6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошланди. Ушбу қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларининг атамалари ва ҳуқуқий нормаларини бир хилда қўллаш ҳамда тегишли органлар томонидан улар турлича талқин қилинишининг, мувофиқликни баҳолаш бўйича ишлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Ушбу қонун лойиҳасида, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилларининг мураккаблашувини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг зиммасига янги мажбуриятлар ва жавобгарликлар юкланишини назарда тутувчи қонун ҳужжатлари, улар расман эълон қилинганидан камида уч ой ўтгач кучга кириш муддати белгилаб қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятидаги ҳужжатларни бериш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароит яратиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, мажлис кун тартибига қонун лойиҳалари биринчи ўқишда ҳам киритилди. Хусусан, қонунчилик ташаббуси тартибида Олий суд томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган «Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Депутатлар солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига катта эътибор қаратдилар. Тузатишлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилмоқда.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини яхшилаш имконини беради. Жумладан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига киритилаётган тузатиш микрофирма ва кичик корхоналар ходимларининг энг юқори сонини, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ишга қабул қилинган тақдирда, 20 фоиздан 50 фоизгача оширишни назарда тутади. Парламент аъзоларининг фикрича, ушбу ўзгартиш микрофирма ва кичик корхоналарни ёш мутахассисларни ишга қабул қилишга рағбатлантириш имконини беради.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари молия ҳисоботини электрон ҳужжат шаклида тақдим этиши, улар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни олти ой мобайнида тўлашига доир ягона тартиб ўрнатилиши назарда тутилмоқда. Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши 2015 йилга мўлжалланган Солиқ сиёсати концепциясини рўёбга чиқариш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароит яратади.
Солиқ солиш юзасидан хўжалик юритувчи субъектларга берилаётган имтиёзлар, айниқса, касаначилик ва оилавий тадбиркорлик соҳасида иш билан таъминлашнинг турли шаклларини самаралироқ жорий этиш имконини беради.
Депутатларнинг фикрича, Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартишлар пенсияларнинг (шу жумладан, стажи тўлиқ бўлмагандаги пенсияларнинг) энг кам базавий миқдорларини бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш учун ёшга доир пенсиянинг энг кичик миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгилашни кўзда тутмоқда.
Солиқ кодексига киритилаётган тузатишлар қатъий ставка бўйича солиқ солинадиган даромадларнинг алоҳида турлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушланган суммалари ва тўланган даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш заруратини бекор қилиш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштиришни назарда тутмоқда. Ушбу ўзгартишларнинг киритилиши ҳисоботни топширишда солиқ маъмуриятчилиги учун сарфланадиган харажатларни камайтириш, умумий йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатиладиган маълумотлар такрорланишининг олдини олиш имконини беради.
Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги товарларни ишлаб чиқарувчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этишни, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқиш тартибини ҳар чоракда эмас, балки бир йилда бир марта белгилашни назарда тутаётганлигига эътибор қаратдилар. Шу билан бир қаторда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бюджет маблағларини ўзлаштиришда ҳуқуқий қоидабузарликларнинг олдини олиш учун қулайроқ шарт-шароит яратиш имконини беради.
Депутатлар моддама-модда ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда ушбу қонунни якуний таҳрирда қабул қилдилар. Ҳужжат Олий Мажлис Сенатига юборилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати
материали асосида.