациялаш чоғида ЖШДС бўйича ортиқча тўлов аниқланган бўлса, бу сумма мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тўловлар ҳисобига ўтказилади ёки қайтариш тўғрисидаги ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида қайтарилади (Солиқ кодексининг 56, 57-моддалари).

Декларациядаги маълумотларга кўра солиқ кам тўланганлиги аниқланган тақдирда, ушбу тўлов 2016 йилнинг 1 июнидан кечиктирмай амалга оширилиши лозим. Солиқ жисмоний шахснинг банкдаги ҳисобрақамидан, нақд пуллар билан солиқ органининг тўлов хабарномасида кўрсатилган ҳисобрақамга пул ўтказиш йўли билан банк кассасига тўланиши мумкин. Бундан ташқари, чет давлатда жойлашган банкдаги ҳисобрақамдан чет эл валютасида ЖШДС тўланишига йўл қўйилади. Мазкур ҳолатда солиқ суммаси тўлов кунидаги МБ курси бўйича чет эл валютасига қайта ҳисобланади. Солиқ тўланган сана қуйидагилардир:

банкдаги ҳисобварағидан тўланган тақдирда – жисмоний шахсларнинг банкдаги ҳисобварағидан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;

нақд пул билан тўланган тақдирда – банк кассасига маблағлар тўланган сана;

пластик карталарни қўллаб тўланган тақдирда – тўлов терминали орқали карточкадан маблағ чиқариб олинган сана.

Белгиланган муддатда солиқ тўланмаганда, муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Пеня миқдори солиқ қарзидан ошиши мумкин эмас. Бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммага тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмайди (масалан, жисмоний шахслар мол-мулк солиғи ёки ер солиғини, ортиқча тўлаган ҳолда) (Солиқ кодексининг 120-моддаси).

Агар тақдим этилган декларацияда солиқ органлари томонидан тўланиши лозим бўлган ЖШДС суммасининг камайишига олиб келувчи хатолар аниқланган тақдирда, жисмоний шахс декларацияга зарур ўзгаришлар киритиши шарт. Агар декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза солиқни тўлаш муддати тугагунига қадар (2016 йил 1 июнигача) берилса, солиқ тўловчи жавобгарликдан озод қилинади.

Агар ариза белгиланган муддат тугаганидан кейин, бироқ хатолар солиқ органи томонидан аниқлангунига қадар берилса, солиқ тўловчи солиқнинг етишмаётган суммасини ҳамда унга тегишли пеняни тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади. Акс ҳолда унга нисбатан МЖТКнинг 174-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жавобгарлик чораси – ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин.

Жисмоний шахс ДСИнинг тақдим этилган декларацияда аниқланган хатолик тўғрисидаги ёзма билдиришномасини олган кун солиқ органи томонидан хатолик аниқланган кун деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 191-моддаси).

 

*Таъкидлаш жоизки, 2016 йилнинг 1 январидан бошқа ҳолларда кўрсатиладиган моддий ёрдамга ЖШДС бўйича имтиёз татбиқ этилмайди, бола туғилганлиги, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳга кираётганлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ёки уларни харид қилишга маблағлар берилиши ҳоллари бундан мустасно (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди 31.12.2015 йилдаги ЎРҚ–398-сон Қонун таҳририда). 2015 йил учун декларация тақдим этишда 2015 йил 31 декабргача (кўрсатилган сана ҳам ҳисобга киради) амал қилган солиқ солиш тартиби қўлланилади.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 2323 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика