Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 37 / Амалий бухгалтерия

Касаба уюшмасидан фақат сальдо қолди

Қурилиш ташкилоти 2001 йилдан бери ҳар бир ходимнинг иш ҳақидан 1 фоизлик касаба уюшмаси бадалларини ушлайди. 2013 йилда туманимиз касаба уюшмаси бошқа касаба уюшмаси билан бирлашди. Унинг ҳисоб-китоб рақами ёпилгани боис 2014 йилдан бошлаб касаба уюшмаси бадалларини ушлашни тўхтатдик. Бироқ уларнинг 2013 йил учун сальдоси баланснинг 65-ҳисобварағида турибди. Объектив сабабларга кўра раҳбарият бирлашган касаба уюшмаси билан шартнома тузишни хоҳламаяпти. Бундай ҳолатда касаба уюшмаси бадаллари бўйича 65-ҳисобварақ сальдосини қандай қилиб ёпишимиз мумкин?

Д.Пўлатова, бош бухгалтер.

 

БУ ИШ БЕРУВЧИНИНГ ҲУҚУҚИ ЭМАС

– Хатга қараганда, ташкилотингизнинг касаба уюшмаси билан ҳуқуқий муносабатлари Меҳнат кодекси, «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги (2.07.1992 йилдаги 638-ХII-сон, бундан кейин – Қонун), «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги (14.04.1999 йилдаги 763-I-сон) қонунлар талабларига мувофиқ келмаган.

Касаба уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланади. Айни шу сабабли уларнинг уставларида, бошқа жиҳатлар билан бир қаторда, аъзо бўлиш тартиби ҳамда кириш ва аъзолик бадаллари (агар улар назарда тутилган бўлса) миқдорлари аниқ ёзиб қўйилиши керак.

Қонуннинг 2-моддасига кўра меҳнаткашлар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ва бошқа иш жойларида ўз хоҳишларига кўра ва олдиндан ижозат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмалари тузиш ҳуқуқига, шунингдек касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгадирлар. Касаба уюшмалари ихтиёрийлик асосида республика ва бошқа ҳудудий ҳамда тармоқ бирлашмалари тузишлари ҳам мумкин.

МКнинг 16-моддасида бошқа ҳуқуқлар жумласида ходимларнинг касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Шу тариқа, касаба уюшмаси, бошқа ташкилотни тузиш ёки ишлаб турган шунга ўхшаш ташкилотларга кириш, шунингдек бадаллар тўлаш – ходимнинг шахсий ҳуқуқи бўлиб, унинг мажбурияти ҳисобланмайди. Тегишинча, у ўзининг хоҳишига кўра улардан чиқиш ҳуқуқига ҳам эга. Уни амалга ошириш одатда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти аъзолари йиғилишининг қарори ва ходимнинг аризаси асосида бажарилади.

Касаба уюшмаси аъзоси бўлмаган ходимлардан бадаллар ушлаш қонунга зид бўлиб, нохуш ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кўрамизки, касаба уюшмаси ёки бошқа ташкилотни тузиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги қарор меҳнат жамоаси аъзоларининг ажралмас ҳуқуқидир. У иш берувчи ва бошқа чет шахсларнинг ваколатлари доирасига кирмайди.

Ходимларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига йўл қўймаслик учун уларнинг иш ҳақидан касаба уюшмаси ёки бошқа ташкилотга аъзолик бадалларини ушлаш тўғрисидаги шартномани тузиш пайтида улар аъзолигининг ҳужжатли тасдиғини талаб қилиш, шунингдек ушбу ушланмаларни амалга оширишга касаба уюшмаси аъзоси бўлган ходимларнинг розилигини олиш лозим. Бундан ташқари, касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятини корхона раҳбариятининг қарори (хоҳиши) билан тугатиш мумкин эмас. Бу борадаги қарорни касаба уюшмаси аъзоларининг йиғилиши қабул қилиши керак.

Маҳкам ВОҲИДОВ,

«Norma Profi» эксперти,
юридик фанлар номзоди.
 

 

БАДАЛЛАРНИ ХОДИМЛАРГА ҚАЙТАРИНГ

– Қонуннинг 1-моддасида белгиланишича, касаба уюшмаси кўнгилли жамоат ташкилоти бўлиб, ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолият турига қараб, ўз аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш учун муштарак манфаатлар билан боғланган меҳнаткашларни бирлаштиради. Меҳнаткашлар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда касаба уюшмалари тузишга ҳақлидирлар (Қонуннинг 2-моддаси). Корхона касаба уюшмаларига жамоа шартномасида белгиланган мақсадлар учун қонунларда белгилаб қўйилган миқдорда маблағ ўтказади (Қонуннинг 22-моддаси).

МКнинг 21-моддасига кўра корхонангизда туман касаба уюшмасига ажратмалар қилишга асос бўлган жамоа шартномаси бўлиши керак. Ана шу моддада белгиланишича, корхонадаги вакиллик органларининг фаолияти уларни сайлаган ходимларнинг қарорига кўра, шунингдек улар қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳаракатлар содир этган тақдирда суд томонидан тугатилиши мумкин.

Шу тариқа, ходимларга уларнинг иш ҳақидан корхонанинг касаба уюшмаси қўмитасига ушланган бадалларини қайтариш учун жамоа шартномаси шартларини ўзгартириш масаласини ҳал қилиш лозим. Шундан кейингина уларни қайтариш мумкин. Бунинг учун корхона бўйича буйруқни расмийлаштириш лозим.

Бухгалтерия ҳисобида ушланган суммаларни қайтаришни корхонада ишлаётган ходимлар бўйича сторно проводкалари билан расмийлаштириш мумкин:

дт 6700-«Ходимлар билан ҳисоблашишлар» – сторно;

кт 6500-«Касаба уюшмалари бадаллари» – сторно.

Ишдан бўшаб кетган ва уларни хабардор қилиш ҳамда ҳисобланган суммаларни қайтариш имконияти бўлмаган ходимлар бўйича даъво муддати тугаганидан кейин талаб қилиб олинмаган суммаларни корхона даромадига ҳисобдан чиқариш мумкин. Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режасини қўллаш бўйича йўриқномага (21-сон БҲМСга 2-илова, молия вазирининг АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) асосан даъво муддати ўтган кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар 9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» ҳисобварағи кредити бўйича кредитор ва депонент қарзларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари билан корреспонденцияда акс эттирилади.

 

Алла МОСКАЛЕНКО,

«PKF MAK Alyans» АК
аудитори, солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 2639 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика