Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2-бандини тушунтириб берсангиз. Вақтинча прописка қилинган ходимларга ижтимоий кафолатлар бериладими? Уларга ойлик мукофотлар, таътилдан фойдаланмаганлик учун компенсация ва бошқалар тўланадими?
В.Григорьева.
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (ички ишлар вазирининг АВ томонидан 21.05.2012 йилда 2366-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган, бундан кейин – Йўриқнома) 2-бандига кўра фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳисобга олиш фуқарони доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан 5 кундан 6 ойгача муддатга (ўқиш учун таълим муассасасига келган шахслар учун – ўқиш даврига) амалга оширилади ҳамда бу Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турар жой сотиб олиш, шунингдек доимий ишга ва ижтимоий кафолатларга эга бўлиш учун асос ҳисобланмайди.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар ҳисобга олинмайди.
Ҳисобга қўйилган фуқаро ҳисобга олиш муддатидан ортиқ бўлмаган даврда вақтинча ишга эга бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Шу тариқа, ҳисобга қўйилган фуқаро вақтинчалик ишга – ҳисобга олиш муддатидан ошмайдиган даврга (6 ойга қадар) муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳақуқига эгадир. У ҳисобга олиш даври тугаши билан бекор қилинади (Меҳнат кодексининг 105-моддаси). Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатга олиш зарур бўлганда ва унинг муддати узайтирилган ҳолатда ҳисобга олиш муддатига қайтадан муддатли меҳнат шартномасини тузиш мумкин.
Ижтимоий кафолатларга келсак.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан олганда ижтимоий кафолатлар – ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида берилган ҳуқуқларни ходимлар амалга оширишини таъминлайдиган воситалар, усуллар ва шартлар.
Ҳисоб учун рўйхатга олиш даврида ходим доимий иш ва ижтимоий кафолатлар ололмаслиги сабабли меъёрий ҳужжатлар, шу жумладан шартномавий тусдаги ҳужжатлар (жамоа битимлари, шартномалар, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек муддатли меҳнат шартномасига кўра ходимга ижтимоий кафолатлар бериш бўйича чекловлар белгиланиши мумкин. Масалан, йиллик асосий таътил (МКнинг 134-моддаси), ижтимоий таътиллар (МКнинг 149-моддаси) берилмаслиги, рағбатлантириш тусидаги чоралар кўрилмаслиги мумкин ва ҳоказо.
Шуни эслатиш зарурки, паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш, шунингдек фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уларнинг паспортларини гаровга олиш – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси тўртинчи қисми).
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.