Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 36 / Хўжалик юритиш қоидалари

Кредитни таъминлашдаги гаров масалаларига доир

МЧЖ иштирокчиси бўлмаган жисмоний шахснинг мол-мулки жамият томонидан расмийлаштирилаётган кредитни таъминлаш учун гаров бўла оладими? Бунга эришиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Д.Мирражабова,

бош бухгалтер.

 

– Агар банк кредити тўғрисида сўз борса, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (25.04.1996 йилдаги 216-I-сон) 34-моддаси биринчи қисмига кўра банклар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўчар ва кўчмас мулкни гаровга қўйиш, кафолат бериш, кафилликка олиш ва мажбуриятлар асосида кредит берадилар. Яъни қарз олувчилар ўз кредит мажбуриятларининг бажарилишини турли усуллар билан таъминлашлари керак.

Фуқаролик кодексининг (ФК) 259-моддаси биринчи қисмига мувофиқ мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади (ФКнинг 264-моддаси биринчи қисми; «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг1 1-моддаси биринчи қисми). Юридик ва жисмоний шахслар гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи бўлишлари мумкин («Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси биринчи қисми). Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин. Ашёнинг (демак, мол-мулкнинг) мулкдори ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкин (ФКнинг 266-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари; «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари).

ФК ва «Гаров тўғрисида»ги Қонунда мавжуд бўлган гаров тўғрисидаги умумий қоидалар, агар бошқа талаблар «Ипотека тўғрисида»ги Қонун (4.10.2006 йилдаги ЎРҚ-58-сон) билан белгиланмаган бўлса, ипотека (кўчмас мулк гарови) бўйича муносабатларга нисбатан қўлланади. Бироқ ипотека билан таъминланган мажбуриятда иштирок этмайдиган учинчи шахс ипотекага қўювчи бўлиши мумкин («Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми).

Гаров предмети бўла оладиган (ёки бўла олмайдиган) мол-мулк, бошқа қонун ҳужжатларига ҳавола қилинган ҳолда ФКнинг 267-моддаси, «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси, «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 6 ва 9-моддаларида кўрсатилган. Хусусан, уларга қуйидагилар киради:

Давлат хавфсизлигини таъминлаш манфаатлари нуқтаи назаридан гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар тоифалари рўйхати (ВМнинг 8.05.2015 йилдаги 114-сон Қарори билан тасдиқланган);

Тарихий, бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхати (ВМнинг 5.12.2014 йилдаги 335-сон Қарори билан тасдиқланган).

Шу тариқа, жисмоний шахснинг мол-мулки, агар у оборотдан олиб қўйилган ва бегоналаштирилмайдиган мол-мулк турларига кирмаса ёки қонун ҳужжатлари билан гаровга қўйиш тақиқланмаган ёки чекланмаган бўлса, кредитни таъминлашда гаров предмети бўлиши мумкин. Бунда ушбу шахснинг ўзи унинг фойдасига гаров берувчи (ипотека берувчи) бўлаётган МЧЖ таркибига кириши ёки кирмаслиги муҳим эмас. Учинчи шахс мол-мулкининг гарови учун ҳужжатларни расмийлаштириш унинг кўчар ёки кўчмас мулклиги ва бошқа ҳолатларга боғлиқдир.

ФКнинг 271-моддасига мувофиқ гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилиши керак. Ипотека ва кўчмас мулкни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ҳам нотариал тасдиқланиши шарт. Бундан ташқари, ипотека тўғрисидаги шартнома тегишли мол-мулкли битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик гаров тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади2. Бундан шундай хулоса чиқади: ипотека шартномаси нотариал тасдиқланиши ва кадастр хизматида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Таъминланиши учун мол-мулк гаровга қўйиладиган кредит шартномаси нотариал тасдиқланиши мажбурийлиги қонунда назарда тутилмаган. Қонун ҳужжатларининг таҳлили шуни кўрсатдики, амалдаги бирорта қонун ҳужжатида ҳам кўчар мулк гарови шартномасини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби мавжуд эмас. Бинобарин, кўчар мулк гарови шартномаси (ҳатто автомототранспорт воситалари гарови ҳам, бироқ бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз) нотариал тасдиқланмайди, агар тарафларнинг ўзлари бундай қилишни хоҳламасалар, албатта.

Агар гаров предмети кўчмас мулк бўлса, ипотека шартномаси нотариус томонидан унга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина тасдиқланиши мумкин (Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг3 37-банди, бундан кейин – Йўриқнома). Бунда ҳужжатларнинг ксеронусхаси уларнинг асл нусхаси ва дубликати ўрнини боса олмайди.

