Norma.uz
Газета СБХ / 2015 год / № 1 / Янги йилингиз муборак!

Янги йил шукуҳи этади давом

Янги йил байрами тантаналари, совға-салом олиш, байрам дастурхони тараддуди билан югур-югур қилинадиган палладир. Кўпчилик тайёргарликни икки-уч ҳафта олдин, ҳатто декабрь ойи бошларидан бошлаб юборишади. Омади келганлар Янги йил муносабати билан, айтайлик, бир ҳафталик таътил олишади. Баъзиларда 30 декабрдаёқ иш тўхтатилган бўлади. Биргина бухгалтерлар бундан мустасно. 31 декабрь куни курантлар Янги йил келганлиги ҳақида бонг урмасдан туриб оила аъзолари даврасига етиб олишни орзу қилганлар қа-анча!

 

«Rovshan» меҳмонхонаси бош бухгалтери Антонина ЗАЙНУТДИНОВА билан суҳбатимиз ҳисоб соҳаси мутахассисининг янги йил байрами ташвишлари ҳақида бўлди.

– Антонина Анатольевна, декабрь бухгалтер учун энг мураккаб, оғир ойлардан бири дейишади, шу ростми? У 1 январга қадар нималарни қилиб улгуриши керак?

– Янги йил арафаси чиндан ҳам қизғин палла саналади. Кўп нарсага улгуриш керак, хусусан, 1 январга бўлган ҳолатга кўра дебиторлик ва кредиторлик қарзларини тартибга келтириш, қарзни узиш ёки фойдаланилмаган бўнакларни қайтариш лозим. Корхона моддий қимматликлари инвентаризациясига ­тайёргарлик кўриш ва ўтказиш зарур. Илгари бу иш 1 октябрда қилинган бўлса, энди январь ойининг биринчи куни ҳолатига қилинадиган бўлди. Бир тарафдан олганда, шуниси қулай, лекин декабрдаги иш ҳажмини анчагина кўпайтириб юборади, ундан ташқари, мудофаа ишлари бўлимига, табиатдан фойдаланганлик юзасидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ҳисобот топшириш даркор. Бухгалтерлар кўпинча ана шу, кейинги ҳисоботни топширишни унутиб қўйишади.

– Юқорида айтиб ўтганларингиздан қайси бири мураккаброқ?

– Ўйлашимча, инвентаризация анчагина мураккаблик келтириб чиқаради, негаки у ниҳоятда диққат-эътибор ва пухталикни талаб қилади. Ҳаммасини – майда-чуйдаларини ҳам назардан қочирмай, ҳисобга олиш жуда муҳимдир. Бир сафар меҳмонхонанинг ички ҳовлисида ўсадиган арчалар бобида «куйиб қолганман». Улар кўп йиллик дов-дарахт бўлгани сабабли балансда акс эттирилмоғи лозим эди. Фаромушликда, уларни инвентаризациядан ўтказишни тамомила унутибман.

– Янги йилга уланиб кетадиган давр сиз учун инвентаризациядан бошланар экан-да?

– Ҳисоб соҳасидаги ҳар бир мутахассис ишининг ўзига хос хусусияти бор. Шахсан мен ўзимизнинг солиқ инспекцияси билан мулоқотдан бошлайман. Солиқ ҳисобварақлари бўйича кўчирмаларни оқ қоғозга чиқариб, корхонанинг жорий баланси билан солиштириб чиқаман, шу аснода чиқиб қолган барча масалаларни, зарурати бўлса, ечим топиб бартараф этаман. Бу бухгалтерия ҳисобининг жуда муҳим вазифаси – уни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди.

– Янги йилда баъзилар қандайдир ирим-сирим, башоратларга ишонадилар. Бухгалтерия соҳасида ҳам шунақаси борми?

– Очиғини айтганда, бу ҳақда ҳеч қачон эшитмаган эканман. Айтганларингиз муайян касб эгасидан кўра муайян шахсларга тааллуқли бўлса керак. Бир нарсага ишончим комил: иш билан боғлиқ барча вазифалар эски йилнинг охирига қадар ҳал этилмоғи, январь ойига «дум» бўлиб ўтмаслиги лозим. Бундай қилишнинг ирим-сиримларга алоқаси йўқ, амалиётдан келиб чиқадиган мантиқий хулосадир бу.

– Тўйликнинг тўйи ўтар, тўйсизнинг куни деган нақлдан келиб чиқадиган бўлсак...

– «Бугунги ишни эртага қолдирма», «қолган ишга қор ёғар» деган халқимиз нақлларидан келиб чиқиб, байрамолди ва ундан кейинги дастлабки кунлар ҳисоб соҳаси мутахассисларининг аксарияти учун иш вақти қисқартирилган кунлар эмас, балки кўп ишлар қилинадиган кунлардир.

Ҳар сафар уйга барвақтроқ қайтиб, Янги йил байрамига тайёргарлик кўришни ўйлайман. Лекин бухгалтерия фаолияти теграсида кечган умрим мобайнида бунга муваффақ бўлмаганман. Энг аввало, бу бизнес соҳамизнинг ўзига хос хусусияти билан боғлиқ. Биз учун 31 декабрь меҳмонлар меҳмонхонадан ялписига жўнаб кетадиган, турли пул операциялари содир этиладиган, талайгина юмушларни бажаришга тўғри келадиган кундир. Уларнинг ҳаммасини назорат қилиш, тушган пулни инкассо қилиш ва ана шундан кейингина уйга қараб отланиш мумкин. Уйда бир олам иш, овқат ва турли егуликлар ­тайёрлаш деганларидек хаёлингни банд этган шунча юмушлар турганда ишда фикрни жамлашнинг ўзи бўлмайди, албатта. Бухгалтернинг қисмати шундай экан, на илож!

– Сиз учун янги йилнинг биринчи иш куни нималар билан бошланади?

– Кассани текширишдан. Чунки меҳмонхона 31 декабрда ҳам, 1 январда ҳам ишлайди. Хў-ўш, қарабсизки, йиллик ҳисоботга тайёргарлик кўриш фурсати ҳам келибди. Бу ишни пайсалга солиб бўлмайди. Тегишли шакл-андозалар билан шуғулланишни қанча барвақт бошласанг, шунча яхши.

– Янги йил тилакларингиз...

– Энг аввало соғлом тана ва тетик руҳни тилаган бўлардим. Ишимизга айни шулар керак. Сўнгра ҳисобот даври, айниқса, статистика ҳисоботи даври енгил кўчишини тилаган бўлардим. Хонадонимизни тинчлик ва хотиржамлик, бахт-саодат сира тарк этмасин! Зотан уйдаги тинчлик, хотиржамлик бухгалтерия соҳасидагина эмас, бошқа барча соҳаларда ҳам ютуқлар гаровидир.

 

Мухбиримиз Наталья СПИРИДОНОВА

суҳбатлашди. 

Прочитано: 3337 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика