Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 02 / Ишлар нечук, тадбиркор?

Интернетда кўринмадингизми, демак бизнесда ҳам йўқсиз

 

Норбек Арзиев эндигина 32 баҳорни кўрди. Навоий давлат кончилик институтини тамомлагач, бир неча йил кон-металлургия комбинатида ишлади. Германияда стажировкада бўлиб, дастурлаштиришда билим ва кўникмасини ошириб қайтди. Ёш йигитнинг хизмат рўйхати ҳавас қилгулик, комбинатда баланд мартабадан умид қилса бўларди. Аммо у 2009 йили осуда иш жойини тарк этиб, тадбиркорликдек мавҳумлик ва таҳдид-таваккалчиликларга тўла соҳага ўтиб кетди. Норбек «Цито-Навоий» МЧЖ очди. Унинг бу «арзанда»си ҳозирги кунда «Сенсорика» Интернет маркази тариқасида элга танилган.

Маълумки, мамлакатимизда бозор иқтисодиёти ривожида 2009 йил бошланғич давр саналмайди. Норбек тадбиркорлик бобида савдо-сотиқ соҳасини ҳам, ишлаб чиқариш жабҳасини ҳам, бошқа қандайдир анъанавий тармоқларни ҳам танламади. У айни минтақавий бизнесда ўрни тегида йўқ соҳани танлаб, ўз корхонаси учун «Интернет билан бошқар» деган даъватни шиор қилиб олди.

Мухбиримиз Н.Арзиев билан Интернет тармоғида қай йўсинда пул топиш мумкинлиги ҳақида, ҳозирги дунёни ўз қўлида тутиб турган ахборот технологиялари хусусида суҳбатлашди. Ўзбекистонда ҳам ахборот-коммуникация технологиялари тобора кенг қулоч ёйиб бормоқда, шундай бўлса-да, у ҳозирча ҳаётимизнинг одатий воситаси, бўғинига айланганича йўқ.

 

ЙИЛИГА ИККИ МАРТА КЕНГАЯДИГАН БОЗОР

– Ахборот технологияларини тижорат йўналишида ўзлаштириш борасида яхшигина тажрибангиз бор. Умуман минтақада бундай технологияларга талаб-эҳтиёж қандай?

– Ўзбекистон ҳаётига ахборот технологиялари 2013 йил июнидан, хусусан давлатимиз бошлиғининг тегишли Қарори1, кейин эса ҳукумат даражасидаги иккита қарор2 эълон қилинганидан кейин жадал тарзда кириб кела бошлади. Бугунги кунда барча давлат тузилмалари ва мажоритар давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг деярли ҳаммаси ўз веб-сайтига эга. Биз минтақадаги туман ва шаҳар маъмуриятлари учун 10 та веб-сайт ишлаб чиқдик. Бундай хизматларга талаб катта, негаки бозорда уларга (хизматларга) эҳтиёжда сусайиш кўринмаяпти. Буни минтақамиз мисолида ҳам яққол тасаввур этиш мумкин, бинобарин бу ерда ана шундай бозор ҳар йили 2 баравар кенгаймоқда.

– Ўсиш суръатига суръат қўшаётганларнинг олдинги қаторида давлат тузилмалари бормоқда, улар ўз ортидан бутун бозорни эргаштирмоқда деб ҳисоблар экансиз. Унда тадбиркорлик ҳамжамияти ёки фаолиятнинг турли соҳаси билан машғул хусусий шахсларда унча фаоллик сезилмаётганлиги боиси нима? Менинг фикримча, ахборот технологияларининг, айниқса Интернет имкониятларидан фойдаланган алфоздаги шундай технологияларнинг афзаллиги ва фойдаси ҳақида кимларнидир ишонтиришга энди ҳожат бўлмаса керак. Балки қандайдир объектив сабаблар уларнинг кенг оммалашувини жиловлаб, оммавий талаб-эҳтиёж маҳсулига айланишига йўл бермаётгандир?

– Бунинг замири анча мураккаб. Таассуфки, қўлимда умумий статистика маълумотлари йўқ. Шу сабабли ўзимдаги маълумотлар билангина фикримни далиллашга ҳаракат қиламан. Давлат тузилмалари ва таркибида давлат улуши бўлган корхоналар мижозларимизнинг нари борса 30 фоизини ташкил этади. Айни вақтда даромадимизнинг аксарият қисмини шулар келтирмоқда, негаки хизматларимизга бот-бот мурожаат қиладиганлар ҳам шулар. Уларда янгиликларни сотиб олиш ва амалиётда жорий этиш учун молиявий имкониятлар кўпроқ. Лекин улар бу ишни урфпарастлик нуқтаи назаридан эмас, балки ахборот-коммуникация технологияларининг нафи, самарасига ишонч ҳосил қилганларидан кейингина бизга юзланадилар.

Яқинда акциядорлик жамиятлари учун дастур ишлаб чиқдик. Бу дастур умумий овқатланиш йўналишидаги 15 та турғун нуқта учун мўлжалланган. Акциядорлик жамиятининг кўпгина ходимларига шифобахш-парҳез таомлар ва касалликларнинг олдини олиш замиридаги овқатланиш тақозо этилади. Бундай таомларнинг талонлари қадри баланд. Эндиликда ўша, одатланилган талон тизими ўрнига сенсор экранларга навбат келди, унга электрон карточка жойланса, кассир карточка эгаси ҳақидаги, унга қандай таомлар жоиз эканлиги тўғрисидаги барча ахборотни ўқиб, билиб олади. Хўш, бу нарса корхонага нима берди дерсиз? Ҳамма хўрандага айланди десам бу гапни ҳазилга йўйманг. Цемент корхонасининг парҳез таомлар тақозо этиладиган барча ходимлари электрон карточкадан ўз ўрнида фойдаланмоқдалар. Маъмурият эса, парҳез таомлар билан таъминлашдаги аҳволни беш қўлдай биладиган бўлди. Озиқ-овқат харид этишдан тортиб маҳсулотлар ходимлар хуш кўрадиган парҳез таомларга айлангунгача бўлган бутун жараён эндиликда маъмурият нигоҳида.

Тадбиркорлик муҳитида зукко, ишбилармон кишилар оз эмас. Улар бундай янгиликнинг фойдасини кўра ва баҳолай билдилар. Навоий шаҳрида икки йилдирки, хусусий меҳмонхона ишлаб турибди, унинг меҳмонларга аталган 70 та хонаси сира бўш қолмайди. Бизнес яхши йўлга қўйилганлиги боис, меҳмонхона эгалари янги мажмуа барпо этиш ҳаракатига тушдилар. Айни бир вақтда мен чоғроқ бир меҳмонхонани биламан, ундаги меҳмонларга мўлжалланган 20 хонанинг ярмиси ҳамиша ҳувуллаб ётади. Ҳолбуки, ундаги кўрсатилаётган хизматлар сифати, назаримда, иши юришиб турган анави меҳмонхонадагидан анча юқори.

Ҳамма гап шундаки, иши юришиб турган меҳмонхона фаолиятнинг биринчи кунлариданоқ ўз веб-сайтига эга эди, уни мунтазам равишда янгилаб боришарди ҳам. Веб-сайтда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида имкон қадар кўпроқ ахборот мужассам топтирилган. Мазкур меҳмонхонада турадиганларнинг деярли барчаси Интернет орқали маълумотлар олиб, Навоий шаҳрида қаерда туришларини олдиндан билишади.

Ҳай, Навоийни қўя турайлик. Томди вилоятдаги энг чекка, саҳро бағрига жойлашган туман. Лекин бу ерда ҳам Интернетда ўз саҳифасини очиб, қўшни Қозоғистондан ҳамкор топа билган ва уларга қурилиш материаллари етказиб беришни йўлга қўйган тадбиркор бор экан.

Афсуслар бўлсинки, тадбиркорларнинг талайгина қисми Интернетга ва ахборот технологияларига ишончсизлик билан қараш иллатидан қутула олмаётир. Ана шу ишончсизлик домида эканликлари боис, улар бизнес соҳасида тамомила бошқа моделларга ихлос қўйишган. Инвестиция киритилишига розилик беришлари ва ишда муваффақиятга эришилишига ишонч ҳосил қилишлари учун улар ўз қўллари билан ушлаб, пайпаслаб кўришлари, инвестиция киритишдан то қўшилган қиймат ва маҳсулот ўтказишни шакллантиришгача бўлган бутун силсилани ўз кўзлари билан кўришлари ва ишонч ҳосил қилишлари керак.

Масалан, тадбиркор минерал сувли қудуқни сотиб олиб, сувни шишаларга қуйиб сотишни бошлади дейлик. Бундай қараганда ҳаммаси аниқ-равшан, тушунарли, ҳисоб-китобини қилиш ҳам жўн. Аммо веб-сайтга жойлаштириш... қандай баҳолаб бўлади – ахир ўз қўлинг билан ҳеч нарсани ушлаб кўра олмайсан-ку?! Реклама бобида ҳам қарийб шундай. Рекламани савдони жонлантириш, юргизиш воситаси эканлигини ҳамма билади ҳисоб, лекин бу восита қандай ишлаётганлигини камдан кам одам айтиб бера олади, савдо-сотиқ ўссин дея киритилган маблағ нафи қандай бўлаётганлигини айтиш-ку инчунин.

Бу борада ишлар юришиб кетиши йўлида ғов-тўсиқ бўлиб турган бошқа бир нарса ахборот-коммуникация технологиялари хизматининг қиммат эканлигидир. Веб-сайт ёки дастурий таъминот ишлаб чиқиш камида 2 млн сўм туради. Бунчалик баланд нархнинг асосий омили, назаримда, бизда Интернет мамлакатимиз фойдаланувчилари учун ҳозирча қиммат эканлигидадир. Бизда тола-оптик алоқа линияси ишлаб турибди, ахборотларни қайта ишловчи 2 та сервер ҳамда тезкор Интернет бор, унга ҳар ойда қарийб 4 млн сўм тўлаймиз.

 

АСИЛ НАРСА АРЗОНГА ТУШМАС

– Минтақа миқёсида амалда ҳаммаси бир қўлга, яъни сизнинг қўлингизга ўтиб қолганлиги хизматлар нархи баланд бўлишига таъсир этмаётганмикин?

– Менга қолса, саволни бирмунча бошқачароқ қўйган бўлур эдим: нима сабабдан минтақада ҳанузга қадар бизга рақобатчи тижорат тузилмалари чиқмаётир? Жавоби қийин эмас: чинакам профессионалларни топиш мушкул. Дастурсозлар, веб-дизайнчилар, кодловчилар (дастурларга код тайёрлайдиганлар), SEO-мақбуллаштирувчилар (маҳсулотларни Интернетда ўтказиш билан шуғулланувчилар), тизимий маъмурлар бармоқ билан санарли даражадаги мутахассислар эканлиги боис, борлари ҳам жуда талаш. Кейинги вақтларда биз олган 200 тавсифномадан (резюме) фақат бир нафар номзод синовлардан ўта олди, холос. Ўз ишининг устасини сақлаб қолиш, «учирма бўлиши»га йўл қўймаслик учун ишига яраша тузукроқ иш ҳақи тўлаш зарур.

– Кадрлар билан боғлиқ масала сизларда қандай ҳал этилмоқда? Сир бўлмаса, сизлар учун мутахассислар қанчага тушмоқда? Мамлакатимиздаги ўқув юртлари соҳага етарли миқдорда мутахассислар етиштириб бермоқдами?

– Иш ҳақи харажатлари умумий харажатларимизнинг 50 фоизини ташкил этади. Штатимизда ҳаммаси бўлиб 5 киши бор. Шулардан 3 нафари компьютер билан эмин-эркин «тиллаша олади». Бу борадаги тақчиллик фрилансерлар (эркин шароитларда ишловчи ходимлар) ҳисобидан қопланмоқда. Улардан 10 нафари билан доимий мулоқотдамиз: муайян топшириқни бажариши, маълум вазифаларни амалга ошириши учун улар билан меҳнат шартномалари тузамиз. Wi-Fi дан баҳрамандликка асосланган энг кейинги биллинг (бошқарув ва назорат) дастуримиз шу йўсин ишлаб чиқилди. Мазкур дастур тест тизимидан ўтказилиб эндиликда шахсларга оид маълумотлар сақланиши хавфсизлиги нуқтаи назаридан Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирилигида экспертизадан ўтказилмоқда.

Мутахассислар тайёрлаш масаласига келганда, бу иш Тошкент ахборот технологиялари университетида дуруст йўлга қўйилган. Унинг битирувчиларига тобора кенгайиб бораётган бозорларимизда талаб катта. Лекин битирувчилар Тошкентда яхшигина иш топаётганлари боис, минтақаларга боришга жилла рўйхушлик бермаётирлар.

– Гапларингизга қараганда, тадбиркорларнинг талайгина қисми ахборот технологияларига ишонқирамай муносабатда бўлмоқда, кўпроқ эскича усулда ишлашни маъқул кўрмоқда, «калласи ишлайдиган» керакли мутахассислар эса мамлакат пойтахтида муқим бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, маҳаллий бозорда сизнинг бизнес ишингиз тараққиёти истиқболи қандай?

– Манзарани тасвир этишда қора бўёқни ошириброқ юборган кўринасиз-ов! Келажакка биз кўтаринки рух билан қарамоқдамиз. Асримиз бошларини ёдга олайлик. Ўшанда янги минг йилликда башарият тараққиётининг гипотезаси кенг муҳокама этилган ва амалда ҳамма фикр-мулоҳазалар биз тўртинчи саноат инқилоби – ахборот даври бўсағасида турибмиз деган хулосада тўхталганди. Ҳозир бу башоратлар ҳақ бўлиб чиққанлиги, ахборот технологияларининг ривожланиш кўламлари ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олаётганлиги гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу жараённинг қонунчилик нуқтаи назаридан муайян камчиликлари бор – нормативлар янги технологиялар билан ҳамқадам бўла ололмаяпти.

Барчага маълум бир жуфтгина фактни мисолга олайлик. Интернет олами 2009 йили такси ёки хусусий ҳайдовчиларни излаш, чақириш ва уларга ҳақ тўлаш учун мобил Uber иловасини дунёга келтирди. Истеъмолчилар уни зўр кўтаринкилик билан кутиб олишди, бироқ анъанавий ташувчиларда муносабат салбий бўлди. Франция ва Испанияда таксичилар норозилик митингларига чиқиб, маъмурлардан Uber ни ман этишни талаб қилдилар. Шунга қарамай, бугунги кунда мазкур илова 67 мамлакатда ўзига йўл очиб олди. Тўғри, аксариятида у ҳали қонуний асосга эга бўлганича йўқ.

Виртуал дунёда ўз тўлов воситаси – «биткойн» криптовалютаси бор. Инглизча bit (ўлчов бирлиги) ва coin («танга») сўзлардан таркиб топган ана шу биткойн ҳақиқий пул вазифасини адо этиб, айирбошлаш, жамғариш, ҳисоб-китоб қилиш бирлиги хизматини ўтамоқда. Лекин бу ҳам умум эътирофига сазовор бўлганича йўқ, негаки марказий банклар томонидан молия бозорларини назорат қилиш ва бошқариш тартиботига сингиши қийин кечмоқда.

Ёки меҳнат бозоримизда реал воқеликка айланган фрилансерларни олайлик. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларимизда амалда улар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Айтмоқчи, норматив бошқарув ҳужжатларини қабул қилиш моҳиятан вақти-соати билан бўладиган иш. Бундан 11 йил муқаддам мамлакатимизда «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган эди. Интернет технологиялар ривож топиб бораётганлиги мазкур Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди ва 2015 йилнинг май ойида ана шу янги таҳрирдаги Қонун кучга кирди3.

Шу сабабли ҳам ахборот технологияларига ётсираб қараётган тадбиркорлар сафи йил сайин сийраклашиб боришига шубҳа йўқ. Мicrocoft корпорацияси асосчиларидан бири Билл Гейтснинг «Интернетда кўринмадингизми, демак бизнесда йўқсиз!» деган ибратомуз ўгитини эслаш ўринлидир. Хуллас, келажакдан умидимиз катта. Таъбир жоиз бўлса, омадимиз чопган: вилоят ҳокими ҳам компьютерхонлик «ошуфтаси», келажак – ахборот технологиялариники эканлигини яхши билади. Унинг фармойиши билан бизга шаҳар марказидан ер участкаси ажратиб берилди, уч қаватли Интернет марказ қурилишини бошлаб юбордик. Бу лойиҳа қарийб 1 млрд сўм инвестицияга тушади. Сарф-харажатларнинг 60 фоизи замонавий компьютер ва ташкилий техника харид этишга йўналтирилади.

Суҳбатимизни бизнес режаларимизнинг барчаси истеъмолчиларга, хусусан, бизнес юритиш, ижод қилиш, ахборот излаш учун тезкор Интернет керак бўладиган истеъмолчиларга қаратилганлиги айтиш билан якунласак бўлади.

 

Мухбиримиз
Амир МАҲМУДОВ суҳбатлашди.

Навоий шаҳри.

 


1Мамлакат Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 27.06.2013 йилдаги ПҚ-1989-сон Қарори.

2Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (31.12.2013 йилдаги 355-сон) ҳамда Давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ходимлари малакасини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги (27.03.2014 йилдаги 73-сон) қарорлари.

Прочитано: 2637 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика