Мен 12 октябрдан 30 октябргача таътилда бўлдим. Менга таътил варақасида ишга чиқиш куни деб 31 октябрь белгиланган, яъни шанбада ишга чиқаман, ҳолбуки биз ҳафтада беш кун ишлаймиз. Бироқ кадрлар бўлими мудири оғзаки равишда душанбада ишга чиқишимни айтди. Таътил вақтида операция қилинганим боис 26 октябрдан 4 ноябргача касаллик варақам бор. Бироқ 5 ноябрдан мени ишга чақириб олишди ва келгусида менга ишланмайдиган 3 кун (отгул) берилиши тўғрисида буйруқ чиқаришди.
Агар таътил жумада тугаса, ҳафтада 5 кун иш режимига эга бўлган корхонада шанбада ишга чиқиш белгиланиши тўғрими? Мен неча кун отгул олишим керак – 3 кунми ёки 5 кун?
Г.Ғуломова.
– Буйруқ қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда чиқарилган. Сизда 2 кун дам олинадиган 5 кунлик иш ҳафтаси бўлгани учун таътилдан кейин 2015 йил 31 октябрда ишга чиқишга (шанба – дам олиш куни) йўл қўйилмайди (МКнинг 114, 126-моддалари).
Агар 26.10.2015 йилдан 4.11.2015 йилгача сиз вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган бўлсангиз, бу давр меҳнат таътилининг 5 иш кунини ўз ичига олади (26.10.2015 йилдан 30.10.2015 йилгача). Сиз таътилни ушбу муддатга, 9.11.2015 йилда ишга чиққан ҳолда, яъни 2.11.2015 йилдан 6.11.2015 йилгача узайтириш ҳуқуқига эга эдингиз (МКнинг 145-моддаси 1-қисми).
Абдусалом Рисқуллаев,
эксперт-юристимиз.