Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 02 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги йилдаги янгиликлар

 

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги Қарори (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон)* билан 2016 йилги солиқлар ва мажбурий тўловларнинг ставкалари тасдиқланди.

 

МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ: ТЕХНИК ЯНГИЛАШГА ИМТИЁЗ

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг базавий ставкаси оширилди. 2016 йил 1 январдан ставка 5%ни (2014 йилда 4% эди) ташкил қилади (ПҚ-2455-сон Қарорга 18-илова).

Бироқ 2014 йил 1 январдан Солиқ кодексининг 269-моддаси 16-бандида назарда тутилган имтиёз амал қилади: юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ солинадиган база кўпи билан 10 йил давомида ишлатиб келинаётган машина ва асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига камайтирилади. Шу боис, ставка оширилиши биринчи навбатда, корхонанинг техник базасини янгилаш ва модернизация қилишни янги ускуна бўйича имтиёзлар қўллаш орқали рағбатлантириш билан боғлиқ. Бу машина ва ускуналардан 10 йилдан ортиқ муддатда фойдаланадиган корхоналарга кўпроқ таъсир кўрсатади.

 

МИСОЛ. Корхонанинг асосий воситалари ўртача йиллик қолдиқ қиймати (солиқ даврининг ҳар бир ойи сўнгги санасига ҳисобланган АВларнинг қолдиқ қиймати суммасининг 1/12 қисми тариқасида ҳисоб-китоб қилинади) – 15 750 минг сўм. Шу жумладан кўпи билан 10 йил давомида ишлатиб келинадиган машина ва ускуналарнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати – 13 600 минг сўм. Мол-мулк солиғи суммаси: (15 750 – 13 600) х 5% = 107,5 минг сўмни ташкил қилади. Яъни ҳақиқий солиқ ставкаси 5%ни эмас, балки атиги 0,7%ни (107,5 / 15 750 х 100) ташкил қилади. Корхонада кўпи билан 10 йил ишлатиладиган янги техника (машина ва ускуналар) қанчалик кўп бўлса, у камроқ суммада солиқ тўлайди.

 

ЯГОНА ЕР СОЛИҒИ СТАВКАСИ КАМАЙТИРИЛДИ

Ягона ер солиғи ставкаси 6 баравардан кўпга камайтирилди. 2016 йил 1 январдан ҳар бир хўжалик бўйича Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан белгиланадиган, 2014 йилдаги нархларда қайта ҳисобланган қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматига нисбатан 0,95%ни ташкил қилади. Илгари у 2004 йилдаги нархларда қишлоқ хўжалик ерлари қийматининг 6%ига тенг бўлган.

2015 йилда якунланган қайта ҳисоб-китоб қилиш натижаларига кўра қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати анча юқори бўлди. Қайта баҳолаш якунланганлиги муносабати билан ҳамда фермер хўжаликларида солиқ солиш шарт-шароитлари ёмонлашишига йўл қўймаслик мақсадида ЯЕС ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилди.

 

!

Маълумот учун: ЯЕС ставкаси 2011 йилдан буён қайта кўриб чиқилмаган эди.

 

ЕР СОЛИҒИ ИНДЕКСАЦИЯ ҚИЛИНДИ

Ер солиғи ставкалари 2015 йилда амал қилган ставкаларга нисбатан 15%га индексация қилинди ­(ПҚ-2455-сон Қарорга 20-илова).

Ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек республикадаги ЯИМ умумий ҳажмида ресурс солиқлари улушини сақлаб қолиш мақсадида шундай қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, ер участкалари майдони ер солиғи солинадиган объект ҳисобланади. Солиқ ставкалари ердан фойдаланиш турлари, шунингдек уларнинг жойлашган жойига қараб бир бирликдаги (1 га, 0,01 га, 1 кв.м) майдон учун сўмда белгиланган.

 

Тошкент шаҳрида жойлашган ЯСТ тўловчилари учун ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоб-китоб қилишда зарур бўлган, 5-зонага мувофиқ келувчи ер солиғининг энг кам ставкаси 19 837 500 сўмни ташкил қилади (2015 йилда – 17 250 000 сўм эди) (20-иловага 5-жадвал). ЯСТ тўловчиларнинг қолган қисми улар жойлашган жой ва ер тоифаси учун белгиланган энг кам ставкаларни қўллайдилар.

 

ИМТИЁЗЛАР МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ

Қуйидаги имтиёзлар муддати 2018 йил 1 январга қадар узайтирилди:

● тўқимачилик саноати корхоналари мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилиниши (Президентнинг 21.11.2007 йилдаги ПҚ-733-сон Қарори 3-банди);

● «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналарига контракт тузиш пайтида вужудга келган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархлар бўйича ЭАВга (ҚҚСни ноль ставкаси бўйича ҳисоблаган ҳолда) ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) харид қилишга рухсат берилиши (25.03.2004 йилдаги 141-сон ВМҚнинг 5-банди);

● «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналари томонидан олиб келинаётган химикатлар, бўёқлар, фурнитура ва аксессуарлар, шунингдек республикада ишлаб чиқарилмайдиган бошқа ёрдамчи материаллар импорт божхона божлари тўлашдан озод қилиниши (141-сон ­ВМҚнинг 6-банди);

● Президентнинг «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори (28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон) билан ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга рўйхат бўйича қуйидаги кўринишда берилган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари:

микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўлови, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш;

Вазирлар Маҳкамасининг рўйхатига киритилмаган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзи учун ишлаб чиқаришда зарур бўлган хом ашё, материаллар ва фурнитураларни импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб, божхона тўловларини тўлашни (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 60 кунгача бўлган муддатга узайтириш.

Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар жумласига сотувнинг умумий ҳажмида ушбу товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60%ни ташкил этадиган корхоналар киради.

● Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ олиб кириладиган ёғ-мой, гўшт-сут, мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ва қайта ишлашда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар, уларга эҳтиёт қисмлар, ёрдамчи материаллар, ингредиентлар ва компонентларни божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилиш бўйича имтиёзлар (Президентнинг 31.10.2011 йилдаги ­ПҚ-1633-сон Қарори 11-банди) 2019 йил 1 январга қадар узайтирилади.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИ ҚИММАТЛАШДИ

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 2015 йилда амал қилган ставкаларга нисбатан 15%га оширилди (ПҚ-2455-сон Қарорга 19-илова).

2016 йилга улар қуйидагича белгиланди:

базавий ставка (мол-мулкнинг умумий майдони – 200 кв.м гача бўлганда) – 1,5% (1,3% эди);

шаҳарларда:

мол-мулкнинг умумий майдони – 200 кв.м дан ортиқ ва 500 кв.м гача бўлганда – 1,8% (1,6% эди);

умумий майдони – 500 кв.м дан ортиқ бўлганда – 2,5% (2,2% эди);

бошқа аҳоли пунктларида – умумий майдони 200 кв.м дан ортиқ бўлганда – 1,8% (майдонидан қатъи назар 1,3% эди).

 

Эслатиб ўтамиз, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказувчи Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан белгиланган республика ҳудудида жойлашган жисмоний шахсларга тегишли турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари, гаражлар ва бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотларнинг инвентаризация қиймати жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади. Улар солиқ солиш мақсадида кўчмас мулкни кадастр баҳолашни ўтказадилар ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда асос бўладиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ ҳақидаги маълумотларнинг кадастр базасини шакллантирадилар.

 

Агар бирор-бир объектлар бўйича қийматга оид маълумотлар бўлмаса, солиқ солинадиган база сифатида мол-мулкнинг қуйидаги миқдорлардаги шартли қиймати қабул қилинади:

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида – 20 328,0 минг сўм;

бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 8 833,0 минг сўм.

Белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган ва баҳоланмаган янги (янги қурилган) турар жойлар бўйича солиқ мол-мулк шартли қийматининг 2 баравари миқдоридан келиб чиқиб ундирилади.

Ставкалар билан бир қаторда, солиқ тўлаш тартиби ҳам ўзгартирилди. Солиқ, илгаригидек, солиқ солинадиган объектнинг инвентаризация қийматидан ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланади. Бироқ энди инвентаризация қиймати 3 млн сўмдан кам бўлмаслиги керак. Бу нарса мол-мулк объектларининг деярли 50%ида қиймат кам миқдорни ташкил қилиши, уларга ҳисобланган солиқ эса бир йилда 13–39 минг сўмга тенг эканлиги билан боғлиқ.

 

МИСОЛ. Кадастр ҳужжатларига кўра Тошкент шаҳридаги 1 хонали квартиранинг инвентаризация қиймати 2 500 минг сўмни, унинг умумий майдони – 28 кв.м ни ташкил қилади. Агар квартиранинг кадастр қийматини ва унинг майдонига мувофиқ келадиган солиқ ставкасини ҳисобга оладиган бўлсак, мол-мулк солиғи қуйидагига тенг бўлади: 2 500 х 1,5% = 37,5 минг сўм. Бироқ янги тартиб бўйича 37,5 минг сўм эмас, балки 45 минг сўм тўлашга тўғри келади, негаки 3 млн сўмга солиқ солинади.

 

ЖШДС СТАВКАСИ ПАСАЙТИРИЛДИ

ЖШДС шкаласидаги ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 1%га пасайтирилди. 2016 йил 1 январдан у 7,5%ни (илгари – 8,5%) ташкил қилади ­(ПҚ-2455-сон Қарорига 9-илова).

 

Эслатиб ўтамиз, солиқ солишнинг 4 поғонали шкаласи 2015 йил 1 январдан (2014 йилда 3 поғонали) жорий қилинган эди. Унда ойига ЭКИҲнинг 1 бараваригача даромадларга нолинчи ставка, ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача даромадларга энг кам ставка, ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача даромадларга ўртача ставка ҳамда ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ даромадларга энг юқори ставкани белгилаш назарда тутилган.

 

Ставкалар пасайтирилишидан, биринчи навбатда, энг кам ставкалар бўйича солиқ солинадиган даромадларни олувчилар манфаатдор бўладилар. Солиқ кодексининг 181-моддасига мувофиқ қуйидагилардан олинган даромадлар шундай даромадлар сирасига киритилади:

мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар;

баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун;

вақтинчалик қишлоқ хўжалиги ишларини бажаришдан;

жисмоний шахслардан текинга олинган улушлар, пайлар ва акциялар тарзидаги даромадлар;

жисмоний шахсларга хусусий мулк ҳуқуқида тегишли бўлган кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар.

Бироқ солиқ солинадиган даромадга эга бўлган бошқа жисмоний шахслардан ҳам камроқ солиқ олинади, чунки уни, масалан, ўртача ёки энг юқори ставка бўйича ҳисоб-китоб қилишда нолинчи ва энг кам ставкани ҳам ҳисобга олиш шарт. Бу шкаладаги энг кам ставканинг кичиги барча тоифадаги солиқ тўловчиларнинг даромадларига ижобий таъсир кўрсатади ва ҳақиқатдаги даромад солиғи ҳар доим энг юқори ставкадан (шкала бўйича) паст бўлади.

Экспертларнинг хулосасига кўра, ЖШДС энг кам ставкасининг пасайтирилиши аҳоли даромадларини қарийб 230 млрд сўмга ошириш имконини беради ҳамда шу билан бирга даромадлари даражаси ўртача бўлган тўловчиларнинг солиқ юкини 6,2%дан 5,5%гача камайтиради.

ЖШДСнинг ўртача ва энг юқори ставкалари миқдори 2016 йилда илгаригидек – 17% ва 23% қилиб қолдирилди.

 

ЯИТ АВВАЛГИ, СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ ЭСА ЯНГИ СТАВКА БЎЙИЧА ТЎЛАНАДИ

Фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ставкаси оширилди. 2016 йил 1 январдан ставка 7,5%ни (2015 йилда – 7%) ташкил қилади (ПҚ-2455-сон Қарорнинг 3-банди). Бироқ унинг оширилиши фуқароларнинг солиқ юкини оширмайди, негаки ЖШДС шкаласида жисмоний шахсларнинг ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган даромадлари бўйича ставка 8,5%дан 7,5%га пасайтирилди.

ЯИТ ставкалари қуйидагилар учун ўзгартирилмади:

микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун ставка 15%ни ташкил қилади;

бошқа тўловчилар учун – 25%.

 

Эслатиб ўтамиз, айрим тоифадаги тўловчилар учун қонун ҳужжатларида ЯИТнинг имтиёзли (камайтирилган) ставкалари назарда тутилган. Улар сирасига қуйидагилар киради:

ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронлар меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахслар – ногиронлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан 4,7% (17.07.1992 йилдаги 328-сон ­ВМҚнинг ­7-банди);

«SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси учун – 7% миқдорида бўшайдиган маблағларни мақсадли йўналтириш шарти билан (26.06.2001 йилдаги 271-сон ВМҚнинг 1-банди).

 

ХИЗМАТЛАРДАН КАМРОҚ ОЛИНАДИ

2016 йил 1 январдан хизматлар соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар ЯСТни 5%лик (илгари – 6%) ставка бўйича тўлайдилар ­(ПҚ-2455-сон Қарорга 10-1-илова). Уларнинг солиқ юки саноат ва қурилиш корхоналариникига тенглаштирилди. ЯСТ ставкасининг пасайтирилиши тахминан 60 млрд сўмнинг хизматлар кўрсатувчи кичик бизнес корхоналари тасарруфида қолдиришга имкон яратади, бу маблағлар корхоналарнинг техник ва технологик қайта жиҳозлашга йўналтирилиши мумкин. Ягона базавий ставканинг мавжудлиги кўп тармоқли корхоналар учун солиқ ҳисобини ва тегишинча, солиқ маъмуриятчилигини анча соддалаштиради.

 

Эслатиб ўтамиз, ЯСТнинг 5%лик ставкасини юқорида санаб ўтилган корхоналардан ташқари, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа ташкилотлари, телерадиоэшиттириш компаниялари, шунингдек компьютер дастурларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчи (умумий реализация ҳажмидан камида 80%) корхоналар қўллайдилар.

 

БЕНЗИН, ДИЗЕЛЬ ЁҚИЛҒИСИ ВА ГАЗ ИШЛАТГАНЛИК УЧУН СОЛИҚ СТАВКАЛАРИ ВА ҲИСОБ-КИТОБИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛДИ

Транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ ставкалари оширилди, шунингдек айрим хўжалик юритувчи субъектлар учун қайта ишлашга берилган хом ашёдан тайёрланадиган нефть маҳсулотлари ҳажми солиқ солинадиган объектга киритилганлиги ҳисобига солиқ солинадиган база кенгайтирилди ­(ПҚ-2455-сон Қарорга 22-илова).

2016 йил 1 январдан мазкур солиқ ставкалари қуйидагиларнинг истеъмоли учун:

бензин, дизель ёқилғиси – 1 л учун 335 сўмни (2015 йилда – 1 л учун 290 сўм);

суюлтирилган газ – 1 л учун 230 сўмни (2015 йилда – 1 л учун 200 сўм);

сиқилган газ – 1 куб м учун 275 сўмни (2015 йилда – 1 куб м учун 240 сўм) ташкил қилади.

Транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ «Навоий КМК» ДК, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан воситачилик шартномасига мувофиқ ҳамда ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган қайта ишлашга берилган хом ашёдан тайёрланган нефть маҳсулотлари (газойл ва тўғридан-тўғри ҳайдаб чиқариладиган бензин) ҳажмига ҳам солинади. Бироқ улар учун ҳақиқий харажатларнинг ошиши кузатилмайди. Бу нефть ва нефть маҳсулотларига жаҳон нархларининг пасайиши билан боғлиқдир. Мазкур гуруҳдаги истеъмолчиларнинг нефть маҳсулотлари таннархи уларни ҳақиқатда қилинган харажатларидан шаклланади. Углеводород хом ашёси нархининг пасайиши ундан ишланган нефть маҳсулотлари қийматининг пасайишига олиб келади. Мазкур хўжалик юритувчи субъектлар учун транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ жорий қилиниши улардаги шаклланаётган нефть маҳсулотлари қийматини солиқ суммасини ҳам ўз ичига олган республикада белгиланган чакана нархларга тахминий тенглаштириш имконини беради.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни «Norma Profi» экспертлари
Елена ЕРМОХИНА ва Ирина АХМЕТОВА тайёрладилар.

 

 


*Мазкур Қарордан кўчирмалар «СБХ» газетасининг 5.01.2016 йилдаги 1 (1117)-сонида берилган ва «СБХ», «Норма маслаҳатчи» газеталари бугунги сонларининг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда.

 

Прочитано: 5319 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика