Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 52 / Муаммони муҳокама қиламиз

Муддатли шартнома – янги муддатга

Ана шу сарлавҳа остида эълон қилинган мақола («Норма маслаҳатчи»нинг 9.12.2014 йилдаги 49-сони) акциядорлик жамиятлари бошқарувининг асосий ходимлари билан бир йил муддатга тузиладиган меҳнат шартномаларини ҳар йили узайтириш масаласида баҳс-мунозарани бошлаб берди. Ушбу сатрлар муаллифи мақолада айтилганлар баъзи фикр-мулоҳазаларга қўшилмайди. Унинг фикри бирмунча бошқача.

 

Акциядорлик жамиятларида ҳозирги кунда қарор топган асосий ходимларга тааллуқли меҳнат муносабатларини йўлга қўйиш схемаси 2 та асосий талабга жавоб беради деб ўйлайман. Биринчидан, меҳнат муносабатларини йилнинг молия-хўжалик натижаларига қараб узайтиришни ёки бекор қилишни, бинобарин, ходимларнинг иши муваффақиятли ёки самарасиз бўлганлигига оид асосий кўрсаткичларга қараб иш тутишни ўртага қўяди. Иккинчидан, шартнома бир йилга тузилганда уни «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун* (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) талаб этганидек, қўшимча келишувлар орқали узайтириш мумкин – бу ҳам бамаъни, ҳам ҳужжатларда акс эттиришга қулай усулдир. Мазкур усул жумладан ҳар йили меҳнат дафтарчасига икки марталаб ёзув ёзиш, яъни ўтган йилги тузилган шартнома бекор қилинганлиги ва янги шартнома тузилганлиги тўғрисидаги ёзувни қайд этиш заруратидан халос этади.

 

Юқорида зикр этилган схеманинг амалиёт учун афзалликларига ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. Муаммо эса бошқа нарсада. Агар акциядорлик жамиятларида муайян тоифадаги ходимлар билан тузилган муддатли шартномаларни ҳар йили узайтириш қонуний асосда бўлса (Қонун 79-моддасининг иккинчи қисми), бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги корхоналарда тузилган муддатли шартномаларни шу йўсинда узайтириш масаласи муаммо. Қонунни ўхшашлиги бўйича қўлланиш бунда тўғри бўлармикин? Бундай қараганда, шундай қилса бўлади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари корхоналарни ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб, бинобарин униси АЖ, буниси МЧЖ, ана униси ХК эканлигига қараб фарқламайди... Акциядорлик жамияти тўғрисидаги қонун нормаларини қонуннинг ўхшашлиги нуқтаи назаридан, айтайлик, хусусий корхонада қўлласа бўладими-йўқми деган саволни акциядорлик жамияти бўлмаган ҳар бир корхонада директор, кадрлар билан ишлаш бўлими ходими ва юрисконсульт мустақил тарзда ҳал этишига тўғри келмоқда. Қонуннинг ягона нормаси йўқлиги устига ёрдам берадиган расмий шарҳлар ҳам мавжуд эмас.

Муддатли шартномалар тузишга ижозат этиладиган ҳоллар (Меҳнат кодекси 76-моддасининг иккинчи хатбошиси) хусусидаги кўрсатмалар таърифлари ноаниқ, умумийроқ гаплар билан баён этилганлиги ишни янада оғирлаштиради. Қонунда иккитагина сўз билан айтиб ўтилган ҳоллар корхонада муайян вазиятда ё татбиқ этилади, ёки татбиқ этилмайди – ҳар сафар муайян бир корхонада мустақил йўсиндаги чиқарилган хулосалар силсиласи асосида ҳал этилади. Бунда ҳам ёрдами тегадиган ҳеч қанақа муфассал расмий шарҳ-талқин йўқ.

Шу сабабли ҳам «Муддатли шартнома – янги муддатга» деган сарлавҳа остида берилган мақола муаллифлари А.Рисқуллаев ва П.Сильновларнинг муддатли меҳнат шартномаларининг норматив-ҳуқуқий базасига ўзгартишлар киритиб, амалиётчиларни мураккаб низоли масалалар юзасидан расмий тушунтиришлар билан таъмин этиш зарурати тобора кескинлик касб этмоқда деган фикрларига бажонидил қўшиламан.

 

Энди ўша мақоладаги мен мутлақо қўшилишни хоҳламайдиган ва унга жавоб фикрларимни қоғозга туширишга ундаган нарса фикрларимиздаги тафовут асосан муаллифлардан бири биландир. Бу ҳам чигаллик Қонундаги кўрсатмалар ниҳоятда умумий хусусиятда эканлигига олиб бориб тақовчи бир мисолдир.

Муҳтарам П.Сильновнинг фикрича, иш берувчи муддатли шартномалар тузиш корхонанинг молиявий муаммолари ва ходим билан номуайян муддатга шартнома тузиш иложсизлиги билан изоҳлайдиган ҳоллар қонун бўйича йўл қўйиладиган ҳоллар сирасига кирмайди. Аммо йўл қўйиладиган ҳуқуқий норма доирасига фалон нарса кирмайди деб қонун даражасида ҳеч қаерда айтилмаган! Бир фикр шунчаки бошқа бир фикрга зид, худди П.Сильновнинг фикри меникига зид бўлгани каби. Агар тадбиркорнинг молиявий имкониятлари ва таҳдид-таваккалчиликлари унга номуайян муддатга меҳнат шартномаси тузиш орқали зиммасига мажбуриятлар олишига имконият бермаётган экан, агар у лойиҳасини амалга ошириш белгилаб олинган муддати доирасидан четга чиқиб кетиб, охири нима бўлишини билмаса ва буни ходимдан яширмаётган бўлса, бу ҳол бўлажак ишнинг ходим онгли равишда рози бўлаётган шартлари эмасми?! Демак, уни айни шундай шароитларда ишлаш қаноатлантирмоқда!

П.Сильнов томонидан баён этилган нуқтаи назар нималарга олиб келиши мумкинлигига теранроқ назар ташлайлик. Мабодо тадбиркор чекланган молиявий имконият туфайли ўз ходимлари билан номуайян муддатга тузилган шартномалар бўйича кафолатлар юкини гарданига олишга қодир бўлмаса, демак у янги лойиҳага киришмаслиги керак экан-да? Битта ишлаб чиқариш камроқ бўлса бўлар дейдиган бўлсак, муддатли шартномага розилик билдирган ходимда умуман ҳеч қандай иш бўлмас экан-да?! Бу тутуруқсизроқ кўринмаяптими?

Тадбиркорлик фаолиятини ва умуман бозор иқтисодиётини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг руҳи, йўналиши ташаббускор бизнесни ривожлантиришни, шартнома эркинлиги принципларини тақозо этади. Амалдаги Меҳнат кодексимизнинг дастлабки таҳрири 1995 йили тасдиқланган. Ўшанда у прогрессив бўлганлиги рост. Лекин бозор иқтисодиётига ўтилмаган даврга хос меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардаги кўпгина «текисчилик» (бараварлаштирув) белгиларини ҳам сақлаб қолганлиги муқаррар. Ўша кезлари шундай қилмаса ҳам бўлмасди. Бозор муносабатлари ривожлана боргани сари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ана шу ўтмиш сарқитидан халос бўла борди. Муддатли меҳнат шартномалари институтини қайта кўриб чиқиб, бу масалага таг-заминли тарзда ёндашиладиган фурсат келгандир балки. Муддатли шартномаларни қўллаш борасида иш берувчилар учун назарда тутилган чекловларни йўқотмоқ даркор. Бозор муносабатларига йўналтирилган иқтисодиёт ўзанидан боришни аввал-бошданоқ маъқул билган мамлакатларда муддатли меҳнат шартномалари амалиётдаги оддий нарса ҳисобланади. Корхонада эҳтимол тутилган ходимлар билан шундай шартномаларни иш берувчи ўзи лозим топган пайтда тузиш ҳуқуқи бўлаверсин. Агар корхонага юқори малакали, тажрибали, қадрли ва ноёб мутахассис зарур бўлса, у (корхона) ўша мутахассисга энг маъқул шартларда шартнома тузишни ва унинг ўзи, оиласи учун қўшимча имкониятларни ҳамда фойдага шерик бўлишни таклиф этади. Бозор шароитлари иш берувчини ана шу тахлит йўл тутишга ундайди. Йўқса, талаб этилаётган савия ва даражадаги мутахассисга эга бўлиш қийин. Шундай малака ва рутбага эга бўлган мутахассисларни шу ўринга талабгор бўлиб чиққан, нафсониятига берилган, билим ва тажрибаси бундайроқ, ҳозирча нимани ўрганиши ва ишга муносабати қандай бўлиши номаълум шахслар билан тенглаштиришга давлат йўли билан таъсир кўрсатиш механизмлари орқали тадбиркор мажбурлангандай бўлмасмикан? Корхона ўз салоҳиятини ҳали кўрсатмаган ана шундай ходимлар билан муддатли шартномани 2 – 3 йилга тузишига ҳеч бир чекловларсиз ижозат бериш яхши эмасми?! Анави, ҳозирча тажрибаси бўлмаса ҳам, иззат-нафси зўрроқ ходим вақти келиб ўрганар, ўзини кўрсатар ҳам – шартнома муддати тугагач, унинг бу йўсин хатти-ҳаракатига қаралади. Ходимлар билан шартнома тузиш эркинлиги бобида тадбиркорнинг ҳуқуқини чеклаб қўйиш орқали давлат иш берувчидаги мавжуд рағбат омиллари самарадорлигини пасайтиради, корхона зиммасига қўшимча сарф-харажатларни юклаб қўяди. Бу эса, даромадлар пасайишига ва охир-оқибат ўша ходимларнинг иш ҳақи камайишига олиб келади. Яхшироқ бўлармикан деган мақсадда ишга аралашиб, тартибга солган бўлиб қилинган хатти-ҳаракатлар охир-оқибат одатдагидек якун топади.

 

Юқорида айтилганларни якунлаш мақсадида қуйидагиларни яна бир бор таъкидламоқчиман.

Лойиҳа истиқболи молиявий жиҳатдан ноаниқ, фаолият юритиш эҳтимоли доираси муддат билан чекланган тақдирда, муддатли шартномаларни ҳозирги кунда ҳам бемалол қўлланиш қонун доирасида эканлигига ишончим комил. Бу ҳол бўлажак ишнинг шартларига киради ва Меҳнат кодексида ҳам кўрсатиб ўтилган. Қонун ҳужжатларида ҳеч бир ерда бу шундай эмас, у қандайдир ғов-тўсиқ деб айтилмаган.

Борди-ю, муддатли меҳнат шартномаларини қўлланишни тартибга солиш қайта кўриб чиқиладиган бўлса, бу ишни туб-асосли тарзда, иш берувчилар учун белгилаб қўйилган мавжуд чекловларни батамом бекор қилган ҳолда амалга ошириш даркор. Бозорнинг ўзи «текисчилик»га, тенглаштирувга асосланилган усулларсиз ҳам муддатли шартномалар ходим учун маъқул бўлмай қоладиган ва шу сабабли ҳам иш берувчи учун кераксиз бўлиб қоладиган сарҳадларни белгилаб беради. Бошқача ёндашув бизнес соҳасидаги ташаббусларни, корхоналар ривожланишини жиловлаб туради, демак, иш ўринлари кўпайиши йўлига ғов бўлади. Қонун ижодкорлари тамомила бошқа мақсадларни кўзлаётган бир паллада шундай бўлади.

 

 

*20.04.1996 йилдаги 223-1-сон Қонуннинг 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.

 

Юқори малакали мутахассисни ҳали ғўр, билими ва тажрибасидан шахсиятпарастлиги устун янги ходим билан тенглаштиришга иш берувчини мажбурлаш тўғри бўлармикан?

Александр КОНОНЕНКО,

юрист.   

Прочитано: 2125 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика