Мен акциядорлик жамиятида иқтисодчи бўлиб ишлайман. Маъмуриятдан менга қисқартирилган иш куни белгилашни сўрадим, чунки 12 яшар ногирон боламни тарбиялаяпман. Аризамни кўриб чиқиб, менга тўлиқсиз иш вақтини белгилашларини, бироқ иш ҳақи ва таътилни, тегишинча, камайтиришларини айтишди.
Бу қанчалик тўғри?
А.Усмонова.
– Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари иш берувчига ходим билан келишувга биноан ташкилотнинг ҳар қандай тоифадаги ходимларига ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш вақти белгилаб қўйиш имконини беради. Бироқ қонун ҳужжатлари билан иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтасини белгилаб қўйиши шарт бўлган шахслар доираси белгиланган (МКнинг 119-моддаси). Уларга қуйидагилар киради (МКнинг 229-моддаси):
ҳомиладор аёллар;
14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёллар, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёллар;
оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахслар тиббий хулосага мувофиқ.
Шуни тушунтириш лозимки, таътил кунларини камайтириш тўғри эмас, чунки тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини, меҳнат стажини ҳисоблашни ҳамда бошқа меҳнат ҳуқуқларини бирон бир тарзда чеклашга асос бўлмайди. Бироқ мазкур ҳолда ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда ҳақ тўланади (МКнинг 119-моддаси учинчи қисми). Белгиланган тартибда таътил пуллари ҳисоб-китоби ҳам ундан келиб чиқиб амалга оширилади.
Абдусалом Рисқуллаев,
эксперт-юристимиз.