Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 37 / Долзарб мавзу

Хусусий иш берувчи

Президентнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (15.05.2015 йилдаги ПФ-4725-сон) билан 2015 йилнинг 1 июлидан якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда ходимларни ёллаш ҳуқуқи берилган. 20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун билан қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилди1. Солиқ кодексининг якка тартибдаги тадбиркорликка солиқ солиш тартибини белгилайдиган моддалари ҳам ўзгарди.

 

Қонун ҳужжатларида белгиланишича, фуқаро якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир (Фуқаролик кодексининг 24-моддаси). «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (25.05.2000 йилдаги 69-II-сон) якка тартибдаги тадбиркорларни кичик тадбиркорлик субъектларига киритади. Унда белгиланишича, якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил равишда, ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлар якка тартибдаги тадбиркорга 2015 йил 1 июлдан бошлаб фаолият турига боғлиқ ҳолда 1 нафардан 3 нафаргача ходимни ёллаш имконини берди. Уларнинг ҳар бири учун тадбиркор ҳар ойда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ЭКИҲнинг2 50%ини ташкил қиладиган суғурта бадаллари ҳамда у амалга ошираётган фаолият турига боғлиқ ҳолда унга белгиланган қатъий белгиланган солиқнинг 30%ига тенг бўлган қатъий белгиланган солиқ тўлаши керак. Агар якка тартибдаги тадбиркор касб-ҳунар коллежлари битирувчиси бўлган ходимни ёлласа, у битирувчи коллежни тугатган санадан бошлаб 12 ой мобайнида улар учун қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил 1 апрелдан бошлаб жисмоний шахслар Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига (ВМнинг 7.01.2011 йилдаги 6-сон Қарорига 1-илова) киритилмаган фаолиятни амалга ошира олмайдилар.

Мисол учун, чакана савдо билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор энди 1 ходимни, маиший хизматлар кўрсатадиган тадбиркор эса 3 нафаргача ходимни ёллаш ҳуқуқига эга. Бироқ, ҳатто бир неча фаолият турини амалга оширганда, уларнинг сонидан қатъи назар, тадбиркор 3 нафардан кўп ходимни ёллашга ҳақли эмас. Якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимларни ёллаш тартиби Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 31.07.2015 йилдаги 219-сон Қарорига 1-илова, бундан кейин – 219-сон Низом) батафсилроқ тартибга солинган. Биз ушбу ходимларга солиқ солиш хусусиятларига тўхталамиз.

 

ЖШДС ЭМАС, ҚАТЪИЙ БЕЛГИЛАНГАН СОЛИҚ

Ҳар бир ёлланган ходим учун якка тартибдаги тадбиркор қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 30%ини тўлаши сабабли у ходимга меҳнат шартномаси бўйича тўлайдиган меҳнат ҳақига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Ушбу қоида энди Солиқ кодексининг ЖШДС солишдан тўлиқ озод қилинган жисмоний шахслар белгиланган 180-моддаси билан мустаҳкамланган. Ходимларни ёллащда якка тартибдаги тадбиркорнинг қатъий белгиланган солиқни тўлаш хусусиятлари эса Солиқ кодексининг янги 374-1-моддаси билан белгиланган.

 

1-МИСОЛ. Тошкентда озиқ-овқат товарларининг чакана савдоси билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор сотувчи ёллади. Бундай тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг бир ойдаги ставкаси3 ЭКИҲнинг 9 баравари миқдорида (Президентнинг 4.12.2014 йилдаги ПҚ-2270-сон Қарорига 12-илова) белгиланган. Шу сабабли ўзининг ходими учун у ҳар ойда 319 680 сўм (30% х 9 х 118 400) қатъий белгиланган солиқ тўлаши керак. Бунда ходимнинг даромадларидан ЖШДС тўланмайди.

 

Агар якка тартибдаги тадбиркор бир неча фаолият тури билан шуғулланса ёки бир жойда рўйхатдан ўтказилиб, бироқ фаолиятни бошқа жойда амалга оширсачи? Ушбу ҳолларда ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқ қандай ставкадан тўланади? Жавобни Солиқ кодексининг ўша ­374-1-моддасидан топамиз: солиқ тегишли фаолият турлари учун белгиланган қатъий белгиланган солиқ ставкаларининг энг кўпидан келиб чиқиб ҳамда рўйхатдан ўтказиш жойи ва фаолиятни амалда ошириш жойи бўйича ставкалар ўртасидаги энг катта ставкада ҳисобланади.

 

2-МИСОЛ. Якка тартибдаги тадбиркор Тошкентда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларининг чакана савдоси билан шуғулланади. Ушбу фаолият турларини амалга ошириш учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ойига тегишинча ЭКИҲнинг 9 ва 10 бараварини ташкил қилади. Демак, ўз ходими учун тадбиркор энг юқори ставкадан келиб чиқиб ЭКИҲнинг 10 баравари – 355 200 сўм (30% х 10 х 118 400) қатъий белгиланган солиқ тўлайди.

 

3-МИСОЛ. Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида рўйхатдан ўтказилган унинг ҳамкасби Тошкентдаги савдо шохобчаси орқали озиқ-овқат товарлари сотади. Озиқ-овқат товарлари билан чакана савдони амалга ошириш учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари Тошкент шаҳрида ЭКИҲнинг 9 бараварини, вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда ЭКИҲнинг 6 бараварини ташкил қилади. Демак, ўз ходими учун тадбиркор қатъий белгиланган солиқни энг юқори ставкадан келиб чиқиб ЭКИҲнинг 9 бараварида: 319 680 сўм (30% х 9 х 118 400) тўлайди.

 

Ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқни у билан меҳнат шартномаси тузилгандан кейинги ойдан бошлаб ҳар бир ойнинг 25-санасидан кечиктирмай тўлаш лозим. Шуни эътиборда тутиш муҳимки, у билан икки нусхада эмас, балки уч нусхада имзоланадиган меҳнат шартномаси тузаётганда якка тартибдаги тадбиркор ёлланма ходимни солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ДСИда 3 иш куни ичида ҳисобга қўйиши шарт. Бунинг учун ҳар бир ходимга белгиланган шаклда ариза берилади, унга меҳнат шартномасининг учинчи нусхаси, ходимнинг паспорти нусхалари ва 2 фотосурати илова қилинади. Шундан сўнг тадбиркорга у билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига ёлланма ходимнинг ҳисоб варақасини беради. Унинг муддати тугаганда ёки меҳнат шартномаси муддатидан аввал бекор қилинганда варақ ДСИга топширилади. Меҳнат шартномаси шакли билан 219-сон Низомда (2-илова) танишиш мумкин.

Бундай ходимлар ишга қабул қилинаётганда тадбиркорнинг буйруқ расмийлаштириши ва меҳнат дафтарчалари юритиши талаб қилинмайди. Уларнинг меҳнат стажи бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига улар учун суғурта бадаллари тўланиши тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисобга олинади.

 

МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҚЛАРИ – ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР СТАВКАЛАРИ БЎЙИЧА

Илгари Солиқ кодексида ўзининг мол-мулкидан (турар жойлар, квартиралар, дала ҳовлилар ва бошқалар) ёки ер участкаларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланадиган ёки уларни юридик шахсга (ёки якка тартибдаги тадбиркорга) ижарага берадиган жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини юридик шахслар учун белгиланган ставкаларда тўлаши белгиланган эди. Энди эса турар жой ёки ер участкасидан жисмоний шахс бир вақтнинг ўзида яшаш учун ҳам, товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш, яъни тадбиркорлик фаолияти учун ҳам фойдаланса, солиқларни жисмоний шахслар учун белгиланган ставкаларда тўлайди. Бу Солиқ кодексининг ўзгартирилган 276 ва 291-моддалари билан белгиланган.

 

4-МИСОЛ. Якка тартибдаги тадбиркор ўз уйида тикув буюмларини тузатиш ва тикиш билан шуғулланади. Уйнинг умумий майдони – 270 кв.метр. Унинг кўчмас мулк давлат кадастри хизмати томонидан белгиланган инвентарлаш қиймати 3 500 минг сўмни ташкил қилади. Илгари мол-мулк солиғи юридик шахслар ставкасида – 4% ҳисобланар ва тадбиркор 140 минг сўм (3 500 000 х 4%) тўлар эди. Энди у турар жойнинг умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлганда жисмоний шахслар учун белгиланган 1,6%лик ставкада ҳисобланади. Солиқ суммаси 56 минг сўмни (3 500 000 х 1,6%) ташкил этади (Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 18, 19-иловалар).

Энди ер солиғини ҳисоблаймиз. Уй Тошкент шаҳрининг 3-зонасида жойлашган. У жойлашган ер участкасининг умумий майдони – 0,03 га. Тошкент шаҳрининг 3-зонасидаги ер участкаларидан фойдаланганлик учун ер солиғи ставкаси фуқаролар учун 1 кв.метрга 395 сўмни, корхоналар учун – 1 гектарга 51 750 000 сўмни ташкил этади (Президентнинг ПҚ-2270-сон Қарорига 20-илованинг 5-жадвали). Илгари ер солиғи суммаси 1 552 500 сўмни (0,03 га х 51 750 000) ташкил этарди, бироқ ўзгартиришлар туфайли у 103 500 сўмгача (300 кв.метр х 345) камайди. Хуллас, солиқ юкининг камайиши яққол кўзга ташланади.

 

СУҒУРТА БАДАЛЛАРИ – ҲАР БИР ХОДИМДАН

Ойлик суғурта бадаллари миқдори, уларни тўлаш тартиби, шунингдек уларни ҳисоблашни тўхтатиш шартлари Солиқ кодексининг янгиланган 311-моддасида белгиланган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, якка тартибдаги тадбиркор ўз ходимлари учун, ходимнинг ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, ойига ЭКИҲнинг 50%ини ташкил этадиган суғурта бадалларини тўлайди. Тўлов тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-санасидан кечиктирмай амалга оширилади. Ҳар бир ёлланган ходимга алоҳида тўлов топшириқномаси (кирим ордери – нақд пул билан тўланган тақдирда) расмийлаштирилади. Унда албатта ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов киритиладиган давр кўрсатилиши керак.

Фаолият вақтинча тўхтатилган тақдирда якка тартибдаги тадбиркор ариза ёзиб, бундан тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказувчи органни хабардор қилиши ва бир вақтнинг ўзида у ерга давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси (патент)ни топшириши шарт. ДСИга эса белгиланган муддатларда ёлланма ходимларни ҳисобга олиш варақаларини топшириши керак. Рўйхатдан ўтказувчи органдан олинган ахборот ва топширилган варақалар ДСИ учун ҳар бир ёлланма ходим учун ҳам, ўз фаолиятини амалга оширмайдиган даврга якка тартибдаги тадбиркорнинг ўзи учун ҳам суғурта бадаллари ҳамда қатъий белгиланган солиқни ҳисоблашни тўхтатишга асос бўлади. Агар тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатиб, ДСИга белгиланган муддатларда ҳисобга олиш варақаларини топширмаса, суғурта бадаллари ва қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаш тўхтатилмайди.

Агар тадбиркор ходимларни ёллаган, ҳатто улар билан меҳнат шартномаларини тузган, бироқ уларни ДСИда ҳисобга қўймаган бўлсачи? 219-сон Низомга кўра бундай ҳолат аниқланган тақдирда солиқ органлари ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадалларини йиллик миқдорларда ундирадилар (яъни қатъий белгиланган солиқ: 12 х солиқ ставкасининг 30%и, суғурта бадаллари: 12 х ЭКИҲнинг 50%и). Агар якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш санасидан бундай далилларни аниқлаш санасига қадар бир йилдан кам вақт ўтган бўлса, қўшимча ҳисоблаб ёзиш фақат ушбу давр учун амалга оширилади.

Ходимлар билан меҳнат шартномалари тузилмаган тақдирда якка тартибдаги тадбиркор маъмурий жавобгарликка тортилади. У ходимлар сонини яширганлик учун назарда тутилган (фуқароларга ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима4). «Расмийлаштирилмаган» ходимлар эса шуни эътиборда тутишлари лозимки, бундай далиллар аниқланган тақдирда улар тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошираётган шахслар сифатида қаралади. Солиқ органлари улардан қатъий белгиланган солиқнинг йиллик суммасини ундиришга ҳақлилар.

 

1Солиқ кодекси, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (25.05.2000 йилдаги ­69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда), Меҳнат кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллашни тартибга соладиган қоидалар билан тўлдирилди.

22015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб энг кам иш ҳақи – ойига 130 240 сўмга тенг (Президентнинг 26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сон Фармони).

3Қатъий белгиланган солиқ ставкалари йил бошида – 2015 йил 1 январда белгиланган энг кам иш ҳақидан (118 400 сўм) келиб чиқиб ўрнатилади ва энг кам иш ҳақининг миқдори ўзгарганда ҳам йил мобайнида қайта кўрилмайди.

4Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-5-моддаси.


Ирина АХМЕТОВА,

«Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 3820 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика