Norma.uz

Ихтиро баҳоси ошириб юборилган эди...

ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Қайта ташкил этиш натижасида 2015 йил январда хусусий корхона МЧЖга қўшиб олинди, ҳуқуқларни бериш шартномаси бўйича ихтироларга ҳуқуқлар ҳам унга ўтди. АЖдан февралда қарз олиш учун МЧЖ гаров сифатида ихтирога ҳуқуқни таклиф қилди, унинг қийматини эса 150 млн сўм деб баҳолади. Битим тузилди, АЖ фойдаланганлик учун ойига 1 млн сўм тўлаш шарти билан ярим йилга 100 млн сўм қарз берди.

Апрелда банкдан кредит олиш учун АЖ МЧЖнинг розилиги билан унинг таъминоти сифатида ўша ихтирони таклиф қилди. Бироқ банк ўтказган мустақил баҳолаш натижасида унинг қиймати 50 млн сўм деб белгиланди.

Баҳолаш натижасини олиб, АЖ МЧЖга шартномани бекор қилиш ва тегишли фоизларни тўлаган ҳолда қарзнинг бутун суммасини қайтаришни талаб қилиб мурожаат этди. Жамият рад жавобини берди. АЖ хўжалик судига қарз шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ва 100 млн сўм асосий қарзни қайтариш, қарздан фойдаланганлик учун 2 млн сўм фоиз, 2 138 400 сўм давлат божи ва 7 200 сўм почта харажатларини тўлаш даъвоси билан мурожаат қилди.

 

АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

2015 йил январда МЧЖ АЖга ўз қарзларини сўндириш учун фоизли қарз бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Таъминот сифатида у ихтирога ҳуқуқни тақдим этди. Аввалги раҳбарият билан келишувга кўра фоизли қарз шартномаси ушбу ҳуқуқнинг реал қийматини баҳоламасдан тузилган. Унга кўра АЖ 100 млн сўм қарз берди. Бироқ баҳолаш компанияси 2015 йил апрелда ўтказган мустақил баҳолаш ихтирога ушбу ҳуқуқнинг қиймати битим тузиш пайтида ва ундан кейин ҳам 50 млн сўмдан ошмаганлигини кўрсатди. Агар АЖ ҳуқуқнинг қиймати шунчалигини билганда эди, бу хил битимни тузмаган бўлар эди. У МЧЖнинг алдаши натижасида тузилган.

 

МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ

МЧЖ айланма маблағларга жуда муҳтож эди ва шу сабабли АЖга фоизли қарз бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Унинг таъминоти сифатида МЧЖ ихтирога ҳуқуқларни тақдим этди, унинг қийматини жамият ходимлари 150 млн сўм деб баҳолашди. Уларнинг ҳисоб-китоби АЖга тақдим этилган ва саволларни юзага келтирмаган. Қарз шартномасида гаровни баҳолаш қиймати ўзгарган тақдирда уни муддатидан аввал бекор қилиш назарда тутилмаган. МЧЖ қарзни қайтариш ва фоизларни тўлашга тайёр, бироқ шартнома билан белгиланган муддатларда шундай қилади.

 

СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозларини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилди ва суд иши моҳиятида баён қилинган далилларни аниқлади. Хўжалик процессуал кодексининг 67-моддаси ва Олий хўжалик суди Пленумининг «Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарори (4.03.2002 йилдаги 103-сон, бундан кейин 103-сон Қарор) 11-банди талабларига асосланиб, суд ихтирога бўлган ҳуқуқ қийматининг суд-иқтисодий экспертизасини тайинлади. Бундай экспертиза натижасида ушбу қиймат 50 млн сўмни ташкил қилиши аниқланди.

Экспертларнинг хулосасига ва ишда мавжуд бўлган материалларга асосланиб, суд:

АЖнинг даъво талабларини тўлиқ ҳажмда қондирди;

2 145 600 сўмлик суд харажатларини (давлат божи ва почта харажатларини) жавобгар зиммасига юклади.

Апелляция ва кассация инстанциялари ушбу ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирди.

 

ЮРИСТНИНГ ШАРҲИ

Ушбу низо ихтиро ҳуқуқининг ҳақиқий қиймати боис вужудга келганлиги сабабли хўжалик суди ХПКнинг 67-моддаси ва 103-сон Қарорнинг 11-бандига асосан суд-иқтисодий экспертизасини тайинлади. У қийматнинг оширилганлигини аниқлади, чунки ҳақиқий қиймати 50 млн сўмни ташкил қилган.

Фуқаролик кодексининг 123-моддасига мувофиқ алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим, шунингдек фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қолган битим (асоратли битим) жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. ОХС Пленумининг «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарори (28.11.2014 йилдаги 269-сон) 14.1-кичик бандига кўра алдаш деганда, бошқа шахсни ёлғон маълумотлар тақдим этиш, шунингдек битимни тузишга таъсир этувчи фактлар ҳақида сукут сақлаш йўли билан қасддан чалғитиш тушунилади. Алдаш битим элементларига нисбатан ҳам, унинг доирасидан ташқаридаги ҳолатларга ҳам, шу жумладан, битимни тузиш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Алдаш, бир тарафнинг бошқа тарафни битим тузишга ундаш воситаси бўлганда, юридик аҳамиятга эга бўлади.

Агар битим ҳақиқий эмас деб топилса, иккинчи тараф жабрланувчига унинг битим бўйича бажарган ҳамма нарсасини қайтариб бериши керак, олинган қарзни асли ҳолида қайтариш имкони бўлмаса, унинг қийматини пулда қоплаши керак. Бундан ташқари, иккинчи тараф у қилган харажатлар, йўқолган ёки шикастланган мол-мулкининг ўрнини қоплайди.

Келтирилган вазиятда алдаш ихтироларга ҳуқуқнинг қиймати ички баҳолаш далолатномаси билан асоссиз равишда оширишда ифодаланган. Шу сабабли суд АЖнинг даъво талабларини асосли равишда қондирди.

Мазкур ҳолда МЧЖ АЖ билан келишиб олиб, тегишли гаров таъминотини тақдим этиши ёки уни қайтариш муддати ва фоизларни тўлаш қисмида қарз шартномасининг амал қилишини узайтириш тўғрисида қўшимча битимни тузиши мумкин эди. Бошқа тижорат ташкилотларидан молиявий ёрдам олиш, кредит олиш учун банкка мурожаат қилиши ҳам мумкин эди.


Павел СИЛЬНОВ,
адвокат.

Прочитано: 2592 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика