Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 02 / Паспорт масалалари

Ҳужжат ўз кучини йўқотган

 

Етти йил аввал мен «кўк рангли паспорт» – 5 йил мобайнида яшашга рухсатнома олган эдим. Ҳозир Россияда яшаяпман. Менга ёки уйига мени прописка қилган қариндошимга жарима солинадими? Ёки ушбу ҳужжат 5 йилдан кейин прописка билан бирга бекор қилинадими?

Ф.Барсуков.

 

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасига кўра чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги – энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборишга сабаб бўлади.

Шу тариқа, ҳозирги пайтда, Россия Федерациясида доимий яшаб ва паспорт столида доимий яшаш жойига пропискадан чиқаришни расмийлаштирмай сиз юқорида кўрсатилган модданинг амал қилиши доирасига тушасиз. Пропискадан чиқариш учун сиз Ўзбекистон Республикасига келишингиз ва прописка қилинган жойдаги паспорт столига белгиланган тартибда мурожаат этишингиз керак.

Қариндошингизнинг унинг турар жой майдонига доимий прописка қилинганингиз учун жавобгарлиги Ўзбекистон қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Ўзбекистон Республикасида фуқаролиги бўлмаган шахс учун сизнинг яшаш гувоҳномангиз ўз кучини йўқотган. Бу фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиши ва унинг яшаш гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узрли сабабларсиз узайтирмаслик билан боғлиқ (Хорижий шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги низомнинг1 30-банди, бундан кейин – Яшаш гувоҳномаси тўғрисидаги низом).

 

 

ФУҚАРОЛИККА МАНСУБЛИК

 

19 ёшга тўлган йигит Тошкентда туғилган ва ўсган. Оилавий шароитига кўра ҳеч қачон паспорт олмаган. Ҳозир Россияда яшайди, қўлида фақат туғилиш гувоҳномаси бор. Уни легаллаштириш бўйича қаерга мурожаат қилинмасин, ҳамма ерда даставвал Ўзбекистон консулхонаси унинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублигини белгилаб бериши керак дейишяпти. Фуқароликка мансублик қандай белгиланади?

В.Т.

 

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга (Президентнинг 20.11.1992 йилдаги ПФ-500-сон Фармони билан тасдиқланган) кўра чет элда доимий яшайдиган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги тўғрисидаги аризаси «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг (2.07.1992 йилдаги 632-XII-сон) 32 ва 35-моддаларига мувофиқ қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Ариза ва биографик маълумотлар шакллари Ўзбекистон Республикаси ТИВ томонидан тасдиқланган анкеталарда баён қилинади. Анкетага ариза берувчининг фотосуратлари илова қилинади. Таржимаи ҳол ҳам тақдим этилади, унга асосан Ўзбекистон фуқаролиги олиниши ёки йўқотилиши далили текширилади. Сўров ариза берувчининг собиқ яшаш жойига юборилиб, яшаш муддати, оила таркиби кўрсатилади.

Ўзбекистон фуқаролигига мансублик ҳолатини сўзсиз тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлганда консуллик муассасаси раҳбари ушбу масала бўйича мустақил равишда қарор қабул қилади.

Ариза берувчида тегишли ҳужжатлар бўлмаса, консуллик муассасаси сўровни Ўзбекистон ТИВга юборади. У республиканинг тегишли давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар орқали ариза берувчининг фуқароликка мансублигини текширади ва қабул қилинган қарор тўғрисида консуллик муассасасини хабардор қилади. Фуқароликка мансублиги тасдиқланган тақдирда консуллик муассасаси белгиланган намунадаги Ўзбекистон фуқароси паспортини беради ва консуллик ҳисобига қўяди.

 

 

МАЪЛУМОТНОМА БИЛАН СУДГА

 

Менинг паспортим ҳозир визалар ва рўйхатдан ўтказиш бўлимида турибди. Судга унинг ўрнига қандай ҳужжат билан бора оламан?

Т.Тўлаганова.

 

– Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низомнинг2 3-бандига кўра, паспорт Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.

Судга сиз фақат паспорт билан бора оласиз. Агар у паспорт столида бўлса, сиз буни тасдиқловчи маълумотнома олишингиз керак, уни судга тақдим эта оласиз. Сизнинг ҳолатингизда маълумотнома паспорт ўрнини боса оладими-йўқми, буни судья ҳал қилади.

 

 

МАЪЛУМОТЛАР АРХИВДА

 

Мен 1999 йил сентябргача Учқудуқда яшаганман, пропискам ҳам ўша ерда эди. Ҳозир Пермда (РФ) яшайман. Мендан 1999 йил сентябргача Учқудуқда пропискада бўлганим қайд этилган маълумотнома талаб қилиш­япти. Мен уни қандай қилиб оламан?

Н.Хрулькова.

 

– Келиш (кетиш) манзил варақалари келиш-кетиш ва фуқаролик хизмати бўлинмаси (манзил-маълумотнома бюроси) картотекасида қатъий алфавит тартибида сақланади. Янги келиш ва кетиш варақаси келиб тушганда эскиси картотекадан олинади ва йўқ қилинади (Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 44-банди, АВ томонидан 9.04.1999 йилда 698-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Кетиш варақаси амалдаги картотекада 3 йил, сўнгра архив картотекасида ҳам 3 йил сақланади. 6 йилдан кейин кетиш варақаси йўқ қилинади. Фамилияси, исми, отасининг исмини ўзгартирган фуқароларнинг кетиш варақаси картотекада 20 йил сақланади, кейин йўқ қилинади.

Навоий вилоят ички ишлар бошқармасига хат билан мурожаат қилишингизни тавсия қиламиз. Маълумотлар архивда сақланган бўлса, сизга зарур маълумотномани беришлари керак.

 

 

ҚОИДАЛАРГА РИОЯ ҚИЛИНМАГАНДА

 

Мен Тошкентда яшайман. Яқинда вилоятда эрим вафот этди. Уни қайнонам дафн этди, сўнгра ўзи ҳам вафот этди. Менга ҳозир эрим вафоти тўғрисидаги гувоҳнома керак. Қаерда дафн этилганлигини биламан, бироқ ҳеч қандай ҳужжат топмадим. Қўшнилардан эшитишимча, эримга вафот этганлик гувоҳномасини беришмаган, чунки унинг паспорти йўқолган эди. Эримнинг ўлим гувоҳномасини олиш учун нима қилишим кераклигини айтсангиз.

Х.Орифова,

Тошкент шаҳри.

 

Сиз вафот этган эрингизнинг яшаш жойидаги судга унинг вафот этганлиги далилини белгилаш тўғрисида ариза билан мурожаат этишингиз керак. Бунинг учун зарур ҳужжатларни тўплашингиз лозим. Биринчи навбатда эрингизнинг ўлими қайд этилган тиббий муассасадан унинг вафоти тўғрисида тиббий гувоҳнома олиш даркор. Шундан сўнг туман ФҲДЁ бўлимидан ўлим гувоҳномасини бериш рад этилганлиги тўғрисида маълумотнома сўраш лозим. Вафот этган эрингизнинг яшаш жойидаги паспорт столидан у қандай манзилга ва қандай ҳужжатга асосан прописка қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат олиш лозим.

Ушбу ҳужжатлар ва ариза билан сиз судга мурожаат қиласиз. Унинг қарорига кўра ФҲДЁ бўлими сизга ўлим гувоҳномасини бериши керак.

Сизнинг ҳолатда ана шундай ҳаракатлар қилиниши керак. Ушбу таомилни Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари (ВМнинг 12.04.1999 йилдаги 171-сон Қарорига 1-илова) қуйидагича тартибга солади. Унга кўра ўлимни қайд этиш марҳумнинг яшаш жойи ёки ўлим содир бўлган жойдаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Ўлимни қайд этиш тўғрисидаги ариза ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома берилган вақтдан бошлаб 3 кундан кечикмай берилиши керак. Бундай ариза билан марҳумнинг қариндошлари ёки яқин кишилари, шунингдек тиббий муассаса маъмурияти мурожаат этишлари мумкин, улар ўлим тўғрисида тиббий гувоҳнома ва марҳумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этадилар.

Ўлимни қайд этишда марҳумнинг паспорти, ҳарбий билети, 16 ёшгача вафот этганларнинг эса туғилганлик ҳақида гувоҳномаси тақдим қилинади. ФҲДЁ органи ходими ҳужжатларнинг биринчи саҳифасига ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг рақами ва санасини ёзади. Агар ушбу ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, у ҳолда бу ҳақда ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувининг «Белгилар учун» устунида кўрсатилади.

Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилгандан сўнг ўлим ҳақида гербли гувоҳнома ёзилади ва аризачига тақдим этилади. Айни вақтда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ва қабристонга тақдим этиш учун тегишли намунадаги маълумотномалар берилади.

Оила кодексининг 223-моддасига мувофиқ ўлимни ФҲДЁ органларида қайд этмасдан марҳумни дафн қилиш тақиқланади.

 

Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ,

эксперт-юристимиз.

 

____________________________________

1Президентнинг 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонига 2-илова.

2Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова.

 

Прочитано: 2168 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика