Мен кичикроқ тикув фабрикаси бухгалтериман, бу ерда асосан ота-оналари билан яшайдиган ва ўзининг турар жойига эга бўлмаган ёш ходималар ишлашади. Бугун банкдан хат келди, унда ташкилот ҳар бир ойнинг 10-санасигача ҳар бир ходимнинг иш ҳақидан коммунал хизматлар учун 60 000 сўм миқдорида тўлов (40 000 – электр учун, 17 250 – газ учун ва 2 192 – сув учун) ушлаб қолиши ва ўтказиши шарт эканлиги қайд этилган. Банк Марказий банкнинг 15.05.2001 йилдаги 1031-сон қарорига асосланиб, иш ҳақини пластик карточкаларга ўтказмаяпти. Ходимларимиз иш ҳақидан коммунал хизматлар учун ушлаб қолинишига ёзма розилик бермаяптилар.
Банк иш ҳақини ходимларнинг пластик карточкаларига қайд этмасликка ҳақлими?
М.Акобжонова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Хатингизда Марказий банк ва Молия вазирлигининг Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни (бундан кейин – Низом) тасдиқлаган қарори (АВ томонидан 15.05.2011 йилда 1031-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тилга олинган.
Унинг 2-бандига мувофиқ корхона ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун тўловни белгиланган тартибда иш ҳақидан ушланма кўринишида қабул қилиб, кейин ходимларнинг ёзма аризаси асосида коммунал хизматлар кўрсатадиган корхоналар ва ташкилотлар ҳисобварағига ушбу маблағларни ўтказади. Ўзининг аризасида ходим коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари ва ушланма амалга оширилиши зарур бўлган даврни кўрсатиши керак (Низомнинг 3-банди).
Низомнинг 8-бандида белгиланишича, мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналарнинг раҳбарлари:
ўз ходимлари ўртасида иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан коммунал тўловларни тўлаш тартиби ва имкониятлари тўғрисида тегишли тушунтириш ишини доимий равишда ўтказишлари;
ўз ходимлари ёзма равишда мурожаат қилганида тегишли ҳисоб-китобларни бажаришлари, Низомга мувофиқ коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланадиган суммаларни аниқлашлари;
маблағлар коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўтказилганидан кейин иш ҳақидан ушланма амалга оширилган ходимга коммунал тўловлар тўланганини тасдиқлайдиган, корхона бош бухгалтери имзо чеккан ҳужжат топширилиши керак.
Бинобарин, агар ходимларингиз ўзлари айтган коммунал хизматлар учун тўловни иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида ёзма аризалар тақдим этмаган бўлсалар, ташкилотингиз бундай ушлаб қолиш ҳуқуқига эга эмас дея қайд этиш мумкин.
Банкнинг иш ҳақини ходимларингизнинг пластик карточкаларига қайд этишни рад қилиши нотўғри қарор сифатида баҳоланади. Ташкилотингиз ва унинг ходимлари банкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортишга ҳақли. Хусусан, Мижозларга ҳисобварақлар очиш, уларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш, иш ҳақи ва қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа эҳтиёжлар учун нақд пул маблағларини беришнинг ўрнатилган тартибларини бузганликлари учун тижорат банкларига жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг1 6-бандига кўра:
банк қонун ҳужжатлари билан белгиланган мижозларнинг ҳисобварақларига пул маблағларини ҳисобга киритиш ва ҳисобдан чиқариш тартибини2 бузганлик учун банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,01%и миқдорида жарима тўлайди3, белгиланган электрон тўловларни амалга ошириш ва хато равишда амалга оширилган электрон тўловлар бўйича пул маблағларини қайтариш муддатларини бузиш бундан мустасно;
банк томонидан қонун ҳужжатлари билан белгиланган электрон тўловларни амалга ошириш муддатлари бузилган тақдирда у муддати ўтган ҳар бир кун учун мижозга муддати кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 0,1%и миқдорида, бироқ муддати кечиктирилган электрон тўлов суммасининг 10%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлаши шарт.
Банкнинг ғайриҳуқуқий ҳаракатсизлиги устидан сиз МБ, адлия ёки прокуратура органлари ёхуд хўжалик судига (ходимлар эса – фуқаролик ишлари бўйича судга) шикоят қилишингиз мумкин.
Яна бир маълумотни эътиборингизга етказмоқчимиз. Банкнинг рад жавоби пул маблағларини (иш ҳақини) ходимларингизнинг карта ҳисобварақларига қайд этиш билан эмас, балки ўша маблағларни ташкилотингизнинг ўзига бериш билан боғлиқ, дейлик. Мазкур ҳолда банк вакили (ёки вакиллари)нинг қилмишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 241-7-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлади. МЖТКга яқиндагина киритилган мазкур модда4 банкнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларга иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар ва уларга тенглаштирилган бошқа тўловларни бериш асоссиз кечиктирилганлиги учун ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солиш тарзида айтилган жавобгарликни белгилайди. Ўша шахс (шахслар) томонидан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил мобайнида такрор содир этилганда Жиноят кодексининг 192-7-моддаси бўйича жавобгарлик5 юзага келади.
1МБнинг АВ томонидан 30.06.2001 йилда 1044-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2Мижозлар ҳисобварақлари жумласида карта ҳисобварағи ҳам қайд этилган, унинг пул маблағларини тасарруф этиш банк картаси воситасида амалга оширилиши мумкин бўлган банк ҳисобварағи ана шундай ҳисобварақ ҳисобланади (МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган Тижорат банклари томонидан банк карточкалари чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом 1-бандининг «р» кичик банди).
31.01.2011 йилдан бошлаб устав капитали энг кам миқдорлари тижорат банклари учун – сўм эквивалентида 10 млн еврогача; хусусий банклар учун – сўм эквивалентида 5 млн еврогача белгиланди (Президентнинг 6.04.2010 йилдаги ПҚ-1317-сон Қарори 3-банди).
4Расмий равишда чоп этилган кундан бошлаб («Халқ сўзи» газетаси, 21.08.2015 йилдаги 164 (6317)-сони) кучга кирган 20.08.2015 йилдаги ЎРҚ-391-сон Қонун 7-моддасининг 10-банди.
5Ўша Қонуннинг 5-моддаси 8-бандига қаранг.
Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Profi» эксперти.