Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 4 / Нуқтаи назар

Иқтисодий атамалар – иқтисодий маданият инъикоси ёки сўз қадри

Халқимизда ўз қадрини билган сўз қадрини билади деган нақл бор. Чиндан ҳам ўз қадрини билган сўзни пала-партиш ишлатмайди, унинг асл маъносини қидиради, билиб, ўрнига қўйиб истифода этиш пайида бўлади уни.

Айни ана шу нуқтаи назардан қараганда «Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг «Муҳаррир минбари» рукни остида 2014 йил 8 декабрдаги 49 (1061)-сонида чоп этилган мақолада кўтарилган мавзу таҳсинга лойиқ. Муаллиф иқтисодчилигига бориб, мақоласига «Ҳисобварақ», «Ҳисоб рақам», «Счёт» – қай бири тўғри?» деган ном танлаганидаёқ газетхонни дарҳол мавзу муаммосига тортишни кўзлаган ҳойнаҳой. Ва, назаримизда, ниятига эриша олган ҳам.  

 

Иқтисодий атамаларнинг ишлатилиши бефарқ қолдирмаган муштарийлар мақолани қизиқиш билан ўқиб чиқиб, таҳририятга муносабатлари, фикр-мулоҳазалари баён этилган хатлар йўллаётганлари (уларнинг бир қисми газета саҳифаларида эълон қилинди ҳам) боисини тасаввур қилиш қийин эмас. Мақолада қайд этиб ўтилганидек, мустақиллик йиллари мобайнида ҳаёт тарзимизга бозор иқтисодиёти билан боғлиқ атамалар ва тушунчалар жадал суръатлар билан кириб келганлиги рост. Уларни аслича («бизнес», «инвестиция», «менежмент», «холдинг» каби) ёки ўзбек тилида муқобилини топиб («коммерция» – «тижорат», «подакцизная продукция» – «акциз тўланадиган маҳсулот», «страховой взнос» – «суғурта бадали», «фиксированный налог» – «қатъий белгиланган солиқ» қабилида) ишлатишга одатланиб ҳам қолдик.

Муаллиф газетхонлар ҳукмига ҳавола этиб, уларни баҳс-мунозарага чорлаган сўз, атама, ибора ва тушунчалар аллақачон муомалага кириб улгурган, аммо бу муқобил сўз ва атамаларнинг том маънода аслига тенглашишида қандайдир номутаносиблик бордай туюлаётганлиги сабабли бўлса керак, янада яхшироқ ва мукаммалроқ ифодасини топиш мақсадида, уларни (сўз ва атамаларни) бир хилликни таъминлаган ҳолда фойдаланилишига эҳтиёжманд истилоҳлар тарзида талқин этган ва иддаони амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан мисоллар келтириш орқали далиллашга ҳаракат қилган.

Хусусан, мақолада рус тилидаги «счёт» деган атама Солиқ кодексининг ўзбек тилидаги матнида ҳамма жойда «ҳисобварақ» деб ифодалангани ҳолда унинг (Кодекснинг) фақат «209-моддаси 17-бандида «мижозларнинг ҳисоб рақамларига (муаллиф таъкиди) банклар томонидан электрон масофали хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар» деган сўзлар қўшилмасида бошқа тарзда мужассам топганига урғу берилиб, мазкур Кодекснинг ҳатто «битта моддаси доирасида бир тушунчани ифодалаш учун иккита (ҳар хил) атама қўлланилгани»га эътибор қаратилади. Бундан ҳам ажабланарлиси, «бошқа қонунларда, қонуности ҳужжатларида ва амалиётда банк ҳисобварағини (муаллиф таъкиди) ифодалашда» нақ бешта (!) атамадан фойдаланилаётганлиги ҳам таъкидлаб ўтилади.

Маълумки, Асосий Қонунимизнинг 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади» деб қатъий белгилаб қўйилган. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституциямиз асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши ҳамда унинг нормалари ва принципларига (табиийки, атамаларига ҳам) зид келиши мумкин эмаслиги, иккинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таянилиши, учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда (муаллиф таъкиди) қўлланилиши*, қолаверса тўрт юзга яқин моддадан иборат кодекс матнида «ҳисобварақ» атамаси фақат бир ўринда бошқача ифодада берилишига йўл қўйилганлиги кечагина умумхалқ сайловида эл-юртимизнинг ишончини қозонган янги таркибдаги парламент аъзолари – қонун ижодкорларини бўлғуси фаолиятлари режасини белгилаб олишда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базадаги мақолада тилга олинганига ўхшаш, шунингдек қонунларимизнинг жойлардаги ижросини депутатлик назорати тартибида ўрганиш асносида эътиборларига тушиб қолиши эҳтимоли бўлган камчилик ва нуқсонларга, қонуности ҳужжатларида атамаларни қонунлардагидан айрича ишлатиш ҳолларига имкон қадар тезроқ барҳам бериш, қонунларни қабул қилишда ҳам, амал қилиб турганларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишда ҳам мезон бирдек бўлишини таъминлаш чора-тадбирларини албатта назарда тутишга ундайди деб ишонамиз. Салкам ўн саккиз ярим миллион нафар сайловчи яқинда бўлиб ўтган сайловларда иштирок этиш асносида билдирган хоҳиш-иродага дахлдорлик туфайли ҳам бу ишонч комиллик касб этмоқда.

Шу зайил қонуности ҳужжатларида ҳам «ҳисобварақ» атамасининг қонуний мавқеи, ўрни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат – қонунларимиз тақозо этганидек тикланиб, уларнинг амалиётда ва қонунчиликда қўлланилиши, табиийки, бирхиллаштирилади.

Яна бир гап. Мақоладаги «ҳисобварақ» сўзи ўрнига «счёт» сўзининг ишлатилишини унинг амалиётчи бухгалтерлар томонидан узоқ вақт ишлатиб келинганлигига йўйиш тамойилига қўшилиш қийин. Зотан ўтган асрнинг 20-йилларида муомалага кириб, ярим асрдан ҳам мўлроқ вақт мобайнида ишлатиб келинган «маданий-оқартув ишлари» («культурно-просветительная работа») деган ибора охир-оқибат «маданий-маърифий ишлар» деган муносиб ифодасини топди-ку! Ёки адабий тил қоидалари «якшанба» сўзини жонли тилда ишлатиб келиниши важидан «отдых», «отдых куни» деб ўзгартирилишига йўл қўймаслигига ким ҳам шубҳа қиларди дейсиз?!

Дарвоқе, мазкур тушунчанинг («счёты») бухгалтерияда, идораларда бундан 50–60 йиллар муқаддам қўлланиб келинган, доналарини суриб қўшув ва айирув амаллари бажариладиган содда мосламани англатувчи ифодаси тилимизга мослашиб, «ўзбекча тўн» билан «чўт» деган талқинда луғат бойлигимизга сингишиб кетганини яхши биламиз.

Мақола мавзуси ўтган асрнинг иккинчи ярмида Африкадаги мағриб араб мамлакатлари – Миср, Ливия, Тунис, Жазоир ва Марокашда тилшунос ҳамда атамашунослар йилига икки марта йиғилиб, замон ривожи, тараққиёт ва кенгайиб бораётган халқаро алоқалар туфайли муомалага кириб келаётган янги ажнабий сўз, атама ҳамда ибораларни муҳокама қилиб, улар юзасидан якдил қарорга келишдек ибратга лойиқ таомил ҳақида ўқиганларимни ёдга туширди. Йиғилишда дастлаб ҳар бир давлатда янги муайян сўз ёки ибора қандай ифода топгани юзасидан ахборот тингланар, сўнгра шу сўз, атама, тушунча, ибора бошқаларда қандай ишлатилаётганлигига эътибор қаратилар, топилган барча муқобил атамалар-у тушунчалар чоғиштириб кенг ва атрофлича муҳокама қилиниб, қизғин фикрлашувлар асосида умумий бир тўхтамга келинар эди. Ана шу келишиб олиниб, умуммаъқул топган атама (ибора) бешала мамлакатда биринчи йили четдан кириб келган сўздан кейин изоҳловчи тариқасида, қавсга олинган ҳолда берилган. Иккинчи йили уларни ўрнини алмаштириб ишлатишган – чет сўз изоҳловчи мавқеига ўтказилган. Умумий йиғилиш маҳсули – атама ёки иборани учинчи йилдан эътиборан мустақил қўллашга ўтилган. Шу зайил араб тили луғати янгиликка ўз бағридан жой берган.

Тўғри, туркийзабон мамлакатларда бундай масалада минтақавий миқёсда, ақалли Марказий Осиё бўйича бирон тадбир ёки анжуман ўтказишни ҳозирча орзу қилиш мумкин, холос. Орзуга эса айб йўқ, дейдилар. Ҳамонки, «Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси муҳим масалани кўтариб чиққан экан, муаммо ечимини топишда ҳам ташаббусни қўлга олмоғи лозим. Жумладан, бу борада қўшни мамлакатлардаги турдош газеталар ва нашрлар доирасида, ҳеч бўлмаганда, электрон ёзишма кўринишида фикрлашиб олиш мумкин-ку, ахир?! Мақолада иқтисодий атамалар борасида ташвиш чегарасидаги манфаатдорлик билан кўтарилган муаммолар, айтайлик, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, ҳатто Россия Федерацияси таркибидаги Татаристон ва Бошқирдистонда қандай ечим топганлигини билиш ҳамда бундай атамаларнинг муштарак ифодаси тўғрисида туб-асосли хулосага келиш ҳозирги ахборот технологиялари даврида, назаримизда, унча мушкул бўлмаса керак.

Муаммонинг яна бир ечимини аждодлардан қолган бой мерос – бисотимиздан изламоқ лозим. Яқин ўтмишда ота-боболаримиз ҳам ҳисоб-китоб ишини пухталик билан юритганлиги, бугунги кунда дунёда кенг фойдаланилаётган ҳисоб-китоб амаллари, замонавий технологиялар фаолияти алгебра фанига асос солган буюк аллома бобомиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий яратган қоидаларга таяниши сир эмас-ку!

Ўзбек адабиётининг ёрқин сиймоларидан бири Садриддин Айний ўзининг «Судхўрнинг ўлими» асарида «чек на предъявителя» атамасига «оқ чек», «калькуляция» атамасига «эҳтисоб» деган муқобил атамалар топиб ишлатганлиги эса «Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси ташаббуси билан кўтарилган муҳим мавзу доирасидаги баҳс-мунозаралардан муаррих ва этнографларимиз, тарихий мавзуларда қалам тебратаётган адиб ва шоирларимиз, кўҳна, мумтоз адабиётимиз билимдонлари ҳам четда қолмасликларини тақозо этади. 

 

Жавоҳирлар сандиғи деб эъзозланадиган луғатимиздаги сўзларни, атама ва қуйма ибораларни, шу жумладан иқтисодий маданият инъикоси бўлмиш иқтисодий атамаларни заргарона ишлатиш, уни (луғатни) замон, бозор иқтисодиёти талабларига тўла-тўкис жавоб берадиган ихчам, кўркам ва муносиб атама ҳамда тушунчалар – дур-гавҳарлар билан бойитиш ҳар биримиз учун эзгу ва муҳим вазифа бўлиб қолмоғи даркор.

 

  Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирининг (2012 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-342-сон Қонун билан тасдиқланган) 7, 16 ва 24-моддалари.


Рихсивой ҚОСИМОВ,

мутаржим эксперт. 

 

Прочитано: 6512 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика