Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 52 / Аудитор хабарномаси

Ташаббус тарзидаги аудит нега керак?

Мажбурий аудит ҳақида кўп гапирилади. Аммо ташаббус тарзидаги аудит ҳақида бундай эмас. Шундай бўлса-да у мажбурий аудит сингари ишни текшириб кўриш ва вақтида хатоликларнинг олдини олиш ҳаракатида бўлиш имконини беради. Энг муҳими, ташаббус асосида ўтказиладиган текширувни ҳам, мажбурий текширувни ҳам, ташкилотдаги бухгалтерия ҳисобини миридан сиригача таҳлил этишга қодир, билимдон мутахассис ўтказишидир.  

 

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, акциядорлик жамиятлари; банклар ва бошқа кредит ташкилотлари; суғурта ташкилотлари; инвестиция фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари жамланадиган бошқа фондлар ҳамда уларнинг инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар; манбалари юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари бўлмиш хайрия фондлари ва бошқа ижтимоий фондлар; маблағларининг ҳосил бўлиш манбалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган, юридик ва жисмоний шахслар томонидан қилинадиган мажбурий ажратмалар бўлмиш бюджетдан ташқари фондлар; устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат унитар корхоналари; фонд ва товар биржалари ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керак («Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг1 10-моддаси). Хўжалик юритувчи бошқа субъектлар мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши шарт эмас. Аммо улар ўз ташаббуси билан аудит ўтказиш хусусида аудиторлик ташкилотига мурожаат этишлари мумкин.

Аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун аудиторлик ташкилотларига лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низомда2 назарда тутилишича, Молия вазирлиги томонидан аудиторлик ташкилотларига аудиторлик текширувларининг муайян турларини амалга ошириш учун бериладиган лицензияларга кўра бундай текширувлар қуйидаги турларга бўлинади: фақат ўз ташаббусига кўра ўтказиладиган аудиторлик текширувлари; хўжалик субъектларини ўз ташаббусига кўра ва мажбурий тартибда ўтказиладиган аудиторлик текширувлари, акциядорлик жамиятлари, банклар ва суғурта ташкилотлари бундан мустасно; барча хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўтказиладиган аудиторлик текширувлари.

Кўриниб турибдики, барча аудиторлик ташкилотлари ташаббус асосидаги текширувларни ўтказишга ҳақлидир. Уларга бу хусусда хоҳлаган хўжалик юритувчи субъект мурожаат этиши мумкин. Қуйида амалиётчи бухгалтерлар аудиторлик текширувларини ўтказиш учун аудиторлик ташкилотини танлаш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашадилар.

 

Дилбар САЛИМЖОНОВА,

«TeamSportUz» МЧЖ бухгалтери:

– Чоғроқ фирмада бухгалтер бўлиб ишлаганимда аудиторлик хизматларидан кўп ҳам фойдаланмасдик. Ўзимда CAP (сертификатланган амалиётчи бухгалтер) сертификати бор. Бухгалтерия ҳисобининг барча нозик томонларини инобатга олиш нақадар муҳим эканлигини билганим учун малакамни ҳам, профессионал билимимни ҳам муттасил ошириб боришга ҳаракат қиламан.

Афсуски, ўз ташаббусига кўра аудит ўтказишга кичик компаниянинг ҳамиша ҳам қурби келавермайди. Шунга қарамай, раҳбариятни бундай аудит ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканлигига ишонтиришга ҳаракат қиламан. Ишонтиришга муваффақ ҳам бўламан. Бундай текширувлар одамга ишонч бахш этади, ишларинг рисоладагидек кетаётганлигига қандайдир даражада кафолат беради ҳам. Шу сабабли аудит ўтказиши учун малакаси пастроқ мутахассисга мурожаат қилиб ўтирмайман. Бировларнинг кўзи учун эмас, балки аниқ натижалар олиш мақсадида профессионалларни текширув ўтказишга таклиф этамиз.

Ташкилотни ва аудиторни танлаётганда кўпроқ ҳамкасабаларнинг тавсияларига ва ўз тажрибамга таянаман.

Йирик компанияда, яъни аудит ўтказиш мажбурий бўлган компанияда ҳам ишлаган вақтларим ҳам бўлди. Шунинг учун бизда ташаббус асосида текширув ўтказиш зарурати юзага келган пайтда айни ўша таниш аудиторни изладим. Тўғри, бизга бирмунча арзонроққа тушадиган таклифлар билан мурожаат қилганлар ҳам бўлди. Аммо сифатли, иши пишиқ аудит учун, менимча, кўпроқ сарф-харажат талаб қилинади. Хизматлар қиймати арзон бўлиши эса, текширув юзаки, бинобарин, сифатсиз ўтказилишидан далолат беради. Аудитор танлашда унинг тажрибаси ва тақдим этган тавсияларига алоҳида эътибор бераман, негаки, тажрибали мутахассиснинг иши арзонга тушиши мумкин эмас.

 

* * *

Ольга ОГИНСКАЯ,

«Global Insurance Group» МЧЖ бош бухгалтери:

– Суғурта компаниясининг бухгалтерия ҳисоби махсус норматив ва талаблар асосида олиб борилади. Шу боис, бизга ихтисослашган аудит зарур. Энг аввало, мен аудиторнинг молия муассасалари, хусусан суғурта ташкилотлари билан олиб борган иш тажрибасига қизиқиб кўраман. Ҳатто бир ташкилотнинг ўзида малакаси ҳар хил мутахассислар ишлаши сир эмас. Уларнинг ҳаммаси бизбоп билимга эга дейиш қийин. Шу сабабли аудитор танловининг илк босқичидаёқ бизнинг соҳага тиши ўтмайдиган, дудмал мутахассисларнинг хизматларидан шартта бош тортаман.

Суғурта хизматлари бозорида янгилардан эмасмиз. Ўтган давр мобайнида бир неча аудиторлик ташкилоти билан ишладик. Негаки, битта компания айнан бир хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятини кетма-кет 3 йилдан ортиқ аудиторлик текширувидан ўтказишга ҳақли эмас («Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси). Биз вақти-вақти билан аудиторлик ташкилотларини ўзгартириб турамиз. Аудиторларга нисбатан муайян талаблар қўямиз, чунки уларнинг малакаси бобида ишончимиз комил бўлиши лозим ва биз шарт қўямиз: агар аудиторлик компанияси бизга иш стажи кам мутахассисни юборгудек бўлса, унинг ёнида албатта тажрибали профессионал бўлиши ва у ҳамкасабасининг ишини зарурият бўлганда тўғрилаб бориши керак.

Аудитнинг хизматлари қийматига келганда, бизга арзонгарови керак эмас. Бизга бутун йиллик иш ҳажми пухталик билан текширилиши муҳимроқдир. Бу ҳол аудит асносида қандайдир камчиликларни бартараф этиш, эътиборсизлик билан йўл қўйилган кемтикликларга барҳам бериш, назоратчи идоралар текшириш учун келганларида уларга иш қолдирмаслик имкониятини берарди. Шу сабабли ҳам, танлов ўтказаётганимизда қиймати арзон таклифларга эътибор ҳам бермасдик. Бундай ташкилот бизга аудитнинг керакли сифатини кафолатлай олмайди. Ўз тажрибамдан шуни яхши биламанки, сифатли аудит арзонга тушмайди. Бундан ташқари, бизда қиёслаш имконияти бор. Суғурта компаниялари актуар текшируви ўтказишлари ҳам зарур, у аудитдан анчагина қимматга тушади. Мен бухгалтер сифатида ­аудиторнинг ишига ижобий қарайман, унинг керак эканлигини тушунаман. Шуни яхши биламанки, аудит энг аввало, менинг ўзимга керак. Аудиторни танлаётганда унинг тажрибасига таянаман, сертификатларини ҳам назардан қочирмайман.

* * *

Даврон ЖАВБЎРИЕВ,

«Ойдин Зиё» МЧЖ бухгалтери:

– Микрофирмамизда аудитор эъзозлилар сирасига киради. Унинг хизматлари анчагина қиммат эканлиги сабабли мунтазам аудит ўтказиш имкониятимиз йўқ. Охирги аудитни шу йил ўтказдик. Олдингиси бундан 5 йил муқаддам ўтказилган эди. Менга қолса, аудиторлик текширувини ҳар йили ўтказиш ташаббусини кўтариб чиққан бўлар эдим. Лекин раҳбариятнинг бу борада ўз фикр-мулоҳазаси бор. Аудиторларга маслаҳат сўраб мурожаат қилиш эса, бутунлай бошқа гап – қанча керак бўлса, шунча марта уларга мурожаат этамиз.

 

АУДИТОР ТАВСИЯ ЭТАДИ

Евгения СОН, «Yaran Audit» МЧЖ раҳбари:

– Ўз ташаббусига кўра ўтказиладиган текширув учун компания танлашда аудитни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияси (аудиторлик фирмасининг суғурта полиси, аудиторларнинг малака сертификатлари ва лицензиялари) борлигини албатта текшириб кўринг, ҳар эҳтимолга қарши Молия вазирлигининг рухсат этувчи ҳужжатлар реестри ­эълон қилинадиган сайтидан хабар олинг. Суғурта суммасига алоҳида эътибор бермоқ лозим. Бу сумма қанча кўп бўлса, кейинчалик назорат қилувчи идоралар сизларда бирон муаммо топган тақдирда тўлов тўлаб беришлари кафолати шунча кўпроқ бўлади. Бундан ташқари, бухгалтер ана шу аудиторлик ташкилоти текширув ўтказган компаниялар рўйхатини суриштириб билиб олиши лозим. Унинг текширувлари натижалари асосида суд муҳокамаси бўлган-бўлмаганлигини аниқлашга ҳаракат қилинг. Аудиторларнинг мухтасар тавсифномасига қараб қўйиш ҳам зиён қилмайди. Одатда, уларда текширув объектлари ва уни ўтказишда аудиторнинг лавозими кўрсатилган бўлади. Аудиторлик компаниясининг раҳбари, аудиторлар билан олдиндан танишиб, текширув қай тартибда ўтказилишини аниқлаб олинг, уларга топшириқ моҳиятини тушунтиринг. Бу жуда муҳим жиҳатдир. Негаки, кўпинча бухгалтерлар (раҳбарлар, мулкдорлар) аудиторлардан кутган нарсаларини эмас, амалда бутунлай бошқа нарсаларни оладилар.

Аудиторлик ташкилотимизнинг лицензиясида фақат ташаббусга асосланган текширувлар ўтказиш назарда тутилган. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, одатда, раҳбарлар ёки мулкдорлар бундай текширув ўтказишга назорат қилувчи идораларнинг режа асосидаги текшируви олдидан; мулкдор, раҳбар ё бош бухгалтер ўзгарганда; раҳбарнинг ёки бухгалтернинг ҳалоллигига шубҳа туғилганда; чет эл акциядори бўлганда; компания сотиб олинганда (сотиб юборилганда); кредит олинганда; тендерларда иштирок этиш ҳаракатига тушганда буюртма берадилар. Бошқача қилиб айтганда, аудиторнинг мустақил эксперт тариқасидаги фикри талаб этилганда, шунга жазм этадилар. Оддий ҳолларда, масалан, шунчаки ўзининг молиявий хўжалигига ишонч ҳосил қилиш учун текширув ўтказиш мақсадида минг афсуски, камдан-кам мурожаат этадилар.

Яна бир гап. Аудиторнинг хулоса тўғрилиги учун жавобгарлиги, шунингдек аудиторларнинг хатти-ҳаракатлари аудиторлик фаолияти бўйича халқаро ва миллий стандартлар билан тартибга солиб борилади. Аудитор бундай стандартларнинг барча талабларини бажарганлигини исботлаш учун биз аудиторлик файлини тўплаб борамиз, унда ишга оид зарур ҳужатлар мустаҳкам мужассам топади. Аудиторлик текшируви кўпинча сурункасига эмас, танлаб-танлаб ўтказиладиган хусусиятга эга. Аудиторлик таҳдид ва таваккалчиликлари даражаси, ҳужжат айланиши ҳажми, текширув қиймати танлов миқдорига боғлиқ. Худди шу сабабли аудиторга тўғри топшириқ бериш, яъни «танг, нозик жойлар»ни айни қаерлардан излаш кераклигини, мулкдор текширувдан нима кутаётганлигини, диққат-эътиборни қайси жиҳатларга қаратиш лозимлигини аниқ айтиш керак. Одатда, бухгалтер билан раҳбар бунақа жиҳатларни, фактларни аввал бошданоқ биладилар ёки сезадилар.

 

19.12.1992 йилдаги 734-XII-сон, 26.05.2000 йилдаги 78-II-сон Қонун таҳририда.

2ВМнинг 22.09.2000 йилдаги 365-сон Қарорига 3-илова.

Прочитано: 1557 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика