Мен 2014 йил 8 сентябрда меҳнат таътилига чиқдим. Таътил – 24 иш куни. Таътил кунларига 2 байрам куни – 1 октябрь (Устозлар ва мураббийлар куни) ва 4 октябрь (Ҳайит) тўғри келди. Биз 5 кунлик иш ҳафтасида ишлаймиз. 4 октябрь шанбага тўғри келди. Таътил 6 кунлик иш ҳафтасини ҳисобга олиб ҳисоб-китоб қилинади. Менга ишга 7 октябрда чиқишим кераклигини айтишди, чунки 4 октябрь шанба бўлиб, у ҳисобга киритилмайди. Мен 8 октябрда ишга чиқдим. Меҳнат таътилим муддатини тўғри ҳисоблашда ёрдам берсангиз. Эҳтимол, мен Меҳнат кодекси моддасини нотўғри тушунгандирман.
Агар байрам (ишланмайдиган) кунлари шанбага тўғри келса, 5 кунлик иш ҳафтасида меҳнат таътили муддатини қандай қилиб тўғри ҳисоблаш мумкин?
Н.Муҳиддинова, мусаҳҳиҳ.
– Таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади (Меҳнат кодексининг 139-моддаси, бундан кейин – МК).
Таътил даврига тўғри келиб қолган ва МКнинг 131-моддасига мувофиқ ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.
Таътил муддати 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобланиши, шанба (4 октябрь) эса байрам куни бўлганлиги боис ушбу кун таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди.
Сиз ҳақиқатан ҳам меҳнат таътилидан 2014 йил 8 октябрдан чиқишингиз керак эди.
Ирина БОРИСОВА,
экспертимиз.