Фирманинг ички меҳнат тартиби қоидаларида иш ҳақини ҳар бир ойнинг 15-кунида тўлаш назарда тутилган. Шу сабабли биз иш ҳақини ойда бир маротаба оламиз.
Локал ҳужжатнинг мазкур қоидаси қонунийми?
Баҳодир.
– Иш берувчингизнинг ҳаракатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид.
Меҳнат кодексининг 161-моддаси биринчи қисмига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда 1 мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Шу тариқа, иш ҳақи ойига 2 маротабадан кам тўланиши мумкин эмас. Мазкур норма императив ҳисобланади ва кенгайтириб талқин қилинмайди.
Юқоридаги ҳаракатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш сифатида баҳоланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасида назарда тутилган жавобгарликка олиб келади. Бундай ҳолда мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, эксперт-юристимиз.