Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2015 год / № 36 / Амалий инфратузилма

Пайсалга солмайдиган суд

Ўтган йил якунларига кўра Навоий вилоятининг ҳакамлик суди республикада энг яхши ҳакамлик суди деб топилди ва Савдо-саноат палатаси президиумининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Мазкур эътирофда Навоий медиациясининг сони ва самарадорлиги ҳал қилувчи роль ўйнади. Мамлакатимиздаги худди шундай судлар ўртасида биз энг кўп ишларни кўриб чиқдик ва низоли 60 масала бўйича ҳал қилув қарорларини чиқардик.

 

Суд муҳокамалари амалиётининг ўзига хос сифатли томонлари ҳам бор. Манфаатларнинг 12 ихтилофи сулҳ келишувлари билан якунланди. Ушбу натижа, фикримча, бизнинг олий ютуғимиз ҳамдир. Зеро ўзаро келишилмаган масалалар ва эътирозларга эга бўлган тарафларнинг ҳар бири судга ўз ҳақиқати билан келган. Бизнинг воситачилик саъй-ҳаракатларимиз иккала тарафнинг фойдасига хизмат қилди. Суддан улар муросага келган, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаган ҳолда кетдилар.

Жорий йилнинг биринчи ярмида биз яна 10 ҳолда «муросасиз рақиблар»ни яраштиришга муваффақ бўлдик. Умуман олганда, ушбу даврда 43 низони ҳал этдик, 2015 йил давомида судимиз камида 100 ишни кўриб чиқишига ишонамиз.

Медиация нимаси билан жозибадор? Бир томондан, ҳакамлик суди низоларни ҳал этишнинг нодавлат органи ҳисобланади ва давлат тизимига кирмайди. Бироқ у «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун (16.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон) билан хусусий ҳуқуқ низоларини кўриб чиқиш ва низолашувчи тарафлар ижро этиши учун мажбурий ҳужжатлар қабул қилишга ваколатланган. Зарур ҳолларда, масалан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини ютқазган тараф ихтиёрий равишда бажармаганда қонун ҳужжатлари уни мажбур этиб бажартириш механизмини назарда тутади. Шу тариқа, давлат судлари билан бир қаторда ҳакамлик суди фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органларидан бири ҳисобланади. Айтиш жоизки, биз ҳозирча ҳал қилув қароримизнинг бажарилишига эришиш учун мажбурлашга бирор марта ҳам ўтганимиз йўқ.

Бошқа томондан эса, ҳакамлик судининг етарлича мослашувчан регламентлари ҳакамлик муҳокамаси қоидаларини белгилаш ва тартибга солиш учун низо тарафларига етарлича эркинлик беради. Тарафлар уларни ҳакамлик келишувида ёки низони кўриб чиқиш давомида келишишлари мумкин. Шу туфайли медиация низоларни улар иштирокчиларининг манфаатларига энг тўлиқ жавоб берадиган шартларда имкони борича самаралироқ ҳал этиш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, келишмовчиликларни самарали ҳал этишга иштирокчиларнинг ишончини оширади.

Кейинги муҳим жиҳат – вақт ва пул. Образли қилиб айтганда, ҳакамлик судини энг тез ўтадиган суд дейиш мумкин. Хўжалик ва фуқаролик судларидан фарқ қилиб, унда на апелляция, на кассация инстанциялари бор. Бизда суд муҳокамаси бир марта ўтказилади ва унинг ҳал қилув қарори қайта кўрилмайди1. Ҳакамлик йиғими ҳам фақат бир марта тўланиши аҳамиятга эга. Давлат судида апелляцияга ҳам, кассацияга ҳам давлат божи тўланади. Ҳал қилув қарори якуний тусга кирган пайтга келиб суд харажатлари салмоқли суммани ташкил этиши мумкинлигини фаҳмлаш қийин эмас. Бунинг устига агар хўжалик судига мурожаат қилганда давлат божи 1%ни, фуқаролик судига мурожаатда – 20%га қадарни ташкил этса, ҳакамлик суди харажатларини сўндиришга 1%дан кўп ундирилмайди. Суд чиқимларини ҳисоблашда шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, фуқаролик ва хўжалик судларида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси олинганда ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Ҳакамлик суди ғоятда хилма-хил ишларни кўриб чиқади. Уларнинг ҳаммасини шахсий ёки тижорий манфаатнинг борлиги бирлаштиради. Чунончи, Микрокредитбанкнинг вилоят бўлими бизнинг судимиз орқали хусусий тадбиркор Дилдора Тиллаевадан2 кредит бўйича 14 млн сўм қарзни ундиришга ҳаракат қилди. Суд даъвони қондиришдан бош тортди, чунки низо предмети йўқ эди. Суд эшитуви давомида тадбиркор аёл банк билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилганлиги аниқланди.

Мақолда айтилганидек: «Дўстингни йўқотмоқчи бўлсанг, унга қарз бер». Ораларидан қил ўтмайдиган икки дугона, Нилуфар Алимова билан Мавлуда Қосимова орасида ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берди. Улар болаликдан дугона бўлишган. Ҳар бирининг ўз бизнеси бор эди. Бироқ Мавлуда Нилуфардан 130 млн сўм қарз олиб, уни вақтида қайтара олмаганидан кейин дугоналар ўртасидан «қора мушук ўтди» ва улар уришиб қолишди. Ҳакамлик суди уларни яраштирди, бу ерда дугоналар қарзни сўндириш бўйича барча муддатлар ва бўлиб-бўлиб тўлашларни келишиб олишди.

Судимизга Савдо-саноат палатаси минтақавий бўлимининг ўз аъзоларидан бири – унга аъзолик бадалларида қарздор бўлган йирик вилоят корхонасига қаратилган даъвосини кўришга тўғри келди. Бундан ташқари, хўжалик судидаги икки жараёнда корхонанинг манфаатларини ҳимоя қилган Палата унинг фойдасига қарор чиқарилишига эришди. Бироқ тарафларнинг келишувига кўра ўз хизматлари учун тегишли ҳақни ололмади. Даъвогар ва жавобгарнинг ўзаро розилигига кўра иш ҳакамлик суди томонидан кўрилди. Эшитувларнинг давомида жавобгар ўзининг Палата олдидаги қарзини эътироф этди ва суднинг ҳал қилув қарорига кўра унга 39,6 млн сўм тўлади.

Амалиётимизнинг кўрсатишича, ҳакамлик муҳокамаси низоларни ҳал этишнинг самарали механизми бўлиб, ихтилофларни ҳал этишнинг махфий сақланиши, тежамлилиги ва тезкорлигини таъминлайди, низолашаётган тарафларга амалий ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолиш имконини беради.

 

1Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафи томонидан ваколатли судга ушбу қарорни бекор қилишни сўраб ариза бериш йўли билан низолашилиши мумкинҲакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуннинг 46-моддаси).

2Исм ва фамилиялар ўзгартирилган. Ҳар қандай тўғри келишлар тасодифийдир.


Абдувоҳид НОРОВ,

Навоий вилоят ҳакамлик
судининг раиси.
 

Прочитано: 1828 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика