Мен болалар боғчасининг хизматларига отамнинг пластик карточкаси орқали ҳақ тўламоқчи эдим. Банкда иккала паспортни – ўзимники ва карточка эгасиникини кўрсатдим. Бироқ банк ходимлари отамнинг паспорти нусхасини талаб қилишди. Мен уларнинг бу талабини рад этдим, чунки унинг ёрдамида ноқонуний операциялар қилишлари мумкин деб ҳадиксирайман.
Бундай ҳаракатлар қанчалик тўғри? Ҳақиқатан ҳам банк коммунал хизматлар ва болаларга болалар боғчасида қараш ҳақини тўлаш учун паспорт эгасидан унинг нусхасини талаб қилишга ҳақлими? Бу қаерда қайд этилган?
Г.Герасимова.
– Илгари оила аъзолари, дўстлар ва бошқа шахслар фақат эгасининг ишончномаси асосида шахсий банк карталаридан фойдалана олардилар. 2011 йил 23 июлдан ушбу талаб бекор қилинди (Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомнинг1 7-банди «а» кичик банди).
Шунингдек қонун ҳужжатларида шахсий банк карталари билан ҳисоб-китоб қилганда паспортлар ва уларнинг нусхаларини тақдим этиш тартибга солинмаган.
Шу билан бирга Марказий банк бошқаруви ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг қарори (АВ томонидан 21.11.2013 йилда 2528-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари тасдиқланган.
Қоидаларнинг 22-бандида тижорат банклари шу жумладан тижорат банкида жойлашган терминаллар орқали пластик карталардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслар томонидан операциялар амалга оширилганда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича мустақил равишда чора-тадбирларни кўришлари кераклиги қайд этилган (коммунал ва алоқа хизмати, бюджетга тўловлар, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бундан мустасно). Ушбу хизматлар ва тўловлар учун пластик карточка асосида ҳисоб-китоблар амалга оширилганда банк бирор-бир ҳужжатни талаб қилишга ҳақли эмас.
Бошқа ҳолларда у, юқорида тилга олинган нормада кўрсатилганидек, мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чораларни мустақил равишда кўриши шарт. Шу сабабли ҳар бир банк «мижозларни лозим даражада текшириш» тушунчасини ўз хоҳишича талқин қилиши мумкин.
Қоидаларда мазкур тушунчани янада аниқроқ очиб бериш, фикримизча, паспортни тақдим этганда унинг нусхасини тақдим этиш сингари ортиқча талабларни қўймаслик имконини берган бўлар эди.
1МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Маҳкам ВОҲИДОВ,
«Norma Profi» эксперти,
юридик фанлар номзоди.