Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 4 / Бухгалтерга ёрдам

5-сон БҲМС: амалиёт тузатишлар киритишни тақозо этди

Молия вазирининг Адлия вазирлиги томонидан 9.12.2014 йилда 1299-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи (кейинги ўринлардаБуйруқ) билан Ўзбекистон Республикаси Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (5-сон БҲМС) «Асосий воситалар»га ўзгартириш ва қўшимчалар тасдиқланди.

 

Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти «Асосий воситалар»га киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муайян ҳолатларда асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисоби услубиятига муҳим тузатишларни назарда тутади. Хусусан, улар амортизацияни ҳисоблаб ёзиш, шунингдек бошланғич ва амортизация қийматини шакллантиришга тааллуқлидир.

Бундан ташқари, узоқ муддатли моддий активлар – ишлаб чиқариш воситалари тушунчасига тузатиш киритилди. Шундай қилиб, 5-сон БҲМСнинг янги таҳририда «асосий воситалар объектлари» сўзлари «асосий воситалар» сўзлари билан алмаштирилди.

 

АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИНГ ТАН ОЛИНИШИ ВА УЛАР ҚИЙМАТИНИНГ БАЛАНСГА КИРИТИЛИШИ

Буйруқ билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ активларни асосий воситаларга (АВ) киритиш тартиби аниқлаштирилди. 5-сон БҲМСга ўзгартиришлар кучга киргунига қадар асосий воситалар жавоб бериши лозим бўлган 2 мезон: хизмат қилиш муддати ва қиймат мезони белгиланди. Бироқ амалиётда қуйидаги савол тез-тез учраб турар эди: «Активлар икки мезонга мувофиқ келиши керакми ёки биттасига мувофиқ келиши етарлими?».

Буйруқ кучга кириши билан мазкур ноаниқликларга ойдинлик киритилди – бир вақтнинг ўзида иккала мезонга мувофиқ келиши лозим.

 

Шунингдек киритилган ўзгартиришлар билан ашёвий ҳуқуқлар рўйхати аниқлаштирилди, мазкур ҳуқуқлар мавжуд бўлганда асосий воситалар корхона балансига киритилади. Чунончи, хўжалик юритувчи субъектда мулк ҳуқуқи, хўжалик юритув ёки тезкор бошқарув ҳуқуқи мавжуд бўлганда АВ қиймати корхона балансига киритилиши лозим.

 

Асосий воситаларнинг корхона балансига киритилишига олиб келадиган операциялар рўйхати кенгайтирилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, 5-сон БҲМСга ўзгартиришлар киритилгунига қадар мазкур рўйхат ёпиқ ҳисобланган. Илгари тасдиқланган рўйхатга хўжалик жамияти муассислари таркибидан чиқаётганда ёки тугатилаётган хўжалик жамиятининг мулки муассислар ўртасида тақсимланаётганда қўлга киритилган асосий воситалар, шунингдек асосий воситаларга мулк ҳуқуқи, хўжалик юритув ёки тезкор бошқарув ҳуқуқини қўлга киритишга олиб келадиган бошқа операциялар ёки ҳолатлар қўшилди. Бу операциялар рўйхатининг очиқлигини англатади. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган исталган битимлар натижасида мулк ҳуқуқи, хўжалик юритув ёки тезкор бошқарув ҳуқуқи ўтказилганда асосий воситалар корхона балансига киритилади.

 

АСОСИЙ ВОСИТАЛАР БОШЛАНҒИЧ ҚИЙМАТИ ҲИСОБ-КИТОБИДАГИ ЎЗГАРТИРИШЛАР

5-сон БҲМС 11-бандининг янги таҳририга мувофиқ АВнинг бошланғич қийматига киритилмайдиган харажатларга доир қўшимча тушунтиришлар киритилди. Хусусан:

1) сотиб олинган асосий воситалар ҳақини тўлаш билан боғлиқ банк хизматлари, аккредитив очиш, хорижий валютани ўтказганлиги ва конвертация қилганлиги учун банкка воситачилик ҳақи тўлаш бўйича харажатларни қўшган ҳолда, шунингдек шартномани тайёрлаш ва рўйхатга олиш харажатлари асосий воситаларнинг бошланғич қийматига киритилмайди, балки улар юзага келган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олинади;

2) агар шартнома шартларида сотиб олинган асосий воситалар ҳақини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, унда мазкур асосий воситалар бухгалтерия ҳисобига тақдим этилган кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун фоизларни ҳисобга олмаган ҳолдаги сотиб олиш қиймати бўйича қабул қилинади. Бунда сотиб олиш қиймати билан тўловнинг умумий суммаси ўртасида юзага келадиган фарқ кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даври давомида жорий тўловнинг кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича тўловларнинг умумий суммасидаги салмоғига боғлиқ ҳолда молиявий харажатлар (фоизлар бўйича харажатлар)га киради. Яъни харажатлар бўлиб-бўлиб тўлаш (кечиктириб тўлаш) даври амал қилиши мобайнида, ушбу фоизларни тўлаш санасидан қатъи назар, тенг деб тан олинади.

 

Шунингдек 11-банддан шартнома бўйича қурилиш-монтаж ишларини бажарганлик учун пудратчиларга тўланадиган суммаларни АВ қийматига киритиш ҳақидаги кўрсатма чиқариб ташланди, чунки пудратчиларга тўланадиган ҳақ умумий – «харид қиймати (етказиб берувчиларга тўланадиган суммалар) ҳамда асосий воситаларни харид қилиш билан боғлиқ барча харажатлар» тушунчасига киритилади. Мазкур ҳолатда, бизнинг назаримизда, пудратчиларга тўловни аниқлаштириш ортиқча бўларди.

 

Буйруқ билан қўшимча банд киритилди, ушбу банд муассислар таркибидан чиқилганда АВнинг бошланғич қийматини аниқлаш усулини белгилайди. Хўжалик жамияти муассислари таркибидан чиққанда ёки тугатилаётган хўжалик жамиятининг мулки муассислар ўртасида тақсимланганда келиб тушган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати бўлиб асосий воситаларнинг олинган қабул қилиш-топшириш ҳужжатларида кўрсатилган, уларнинг бошланғич қийматига киритиладиган харид қилишга доир қўшимча харажатларни ҳисобга олган ҳолдаги қиймат тан олинади.

5-сон БҲМСга тузатиш ва аниқлаштиришлар уни бозор муносабатларига мувофиқлаштириш мақсадида киритилди. Асосий воситани олувчи муассис унинг таркибидан чиқиб кетаётган жамият шаклланган бозор нархларидан келиб чиқиб берилаётган мол-мулк қийматини мустақил равишда белгилаши мумкин. Бунда муассис АВни олиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳисобга олган ҳолда, мазкур активни ўз балансида унга ўтказилган қиймат бўйича акс эттиради.

 

СИНАБ КЎРАМИЗ

Буйруқ билан киритилган 12-1-бандга мувофиқ активдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун унинг тегишли ишини текшириш жараёнида олинган маҳсулот соф сотиш қиймати бўйича кирим қилинади ва асосий воситаларнинг бошланғич қиймати шакллантирилганда капитал қўйилмалар суммасидан чегирилади.

МИСОЛ. Айтайлик, корхона пудратчилар саъй-ҳаракати билан транспорт воситаларининг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларини ишлаб чиқарувчи ускунани монтаж қилди. Мазкур ускунанинг ишлашини текшириб кўриш ва уни ишга тушириш бўйича махсус ишчи комиссияси тузилди. Ускунанинг бир маромда ишлаши учун бир турдаги 100 та детални тайёрлаш бўйича тестдан ўтказиш етарли бўлади деб қарор қилинди. Меъёр доирасидаги яроқсиз маҳсулот ҳажми ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмидан 2% бўлиши белгиланди. Тестдан ўтказиш натижасида тайёрланган 100 та деталдан 10 таси яроқсиз бўлиб чиқди ва кейинги ишловга ўтказилмади. 90 та деталь мўлжалланаётган реализация баҳоси – бир бирлик учун 180 000 сўм, 10 та деталь эса металл бўлакларини қабул қиладиган ташкилотлар прейскурантларига мувофиқ қиймат бўйича – 10 та деталнинг ҳаммаси учун 60 000 сўм деб баҳоланди.

Мазкур ҳолатда АВнинг бошланғич қиймати қуйидаги суммага камайтирилади:

180 000 х 90 + 60 000 = 16 260 000 сўм.

Тестдан ўтказиш натижалари қониқарсиз бўлганлиги боис, асосий восита ҳали бери ишга туширилмайди ва капитал қўйилмалар ҳисобварағида ҳисобга олиниши давом эттирилади. Бунда ускунани тестдан ўтказиш далолатномасига асосан корхона бухгалтери қуйидаги проводкаларни амалга ошириши лозим:

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар» ҳисобварағи дебети – 16 200 000 сўм (90 та деталь);

1090-«Бошқа материаллар» ҳисобварағи дебети – 60 000 сўм (деталлар оғирлиги кг ёки тоннада кўрсатилади);

0820-«Асосий воситаларни харид қилиш» ҳисобварағи кредити.

 

АМОРТИЗАЦИЯ

5-сон БҲМСга киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қўшимча қуриш, асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, модернизациялаш ва техник қайта қуроллантириш бўйича ишлар тугатилганидан сўнг мазкур АВнинг фойдали хизмат муддатини қайтадан аниқлаш керак. Қўшимча қуриш, асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, модернизациялаш ва техник қайта қуроллантириш бўйича ишлар тугатилганидан сўнг фойдали хизмат муддати мазкур асосий воситалар фойдаланишга киритилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Амортизация ҳисоблаб ёзиладиган сумма – ушбу ишлар тахмин қилинаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чиқариб ташлаган ҳолда тугатилганидан сўнг мазкур асосий воситалар фойдаланишга киритилган вақтда аниқланган АВларнинг қолдиқ (баланс) қийматидир.

Бунда шуни эътиборга олиш керакки, АВларга тегишли юқорида санаб ўтилган турлардаги ишларга доир харажатлар, улар тугатилганидан сўнг, агар улар натижасида асосий воситалар фаолият юритишининг қабул қилинган бошланғич меъёрий кўрсаткичлари (фойдали ишлатиш муддати, қуввати, қўллаш сифати ва бошқалар) яхшиланса (ошса), бундай объектнинг бошланғич қиймати ҳам ошади.

 

МИСОЛ. Айтайлик, корхона ишлаб чиқариш цехини унинг фойдали майдонини кенгайтириш ҳисобига қайта қурди. Бундан ташқари, пойдевори мустаҳкамланди ва полга қуйилган бетон қалинлиги оширилди, бу эса ишлаб чиқариш қуввати янада юқори бўлган ускунанинг монтаж қилинишига имкон берди.

Цехнинг бошланғич (тиклаш) қиймати қайта қуришга доир харажатларсиз – 55 000 минг сўм.

Ишлаб чиқариш цехи бўйича фойдали хизмат муддати 20 йилга ҳамда амортизация меъёри – 5% даражасида белгиланди. Корхона амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш усулини қўллайди.

Қайта қурилгунга қадар бинодан 6 йил фойдаланилган. Қайта қурилгунча ҳисоблаб ёзилган амортизация суммаси – 15 000 минг сўм.

Қайта қуришга доир харажатлар суммаси – 60 000 минг сўм.

Қайта қурилгунга қадар тугатиш қиймати 5 000 минг сўм, шундан кейин – 20 000 минг сўм.

Ишга туширилгандан сўнг мазкур ишлаб чиқариш цехининг янги амортизацияланадиган қиймати аниқланади:

55 000 – 15 000 + 60 000 – 20 000 = 80 000 минг сўм.

Корхона реконструкция қилинган цехни ишга туширишда унинг фойдали хизмат муддатини белгилайди ҳамда шу пайтдан бошлаб амортизация 50 000 минг сўмдан эмас, балки 80 000 минг сўмдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқариш цехининг фойдали хизмат муддати 20 йилдан камни ташкил қилиши мумкин. Бироқ умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун бир йилда 5%дан кўп бўлмаган ставка (Солиқ кодексининг 144-моддасига мувофиқ бинолар ва иншоотлар бўйича энг юқори ставка) бўйича ҳисоблаб ёзилган эскириш фойда солиғи бўйича чегириладиган харажат ҳисобланади.

Масалан, фойдали хизмат муддати – 10 йил деб белгиланди. Солиқ оқибатлари:

  • корхона фойда солиғи солинадиган базадан йилига 4 000 минг сўм (80 000 х 5%) миқдоридаги эскириш суммасини чегириши мумкин;
  • ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи солинадиган базани аниқлашда жами ҳисоблаб ёзилган амортизация суммаси – 8 000 минг сўм (80 000 х 10%) чегирилади;
  • мол-мулк солиғи 10%лик амортизация меъёрини қўллаган ҳолда ҳисоб-китоб қилинган бинонинг қолдиқ қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Эътибор қилинг: худди илгаригидек, АВларни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қўшимча қуриш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, модернизациялаш, техник қайта қуроллантириш даврида амортизациянинг ҳисоблаб ёзилиши тўхтатилади (5-сон БҲМСнинг 38-банди).

 

Амортизацияни ҳисоблаш тартибидаги бошқа аниқлаштириш тезкор амортизация усулларидан бирига – қолдиқни камайтириш усулига дахлдор. 5-сон БҲМСнинг 38-бандига киритилган қўшимчага мувофиқ амортизациянинг икки карра меъёри билан қолдиқни камайтириш усулида АВлар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ушбу объектларнинг қолдиқ қиймати уларнинг тугатиш қийматига тенг бўлган вақтдан бошлаб тўхтатилади.

Бошқача айтганда, қолдиқни камайтириш усули бўйича эскириш ҳисоб-китоб қилинганда тугатиш қиймати ҳисобга олинмаслигига қарамай, АВ қиймати нолгача эмас, балки тугатиш қийматигача ҳисобдан чиқарилади.

 

МИСОЛ. Айтайлик, 25.12.2014 йилда ускуна харид қилинган. Мисолимизда асосий воситани қайта баҳолашни ҳисобга олмаймиз. Ускунанинг бошланғич қиймати – 5 млн сўм, 5 йиллик ишлатиш муддати охирида унинг тугатиш қиймати – 600 минг сўм, хизмат муддати – 5 йил.

Агар корхона эскиришни ҳисоблашнинг тенг маромли усулини қўллаганида, 5 йиллик хизмат муддатида амортизация меъёри 20%ни ташкил қилган бўлар эди. Қолдиқни камайтириш усулида у 40%га (20% х 2) тенг. Мазкур қатъий белгиланган ставка ҳар бир йил якунида қолдиқ қийматга қўлланилади.

 

Сана

 

Бошланғич қиймат

 

Тегишли йил учун амортизация суммаси

 

Жамғарилган эскириш

 

Қолдиқ қиймат

 

25.12.2014 й.

 

5 000 000

 

 

 

5 000 000

 

31.12.2015 й.

 

5 000 000

 

40% х 5 000 000 = 2 000 000

 

2 000 000

 

3 000 000

 

31.12.2016 й.

 

5 000 000

 

40% х 3 000 000 = 1 200 000

 

3 200 000

 

1 800 000

 

31.12.2017 й.

 

5 000 000

 

40% х 1 800 000 = 720 000

 

3 920 000

 

1 080 000

 

31.12.2018 й.

 

5 000 000

 

40% х 1 080 000 = 432 000

 

4 352 000

 

648 000

 

31.12.2019 й.

 

5 000 000

 

48 000

 

4 400 000

 

600 000

 

 

Амортизация суммаси (биринчи йили энг юқори сумма – 2 млн сўм), босқичма-босқич камайиб бориб, сўнгги йилда қолдиқ қийматни 48 минг сўмлик тугатиш қийматигача камайтириш учун зарур суммада чегараланади.

 

ЧИҚИБ КЕТИШИ

Ўзгартиришлар натижасида асосий воситалар балансдан ҳисобдан чиқариладиган операциялар рўйхати кенгайтирилди. Энди уларнинг қиймати, агар нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) мулкини шакллантиришда АВлар мулкий бадал сифатида ўтказилса, корхона балансидан ҳисобдан чиқарилади. Аниқлаштириш билан 5-сон БҲМС «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунга (14.04.1999 йилдаги 763-I-сон) мувофиқлаштирилди. Мазкур Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ ННТнинг мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

* * *

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун (30.08.1996 йилдаги 279-I-сон) асосида ишланган, кўриб чиқилаётган Стандарт Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга солиш элементи ҳисобланади. 5-сон БҲМСга киритилган ўзгартиришлар расман эълон қилинган санадан – 2014 йил 15 декабрдан кучга кирди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия хизмати ходимлари 2014 йил учун молиявий ҳисоботни тайёрлашда ушбу ўзгартиришларни 15 декабрдан 31 декабргача бўлган даврда амалга оширилган асосий воситаларга оид операциялар бўйича ҳисобга олишлари лозим.

 

5-сон БҲМСга ўзгартиришлар
шарҳини экспертимиз
Лилия ХИСМАТОВА
тайёрлади.

Прочитано: 5104 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика