Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 43 / Божхона

Кинологларнинг халқаро мусобақаси

ДБҚ Миллий кинология маркази ходимлари мамлакатимиз божхона органларининг 23 йиллигига ажойиб туҳфа ҳозирладилар – улар Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги Божхона назорати қўмитасининг кинология маркази базасида Алмати шаҳрида октябрь ойининг биринчи ярмида бўлиб ўтган беллашувда, яъни МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари кинология тузилмаларининг (хизмат итлари билан биргаликда) кўпкураш бўйича IV халқаро мусобақасида соврин эгаси бўлдилар.

 

Тўрт кун мобайнида Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистон божхона органларининг кинология хизматлари вакиллари «Гиёҳвандлик моддаларини юк орасидан излаш», «Буйруқни бажариш», «Енгил транспортдан ва бино ичида гиёҳвандлик моддаларини излаш», «Юк транспортидан гиёҳвандлик моддаларини излаш» номинациялари бўйича биринчилик учун куч синашдилар. Тожикистон Республикаси божхонаси вакили баҳслашувларда кузатувчи сифатида ҳозир бўлди.

Ўзбекистон командаси бундай мусобақада биринчи бор иштирок этди. Команда 2 кинолог – Миллий кинология маркази итларни ўргатиш бўлимининг кичик инструкторлари Шерзод Зияев ва Алишер Қорабоевлар ҳамда уларнинг «шогирд»лари – Герой ва Акула лақабли (зоти немис овчаркасидан) хизмат итларидан иборат эди. Судьялар таркиби ҳайъатига Ўзбекистондан Миллий кинология маркази ўқув-услубият бўлими бошлиғи Арина Васильева киритилган эди. Бўлиб ўтган мусобақалар ҳақида у қуйидагиларни гапириб берди:

– Кинолог мутахассисларимиз ит ўргатишнинг умумий ва махсус курслари бўйича измларидаги хизмат итлари яхши тобгирликни ўтаганлигини, профессионал тайёргарлик даражаси юқори эканлигини кўрсата олдилар. Барча номинациялар бўйича дастур талабларига мувофиқ тенг шароитлар яратиш мақсадида барча номинацияда мусобақалар кинология маркази ҳудудидан ташқарида ўтказилди. Чунончи, буйруқни бажариш стадионда, гиёҳвандлик моддаларини юк орасидан излаш гольф клуби ҳудудида, енгил транспортдан излаш ҳарбий қисмда, бино ичкарисида излаш касб-ҳунар коллежи биносида, юк транспортидан излаш божхона постида ўтказилди. Мусобақа ўтаётган куни ҳаво айниб, шароитни мураккаблаштирди. Биринчи куни мусобақанинг тантанали очилиш маросимидан кейин бошланган ёмғир кун охирига бориб янада кучайди. Қўйинг-чи, 3 сутка мобайнида тинимсиз ёғди. Охирги куни ёмғир қорга айланди. Намгарчилик, об-ҳавонинг бундай нотантилиги излаш, қидириш шароитларини мураккаблаштириб юборди. Негаки, бундай пайтларда қидирилаётган гиёҳвандлик моддасининг исини олиш тезлиги анча пасаяди. Бироқ ҳамма қийинчиликларга қарамай, ит ҳамроҳлигидаги биронта ҳам кинолог мусобақа масофасини тарк этмади, мўлжалланган мақсад сари сабр-чидам билан илгарилаб борди. Таассуфки, мусобақаларда учта биринчи ўрин ёки бешта иккинчи ўрин бўлмайди. Зафар ғолибларгагина ёр бўлади.

Мусобақалашув якунларига кўра команда ҳисобида Қозоғистон Республикаси кинологлари биринчи, Россия Федерацияси вакиллари иккинчи, Ўзбекистон Республикаси командаси учинчи ўринни эгаллади.

Гиёҳвандлик воситаларини ҳамда кучли таъсир этадиган моддаларни чегарадан қонунга хилоф тарзда олиб ўтилишининг олдини олиш божхона органлари кинология бўлинмалари олдига қўйилган муҳим вазифалардан биридир. Шу сабабли ҳам мусобақалар асносида хизмат итларига гиёҳвандлик моддаларини ис олиб топишнинг ҳар хил вариациялари тақдим этилди. Излаш-қидириш вақтида гиёҳвандлик моддаларига ўхшаш моддани беркитиб қўйилган жойидан ҳидидан топиш керак эди. Қизғин кураш асносида кинологлар ва уларнинг тўрт оёқли «шогирдлари» энг яхши натижаларни кўрсатишга ҳаракат қилдилар.

– Вафодор ҳамроҳимиз – жониворлар билан, таъбир жоиз бўлса, тез дўстлашиб кетдик, – дейди «Юк орасидан гиёҳвандлик воситаларини излаш» номинациясида учинчи ўринни олган Миллий кинология марказимизнинг кичик инструктор-кинологи Шерзод Зияев. – Икковлон ғолиблар орасидан жой олишимизга бир-биримизни яхши тушунимиз ва ғалабага интилишимиз қўл келди деб ўйлайман. Мутахассис-кинолог ўзининг анча мураккаб ишида юқори натижа кўрсатиш учун энг аввало итни яхши кўриши, унга ишониши лозим. Ана шунда ақлли жонивор ҳам унга шундай муносабат билдиради.

Судьялар ҳайъатига ҳам осон бўлмади. Судьялар мусобақанинг барча босқичларида кинолог билан «шогирди»нинг ҳаракатлари қанчалик ҳамоҳанг ва бехато бўлишини баҳолаб бордилар.

Энг асосийси, сабр ва чидамдир. Итни оддий буйруқни бажаришга ўргатиш учун бир ҳаракатни кунига ўттиз-қирқ марталаб такрорлашга тўғри келади. Инсон ва унинг тўрт оёқли, ақлли дўсти бир-бирини яхши тушуниши ютуқ гаровидир. Ит ўргатувчи билан «шогирд»и бир-бирига номувофиқ бўлган ҳоллар ҳам учраб туради. «Тўғри, шундай алфозда ҳам биргаликда ишлаш мумкин, лекин бунда самара тузукроқ бўлмайди», – дея ўз кузатувларини ўртоқлашди Арина Васильева. Мамлакатлар иқтисодий сарҳадларининг тўрт оёқли қўриқчиларининг барчаси мусобақаларда яхши тобгирликни ўтаганликларини, уларда табиат ато этган ҳид-исни олиш туйғуси ривожлантирилганлигини намойиш этдилар.

Хизмат итлари иштирокидаги кўпкураш бўйича IV халқаро мусобақаларнинг тантанали ёпилиш маросимида МДҲга аъзо мамлакатлар божхоналари вакиллари кинология хизматларининг божхона органлари фаолиятидаги ўрни ҳамда товарларнинг ноқонуний айланиши олдини олишдаги аҳамиятини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек мутахассис кинологларнинг ва хизмат итларининг тайёргарлиги борасида янада мукаммалроқ усуллар ва услубиятларни ишлаб чиқиш, кинология марказларини бунданда ривожлантириш зарурлигига эътиборни қаратдилар. Улар халқаро божхона ҳамкорлигини ривожлантиришда, божхона органларининг ташқи савдодаги мавжуд таҳдид-таҳликаларга – гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ ва бошқа товарлар контрабандасига қарши кураш соҳасида, яъни хизмат итлари ишидан анча самарали бўлган жойларда кенг фойдаланиш борасида ўзаро тажриба алмашишда бўлиб ўтган тадбирлар катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Ўзбекистон кинологлари командаси иштирокчилари баҳслашувларни якунида шуни қайд этиб ўтдиларки, мазкур мусобақаларда иштирок этиш бошқа давлатларда хизмат итларини ўргатиш техникаси ва услубияти билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Мақсад ва вазифалар аниқлаб олинди. Бундан буён нималар устида иш олиб бориш аён бўлди.

 

P.S.

МДҲга аъзо давлатлар божхона хизматлари кинология тузилмаларининг хизмат итлари иштирокидаги биринчилиги – кўпкураш бўйича навбатдаги, V халқаро мусобақаларни 2015 йили кузда Тошкент шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.

 

ДБҚ Миллий кинология маркази мамлакатимизда 1996 йили барпо этилган. Пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган мазкур Марказ кинолог мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича, шунингдек мудофаа ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш тузилмалари – Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси учун зотдор итларни етиштириб бериш, бундай жониворларни танлаб олиш, асл зотли итларни кўпайтириш бўйича таянч муассаса сифатида белгилаб қўйилди. Бундан ташқари Марказда турли халқаро лойиҳалар доирасида, шунингдек икки тарафлама келишувлар асосида хориж мамлакатларидан, шу жумладан Марказий Осиё, Афғонистон, Монголия ва Эрондан келган кинологлар ҳам таълим олмоқда. Бу ерда талабалар тўлақонли таълим олиши ва яхши яшаши учун барча шароит яратиб берилган. У бугунги кунда минтақавий даражадаги Марказ мақомига эга.

Миллий кинология маркази малакали мутахассислар билан таъмин этилган бўлиб, улар турли йўналишларда амалий машғулотлар ўтказиш учун 100 дан ортиқ модуль ишлаб чиқишган. Марказда кинолог курсантлар ва уларнинг ихтиёридаги хизмат итлари муҳофаза қилиш, қоровулликни ўташ, из бўйича қидириш, гиёҳвандлик воситалари, жабрланган одамларни, портловчи моддаларни излаш бўйича хизмат сир-асрорларини ўрганадилар ва ўзлаштирадилар. Ана шу мақсадда ит ўргатиладиган, тўрт оёқли жониворлар махсус ва умумий тайёргарликдан ўтадиган майдончалар мавжуд. Бу майдончалар тегишли асбоб-анжомлар ва замонавий қурилмалар билан жиҳозланган. Тезкор-излаш сабоқлари реал шароитга имкон қадар яқин бўлган шароитларда – реал объектлар, яъни юк ва енгил автомобилларда, темир йўл вагонида, самолётда, автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўтказилади.

Марказ таркибида ветеринария хизмати ҳам мавжуд. Рентген хонаси, операция ва муолажалар ўтказиладиган кабинетлардан иборат яхши жиҳозланган ветеринария шифохонаси мазкур хизмат ихтиёрида. Бу ерда ультратовуш ёрдамига асосланган ташхис ускуналари ҳам мавжуд.

Марказда зоти тоза итларни, шу жумладан чет эллардан зотдор итларни сотиб олиш билан боғлиқ барча масалалар ҳал этилган. Миллий кинология маркази ихтиёридаги тўрт оёқли ёрдамчилар қаторини тўлдириш билан зотли итларни етказиб бериш ва кўпайтириш бўлинмасидагилар шуғулланмоқда. Бу ерда турли зотдаги итлар, хусусан, немис овчаркалари, лабрадорлар, инглиз коккер-спаниеллари, ротвейлерлар, рус спаниеллари ва қора терьерлар бор. Кучукчалар учун яхшилаб жиҳозланган зал, уларни тарбиялаш, ўргатишга қаратилган бошланғич сабоқларга мўлжалланган майдонча ҳозирлаб қўйилган. 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз

Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 4911 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика