Солиқ кодексининг 192-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар қуйидаги даромадлар бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этадилар:
● мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;
● фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар;
● асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлар;
● икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлар;
● Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;
● солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар (Солиқ кодексининг 189-моддаси).
Бу жорий йилнинг 1 апрелига қадар ЎзР резидентига айланган чет эллик жисмоний шахсга ҳам дахлдор.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация солиқ тўловчининг олинган йиллик даромади тўғрисидаги ёзма аризасидан иборат бўлади. Унга асосий ҳамда асосий бўлмаган иш жойи бўйича тўланган даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисида тасдиқланган шаклдаги маълумотнома илова қилинади (Солиқ кодексининг 191-моддаси).
Даромадларни декларациялаш – жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига тақдим этишдир.
Декларациялаш жараёни мунтазам яхшиланиб бормоқда. Агар илгари декларациялар шахсан олиб бориб топширилган ёки почта орқали жўнатилган бўлса, ҳозир эса жисмоний шахс ДСИда электрон-рақамли имзо олиб, декларацияни электрон шаклда тақдим этиши мумкин. 2015 йилнинг 1 январидан, олинган жойидан қатъи назар, «қатъий» ставкалар бўйича солиқ солинадиган ва декларацияга асосан ҳисоблаб чиқариладиган умумий даромад солиғи суммасига таъсир кўрсатмайдиган жисмоний шахсларнинг алоҳида даромадлари тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши бекор қилинди. Бундай даромадларга, хусусан, дивидендлар ва фоизлар, шунингдек белгиланган энг кам ставка (Солиқ кодексининг 181-моддаси) ва жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида белгиланган энг юқори ставка (Солиқ кодексининг 187-моддаси) бўйича ЖШДС солинадиган даромадлар киради.
Агар солиқ тўловчининг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан ЖШДС унинг аризасига кўра белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди (солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар бундан мустасно).
Жисмоний шахс солиқ чегирмалари ёки имтиёзлардан фойдаланмоқчи бўлса, декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этишга ҳақли.
Солиқ тўловчи ЖШДС суммасини 2015 йилга тасдиқланган ставкалар (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 9-илова) бўйича мустақил ҳисоблаши мумкин:
Солиқ солинадиган даромад миқдори
|
Солиқ ставкаси
|
1 420 800 сўмгача
|
0%
|
1 420 801 сўмдан 7 104 000 сўмгача (5 х 1 420 800)
|
1 420 800 сўмдан ошадиган сумманинг 8,5%и
|
7 104 001 сўмдан 14 208 000 сўмгача (10 х 1 420 800)
|
483 072 + 7104 000 сўмдан ошадиган сумманинг 17%и
|
14 208 001 сўм ва ундан юқори миқдорда
|
1 690 752 сўм + 14 208 000 сўмдан ошадиган сумманинг 23%и
|
Агар декларациялаш чоғида солиқ камроқ суммада тўланганлиги аниқланган бўлса, бу камомад 2016 йилнинг йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўланиши лозим. Қўшимча тўлов исталган қулай усулда, қисмларга бўлиб, бироқ кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланиши шарти билан амалга оширилади.
Ортиқча тўланган солиқни солиқ тўловчига қайтариш уни, қайтариш тўғрисида ариза топширилган санадан эътиборан 30 иш куни ичида амалга оширилади ёки жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ер солиғини тўлаш ҳисобига инобатга олинади (Солиқ кодексининг 57-моддаси). Бунда бюджетга келиб тушган ЖШДС суммасигина қайтарилади. Халқ банкидаги ШЖБПҲга ортиқча ўтказилган сумма қайтарилмайди.
Анжелика НАМ,
«Norma Online» эксперти.