Кичик корхона ўз ходими бўлмаган жисмоний шахснинг омонат ҳисобварағини тўлдириш учун 380 000 сўм ўтказмоқчи. Омонат ҳисобварағи очилган банк корхонага хизмат кўрсатмайди.
Мазкур тўловдан ушланадиган ЖШДС суммаси қандай аниқланади: солиқни 415 300,55 сўм суммасидан 8,5%лик ставкада ҳисоблаш ва жисмоний шахсга 380 000 сўм ўтказиш керакми ёки 380 000 сўмдан 32 300 сўм суммасида солиқ ушлаб, унга 380 000 сўм ўтказиш керакми?
Бундай вазиятда корхона ва жисмоний шахс учун қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
Н.Йўлдошев, ХФ бухгалтери.
– Мазкур ҳолда корхона томонидан унинг ходими ҳисобланмаган жисмоний шахснинг омонат ҳисобварағига ўтказилган маблағлар текинга берилган мол-мулк (пул маблағлари), яъни унинг моддий наф тарзида даромад олиши сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 2-банди). Корхона ходимлари ҳам, бошқа жисмоний шахслар ҳам уларни олувчилар бўлиши мумкин.
Моддий наф тарзидаги даромадлар жисмоний шахсларнинг жами даромади таркибига киради (Солиқ кодексининг 171-моддаси), унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (Солиқ кодексининг 170-моддаси) ҳамда ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 307-моддаси). ЖШДС солиш тўлов манбаида амалга оширилади (Солиқ кодексининг 184-моддаси).
Жисмоний шахсга қандай суммани ҳисоблаб ёзиш корхона раҳбарияти қабул қилган қарорга боғлиқ. Уни жисмоний шахснинг аризасини илова қилган ҳолда раҳбар буйруғи билан расмийлаштирган маъқул. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, ушбу даромадга ЖШДСнинг белгиланган ставкалари (шкала) бўйича солиқ солганда энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан ошмайдиган даромадларга ноль даражали ставкада солиқ солинади. Мисол учун, 2015 йил декабрида ноль даражали ставкада солиқ солинадиган даромад 1 420 800 сўмни (118 400 х 12) ташкил этди. Яъни сиз жисмоний шахсга 380 000 сўм ҳисоблашингиз ва ушбу суммани унинг омонат ҳисобварағига тўлалигича ўтказишингиз мумкин.
Солиқ кодексининг 187-моддасига кўра, моддий наф тарзида олинган даромадга шкала бўйича солиқ солинганда сиз асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида ДСИга маълумотнома тақдим этишингиз шарт (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова). Жисмоний шахс эса жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги ДСИга ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши шарт (Солиқ кодексининг 192-моддаси).
Асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олаётган жисмоний шахс ҳам бухгалтерияга ўз даромадидан ЖШДСни унинг энг юқори ставкаси бўйича ушлаб қолиш тўғрисида ёзма ариза беришга ҳақли (Солиқ кодексининг 186-моддаси). Бунда сиз унинг ҳисобварағига 380 000 сўм ўтказиш учун 493 506,5 сўм даромад ҳисоблашингиз ва ундан 23%лик ставкада 113 506,5 сўм ЖШДС ушлашингиз лозим бўлади. Ушбу ҳолда ДСИга маълумотнома тақдим этишингиз керак эмас. Жисмоний шахс эса ДСИга барча манбалардан олинган жами йиллик даромади тўғрисида солиқни қайта ҳисоблаш учун декларацияни ихтиёрий тақдим этишга ҳақли. Ушбу вазиятда ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисобланмайди, чунки иш берувчилар фақат ўз ходимларининг ШЖБПҲга мажбурий бадалларни киритишга мажбурдирлар (Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларни қўшиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг* 4-банди).
Умумбелгиланган солиқлар тўловчиларида уларнинг жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайдиган харажатлари сифатида қаралади (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди). ЯСТ тўловчиларида бундай харажатлар солиқ солинадиган базани аниқлашга таъсир кўрсатмайди.
Ирина АХМЕТОВА, «Norma Profi» эксперти.
*МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.