Йўриқноманинг 125-бандида ипотека шартномасини тасдиқлаш учун нотариусга ипотекага қўювчи ва ипотекага олувчи тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлар саналган. Улар, хусусан, қуйидагилардир:

ипотека нарсасига нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат – мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарори (фармойиши) нотариал тасдиқланган; олди-сотди (ҳадя, айирбошлаш) шартномаси, мулк ҳуқуқи ва меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномалар, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа битимлар;

«Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси;

уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ХУМШ томонидан берилган маълумотнома;

гаров мулкининг суғурта этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (суғурта полиси) ва (ёки) суғурта шартномаси4;

асосий мажбурият ҳақидаги шартнома (сизнинг ҳолатда – кредит шартномаси);

ипотекага қўйилган мол-мулкнинг ипотекага олувчи ва ипотекага қўювчи билан биргаликдаги тузилган баҳолаш далолатномаси ёки баҳоловчи ташкилотнинг хулосаси;

ипотекага қўйилаётган мол-мулк умумий (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки) бўлса, барча мулкдорларнинг (эр-хотиннинг) розилиги;

хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ипотекага қўйилганда – шу уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган ва хусусийлаштиришга розилик берган шахсларнинг нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган розиликлари ҳақидаги аризалари;

агарда ипотекага қўйилаётган турар жойда доимий прописка қилинган шахслар вояга етмаган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган бўлса – уларнинг қонуний вакиллари ёки васийлик ва ҳомийлик органларининг ёзма розилиги;

ипотекага олувчи юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатлари, шунингдек вакилининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжати (ишончнома);

давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Агар гаров предмети кўчар мулк бўлса, унинг гарови асосий шартномада расмийлаштирилади, уни нотариал тасдиқлаш шарт эмас, битим тарафлари ёки улардан бирининг талаби бундан мустасно.

Айни вақтда шуни назарда тутиш зарурки, «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси биринчи қисми 1-бандига мувофиқ, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи ёки гаровга олувчи қўйилган мол-мулк кимдалигига қараб, гаровга қўйилган мол-мулк йўқолиши ёки шикастланиши хавфидан унинг тўла қиймати бўйича, борди-ю мол-мулкнинг тўла қиймати гаров билан таъминланган талабнинг миқдоридан ошиб кетса, талаб миқдоридан кам бўлмаган суммага гаровга қўювчи ҳисобидан суғурталаши керак.

Автомототранспорт воситалари гарови шартномаси нима учун кредит шартномаси бўйича мажбуриятларни таъминлашда нотариал тасдиқланмаслигига келсак. Аслида бундай тасдиқлашнинг мажбурийлиги Автомототранспорт воситалари билан битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон Қарори билан тасдиқланган) 1-банди ва 3-банди биринчи хатбошисининг маъносидан келиб чиқади. Бироқ мазкур меъёрий талаб ФКнинг 110-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандидаги кўрсатмага мувофиқ эмас, унга кўра қонунда кўрсатилган ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт. Қонунда назарда тутилишича, гаров шартномасига татбиқан олганда тарафлардан бирининг талаби бўйичагина битимларни нотариал тасдиқлаш шарт (ФКнинг 110-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди).

Бироқ кредит шартномасини таъминлашда жисмоний шахс томонидан қарз олувчи (МЧЖ) фойдасига гаров сифатида бир ёки бир нечта транспорт воситаси киритилса ва бундай гаров шартномаси улар томонидан нотариал тасдиқланмаса, нотариал тасдиқланмаганлиги боис ДЙҲХХ органи уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши мумкинлигини эътиборда тутиш лозим. Бундай бош тортиш қонуний эмас. Шу боис ҳам тарафлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг бундай ҳаракатсизлиги устидан белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.

 

19.12.1992 йилдаги 736-ХII-сон, 1.05.1998 йилдаги 614-I-сон Қонун таҳририда.

2»Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси, «Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 12 ва 13-моддаларига ҳам қаранг.

3Адлия вазирининг АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.

4Шуни айтиш лозимки, ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича гаровга қўйилган мол-мулк, агар ипотека тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, йўқолиш ва шикастланиш хавфидан суғурта қилиниши керак («Ипотека тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддаси биринчи қисми).

 

Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Profi» эксперти.

Прочитано: 7216 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика