Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 43 / Менда фикр бор

Ўзаро алоқадорлик оқибатлари

АЛОҲИДА МУНОСАБАТЛАР

Молиявий ҳисоботни тай­ёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос1 (бундан кейин – Концепция) ишончлилик (аниқлик), молиявий ҳисоботдаги бетарафлик ҳамда ҳаққоний ва холис тақдим этиш қоидаларига қуйидаги таърифларни беради:

● ишончлилик – ахборот, унда жиддий хатолар ва тахминлар бўлмаса ва унга фойдаланувчилар асосланишлари мумкин бўлса, ишончли бўлади;

● молиявий ҳисоботдаги бетарафлик – молиявий ҳисоботда бериладиган ахборот ишончли бўлиши учун тахминлардан мустақил бўлиши лозим;

● ҳаққоний ва холис тақдим – молиявий ҳисоботлар фойдаланувчида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий аҳволи, операциялар натижалари, пул маблағлари ҳаракати тўғрисида ҳаққоний ва холис тасаввур яратиши керак.

Маълумки, компания фаолиятининг натижаларига таъсир кўрсатувчи кўпдан-кўп омиллар орасида алоҳида муносабатлар ажралиб туради, улар мазкур юридик шахсни бозорнинг бошқа субъектлари билан боғлайди. Хўжалик юритиш амалиётида хўжалик операцияси ёки катта миқёслардаги бирор-бир битимни хўжалик юритувчи субъект унинг фаолиятидан ўзаро манфаатдор бўлган тараф (тарафлар) билан бирга амалга оширадиган ҳолларни етарлича тез-тез учратиш мумкин. Мазкур ўзаро манфаатдорлик моддий (иқтисодий) ёки маънавий (ижтимоий) тусда бўлиши мумкин. Хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг молиявий аҳволи ва молиявий натижаларидан ўзаро манфаатдор шахсларни одатда алоқадор тарафлар деб аташ қабул қилинган. Фойдаланувчиларнинг корхона фаолияти тўғрисидаги холис ва тўлиқ ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун корхона ҳисоботида алоқадор тарафлар ҳақидаги ахборот очиб берилиши керак. Алоқадор тарафлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар молиявий ҳисобот тақдим этадиган компаниянинг умуман фаолияти натижаларига ҳам, унинг молиявий натижаларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун раҳбар ходимлар тўғрисидаги ахборот муҳимдир. Баъзан раҳбар ходимлар қабул қиладиган қарорларга уларнинг яқин қариндошлари катта таъсир кўрсатиши мумкин. Одатда инвесторнинг юридик шахс фаолиятига таъсир кўрсатиш даражаси унинг инвестициялари миқдорига боғлиқ бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектлар кўпинча мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбар ходимлари қарорлар қабул қилиш учун фойдаланадиган бошқарув, ҳисоб юритиш ёки ахборот етказиш хизматларини тақдим этадиган бошқа компаниялар билан контрактлар тузадилар. Бироқ баъзида бундай хизмат турларини тақдим этадиган ва хизмат кўрсатилаётган юридик шахснинг фаолиятидан муайян манфаатларни кўзлайдиган компаниялар ўз мақсадларига эришиш учун ахборотдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишлари ва бу билан мазкур юридик шахс раҳбарияти қабул қиладиган қарорларга муайян таъсир кўрсатишлари мумкин. Тегишинча, бир-бирига таъсир кўрсата оладиган юридик (жисмоний) шахслар одатда алоқадор тарафлар деб эътироф этилади.

 

ОЧИБ БЕРИШ БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР

Қонун ҳужжатларида алоқадор тарафлар билан битимларни амалга ошириш, шунингдек ўзаро манфаатдорликка эга бўлган шахсларни (алоқадор шахсларни) эътироф этиш тартибини белгилайдиган айрим меъёрлар назарда тутилган. Чунончи, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун2 88-моддасида назарда тутилишича, аффилланган шахс билан битимни маъқуллаш тўғрисида қарор мажлисда иштирок этаётган кузатув кенгаши ­аъзоларининг бир овоздан ёки акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашаётган акциядорларнинг квалификацияланган кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар жамият кузатув кенгашининг икки ва ундан кўп аъзоси аффилланган шахслар бўлишса, битим тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида ушбу Қонун билан белгиланган тартиб ва муддатларда қабул қилинади.

Шу билан бирга «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 43-моддасига кўра, тузилишидан жамият кузатув кенгашининг аъзоси, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзоси манфаатдор бўлган ёки ўз аффилланган шахслари билан биргаликда жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг 20 ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчисининг манфаатдорлиги бўлган битимлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилигисиз жамият томонидан тузилиши мумкин эмас.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, Акциядорлик жамиятларида аффилланган шахслар, уларнинг ҳисобини олиб бориш ва ахборотларни ошкор қилиш тартиби тўғрисида низом3 «аффилланган шахслар» тушунчаси, улар ҳисобини юритиш ва акциядорлик жамиятларида ахборотни очиб бериш тартибини белгилайди. Бунда Низомда акциядорлик жамиятининг алоқадор тарафлари тўғрисидаги ахборотни очиб бериш фақат қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ваколатли давлат органига аффилланган шахслар (боғлиқ тарафлар) рўйхатини тақдим этиш ва очиқ акциядорлик жамиятларининг ҳар йили уни чоп этиш мажбурияти билан чекланади.

Бироқ ҳозиргача хўжалик юритувчи субъектнинг молия ҳисоботида унинг алоқадор тарафлари тўғрисидаги ахборотни янада тўлиқ очиб бериш тартиби масалаларига бағишланган алоҳида ­меъё­рий ҳужжат мавжуд эмас. Хўжалик юритувчи субъектнинг алоқадор тарафлари ва улар билан катта миқдорларда амалга оширилган хўжалик операциялари тўғрисидаги ахборотнинг муҳимлиги боис алоҳида меъёрий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Мисол сифатида хўжалик юритувчи субъектнинг молия ҳисоботида унинг алоқадор тарафлари тўғрисида янада тўлиқ ва ишончли ахборотни очиб бериш масалаларини тартибга солиш учун мўлжалланган Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартини келтирса бўлади.

 

ХАЛҚАРО ТАРЗДА ОЧИБ БЕРИШ

Бухгалтерия ҳисобининг халқаро амалиётида алоқадор тарафлар тўғрисидаги ахборотни очиб беришни «Алоқадор тарафлар тўғрисидаги ахборотни очиб бериш» (IAS 24 Related Party Disclosures) 24-сон Молиявий ҳисобот халқаро стандарти (МҲХС) тартибга солади. Яхши маълумки, Ўзбекистон Республикасининг халқаро амалиётда қабул қилинган ҳисобга олиш ва статистика тизимига ўтиш давлат дастурини4 бажариш доирасида 1998 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар кўп жиҳатдан молиявий ҳисобот халқаро стандартларига мувофиқ келадиган 23 та бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (шу жумладан Концепция) қабул қилинган. Шу боис 24-сон МҲХС алоқадор тарафлар тўғрисидаги ахборотни очиб беришни тартибга солишга бағишланган БҲМСни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш учун муҳим аҳамиятга эга. Хўш, 24-сон МҲХСда баён этилган, алоқадор тарафлар тўғрисидаги ахборотни очиб бериш тартиби қандай экан?

24-сон МҲХСнинг асосий мақсади ташкилотнинг молия ҳисоботида у билан алоқадор тарафларнинг, шунингдек бундай тарафлар билан операциялар ва ўзаро ҳисоб-китоблар сўндирилмаган сальдоларининг унинг молиявий аҳволи, фойдаси ёки зарарига эҳтимолий таъсирига эътиборни жалб этиш учун зарур бўлган ахборотни очиб беришни таъминлаш ҳисобланади.

Биринчи навбатда, алоқадор тарафлар тўғрисидаги ахборотни очиб беришнинг зарурлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Маълумки, МҲХС тизимида адолатли қиймат тушунчаси кенг тарқалган. Турли активлар ва мажбуриятлар адолатли қиймат бўйича баҳоланиши мумкин, баъзи ҳолларда эса – шундай қилиниши шарт. МҲХСга кўра адолатли қиймат корхонанинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантириладиган баҳо эмас, балки бозор баҳосидир. Баъзи активлар ва мажбуриятлар бўйича кузатилаётган бозор операциялари ёки бозор ахбороти мавжуд бўлиши мумкин. Бошқа активлар ва мажбуриятлар бўйича кузатилаётган бозор операциялари ёки бозор ахбороти мавжуд бўлмаслиги мумкин. Бироқ уларни адолатли қиймат бўйича баҳолаш мақсади иккала ҳолда ҳам бир хил – уюшган бозорда амалга ошириладиган, баҳолаш санасида жорий бозор шартларида (яъни баҳолаш санасида активни ушлаб турган ёки мажбуриятга эга бўлган бозор иштирокчиси нуқтаи назаридан чиқариш нархи) бозор иштирокчилари ўртасида активни сотиш ёки мажбуриятни топшириш операцияси ўтказилиши мумкин бўлган нархни белгилаш.

Фойдаланувчи ўз қўлига компаниянинг молия ҳисоботини олганда, у компания юқорида кўрсатилган қоидалардан келиб чиқиб битимни амалга оширади деб тахмин қилади. Агар аслида бундай бўлмаса, ҳисоботда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган бўлса, молиявий ҳисоботдан фойдаланувчи компаниянинг молиявий ҳолати, унинг фаолияти молиявий натижалари ва келгуси истиқболлари тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўла олмайди. Пировардида бундай ҳисоботдан фойдаланувчи нотўғри иқтисодий қарорлар қабул қилишининг эҳтимоли катта.

Шубҳасиз, агар унинг ҳаракатларига бошқа ташкилот раҳбарлик қилса ёки унга салмоқли таъсир кўрсатса, компания юқорида келтирилган таърифларга жавоб бермайдиган операциялар қилиши мумкин.

Бундай операцияларга энг яққол мисол – бир шуъба хўжалик жамияти (бундан кейин – шуъба компания) томонидан бошқа ёки бош жамиятга (бундан кейин – асосий компания)га5 бозор нархларидан паст нархларда ёки тўловнинг фойда келтирмайдиган шартларида товарларни сотиш ёки хизматлар кўрсатиш. Агентлик, лицензия шартномалари, пасайтирилган нархлар бўйича ижара шартномалари, тадқиқот ва ишланмалар бажариш, фоизсиз қарзлар, кафолат ва таъминотлар бериш бундай битимларга бошқа мисолдир. Умуман олганда, молиявий ҳисоботнинг алоқадор тарафлар билан муносабатлар дахл этмаган бирорта қисми бўлмаса керак.

Бошқа вазият ҳам бўлиши мумкин. Масалан, биз кўриб чиқилаётган ташкилотнинг барча битимлари адолатли қиймат бўйича амалга оширилаётганлигини биламиз, бироқ бунда у қандайдир йирик, салмоқли компаниянинг шуъба компанияси ҳисобланади. Ушбу ҳолда мабодо у ўша йирик компаниянинг шуъба компанияси бўлмаганда, у билан баъзи учинчи (мустақил) тарафлар ишламаган бўлишлари мумкин эди. Агар асосий компания шуъба компанияни сотмоқчи бўлса, бўлғуси харидор учун алоқадор тарафлар билан муносабатлар туфайли вужудга келган операциялар келгусида тўхтатилиши мумкинлигини билиш фойдали бўларди. Бундай вазиятда, ҳатто асосий компания билан операциялар бўлмаган тақдирда ҳам, шуъба корхона ҳисоботида у ҳақдаги ахборотни очиб бериш зарур, чунки шуъба компанияси обрў-нуфузли компаниялар гуруҳининг бир қисми эканлиги туфайлигина мижозларга, яхшигина кредит рейтингига эга бўлиши, бошқарувчи жамоанинг борлигидан наф олиши мумкин.

 

СОЛИҚЛАРГА ДОИР ТАРТИБГА СОЛИШ

Кўрамизки, манфаатдорлик билан ва, табиийки, реал бозор шароитларидан фарқланадиган нархлар бўйича амалга ошириладиган битимлар улар амалга оширилаётган мамлакатнинг иқтисодий ҳолатига таъсир кўрсатади. Буни ҳисобга олиб, ҳар бир давлат ўз иқтисодиётига трансферт нархларнинг6 нохуш таъсирини ўзаро алоқадор шахсларга кирадиган шахсларни белгилаш ва нарх ўрнатиш бўйича чекловларни белгилаш йўли билан бартараф этиш ҳамда унинг олдини олишга интилади.

Чунончи, Солиқ кодексининг (СК) янги таҳририни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш натижасида (2008 йил 1 январдан кучга кирган) кутилаётган зарур қоидалар киритилди (СКнинг 40-моддаси):

«Агар ўзаро алоқадор юридик шахслар ўз тижорат ва молиявий муносабатларида ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланилиши мумкин бўлган нархлардан фарқ қиладиган нархларни қўлласа, солиқ солинадиган база товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш нархлари асосида ҳисоблаб чиқариладиган солиқ солиш объектини аниқлашда давлат солиқ хизмати органлари ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланиладиган нархлардан фойдаланади.

Ўзаро алоқадор юридик шахслар қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва уларнинг чет давлатлар юридик шахслари бўлган муассислари (иштирокчилари, ­аъзолари);

чет давлатларнинг юридик шахслари ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар бўлган муассислари (иштирокчилари, аъзолари);

муассислари (иштирокчилари, аъзолари) айни бир юридик ёки жисмоний шахслар бўлган Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва чет давлатларнинг юридик шахслари».

Якун чиқарарканмиз, Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида алоқадор тарафлар ўртасида ўзаро муносабатларни тартибга соладиган қоидалар мавжудлигини кўрамиз. Бироқ қулай инвестиция иқлими ва хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон корхоналарига қизиқиши ошиб бораётганлигини ҳисобга олиб, ушбу қоидаларни етарли эмас деб ҳисоблаймиз ва биз тилга олган мавзулар бўйича ахборот очиб берилишини тартибга соладиган алоҳида БҲМС ишлаб чиқишнинг зарурлигини таъкидлаймиз. Давлат иқтисодиётида юз бераётган мавжуд тамойилларга асосланиб, халқаро амалиётни аниқ мўлжал олиб, Миллий стандартни ишлаб чиқишда асос сифатида 24-сон МҲХСдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 475-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

226.04.1996 йилдаги 223-I-сон, 6.05.2014 йилдаги ЎРҚ-370-сон Қонун таҳририда.

3ҚҚБФМНҚМ, МВ, Монополиядан чиқариш давлат қўмитасининг АВ томонидан 29.01.2003 йилда 1212-сон қарори билан тасдиқланган.

4ВМнинг 24.08.1994 йилдаги 433-сон қарорига 1-илова.

5Қонун ҳужжатларига кўра, асосий компания – бош жамият, шуъба компания – шуъба хўжалик жамияти, уюшган жамият – тобе хўжалик жамияти.

6Трансферт нарх – ўзаро алоқадор тарафлар ўртасида қўлланиладиган нарх.

 

Ҳамза ТЎХСАНОВ,

Молия вазирлигининг нархни шакллантириш жамлама бошқармасининг бошлиқ ўринбосари.

Татьяна ШАЛУНОВА,

«Rastax Group» СМТ солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 2557 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика