Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 52 / Аудитор хабарномаси

Ички аудит «излари бўйлаб»

2007 йил 1 январдан эътиборан активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган корхоналарда ички аудит хизмати бўлиши шарт деб белгилаб қўйилди. Бундай хизматлар кузатув кенгашлари томонидан тайинланади ва шундай кенгашларга ҳисобдор бўлади1. Активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг баробаридан кўп бўлган акциядорлик жамиятларида ҳам шундай хизматлар ташкил этилади2. Дарвоқе, мамлакатимиз учун ички аудит институти янги тушунча эмас, ундай муассаса илгарилари ҳам мавжуд бўлган, уларнинг ходимларини «тафтишчи», «назоратчи» деб аташарди. Улар фаолиятининг моҳияти эса аслида корхонадаги молия жараёнларининг аудитидир.  

 

Бугунги кунда АЖнинг ички аудит хизмати (бундан буён матнда хизмат деб юритилади) жамиятнинг ижро этувчи органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди. Бу иш улар томонидан қонун ҳужжатларига, устав ва бошқа ҳужжатларга риоя қилинишини текшириш ва мониторинг олиб бориш йўли билан амалга оширилади, шунингдек, маълумотлар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботда акс эттирилишининг тўлиқлилиги ва ишончлилигини таъминлаш, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва таомилларига, активларнинг сақланиши ҳамда жамиятни бошқариш қоидаларига риоя этилиши ҳам корхона таркибий бўлинмаси – ички аудит хизмати назоратидир. Унинг иши моҳияти ҳамда принциплари Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисидаги низомда1 баён этилган. Хизматнинг корхона бошқаруви ижро этувчи органи ва таркибий бўлинмалари ишини назорат қилиш ва баҳолаш борасидаги таркибий бўлинма тариқасидаги мақоми қонунлаштириб қўйилди. Ички аудит жараёнида аниқланадиган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсияларини корхона бошқарув органларига тезкорлик билан киритиш, бу камчиликларнинг бартараф этилишини назорат қилиш ҳам ички аудит хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади.

Ҳар йили корхонанинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган режага мувофиқ ички аудитни тегишли текширишлар ўтказиш йўли билан амалга ошириш; тузиладиган хўжалик шартномаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан экспертиза ўтказиш; бухгалтерия ҳисобини юритишда ва молиявий ҳисоботни тузишда корхонанинг таркибий бўлинмаларига методик ёрдам бериш, уларга молия, солиқ, банк тўғрисидаги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари масалалари бўйича маслаҳатлар бериш; техник топшириқларни ишлаб чиқишда корхонанинг кузатув кенгашига кўмаклашиш ички аудит хизматининг асосий вазифаси ҳисобланади. Ички аудитор йил мобайнида барча молиявий ахборотлардан эркин фойдаланади. Унинг зиммасидаги вазифалар жумласига ташқи аудитни ўтказиш учун талабгорларни танлашга оид техник топшириқларни билимдонлик билан тузишда ва танлов натижаларини баҳолашда кузатув кенгашига кўмаклашиш ҳам киради. Гарчи ички ва ташқи аудиторлар бир мақсадни, яъни молиявий ҳисобот тўғри бўлишини кўзласалар-да, амалий фаолиятда кўпинча уларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамиша ҳам кўнгилдагидек бўлавермайди. Халқаро амалиётда бундай ҳамкорлик 610-сон Халқаро аудит андозаси (ХАА) билан тартибга солинади.

Ана шу ҳужжатга мувофиқ корхонада ички аудит хизмати бўлган тақдирда ташқи аудитор муайян турдаги ишлар учун ички аудиторлардан фойдаланиш жоизми-йўқми, аниқлаб олмоғи керак. Мабодо, жоиз деб топса, қайси ҳажмда фойдаланиш кераклигини ҳам аниқлаб қўйиши зарур. Бу халқаро амалиётда ички аудит якунлари шунчаки эътиборга олинмаслигидан, ташқи аудитнинг ишчи ҳужжати сифатида ишлатилиши мумкинлигидан далолат беради. Лекин ташқи аудитор бундай қарор қабул қилиш учун ички аудиторларнинг иши ўзи ўтказаётган текшириш мақсад-муддаоси учун етарли-етарли эмаслигини ҳамда ўтказилаётган тартиб-таомиллар хусусияти, муддати ва ҳажмига эҳтимолий таъсири қандай эканлигини аниқлаб олмоғи даркор. Бунинг учун эса у хизматнинг холислигини баҳолайди; ички аудиторларнинг техник билимдонлигига эътибор беради; улар ўз ишини лозим даражада, профессионал эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик билан адо эта олиш-олмаслигини эътибордан қочирмайди. Ички ва ташқи аудиторлар ўртасида ахборот бобидаги самарали ҳамкорлик имкониятларини чамалаб кўради. Бундан ташқари, ташқи аудитор ички аудит етарлича техник тайёргарлик ва кўникмага эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилганми-йўқми, уларнинг иш натижалари ҳужжатлаштирилганми, назорат ва таҳлил этилганми-йўқми; хулосалари қанчалик асосли эканлигини; ички аудиторларнинг ҳисоботлари бажарилган ишларининг натижаларига мос келадими-йўқми; ички аудиторлар аниқлаган ахборотда зикр этилган ғайриодатий масалалар ва ҳар қандай эътирозлар юзасидан лозим даражада чора-тадбирлар кўрилганми-йўқми аниқлаб оладилар.

Ички аудит натижаларини бор ҳолича қабул қилиш ёки қабул қилмаслик масаласини ҳал этишда ички аудиторларнинг фаолияти ва тавсиялари ўз аксини топган, ички аудиторлар аниқлаган камчиликларни тузатиш ва бартараф этиш юзасидан корхонада амалга оширилган ишларга баҳо берилган муассислар (акциядорлар) умумий йиғилишларининг, кузатув кенгаши мажлисларининг баённомалари ҳам кўриб чиқилмоғи лозим.

Ички аудит ҳақидаги ахборотни ички аудиторлар бизнес режа бажарилишини текшириш юзасидан кузатув кенгаши учун тайёрлаган ҳисоботларидан, корпоратив бошқарув принципларига риоя этилиши юзасидан, бухгалтерия ҳисоби ва корхона молиявий ҳисоботи ҳолати ҳақидаги; солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тўғри эканлиги ҳақидаги, молия-хўжалик операцияларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи; ички назорат ҳолати ҳақидаги маълумотлар, шунингдек ички аудит хизматининг йиғма ҳисоботидаги маълумотлардан олиш мумкин.

Корхонадаги ички назорат тизимининг бир қисми бўлмиш ички аудит хизматининг иши аудиторлик текшируви ўтказилаётганда «Аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш»3 деб номланган 12-сон Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартига (АФМС) мувофиқ баҳоланади. Аудитор аудиторлик текшируви жараёнида бухгалтерия ҳисоби тизими текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг хўжалик фаолиятини ҳаққоний акс эттириб борганлиги тўғрисида етарлича ишончга эга бўлиши лозим.

Назорат муҳити баҳоланаётганда мазкур корхонани бошқаришнинг асосий принципларига; унинг ташкилий тузилмасига; ходимларнинг ваколат доираси ва жавобгарлигининг тақсимланишига; амалга оширилаётган ходимлар сиёсатига; ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисоботларни тайёрлаш тартибига; ички мақсадлар учун ҳисоботларни тайёрлаш ва бошқарув ҳисобини амалга ошириш тартибига; хўжалик юритувчи субъект молиявий-хўжалик фаолиятининг умуман қонунчиликка мослигига қаралади.

Шундай қилиб, ички аудитор фаолиятини чуқур ўрганиб чиқиб, унинг корхонадаги молиявий ҳужжат тўғрилиги ва ҳаққонийлигига қўшган ҳиссаси муносиб ва мақбул эканлигига, раҳбарият олдида дуруст обрўга эга эканлигига ишонч ҳосил қилгач, ташқи аудитор ички аудит хизмати иш натижаларини қабул қилиши ва ички аудиторлардан олган маълумотларга асосланган ҳолда ўз ҳисоботини тайёрлаши мумкин. Лекин уларнинг (ички аудиторларнинг) ҳисоботларига кўр-кўрона ишонмаслик керак. Зотан, ташқи аудит натижалари учун масъуллик аудиторлик ташкилоти зиммасидадир. Хатоликка йўл қўймаслик учун қабул қилинган қарорлар тўғри эканлигига танлама йўсинда текширув ўтказиш йўли бина ишонч ҳосил қилмоқ керак. Ҳисоботларни қабул қилиб олиш замирида икки аудиторнинг ўзаро ошкора ва ишончли мулоқоти ётади. Бу мулоқот аудиторлик ташкилотига аудит ўтказишга кетадиган вақтни тежаш, иш берувчига эса, аудит учун сарфлайдиган харажатларни камайтириш имконини беради. Шуни билиб қўйиш керакки, штатида ички аудит хизмати бўлиши назарда тутилган ташкилотлар ҳар йили аудит учун муайян миқдорда сумма ажратадилар. Башарти илгари бу сумма ташқи аудит бўйича амалга ошириладиган ишлар учун ҳақ тўлашга тўлиғича мўлжалланган бўлса, эндиликда 2007 йилдан эътиборан, яъни ички аудит хизмати ташкил этиш зарурати пайдо бўлгач, мазкур сумма бирмунча ошди ҳамда ички ва ташқи аудиторлар ўртасида тақсимланадиган бўлди. Шундай қилиб, ташқи аудитга кетадиган сарф-харажатлар мажбурийлик тартибида камайиб бормоқда. Бироқ унутмаслик керакки, айни бир вақтда ташқи ва ички аудиторларнинг бир ёқадан бош чиқариб ишлаши вақтни ҳам, пулни ҳам тежаши мумкин.

Аудитни амалга ошириш ички аудиторнинг бутун иш вақтини банд этмаслиги керак. Шу сабабли у ўриндошлик асосида бошқа вазифаларни, корхонанинг молиявий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа вазифаларни қўшиб олиб боришга ҳақлидир. Чунки ички аудитнинг асосий шарти мутахассиснинг айниқса ўзи текшириб бориши лозим бўлган молиявий бўлинмадан батамом мустақиллигидир.

Бугунги кунда ташқи аудиторлар ҳам ички аудитор сертификатларини олиш ҳаракатига тушиб қолганлар. Чунки бундай сертификат аудиторлик текширувларига талаб камайган, аудиторлик текширувлари оралиғидаги «ўлик мавсум»да корхонанинг тегишли хизматларида ишлаш ҳуқуқини беради. Шу сабабли ҳам, ички аудитор ишига берилган баҳо баъзан ташқи аудиторнинг ўз ҳамкасабаси ишини баҳолашига тенг бўлади. Баъзи вазиятларда кўзга чалиниб қолаётган рақобатлашув эса, икки турдаги аудитнинг эмас, балки муайян шахсларнинг рақобатлашуви, беллашуви билан боғлиқдир. Бунинг устига ички аудиторнинг нуфузи, агар у камчиликларни ташқи аудитордан олдинроқ аниқлаётган бўлса, ўсиб боради. Шу сабабли ҳам мажбурий текширув ўтказилаётганда ўз иш натижаларини яширишга ҳожат йўқ. Айниқса, аниқлаган камчиликлари вақтида бартараф этилган бўлса.


1Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисидаги низом (ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон Қарорига 2-илова).

2«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (26.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда) 108-моддаси.

3Молия вазирининг АВ томонидан 12.04.2007 йилда 1673-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.


Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси кенгаши раиси, иқтисод фанлари доктори, САP сертификати соҳиби. 

 

 

Прочитано: 3434 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика