Norma.uz

Тиббий комиссиянинг хулосасига кўра

Турмуш ўртоғим йирик хорижий компанияда автовишка машинисти бўлиб ишлайди. Ходимлар мунтазам равишда касбий кўрикдан ўтишади. Охирги кўрикда унинг кўриш қобилияти ёмонлашганлиги ва ишни гўё бажара олмаслиги аниқланди.

Тиббий комиссия хулосани тақдим этгандан кейин уни ишдан бўшатишлари, кейинроқ эса ишга қўймаслик тўғрисида қарор чиқаришлари мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай ҳужжат бунга асос бўлади? Ушбу ҳолда нима қилишимиз мумкин?

Тошкент шаҳри.

 

– Одатда тиббий кўриклар юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликлари, заҳарланишлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади (Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 3-банди, соғлиқни сақлаш вазирининг АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом).

Агар тиббий кўрик натижасига кўра ходим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсири остида ишлашга яроқсиз деб топилса, унга бу тўғрида тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси берилади ва ушбу хулосанинг нусхаси 3 кунлик муддат ичида ходим ишлайдиган ташкилотга юборилади (Низомнинг 22-банди).

Тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида ходимда касб касаллиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда ушбу ходим касалликнинг касб билан боғлиқлигини аниқлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари институти ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли клиникаларига юборилади (Низомнинг 26-банди).

ТМКдан хулоса олганидан кейин иш берувчи қуйидаги таомилларни ўтказади:

ходимни ишдан четлатади;

агар объектив сабабларга кўра меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, унинг саломатлиги ҳолатини инобатга олиб, корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этади (Меҳнат кодексининг 92-моддаси, бундан кейин – МК);

меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ҳафта олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантиради (МКнинг 102-моддаси биринчи қисмининг 2-банди);

ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан назарда тутилган огоҳлантиришни унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштириши мумкин (МКнинг 102-моддаси иккинчи қисми);

башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида бундай розилик назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олади (МКнинг 101-моддаси);

ходим бошқа ишга ўтказишларидан бош тортса ёки корхонада тегишли иш мавжуд бўлмаса, меҳнат шартномасини умумий асосларда, яъни МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди бўйича – ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши асосида бекор қилиши мумкин;

меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақасини ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўлаши (МКнинг 109-моддаси); меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ҳисоб-китоб қилиши (МКнинг 110-моддаси); фойдаланилмаган меҳнат таътиллари кунлари учун компенсация тўлаши (МКнинг 151-моддаси) мумкин.

Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 2-бандига кўра бекор қилинганда ходимлар МКнинг 67-моддасида белгиланган моддий мадад бериш учун қўшимча кафолатлардан фойдаланадилар.

Агар иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини бузган деб ҳисобласангиз, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун судга, шунингдек Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёки иш берувчи ҳақиқатда жойлашган ердаги (почта манзили бўйича) прокуратура органларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Прочитано: 1984 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика