Раҳбар қарори билан ходимга унинг олий ўқув юртида ўқиши ҳақини тўлаш учун фоизсиз қарз берилди, у кейин иш ҳақидан ҳар ойда ушлаб қолинади.
Қарз суммасига солиқ чегирмаси қўллаш мумкинми ва қандай қилиб? Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ҳисоботда қарз суммаси ва солиқ чегирмасини қандай кўрсатиш керак?
Марта.
– Ҳа, мумкин.
Юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлар (ссудалар) ҳисобига Ўзбекистон олий ўқув юртидаги таълимга ҳақ тўлашда солиқ чегирмасини қўллаш имконияти Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг1 4-бандида назарда тутилган. Таълимга ҳақ тўлашнинг бундай усулида солиқ чегирмаси дарҳол қарзнинг бутун суммасига эмас, балки уни сўндиришга йўналтириладиган маблағлар қисмигагина қўлланади. Агар қарз суммаси ҳар ойда иш ҳақи ва ходимнинг солиқ солинадиган бошқа даромадларидан қисмлаб сўндирилса, ҳар бир ой учун солиқ чегирмаси мазкур ойда ушланган суммага тенг бўлади.
МИСОЛ. 2015 йил январида корхона ходимга унинг олий ўқув юртида иккинчи семестрда ўқиши учун ҳақ тўлашга 2 700 минг сўм қарз берди. Ушбу сумма иш ҳақидан февралдан бошлаб 6 ой мобайнида тенг қисмлар билан ушланади. Яъни ҳар бир ой учун солиқ чегирмаси суммаси – 450 минг сўм (2 700 / 6).
Январда ходимга 960 минг сўм, февралда 1 120 минг сўм (солиқ солинадиган даромадлар) ҳисобланди.
Январда солиқ бутун даромад – 960 минг сўмдан ушланади. ЖШДС 102 816 сўмни ташкил этади, шундан ШЖБПҲга – 8 416 сўм, бюджетга 94 400 сўм ўтказилади.
Таълим ҳақини тўлашга доир имтиёз январь–февраль ойлари учун солиқ ҳисоб-китобида қўлланади. Февраль шкаласи бўйича ҳисобланган солиқ суммаси:
80 512 + (2 080 000 – 450 000 – 1 184 000) х 17% = 156 332 сўмни ташкил этади,
улардан ШЖБПҲга – 13 932 сўм ((2 080 000 – 450 000 – 118 400 х 2) х 1%),
бюджетга – 142 400 сўм (156 332 – 13 932).
Февралда солиқ 53 516 сўмни (156 332 – 102 816) ташкил этади, улардан ШЖБПҲга 5 516 сўм (13 932 – 8 416), бюджетга 48 000 сўм (142 400 – 94 400) ўтказилади, суғурта бадали – 78 400 сўм (1 120 000 х 7%).
Февраль учун ходимга:
1 120 000 – 450 000 – 53 516 – 78 400 = 538 084 сўм тўланади.
ЖШДС бўйича ҳисоботда ходимга қарзга берилган (қайтариш шарти билан) сумма кўрсатилмайди, чунки у ходимнинг даромади ҳисобланмайди.
Солиқ чегирмаси суммаси солиқ солишдан озод қилинган даромад сифатида кўрсатилади:
Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларнинг (бундан кейин – Маълумотлар) 006-сатрида;
Жисмоний шахсларнинг солиқ солишдан озод этилган даромадлари расшифровкасининг 036, 03, 02 ва 01-сатрларида (Маълумотларга 4-илова).
Жисмоний шахсларга тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда ШЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкасида (дивидендлар ва фоизлардан ташқари) (Маълумотларга 1-илова, бундан кейин – 1-расшифровка) ходимдан қарзни сўндириш ҳисобига ушланган сумма ҳисоблаб ёзилган (2-устун) ва тўланган (6-устун) даромадда ҳисобга олиниши керак. 2-устундаги маълумотлар қарз бўйича ушланма қилинган иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадларни ҳисоблаб ёзиш санасида кўрсатилади. 6-устунда эса – ушбу даромадлар ходимга тўланиши мумкин бўлган санада кўрсатилади (унинг пластик карточкасига ўтказилган). Қарз ҳисобига ушланган сумма 3 ва 7-устунларга киритилмайди.
МИСОЛ. Ходимга март учун 1 100 000 сўм иш ҳақи ҳисобланди, шундан 300 000 сўм қарзни сўндириш ҳисобига ушланади, 9 816 сўм ШЖБПҲга, 92 184 сўм бюджетга (ЖШДСнинг шартли суммаси) ўтказилади, 77 000 сўм – Пенсия жамғармасига суғурта бадали.
Март учун иш ҳақи ходимларга 3 апрелда кассадан берилган ва карточкаларга ўтказилган (мисолни соддалаштириш учун бўнакни ҳисобга олмаймиз).
1-расшифровканинг 2-устунида ходимларга март учун ҳисобланган даромадлар умумий суммасида (ЖШДС ва суғурта бадаллари чегирилган ҳолда) 921 000 сўм (1 100 000 – 9 816 – 92 184 – 77 000) ҳисобга олинади. Солиқ солинадиган даромадларда (3-устун) 621 000 сўм (921 000 – 300 000) ҳисобга олинади. 2 ва 3-устунлар бўйича операция ўтказиш санаси – 31 март.
1-расшифровканинг 6-устунида тўланган даромадлар суммаси 921 000 сўмни ўз ичига олади, 7-устунга фақат солиқ солинадиган даромад – 621 000 сўм қайд этилади. Операцияни ўтказиш санаси (тўлов) – 3 апрель.
1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова.
Жавобни «Norma Ekspert»
мутахассислари тайёрладилар.