2013 йилда жисмоний шахс институтда ўқишига ҳақ тўлади. Контракт ва тўлов квитанцияси бор.
Агар тўлов 2013 йилда амалга оширилган бўлса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўқиш ҳақига нисбатан қўлланиладиган имтиёздан фойдаланиш мумкинми?
А.Одилов,
нашриёт мутахассиси.
– Ҳа, сиз имтиёздан фойдалана оласиз.
Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди). Ушбу имтиёзни Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом* тартибга солади.
Солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати 5 йилни ташкил этиши боис (Солиқ кодексининг 38-моддаси), ушбу муддат мобайнида (солиқ даври тугаганидан кейин) солиқ органи ҳисобланган ЖШДС суммасини қайта кўриб чиқиш, солиқ тўловчи эса ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилиши мумкин. Яъни сиз имтиёздан фойдаланишингиз ва 2018 йилгача (ушбу йил ҳам киради) ортиқча тўланган ЖШДС суммасини қайтаришингиз мумкин.
Тўловни мустақил равишда (нақд пул билан, банк ҳисобрақами ёки пластик карта орқали) амалга оширганингиз боис имтиёздан яшаш жойидаги ДСИга тақдим этиладиган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан фойдаланиш мумкин. Имтиёз олиш ҳуқуқини тасдиқлаш учун таълим олиш тўғрисида олий ўқув юрти билан шартнома, унинг ҳисобрақамига пул маблағлари мустақил равишда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва паспорт нусхаларини тақдим этиш лозим.
Шуни ҳисобга олиш муҳимки, имтиёз сиз амалда қилган таълим ҳақи суммасида, бироқ фақат 2013 йилги жами даромадингиз доирасида берилади. Агар унинг суммаси жами йиллик даромаддан ошса, қолдиқ кейинги солиқ даврларига кўчирилмайди.
Бироқ агар сиз ҳали 26 ёшга тўлмаган бўлсангиз, таълим ҳақи суммаси йиллик даромадингиздан ошиб кетган тақдирда, имтиёздан ота-онангиз (иккови ёки уларнинг бири) фойдалана олади. Бунинг учун сиз ДСИга декларация билан бирга улар паспортлари ва СТИР нусхаларини тақдим этишингиз зарур. Ўшанда маблағлар қолдиғи бўйича имтиёзни улар тақдим этган декларация асосида уларнинг даромадларига нисбатан қўллашади. Юқорида саналган ҳужжатларга қўшимча равишда сиз ДСИга туғилиш гувоҳномангиз нусхасини ҳам тақдим этишингиз лозим.
__________________________________________
*МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Profi» эксперти.