Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 52 / Аудитор хабарномаси

Яхшиси, демпингдан эҳтиёт бўлинг

Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш борасидаги ютуқлар ҳақида мамнуният билан узоқ гапириш мумкин. Аммо унинг йўлига тўғаноқ бўлаётган нарсалар ҳақида сўз юритиш, назаримизда, анча фойдалидир. Текширув ўтказиб бериши учун аудиторлик ташкилоти танловида аудитни асоссиз равишда арзон баҳода ўтказиб беришга рағбат билдирган компаниялар ютиб чиққанда кўндаланг бўладиган демпинг ана шундай тўғаноқлардан биридир. Компания айтган нарх аудиторлик ташкилотининг мажбурий харажатлари у ёқда турсин, текширувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини ҳам қопламаслиги-чи?! Табиийки, бундай ташкилот ташкил топишидан кўзланган мақсад, яъни бирор-бир фойда олишни ўйламайди ҳам. 

 

Уларнинг бари ташаббус асосидаги аудитга, махсус масала бўйича ўтказиладиган аудитга, консалтингга, моҳиятан мажбурий аудитни истисно этганда, барча профессионал аудиторлик хизматларига тааллуқли эмаслигини қайд этиб ўтиш жоиздир. Бу нарса аудиторлик ташкилоти хизматларидан фойдаланишга қарор қилган шахсларда ҳамиша жўяли сабаб борлиги билан изоҳланади. Буюртмачи ҳал этишда аудиторлар унга ёрдам бериши мумкин бўлган вазифаларни аниқ тасаввур этади, улар бажарадиган иш ҳажмини ва ижрочилардан талаб этиладиган малакани тахминан баҳолай олади. Шу сабабли, ташаббусга асосланган мақсадлар учун аудиторлик ташкилотини танлашда нарх (баҳо) билан сифат нисбати борасида соғлом рақобат кузатилади, демпинг деганларига ўрин бўлмайди.

Мажбурий аудит ўтказиш учун ташқи аудиторни танлаш чоғида бутунлай бошқа вазият юзага келади. Одатда, бунда танловга таъсир этувчи бирдан-бир омил, таклиф этилаётган нархдир. Бунинг сабаби «мажбурий» деган тушунча замирида яширинган. Буюртмачи шахсан ўзига бу «мажбурий»ликни нокерак деб ҳисоблайди ва ана шу «нокерак» нарсага сарф-харажатни имкон қадар камайтириш пайида бўлади. Шунга қарамай, аудиторлик ташкилотининг муҳри босилган, молиявий ҳисобот тўғрилиги ҳақидаги стандарт матнни ўз ичига олган варақ учун арзимаган ҳақ тўлаган раҳбар ўзини солиқ текширувлари билан боғлиқ барча молиявий таҳдид-таваккалчиликлардан холи бўлган деб ҳисоблайди. Боз устига шундай таҳдид-таваккалчиликлар содир бўлган тақдирда аудиторлик ташкилотига регресс даъво тақдим этиб, ундан барча зарарларни ундириб олиш мумкин бўлади деб ўйлайди. Қонун ҳужжатларига биноан, зарарлар фақат аудиторлик хизматларига тўланган тўловнинг икки карраси миқдорида қопланиши мумкинлигини унутиб қўядилар, балки умуман билмайдилар.

Таассуфки, давлат улуши бўлган корхоналар учун вазият давлат манфаатларини ифода этиш ваколати бўлган давлат идораси амалдорларининг танлов якунларига таъсири туфайли янада теранлик касб этади, негаки улар аудиторлик ташкилотини танлашда асосийси аудитор ўтказиш учун сарф-харажатларни имкон қадар камайтиришда деб астойдил ишонадилар.

Амалиётимизда шундай воқеага ҳам дуч келдикки, Рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидаги мутасаддининг қатъиятига кўра, корхона бизнинг аудиторлик ташкилоти билан тузган шартномасини бекор қилишга мажбур бўлди. Амалдорнинг фикрича, нарх жуда қиммат эмиш. Оқибатда, ташқи аудиторни танлаш бўйича такрорий танлов ўтказилди. Корхона раҳбариятига ҳурмат юзасидан ҳар иккала тараф томонидан имзоланган шартнома бекор қилинганлиги борасида низолашиб ўтирмадик, такрорий танловда иштирок этиб, кўрсатилажак хизмат баҳосини 30 фоизга арзонлаштириб танловда ютиб чиқдик. Юқорида айтилган амалдор аудиторлик ҳисобини ўқиб чиқиб, қанча ҳажмда иш бажарилганлигидан воқиф бўлгач, бизни нархни пасайтиришга мажбур қилганлигига афсусланди, зотан хизматларимиз дастлаб айтилган баҳога тамомила арзирди. Меҳнатингни ақалли сўзда бўлса ҳам қадрлашганлиги одамга хуш келади. Аммо айни ўша шартнома бўйича бизнинг аудиторлик ташкилотимиз зарар кўрди, чунки баҳо арзонлашди деб қилинадиган меҳнат сарфиётини камайтириш йўли билан аудиторлик таҳдид-таваккалчиликларини кўпайтиришни маъқул топмадик. Албатта, бунақаси фақат бир марта бўлиши мумкин. Йўқса, ўз қадрини биладиган, лицензиясини ҳурмат қиладиган ҳар қандай аудиторлик ташкилоти таназзулга учраши мумкин. Зеро, нарх арзонлаштирилган бўлса-да, аудиторлик таҳдид-таваккалчиликларига аввалгидек талабчанлик кўрсатилиб, зиммадаги мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда адо этилади.

Демпинг нархлар (баҳолар) мажбурий аудитни хўжакўрсин қабилида ўтказиладиган тартиб-таомилга айлантириб юбориши мумкин. Оқибатда бундай аудит унинг хизматларидан фойдаланувчиларнинг молиявий ҳисобот тўғрилигига ишончни таъмин этишдек асл мақсадини йўққа чиқаради.

 

Ана шу масала устида ташвишга тушиб қолган кўпгина аудиторлар демпингга қарши курашга доир таклифларини ошкора айтмоқдалар, шу жумладан матбуотда эълон қилмоқдалар. Аудиторлар ташкилоти штатидаги аудиторлар сонини 12 нафарга етказиш шарт деган таклиф ҳам бўлди. Бу фикрни ўртага ташлаган муаллифнинг наздида бундай қилиш аудиторлик ташкилотлари сонини қисқартиради. Аудиторлик ташкилоти хизматларига бўлган талаб ортиб бораётганлиги эса, демпингни жиловлашга ёрдам беради. Бу масалада сабаб ва оқибат ришталари кўзга ташланмайди. Бозорнинг кам сонли иштирокчилари ўртасида таклиф этиладиган баҳо борасида келишиб олиш, тил бириктириш ва шу йўл билан рақобатга босим ўтказиш мумкинлиги оқибатида аудит сифати пасайиб кетишини тахмин қилса бўлади.

Ана шундай вазиятлардан чиқиб олиш йўли масалани қонунчилик йўсинида тартибга солишда шекилли. Корхонанинг устав капиталида улуши бўлган давлат корхонанинг молиявий ҳисоботи ишончли ва тўғри бўлишидан манфаатдор эканлиги турган гап. Худди шу боис, у ташқи аудит борасида бир тўхтамга келиш юзасидан ўтказиладиган танловга доир талабларни ва унга таъсир этувчи омиллар туркумини белгилаб берадиган ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқишда ташаббускор бўлмоғи керак.

Йирик халқаро компанияларнинг тажрибаси бундай ёндашувга мисол бўлиши мумкин. Маълумки, улар ташқи ­аудиторни танлашда жуда кўп омилларни инобатга оладилар. Таклиф этилаётган баҳо бу омиллар орасида охирги ўринда турмайди, албатта. Кўпроқ аудиторлик ташкилотининг шундай корхоналарда аудит ўтказганлиги тажрибасига, аудитор ҳақида унинг иштирокисиз ҳам холис фикр олиш имконини берадиган раҳбарлар билан мулоқотда бўладиган мижозлар борлигига қарашади. Тавсияномаларга, аудиторлик ташкилоти ходимларининг малакаси ҳақидаги ҳужжатларга ва бошқа қатор омилларга қаралади. Шуларнинг ҳаммаси жамулжамликда мажбурий аудит ўтказишга тааллуқли таклифларнинг қўшимча, ёрдамчи қисмини ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, ташқи аудиторни танлашга таъсир ўтказадиган омилларнинг аксариятидан аудиторлик компаниялари ўртасида мажбурий рейтинг ўтказишда ҳам фойдаланилади. Шу сабабли қўшимча, ёрдамчи омилларнинг сонини рейтинг эълон қилиш билан алмаштириш орқали ҳам анчагина қисқартириш мумкин.

Аммо бу нарса ягона усул бўлиб қолмаслиги керак. Зотан, ташқи аудиторни танлашдаги кўпгина муҳим омиллар рейтингда эгаллаб турилган ўринга бирдай таъсир этади деб бўлмайди. Масалан, турли сабабларга кўра, жуда юқори рейтингга эга бўлмаган баъзи аудиторлик ташкилотларида айни ўша корхона учун зарур тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассислар бўлиши мумкин.

Танлов иштирокчиси таклифининг молиявий қисмига келганда, унда текширувга жалб этиш мўлжалланаётган мутахассисларнинг соатбай ставкалари, аудиторлик тартиб-таомилларини ўтказиш учун зарур иш вақти, хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар ҳақида ахборот (маълумот) бўлиши шарт. Танлов ташкилотчилари ана шундан келиб чиқиб, аудит ўтказишга кетадиган сарф-харажатларни аниқлайдилар. Сўнгра билвосита харажатлар ва маъмурий харажатларни қоплаш учун керакли сумма (тўғридан-тўғри харажатларга нисбатан фоиз ҳисобида), режалаштирилаётган фойда ва таклиф этилаётган баҳо кўрсатилмоғи лозим. Ана шундай ахборотларнинг бўлиши комиссияга танлов иштирокчиси бўлажак иш ҳажми ҳақида тасаввурга эгами-йўқми, мутахассиснинг меҳнати қанчалик тўғри баҳоланган, у фойда кўришни (банк қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда) режалаштираётирми-йўқми ва шу сингари ҳолатларни аниқлаб олишга ёрдам беради.

Танловнинг бундай мезонлари амал қилганда, демпингга мойил ташкилот дарҳол аниқланиб қолади. Шу тахлит ёндашув мижозга:

● энг кам иш ҳақининг 2–3 баравари миқдорида баҳоланаётган меҳнат аудиторларнинг етарли даражада малакали эмаслигидан далолат беради;

● аудит ўтказиш учун жуда кам вақт ажратилаётганлиги танлов иштирокчиси иш ҳажмини тасаввур этмаётганлигини ёки текширувни талаб даражасида ўтказиш нияти йўқлигини англатади;

● хизмат сафари билан боғлиқ инобатга олинмаган харажатлар эса объектга бориш нияти йўқлигини кўрсатади;

● асоссиз равишда пасайтириб кўрсатилган ёки ҳисобга олинмаган билвосита харажатлар ва маъмурий харажатлар танлов иштирокчиси сизни чалғитаётганлигидан далолат беради. Негаки, бу харажатлар барибир қопланади, демак аудитнинг ўзи янада кам харжликни мўлжалламоқда.

Бундай таклифни комиссия сабабини баён этган ҳолда дарҳол рад этиши мумкин. Борди-ю, таклиф қабул қилинса ва, янада қизиғи, танловда ютиб чиқса, оқибати учун жавобгарлик комиссия аъзолари зиммасида бўлмоғи керак. Аудитни реал бўлмаган қисқа муддатда ва кам ҳақ тўланадиган мутахассислар иштирокида ўтказилишига розилик бериш билан комиссия аъзолари сифатли бўлмаган аудитга мойиллик билдирган бўладилар.

Таъкидлаш жоизки, харажатларни тавсиф этиш (бу ўринда уни смета деб аташ тўғрироқ бўлурди) танловдан демпингпараст ташкилотни чиқариб ташлашдан ташқари аудит қиймати асоссиз равишда ошиб кетишидан халос бўлиш имконини беради.

 

Ташқи аудиторни танлаш жараёни умумий чизгиларда қуйидагилардан иборат:

1) танлов ўтказиладиган муддат, унинг иштирокчиларига ҳамда тақдим этиладиган таклиф шаклига (қўшимча, (ёрдамчи) ва молиявий қисмларни алоҳида-алоҳида кўрсатиш) оид ахборот матбуотда эълон қилинади;

2) қўшимча (ёрдамчи) ахборот асосида танлов иштирокчиларининг дастлабки рўйхати шакллантирилади (қайсидир бир ташкилот эълон қилинган талабларга мос келмаганлиги сабабли рўйхатга киритилмаслиги мумкин) ва улардан ҳар бирига олдиндан ишлаб чиқилган методикага мувофиқ, муайян миқдорда балл берилади;

3) молиявий ахборот асосида рўйхатдан: аудит қийматини белгиловчи харажатлар тавсифини тақдим этмаган; атайин паст, керакли меҳнат сарфиётига мувофиқ бўлмаган қиймат таклиф этган; қийматни асоссиз равишда ошириб юборган иштирокчилар чиқариб ташланади;

4) қисқарган рўйхатдаги ҳар бир иштирокчига таклиф этган нархига (баҳосига) тескари пропорционал тарзда муайян миқдорда балл берилади;

5) таклифнинг қўшимча, (ёрдамчи) ва молиявий қисмлари бўйича умумий балл ҳисоблаб чиқилади ва ғолиб аниқланади. Жаҳон амалиётида умумий баллни ҳисоблашда молиявий қисм салмоғи одатда, 20–30 фоиз доирасида қалқиб туради;

6) танлов ғолиби билан шартнома тузилади ва унинг шартлари узил-кесил белгилаб олинади.

Ташқи аудитор танлови услубияти (танлов параметрлари, унда иштирок этувчилар рўйхатига иштирокчиларни киритиш ва уларни рўйхатдан чиқариш мезонлари, балларни ҳисоблаш тартиби) қонунчилик даражасида тасдиқланмоғи ғоят муҳимдир. Бу нарса ихтиёрий равишда белгилаб олинган параметрлар бўйича, бинобарин ғолиб чиқиши илгаридан аён иштирокчига афзаллик берувчи параметрлар бўйича сохта танлов ўтказиш эҳтимолини кескин камайтиради.

Танловни ташкил этиш ва шартнома тузиш регламенти бўлиши, бир тарафдан, ғирромлиги, ноинсофлиги олдиндан маълум ташқи аудиторни демпинг қиймати бўйича танлашдек хатодан халос бўлиш ва аудит талаб даражасида ўтказилмаслиги билан боғлиқ молиявий таҳдид-таваккалчиликларни истисно этиш имконини беради, иккинчи тарафдан эса, аудиторлик хизматлари нархини белгилашнинг очиқ-ошкоралигини таъминлайди ва бу билан уларнинг қиймати асоссиз равишда ошириб юборилиши эҳтимолликларидан холи қилади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бир неча йил олдин Ўзбекистон Аудиторлар палатаси ташқи аудиторлик ташкилотларини танлаб олиш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқишга киришган эди. Таассуфки, иш чала қолиб кетди.

Евгения ИНДИНА,

«Kreston Tashkent» МЧЖ
аудиторлик ташкилоти директори.

Прочитано: 2229 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика