16 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
Давлат раҳбарининг нутқида давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсирига, жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секинлашганлигига ҳамда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида стагнация ва рецессия жараёнлари чуқурлашганлигига қарамай, Ўзбекистонда 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари аниқ мақсадни кўзлаб ва тизимли амалга оширилиши натижасида иқтисодиётни ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришнинг барқарор юқори суръатларига эришилганлиги қайд этилди.
2014 йил якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳажми – 6,9 фоизга, капитал қурилиш ҳажми – 10,9 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 14,3 фоизга ўсди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшилган қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этди.
Инфляция даражаси 6,1 фоизни ташкил этди, бу прогноздагидан анча пастдир. Давлат бюджети, солиқ юки 20,5 фоиздан 20,0 фоизгача камайгани ва фойдадан олинадиган солиқ ставкаси 9 фоиздан 8 фоизгача пасайгани ҳолда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан ижро этилди.
Банк тизимини қайта ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш 2014 йилда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасини 12 фоиздан 10 фоизгача пасайтириш ва тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз ставкасини тегишлича камайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Охирги йиллар давомида етакчи халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг банк тизими фаолиятини «барқарор» деб баҳоламоқдалар.
Ишлаб чиқариш, ижтимоий, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини кўламли модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича чуқур ўйланган фаол инвестиция сиёсати амалга оширилиши натижасида иқтисодиётга инвестиция қўйиш ҳажми 10,9 фоизга ўсди ва эквивалентда 14,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бунда барча капитал қўйилмаларнинг 21,2 фоизидан ортиғини хорижий инвестициялар ва кредитлар ташкил этди, уларнинг тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Барча инвестицияларнинг 73 фоизидан ортиғи ишлаб чиқариш қурилишига йўналтирилди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизнинг маҳсулотларни экспорт қилувчи ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш ва янги бозорларни ўзлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш давом эттирилди. Натижада ташқи савдо баланси 180 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ижобий сальдо билан белгиланди, олтин-валюта захиралари 1,6 миллиард АҚШ долларига ўсди.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, бизнесни ташкил этишда «бир дарча» тамойилини жорий этиш, кичик бизнес субъектлари томонидан статистика ва солиқ ҳисоботлари тақдим этилиши механизмини соддалаштириш, хусусий тадбиркорларнинг хом ашё ресурсларидан фойдаланишини анча кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада ялпи ички маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 2000 йилдан бошланадиган даврда 31 фоиздан 56 фоизгача, саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришда эса – 12,9 фоиздан 31,1 фоизгача ўсди.
Ялпи ички маҳсулот таркибида хизматлар улуши 53 фоиздан 54 фоизгача кўпайди. Юқори технологик хизматлар жумласида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари энг жадал ривожланмоқда, бундай хизматлар охирги беш йилда 3,3 баравар, ўтган йилда эса 24,5 фоизга ўсди.
Иқтисодиётнинг тадрижий ва мутаносиб ривожланиши аҳоли ҳаёти даражаси ва сифати изчил ошиши учун мустаҳкам негиз яратди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ўтган йили 23,2 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига реал даромадлар 10,2 фоизга кўпайди. 2014 йилда қарийб 1 миллион иш ўринлари ташкил этилди, улардан 60 фоизи қишлоқ жойлардадир, таълим муассасаларининг 600 мингдан ортиқ битирувчилари ишга жойлаштирилди.
Мамлакат Президенти ўз маърузасида ҳал этилмаган мавжуд муаммоларни тўлиқ ва ҳар томонлама таҳлил қилди ҳамда 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини бажариш бўйича дастурий вазифаларга батафсил тўхталди. Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва барча даражалардаги ҳокимликлар олдига иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини бундан кейин ҳам сақлаб қолишга, иқтисодиётдаги таркибий қайта ўзгартиришларни кенгайтиришга ва саноатнинг етакчи тармоқларини фаол диверсификациялашга, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган зарур чора-тадбирларни кўриш вазифалари қўйилди. Иқтисодиётда давлатнинг иштирокини стратегик ва иқтисодий асосланган ўлчамларгача қисқартириш, корпоратив бошқарув тизимида тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, хусусий мулкдорлик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш, тўлиқ эркинлик бериш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг ҳаёти даражаси ва сифати ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар белгиланди.
Бу йил Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан ушбу йилга мўлжалланган мақсадлар ва вазифаларга эришиш, шу жумладан, кекса авлод одамларига, энг аввало, 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига зарур даражада эътибор бериш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, эҳтиёжмандларни реабилитациянинг қўшимча ва техник воситалари билан таъминлаш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга оширишни таъминлашга алоҳида эътибор берилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимлари сўзга чиқдилар. Республика ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари амалга оширилишини таъминлашга оид амалий чора-тадбирлар белгиланган қарор қабул қилинди.
ЎзА.