Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 50 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

«СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТИЗИМ»ДАГИЛАРГА СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНГАНЛИК УЧУН СОЛИҚ  

ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 349-моддасига киритилаётган ўзгартиришларда назарда тутилишича, соддалаштирилган тизим бўйича солиқ тўловчилар айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарганда ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлайдилар.

2015 йил 1 январдан кичик бизнес субъектлари (юридик ва жисмоний шахслар) – ягона солиқ тўлови, ягона ер солиғи ёки қатъий белгиланган солиқни тўловчилар шуни эътиборга олишлари лозимки, улар қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги товарларни ишлаб чиқаришда сув ресурсларидан фойдаланиб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчиларга айланадилар.

Айрим турдаги товарлар рўйхати алоҳида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланади (norma.uz сайти ёки «Солиқ ва божхона хабарлари» ҳамда «Норма маслаҳатчи» газеталаридаги мақолаларни кузатиб боринг).

 

ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ БЎЙИЧА РЕАЛИЗАЦИЯ ҲАЖМИДАН ҲАМ СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ИШЛАТГАНЛИК УЧУН СОЛИҚ ТЎЛАНАДИ

Кодекснинг 301-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ солинадиган реализация ҳажмига товар-хом ашё биржаси орқали реализация қилинган суюлтирилган газ ҳажми ҳам киритилади.

2015 йил 1 январга қадар суюлтирилган газни реализация қилувчи ташкилотлар транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали реализация қилинган суюлтирилган газ ҳажмидангина тўлаганлар. Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга мувофиқ 2015 йилдан тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича биржа орқали реализация қилинган газ ҳажми ҳам мазкур солиқ учун солиқ солинадиган база сифатида қаралади. Солиқ суммаси етказиб берувчилар томонидан тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича реализация қилинган суюлтирилган газга нархларни ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинади.

 

ОБОДОНЛАШТИРИШ ВА ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ СОЛИҒИНИ ҲИСОБЛАШ ТАРТИБИДАГИ ЎЗГАРТИШЛАР

2015 йил 1 январдан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтирувчи даромадлар рўйхати кенгайтирилди.

Кодекснинг 296-моддасига қўшимчалар киритилгунга қадар солиқ солинадиган базадан – соф фойдадан дивидендлар бўйича даромадлар, соф қўшимча фойда (қўшимча фойда солиғи тўловчилари учун), Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра текин олинган пул маблағлари, шунингдек бюджетдан олинган субсидиялар суммаси чегириб ташланар эди.

ЎРҚ-379-сон Қонун билан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солинадиган базани камайтирувчи даромадлар рўйхати суғурта шартномалари бўйича суғурта товони тариқасида олинган маблағлар суммасига (яъни суғурта ҳолати юзага келганда зарарни қоплаш учун тўловлар), бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқарилган суммасига кенгайтирилди.

Бунда имтиёзларни қўллаш мақсадида суғурталаш турлари кўрсатилмаган. Бу эса суғурталашнинг барча турлари (мол-мулк, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги ва бошқалар) бўйича қоплов суммалари солиқ солинадиган базага киритилмаслигини англатади.

Киритилаётган ўзгартиришлар фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солинадиган базанинг ҳисоб-китобини янада ўхшаш қилади.

 

ЕР СОЛИҒИНИ ТЎЛАШДАГИ ЎЗГАРТИШЛАР

ЎРҚ-379-сон Қонун билан Кодекснинг 286 ва 369-моддаларига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ ер солиғини тўловчи юридик шахслар ва ягона ер солиғини тўловчи юридик шахслар учун солиқ тўлаш муддатлари бир йилда 2 мартага қадар қисқартирилиши назарда тутилади.

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (7.04.2014 йилдаги ПФ-4609-сон) билан Чора-тадбирлар, шу жумладан солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва соддалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

2015 йилдан ер солиғи ва ягона ер солиғини тўловчи юридик шахслар илгари амал қилган, ҳисобот йилининг 1 июлига қадар йиллик солиқ суммасининг 20 фоизини тўлаш мажбуриятидан озод қилинадилар. Ана шу 20 фоиз, 2014 йилнинг 1 сентябрига қадар тўланадиган миқдор илгаригидек 30 фоиз ҳажмида қолдирилганлиги боис, жорий йилнинг 1 декабригача тўланадиган суммага киритилади. 1 декабрга қадар солиқнинг қолган қисми – йиллик солиқ суммасининг 70 фоизи тўланиши лозим.

Киритилаётган ўзгартишлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг аҳволини яхшилайди, чунки улар ер солиғининг асосий қисмини мазкур йил учун ҳали даромадлар олинмаган қизғин мавсум пайтида эмас, балки ҳосил йиғиб олингандан кейин тўлайдилар.

 

АКЦИЗ СОЛИҒИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ЎЗГАРТИРИЛДИ

Кодекснинг 240-моддасига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ акциз солиғини тўловчилар ҳам амалдаги фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва бошқалар бўйича жорий тўловларни тўлаш тартибидагидек солиқ даври мобайнида жорий тўловларни киритиш орқали акциз солиғини тўлайдилар.

Ўзгартишлар қуйидагиларга дахл қилади:

акциз солиғи бўйича ҳисоб-китоб ва жорий тўловларни тўлашга;

ҳисоб-китобларни тақдим этишга;

акциз солиқ суммаси камайган тақдирда жавобгарликка.

2015 йилдан акциз солиғини тўловчиларга солиқ бўйича жорий тўловларни бир ойда 1 марта тўлаш имконияти берилади. Бунда охирги тўлов ҳисоб-китоб тақдим этиладиган санадан, яъни йилнинг ҳар чорагида, солиқ давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда амалга оширилади.

Акциз солиғи бўйича жорий тўловларнинг суммасини аниқлаш учун солиқ тўловчилар жорий солиқ даври биринчи ойининг 10-кунигача давлат солиқ хизмати органига жорий солиқ даври учун акциз тўланадиган товарларни реализация қилишнинг тахмин қилинаётган ҳажми ҳамда акциз солиғининг белгиланган ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган акциз солиғининг суммаси ҳақида маълумотнома тақдим этадилар.

Акциз солиғи бўйича жорий тўловлар ҳар ойнинг 25-кунидан кечиктирмай йил чораги бўйича акциз солиғи суммасининг учдан бир қисми миқдорида тўланади.

Акциз тўланадиган товарларни реализация қилишнинг тахмин қилинаётган ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган акциз солиғи суммаси солиқ даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган акциз солиғи суммасига нисбатан 10 фоиздан кўпроқ камайтирилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жорий тўловларни бюджетга тўланиши лозим бўлган акциз солиғининг ҳақиқий суммасидан келиб чиқиб пеня ҳисоблаган ҳолда қайта ҳисоблашга ҳақли.

 

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИГА МУРОЖААТЛАРНИНГ ЯНГИ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2014 йил 3 декабрда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-378-сон Қонун имзоланди. Қонун 2014 йил 4 декабрдан – «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Ушбу янги ҳужжат илгари амал қилган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонундан фарқли равишда нафақат жисмоний, балки юридик шахсларнинг ҳам мурожаат қилиш тартибини белгилайди.

Эслатиб ўтамизки, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масалалари ягона қонун мавжуд эмаслиги туфайли турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар: «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Прокуратура тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисидаги низом ва бошқалар билан тартибга солинар эди.

Қонуннинг муҳим янгиликларидан бири замонавий ахборот-коммуникация-технологияларидан фойдаланиш билан мурожаат киритишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳисобланади.

Қонун билан давлат органлари, давлат муассасаларига, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Бунда ушбу Қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга ҳамда давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб Ўзбекистон давлат органларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органларига оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилиш мумкин.

Қонунда мурожаатларга қўйиладиган талаблар назарда тутилган. Аноним мурожаатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳамда Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ келмайдиган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Ҳужжат билан давлат органларида жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартибга солинади.

Мазкур шахсларни қабул қилиш давлат органининг раҳбари ёхуд бошқа ваколатли шахс томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгиланади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш улар тўғрисидаги ахборот давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек давлат органларининг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш керак бўлган қабул қилиш жадвалларига кўра белгиланган кунлар ва соатларда ўтказилади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.

Давлат органларининг шахсий қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас. Агар шахсий қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш давлат органининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор ёки бошқа ваколатли шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириши керак.

Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга;

мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборот давлат органлари ходимлари томонидан ошкор этилишига;

жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга.

Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир ҳар қандай маълумот ошкор этилмаслиги керак.

Тақиқланади:

жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш;

мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш.

Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди. Бироқ бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади. Бунда ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқувчи давлат органи томонидан тикланади.

Ариза ёки шикоят масалани моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар 5 кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Мурожаатни қайтариб олиш ҳақидаги ариза давлат органлари томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Мурожаатларга жавоблар, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак.

Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси ёхуд шикояти ана шу мурожаат бўйича қонунга хилоф қарор қабул қилган давлат органи томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органининг талаби билан жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.

Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи томонидан қилинган харажатлар жисмоний ёки юридик шахсдан суднинг қарорига кўра ундириб олиниши мумкин.

 

ЙЎЛДА БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИНИ ЎТКАЗИШ ТАҚИҚЛАНАДИ

Давлат божхона қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК, Молия вазирлиги ва Марказий банк Бошқарувининг қарори (АВ томонидан 17.11.2014 йилда 619-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Темир йўл транспорти йўловчиларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларда назарда тутилишича, йўловчиларининг қўл юкини, багажини, валютасини ва валюта бойликларини божхона назоратидан ўтказиш ва расмийлаштириш энди божхона назорати зонасидагина амалга оширилади. Божхона расмийлаштируви жойларида йўловчилар ва сайёр бригада аъзоларининг қўл юки техник назорат воситаларини қўллаб, кўрикдан ўтказилади. Бунда божхона органлари томонидан божхона назоратининг соддалаштирилган шакллари қўлланилиши мумкин.

Ҳужжат билан ҳаракат вақтида божхона расмийлаштируви имконияти чиқариб ташланди.

Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 24.11.2014 йилдаги 47 (651)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ПАХТА САВДОСИДАН ТУШГАН МАБЛАҒЛАР НИМАГА САРФЛАНАДИ?

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 17.11.2014 йилда 1922-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Пахта толасининг ички ва ҳақиқатда сотилган нархлари ўртасидаги ижобий фарқ маблағларини «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига тўплаш ва уни ишлатилиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Ўзгартиришлар билан ижобий фарқ суммасини тўплаш ва ундан фойдаланиш тартибига тузатишлар киритилди.

Ушбу сумма солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва 50 фоиз миқдорида — пахтачилик фермер хўжаликларига уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ёхуд хизмат кўрсатиш корхоналари олдидаги кредиторлик қарзини кейинчалик хизмат кўрсатиш корхоналарининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзини сўндириш учун йўналтирилади.

Пахтачилик фермер хўжаликларининг бундай қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда, ижобий фарқ маблағларидан «Ўзкимёсаноат» ДАК, «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзнефтмаҳсулот» АК, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Агротехсервис МТП» МЧЖ, «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» АЛК, «Ўзмашлизинг» ШК корхоналарининг моддий-техник ресурсларига ва хизматларига олдиндан ҳақ тўлаш учун фойдаланилади.

«Пахтасаноат» ҲАБ ижобий фарқ маблағлари тушишига кўра, 1 иш куни давомида уларни махсус ҳисобрақамдан Жамғарманинг тегишли ҳисобрақамларига қуйидагича ўтказади:

25%и – «Ўзпахтасаноат» уюшмаси корхоналарининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш ҳисоб-китоби жамғармаси кредитлари бўйича қарзини сўндиришга йўналтирилади;

қолган қисми Жамғарманинг айланма маблағларини тўлдириш учун йўналтирилади.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 24.11.2014 йилдаги 47 (651)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

НАФАҚА ОЛИШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 20.11.2014 йилда 1927-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан «Болаликдан ногиронларга нафақалар тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзгартиришларга биноан Мазкур Низом 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Ҳужжатда Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари нафақаларни тўлаш учун талаб қилинадиган маблағлари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда тақдим қиладиган муддатга тузатиш киритилди – тўлов ойининг 15-санасидан кечикмаган ҳолда (илгари – 10-санасидан эди) тақдим этилади.

Пенсия жамғармасининг нафақаларни олиш учун тайинлаш сертификатини тайёрлаш мажбуриятини белгиловчи меъёр ўз кучини йўқотди.

Буйруқ «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 24.11.2014 йилдаги 47 (651)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.


Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз Елена ЕРМОХИНА, Сардор ЖУМАШОВ ва экспертимиз
Лилия ХИСМАТОВА тайёрладилар.

 

*Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

Прочитано: 2858 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика