Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 4 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Бошлиқнинг ўзи бухгалтерлик қилиши тақдир иноятими ёки зарурат?

Бугунги кунда ўз компаниясининг бухгалтерия ҳисобини ўзи олиб бораётган раҳбарлар оз эмас. Уларнинг аксарияти бухгалтерликдан кўтарилиб раҳбарлик даражасига етишган. Улар ўз фирмаларини ташкил этиб, унда бухгалтерия ҳисобини ўз билгича олиб борадилар. Мураккаб бухгалтерия ишини ўрганишга бел боғлаб, ўз корхонаси бухгалтерлигини эгаллаб, икки жабҳада иш олиб бораётган тадбиркорлар унча кўп эмас. «Enver-Ilyos-Shohruh» хусусий корхонаси муассиси ва раҳбари Анвар Йўлдошев зиммасига ҳийлагина оғир вазифани олган, бизнес соҳаси учун бу фойдали, қизиқарли ва мароқли эканлигига астойдил ишонадиган кишилардан биридир.

 

Анвар Саидбекович, нима сабабдан компаниянгиз бухгалтерлигини «бегона қилмаслик»ка аҳд қилдингиз?

– 1992 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Дастлаб компанияларда ҳисоб ишини бухгалтерлар олиб боришар эди. Юритаётган бизнес ишимга тааллуқли ҳамма нарсадан хабардор бўлиш истаги, қолаверса, қизиқиш мени бухгалтерия сир-асрорларини ўрганишга ундади. Олий иқтисодий маълумотим бор, бинобарин бухгалтерия ҳисоботи асослари билан танишман. Аввалига бухгалтерия ҳисобини бухгалтерлар билан бирга олиб бордик. Ўшанда кўпгина янги нарсаларни билиб олдим, бу ишнинг хос жиҳатларини чуқурроқ эгаллашга интилдим. Бора-бора ўз ташкилотимнинг бухгалтерия ҳисобини ўзим бемалол амалга ошира оламан деган фикрга келдим. Профессионал бухгалтер тайёрлаган ҳисоботни кўздан кечираётиб, хатосини топган куним узил-кесил бир тўхтамга келдим ва бухгалтерияни яхши биламан, барча қирраларини тушунаман деган ишонч тинчимни олди. Шу зайил, 2007 йилдан буён ҳозирги кунга қадар, ўз компаниямда бош бухгалтер вазифасини ҳам ўзим бажариб келаётирман.

Мен пулни тежаш мақсадида ёки бухгалтерларга ишонмаганимдан бу тахлит йўл тутганим йўқ. Бизнес иши муассиси сифатида мени кўпроқ натижа қизиқтирарди. Шунинг учун ҳам, корхонамнинг барча фаолиятини муттасил назорат қилиб боришга ҳаракат қиламан. Раҳбар сифатида зиммамга қандай масъулият ва таҳдид-таваккалчиликларни олаётганимни яхши биламан. Табиатимнинг ўзи шундай: бухгалтерия ҳисобидан четроқда юришга сира ҳушим йўқ, негаки бу борадаги хатолик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

– Бир вақтнинг ўзида бизнес ишини ва бухгалтерия ҳисобини олиб боришга қандай улгураётирсиз? Зиммага бунчалик юк олиш хатоликларга кўпроқ йўл қўйишга олиб келмасмикан?

– Яшириб нима қилдим, бу сермашаққат иш, баъзан ҳаммасига улгуриб ҳам бўлмайди. Хатоликдан эса, ҳеч ким холи эмас. Рост, ҳар иккала фаолиятни қўшиб олиб бораётган йилларим мобайнида жиддий молиявий қоидабузарликлар бўлмади. Институтда бухгалтерия ҳисоби асосларини ўрганганлигим асқотди, албатта, ҳозир ҳам шу билимдан фойдаланмоқдаман. Одам ўз устида мунтазам равишда иш олиб бормаса, билимини бойитиб, кўникмаларини ривожлантириш пайида бўлмаса, «бисоти»даги билимларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўзини уринтиришни хоҳламайдиган, дангасароқ табиатли одамларга бу йўсинда ишлаш ёқмаслиги турган гап. Ўз вақти ва куч-ғайратини бутунлай бошқа ўзанда фойдаланиш истагидагилар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Тўғри, уйда кўп ишлайман. Ҳисобот топшириладиган кезлари танг ҳолатга тушиб қоламан баъзан, яқинларим билан ҳам ишим бўлмай қолади. Бахтим шундаки, улар шундай кезлари ҳол-аҳволимни тўғри тушунишади.

– Айни ҳозир бухгалтерлар учун ўша сиз айтган тиғиз вақт – йиллик ҳисобот даври кечмоқда. Унинг «чангали»дан омон чиқиш учун қандай маслаҳат берган бўлур эдингиз?

– Энг аввало, ҳисобот даврини рисоладагидек якунлаш учун муҳим, устувор ишларни бирма-бир режалаштириб оламан. Айниқса, бирламчи ҳужжатларга алоҳида ­эътибор бераман. Бундай ҳужжатлар вақтида ва дарҳол расмийлаштирилган бўлса, ҳисоботни тайёрлашни анчагина енгиллаштиради.

Одам ўзини чоғлашида ҳам гап кўп. Жуда қийналиб кетган пайтларимда ҳам, бухгалтерия фаолиятини ўзим танлаганман, бунга ҳеч қачон афсусланмаганман-ку ахир, дея ўзимга ўзим тасалли бераман.

– Молиявий ҳужжатларни қандай имзолайсиз? Раҳбар ва бухгалтер учун икки марта имзолашга тўғри келадими?

– Хусусий тадбиркорлик субъектлари, менинг бизнес ишим ҳам шулар жумласига киради, агар корхона штатида бош бухгалтер лавозими назарда тутилган бўлмаса, битта имзо ҳуқуқига эга, яъни биттагина имзо етарлидир. Шу сабабли, корхоналаримнинг ҳисобварақ-фактураларига эътибор қилган бўлсангиз, у ерда «Бош бухгалтер» дейилган катакда ҳамиша «Назарда тутилмаган» деган ёзувга кўзингиз тушгандир...

– Сизнинг муассис-директор-бухгалтер деган мақомингиз баъзан енгил табассумга ҳам сабаб бўлса керак-а?..

– Дарҳақиқат, шунақа ҳоллар ҳам бўлиб туради. Зотан, ўз корхонасининг бухгалтерия ҳисобини олиб бораётган раҳбар ҳар куни учрайвермайди, албатта. Контрагентлар билан мулоқот вақтида қизиқ ҳолатлар бўлиб туради. Одатда улар учрашувларда мендан боғланиш учун бухгалтеримнинг телефон рақамини сўрашади ёки битимни амалга ошириш учун бухгалтер нималарни тақдим этиши лозимлигини тушунтира бошлашади. Мен ўзим бухгалтер эканлигимни айтганимда, кўпинча, ҳамсуҳбатларим ажабланганликларини яшира олмай қоладилар.

– Мамлакатимизда сизга ўхшаган тадбиркорлар кўпми?

– Тошкентда бухгалтерия ҳисобини ўзи юритаётган корхона раҳбарларини кам учратганман. Минтақаларда бундайлар кўп. Бу нима билан боғлиқ эканлигини билмайману, ҳар қалай минтақаларда бизнес иши бу йўсин ривожланаётганлиги мени қувонтиради. Назаримда, бухгалтерия ҳисобига «тиши ўтадиган» тадбиркор катта ютуқларга эришишга қодирдир.

– Газетамиз саҳифаларида бухгалтерия ҳисобининг билимдон, уқувли мутахассисини тавсифлаб беришни кўп сўраймиз. Бу хусусда раҳбарлар ҳам ўз фикрини айтишади. Яхши бухгалтер, сизнингча, қандай бўлиши керак?

– Тартиб-интизомни ёқтириши, профессионал билимга эга бўлиши ҳақида гапириб ўтирмайман. Булар ҳар қандай бухгалтер учун, шак-шубҳасиз, керакли ва мажбурий фазилатлардир. Яхши бухгалтер қонун ҳужжатларидан тузуккина хабардор бўлиши ва уларнинг «уммони»да мўлжални тўғри ола билиши керак. Бу гап бухгалтерия ва солиқ соҳасинигина эмас, балки иш берувчининг фаолият жабҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ҳам тааллуқлидир. Умуман бухгалтер замон билан ҳамқадам бўлиш учун шу йўналишдаги билим савиясини муттасил ўстириб бориши керак.

– Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги доимий ўзгаришларни шахсан сиз қай йўсинда кузатиб борасиз?

– Ихтисослаштирилган матбуот органлари, шу жумладан газетангизга доимо обуна бўламан, профессионал адабиётларни ўқиб бораман, сайтларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан, семинарларга қатнайман. Қонун ҳужжатларидаги янгиликлардан бохабар бўлиб туриш унча мураккаб иш эмас. Энг муҳими, бу ишнинг узлуксизлигини таъминлаш, узилиш бўлишига йўл қўймасликдир.

– Суҳбатимизнинг якунида компания раҳбарининг бухгалтерия ҳисобини олиб боришидаги афзаллик ва камчилик жиҳатлари нимада эканлигини айтиб берсангиз.

– Вақт етишмаслиги, кўп куч-ғайрат сарфлашга тўғри келишини камчилик дейдиган бўлсак, ўз корхонам фаолиятида мунтазам иштирок этиб, барча моддий ресурслар, пул оқимларини кузатиб ва назорат қилиб бориш унинг афзалликлари саналади. Воқеа-ҳодисаларнинг бутун жараёнида иштирокинг бўлиши одамга завқ-шавқ бағишлайди. Мени бу йўсин иш тутишга ундаётган нарса ҳам шу бўлса керак.

Барча бухгалтерларга ҳисобот даврлари ва солиқ текширувлари палласидан яхши ўтиб олишларини, тадбиркорларга эса, ишлари гуллаб-яшнашини тилайман. Тадбиркорларга айтадиган яна бир гапим шуки, бухгалтерия ҳисобини албатта ўрганишсин. Бухгалтериянинг паст-баланд тарафларидан воқиф бўлиш, уларни яхши билиш, ўз бухгалтеринг билан теппа-тенг, бир тилда гаплашиш имконини беради. Бу эса, бизнес ишингиздаги ютуқ гаровидир.

 

Мухбиримиз
Наталья СПИРИДОНОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 2556 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика