Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 06 / Хўжалик юритиш қоидалари

Топшириқсиз, бироқ сизнинг манфаатларингизни кўзлаб

 

Брокер ФКнинг 47-бобига асосан бошқаларнинг акцияларини улар эгасининг топшириғисиз, бироқ акциядорнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда сотиши мумкинми?

А.Солиев,

брокер.

 

– «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуннинг1 (бундан кейин – Қонун) 35-моддасига кўра, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиси ва унинг мижози муносабатлари қонун ҳужжатлари ҳамда шартнома билан тартибга солинади. Инвестиция воситачиси2 узайтириш имконияти билан 1 йил учун тузиладиган шартнома асосида мижозларга:

мижознинг номидан ва ҳисобидан брокерлик хизматлари;

ўз номидан, лекин мижознинг ҳисобидан брокерлик хизматлари;

депозитар хизматлар кўрсатади.

Инвестиция воситачиси мижозларга депо ҳисобварақлари очишга, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун уларнинг топшириқларини қабул қилишга, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда мижозларга электрон шаклда ва ўзга алоқа воситалари орқали бошқа хизматларни кўрсатишга ҳақли.

Инвестиция воситачиси бўла оладиган «брокер» тушунчаси Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачисининг фаолияти тўғрисида низом (АВ томонидан 13.03.2002 йилда 1108-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Низом) 1-бандининг 3-хатбошисида келтирилган. У воситачилик ёки топшириқ шартномаси ёхуд мижознинг воситачиси ёки ишончли вакили сифатида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш учун берилган ишончнома асосида иш олиб борувчи юридик шахсдир. Бундан кўриниб турибдики, брокер мижоз манфаатларини кўзлаб унинг қимматли қоғозлари билан ишончли вакил ёки воситачи сифатида битимлар тузишга ҳақлидир.

Топшириқ билан боғлиқ муносабатлар ФКнинг 46-боби, воситачилик билан боғлиқ муносабатлар эса ФКнинг 48-боби билан тартибга солинади. ФКнинг 47-боби эса бегона шахснинг манфаатини кўзлаб топшириқсиз ҳаракат қилиш назарда тутилади. ФКнинг 826-моддаси 1-қисмига мувофиқ, манфаатдор шахсга ёки унинг мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш, унинг мажбуриятларини бажариш ёки унинг қонунга зид бўлмаган бошқа манфаатларини кўзлаб, унинг топшириғисиз, бошқа кўрсатмасисиз ёки олдиндан ваъда берилган розилигисиз қилинган ҳаракатлар (бегона шахснинг манфаатини кўзлаб қилинган ҳаракатлар) очиқ кўриниб турган манфаат ёки фойдадан ҳамда манфаатдор шахснинг ҳақиқий ёки эҳтимол тутилган ниятларидан келиб чиқиб ҳамда ишнинг ҳолатларига кўра зарур ғамхўрлик ва эҳтиёткорлик билан қилинмоғи керак. Ушбу нормадан топшириқсиз бошқа шахс манфаатини кўзлаб қилинган ҳаракатлар шартномадан ташқари мажбуриятлар тоифасига кириши келиб чиқади. Бироқ улар ФКнинг 8-моддаси туфайли ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради. ФКнинг 826-моддаси мазкур фуқаролик ҳуқуқи институтининг характерли хусусиятларини белгилайди. Хусусан:

1) топшириқсиз бошқа шахс манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатлар нафақат манфаатдор шахснинг топшириғисиз (шартнома ёки ишончнома билан расмийлаштирилмаган), балки бошқа кўрсатмасиз, шунингдек манфаатдор шахснинг олдиндан ваъда қилинган розилигисиз ҳаракатларини ҳам қамраб олади.

 

Мисол. А субъект Б субъектга битим тузиш топшириғини бермади, бироқ уни кейинроқ беришни ваъда қилди. Ушбу ҳолда битим тузишни топшириқсиз бошқа шахс манфаати кўзланган ҳаракатлар деб қараб бўлмайди. Демак, манфаатдор шахс нафақат кўрилаётган нормада кўрсатилган хоҳиш-иродасини изҳор этмаслиги керак, балки қоидага кўра унинг манфаатларини кўзлаб қилинган ҳаракатларни ҳам билмаслиги лозим деб ҳисоблаш мумкин;

 

2) қилинаётган ҳаракатлар бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши ва унинг манфаати тўғрисидаги ғамхўрликни ифодалаши керак. Бошқа шахс манфаатини кўзлаб ҳаракатни амалга ошираётган субъект ким (қандай бошқа шахс) манфаатдор шахс эканлигини билиши шарт эмас.

 

Мисол. Фаолият юритувчи шахс табиий офат чоғида ўзи билмайдиган мулкдорнинг мол-мулкини қутқаради. Ушбу ҳолат унинг ҳаракатларини топшириқсиз бошқа шахс манфаатини кўзлаб содир этилаётган ҳаракатлар деб эътироф этиш учун тўсиқ ҳисобланмайди.

 

Ушбу қоидалардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, мижознинг акцияларини унинг топшириғисиз сотиш ниятида мижоз билан тегишли шартнома тузган брокер ФК 47-бобининг қоидаларига амал қилиши мумкин эмас ва керак эмас. Ҳатто акциядорнинг ўз манфаатлари учун бўлса ҳам. Чунки у фақат мижознинг воситачиси ёки ишончли вакили сифатида топшириқ ёки воситачилик шартномаси ёхуд қимматли қоғозлар билан битимларни содир этишга ишончнома асосида ҳаракат қилишга ҳақлидир. Топшириқсиз бошқа шахс манфаатини кўзлаб қилинган ҳаракатлар шартномавий муносабатлар билан боғланмаган.

Шу билан бирга ФКнинг 819 ва 837-моддалари ишонч билдирувчи ва (ёки) комитентнинг кўрсатмаларидан чекинишга имкон беради. Тўғри, ФКнинг 819-моддаси 1-қисми вакилдан топшириқни топшириқ берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бажаришини талаб қилади. Кўрсатмалар аниқ, йўл қўйиладиган ва бажариладиган бўлмоғи керак. Шу сабабли улардан ҳар қандай четга чиқишни топшириқ берувчи билан келишиш лозим. Агар ишнинг ҳолатларига кўра топшириқ берувчининг манфаатлари учун унинг кўрсатмаларидан четга чиқиш зарур бўлса ҳамда вакил топшириқ берувчидан бу ҳақда олдиндан сўрай олмаган ёхуд ўз сўровига оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, у топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқишга ҳақли. Бундай ҳолларда вакил хабар бериш имкони туғилиши биланоқ йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига хабар бериши шарт (ФКнинг 819-моддаси 2-қисми).

Топшириқ берувчи тижорат вакили сифатида иш олиб борадиган вакилга топшириқ берувчининг манфаатларини кўзлаб олдиндан сўров юбормаган ҳолда топшириқ берувчининг кўрсатмаларидан четга чиқиш ҳуқуқини бериши мумкин. Бундай ҳолларда тижорат вакили, агар топшириқ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, йўл қўйилган четга чиқишлар ҳақида топшириқ берувчига оқилона муддатда хабар бериши шарт (ФКнинг 819-моддаси 3-қисми). Кўрганимиздек, у диспозитив – бошқа қоида, чунки топшириқ берувчи вакилга энг қисқа муддатда бундай хабардор қилиш мажбуриятисиз эркин ҳаракат қилиш имконини бериши мумкин.

ФКнинг 837-моддасига кўра:

воситачи комитентнинг кўрсатмаларидан ФКнинг 819-моддасида назарда тутилган ҳолларда четга чиқишга ҳақли;

мол-мулкни комитент билан келишилган нархдан арзон сотган воситачи мол-мулкни келишилган нархда сотиш имконига эга бўлмаганлигини ва арзон нархда сотиш натижасида яна ҳам кўпроқ зарарнинг олди олинганлигини исбот қилиб бермаса, орадаги фарқни комитентга тўлаши шарт. Бундан ташқари, воситачи комитентдан рухсат сўраши шарт бўлган ҳолларда у комитентнинг кўрсатмаларидан четга чиқишга комитентнинг розилигини олдиндан олиш имкониятига эга бўлмаганлигини ҳам исбот қилиши шарт;

агар воситачи мол-мулкни комитент билан келишилгандан юқорироқ нархда сотиб олган бўлса, бундай харидни қабул қилишни истамаган комитент воситачидан учинчи шахс билан битим тузилганлиги ҳақида билдириш олганидан кейин оқилона муддатда бу ҳақда воситачига маълум қилиши шарт. Акс ҳолда харид комитент томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади;

агар воситачи нархдаги фарқни ўзи тўлашини маълум қилса, комитент ўзи учун тузилган битимдан бош тортишга ҳақли эмас.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» эксперти.

 


122.07.2008 йилдаги ЎРҚ-163-сон, 3.06.2015 йилдаги ЎРҚ-387-сон Қонун таҳририда.

2Мижознинг топшириғига биноан, мижоз номидан ва унинг ҳисобидан қимматли қоғозларга доир битимлар ҳамда операцияларни амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвестиция воситачисидир (Қонуннинг 26-моддаси 1-қисми).

Прочитано: 1660 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика