Лифтлари эскирган Тошкентдаги кўп қаватли уйларда яшовчиларни қувонтирувчи янгилик – 6 йил мобайнида – 2016 йилдан 2021 йилгача пойтахтда 1 000 та лифт алмаштирилади. Вазирлар Маҳкамасининг 10.08.2015 йилдаги 235-сон Қарорида кўп квартирали уйларда лифт жиҳозларининг ҳолатини яхшилаш назарда тутилган. Мазкур ҳужжат Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади. Демак, шаҳримиз янада тоза, чиройли ва обод бўлади.
Лифтларни алмаштириш давлат дастурининг қиймати қарийб 85 769,4 млн сўмни ташкил қилади. Бу – пойтахтнинг уй-жой фондига жуда катта ёрдам. Бу кўп квартирали уйларда яшовчи аҳоли учун қулай ва хавфсиз шарт-шароит яратилишини яхшилаш, лифт жиҳозлари авариясининг олдини олиш учун қилиняпти. Лифтлари эскирган кўп қаватли уйлари кўп бўлган пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Сергели, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яшнобод туманларида уларни алмаштириш мўлжалланган.
Лифт хўжалигини яхшилаш мамлакат уй-жой сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шу сабабли кейинги йилларда Ҳукумат томонидан ушбу йўналишда қатъий қадамлар қўйилмоқда. Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2010 йилдаги 191-сон Қарори билан илк бор Республика ва Тошкент шаҳридаги кўп квартирали турар жойларда лифтларни янгилаш ҳамда алмаштириш дастури қабул қилинди. Унда 2010–2014 йиллар мобайнида пойтахтда 785 та лифтни алмаштириш, 577 тасини реконструкция қилиш ва 391 тасини мукаммал таъмирлаш назарда тутилган. Тошкент шаҳридан ташқари Дастур минтақаларни ҳам қамраб олган. Бироқ уни амалга ошириш давомида кўтаргичлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни етказиб бериш бобида форс-мажор ҳолатлар юзага келди. Шу сабабли Дастурга тузатишлар киритилди. Шундай бўлса-да, у лифт жиҳозларини янгилаш ва алмаштириш ишларининг бошланишига, давлат ушбу йўналишда уй-жой-коммунал соҳага ёрдам кўрсата бошлашига сабабчи бўлди.
Дастур қабул қилингунига қадар пойтахт уй-жой фондининг лифт хўжалигида 4 750 дан ортиқ кўтаргич бор эди. Уларнинг кўпчилиги чорак аср аввал ўрнатилган бўлиб, алмаштириш, мукаммал таъмирлашни талаб қилар эди. Текширишда биринчи навбатда тиклаш ва алмаштиришни тақозо этувчи қарийб 1 750 та лифт аниқланди. Лифт жиҳозлари турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланишига қарамай, ширкатлар ўз кучи билан уларни алмаштиришга қодир эмаслар. Шу сабабли давлат хусусий мулкдорларга ёрдам қўлини чўзиб, уларга бюджет маблағлари ҳисобидан улкан ёрдам бермоқда.
Кўп қаватли уйни Лифтларни алмаштиришнинг янги дастурига қандай қилиб киритиш мумкин? Ушбу мақсадда кўп квартирали уйлар инвентаризациядан ўтказилади, у жуда эскирган лифтларни аниқлаш имконини беради. Кўп қаватли уйларга нуқсонлар далолатномалари тузилади, манзилли туман дастурлари тасдиқланади. Кейинчалик ҳар йили тасдиқланадиган манзилли рўйхатларга киритиш учун лифтларни алмаштиришнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таъминлаш назарда тутилган. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмаси лифтларни янгилаш бўйича ишларнинг буюртмачиси ҳисобланади. Аҳоли эса давлатимиз лозим даражадаги техник ҳолатда сақлаб туриш учун улкан маблағ сарфлаётган мураккаб, қиммат турувчи жиҳозларни эҳтиёт қилиши ва асраб-авайлаши шарт.
Ирина ГРЕБЕНЮК, махсус мухбиримиз.