Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 02 / Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий механизмларини чуқурлаштириш йўлида

 

7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

 

Депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси донорларнинг бир марта олинадиган донорлик қони ҳажми меъёрини ва қон топшириш даврийлигини тартибга солиш, шунингдек, текинга қон топшираётган шахсларни қўшимча моддий рағбатлантириш йўли билан мамлакатда донорликни янада ривожлантиришга қаратилган нормаларни кўзда тутади.

Шундан сўнг депутатлар муҳокамасига «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда тақдим этилди.

 

Амалдаги қонун қабул қилинганидан буён 22 йилдан зиёд вақт ўтди. Ўтган давр мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи, ушбу соҳада замонавий талабларни белгиловчи кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳужжатнинг мақсади қонун нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштиришдан, ташкилотларда иш берувчининг ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини оширишдан, махсус ваколатли ва бошқа давлат бошқаруви органларининг меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилашдан иборатдир.

Қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсияларини, 20 дан зиёд чет эл, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича амалдаги норматив базани такомиллаштиришга қаратилган.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги долзарб масалаларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

 

Парламентнинг қуйи палатаси аъзолари «Табиий монополиялар тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилиш билан ўз ишларини давом эттирдилар.

Қонун лойиҳасида давлат ва хўжалик бошқарув органлари, тадбиркорлик субьектлари ҳамда хусусий мулк эгалари, истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамоат бирлашмалари томонидан монополияга қарши давлат органи ва бошқа назорат органларининг қарорини (кўрсатмасини) ижро этишни тўхтатиб туришни сўраб нафақат суд органларига, балки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ҳам шикоят қилиш ҳуқуқи кўзда тутилмоқда. Унга кўра, судга шикоят берилганида устидан шикоят қилинаётган қарорни ижро этиш суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб турилади.

Шунингдек, депутатлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар.

Муҳокамалардан сўнг депутатлар қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқуллаб, биринчи ўқишда қабул қилдилар. Масъул қўмиталарга қонун лойиҳаларининг депутатлар, мутахассислар ва экспертлардан келиб тушган таклифларни инобатга олган ҳолда, кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси топширилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 2122 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика