Фирма муассисининг фарзанди болалар боғчасида бўлишига унинг келгусидаги дивидендлари ҳисобидан ҳақ тўласа бўладими?
Л.Стекольникова,
МЧЖ бош бухгалтери.
– Сизнинг ҳолатда муассис билан қарз шартномаси тузиб, унда болалар боғчаси учун тўловнинг энг юқори суммаси, бериладиган қарзни қайтариш муддатлари ва шартларини белгилаш мақсадга мувофиқ. Зеро, буни сиз йил якунлари бўйича фойда олиш-олмаслигингизни олдиндан била олмаслигингиз тақозо этади. Қарз шартномаси ўз навбатида пул маблағларини муассиснинг фойдасини кўзлаб ўтказиш учун асос бўлади.
Йил якунлари бўйича фойда мавжуд бўлганда муассислар умумий йиғилишининг баённомаси тузилади ва унинг асосида дивиденд солиғини чегирган ҳолда дивидендлар тарзида муассисга тўланадиган сумма белгиланади.
Дивидендларни тўлаш тўғрисида муассис (муассислар) қарор чиқарган санада корхона билан муассис ўртасида муқобил қарз вужудга келади. У Фуқаролик кодексининг 343, 344-моддаларига мувофиқ муқобил ўхшаш талабларни ҳисобга олиш йўли билан сўндирилиши мумкин. Ҳисобга олишни муқобил ўхшаш талабларни ҳисобга олиш тўғрисида битим тузиш билан расмийлаштириш мумкин.
Агар дивидендлар суммаси қарз муддати тугаганидан кейин қарзни сўндириш учун етарли бўлмаса, муассис фарқни қайтариши шарт. Ёки қарз бериш муддатини узайтириш тўғрисида қўшимча битим тузиш мумкин.
Лилия ХИСМАТОВА, экспертимиз.