Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 43 / Хусусий иш

Оилавий тадбиркорлик: Бор имкониятдан фойдаланиб

Бизнес ишини бошлаш ва яхши юритиш кўпчилик учун ушалмаган орзу бўлиб келмоқда. Бунинг сабаби кўпинча янгиликдан чўчиш-у, ўрганилмаган йўлдан юришга ботинмасликда. Қуйида сўз юритилаётган қаҳрамонимиз бухороликАкром Шарипов ҳам ўтган йили худди шундай аҳволда эди. Оилавий кенгашда бир тўхтамга келинганлиги орзуси амалга ошиб, иши юришиб турган тадбиркорлар қаторидан жой олишига ёрдам берди.

Акром Шарипов оилавий маслаҳат «Вавилон плаза» оилавий корхонаси қошида «Нурафшон» мини-меҳмонхонасини очишига сабаб бўлганлиги ҳақида қуйидагиларни гапириб берди. 

 

– Ҳаммаси хонадонимиз жам бўлиб яшаши учун мўлжалланган уй қурилиши ниҳоясига етгач бошланди, деса бўлади. Кўчиб киришимизга ҳаммаси тайёр бўлганда, оилавий маслаҳатлашувда янги уйдан оилавий меҳмонхона тарзида фойдаланганлигимиз маъқул эмасми, деган фикр ўртага ташланди. Бу йўналишда бизнес юритиш учун бизда ҳамма шароит бор эди. Гап шундаки, болаларим бир неча хорижий тилни билади, туристлар билан ишлаш борасида тажрибалари ҳам бор. Қизим айни шу соҳада таълим ҳам олган, бинобарин, оиламизда меҳмонхона хўжалиги бўйича тайёр мутахассис ҳам бор.

Янги жабҳада бизнес бошлашига туртки бўлган нарса, Акром Шариповнинг фикрича, янги қурилган уй жуда қулай ерда – эски Бухоронинг туристлар билан ҳамиша гавжум бўладиган жойида жойлашганлиги бўлди. 

– Бир тарафдан, биз билан рақобатлашувчилар етарли эканлигини тушунсак ҳам, мавсум авж палласи кезлари таклиф қанчалик кўп бўлмасин, Бухорода туристларни жойлаштириш учун баъзан жой етишмаслигини билардик. Бизникига ўхшаш нархи чўнтакбоп оилавий меҳмонхоналар сони чекланган бўлиши ҳам сир эмасди, – дейди А.Шарипов оилавий қарорни асослашда эътиборга олинган омилларга бирма-бир тўхталиб.

– Оиламизда ҳеч ким корхона ташкил этиш борасида тажрибага эга эмас эди. Гапнинг рости, ишни нимадан бошлашни билмас ҳам эдик. Танлаган соҳамизда бизнес ишини юритишнинг сир-асрорларини ўрганишга дадил киришдик. Бунда norma.uz сайтида эълон қилинган материалларнинг ёрдами катта бўлди. Мулкчиликнинг турли шаклларини ташкил этиш билан боғлиқ ишларнинг ҳамма жиҳатлари ҳақида ахборотларни тўплаб, обдан ўйлагач, юридик шахс ташкил этган ҳолда оилавий корхона очиш фикрида тўхталдик, – деб сўзида давом этди Акром Шарипов. – Бир ёғи оилавий бизнес учун белгиланган имтиёзлар ҳам эътиборимизни тортди.

«Вавилон плаза» корхонаси бошлиғи эътиборга олинган омилларни бирма-бир санаб ўтар экан, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунда бизнес аҳлига иш усули ва тартибини, кўрсатиладиган хизматлар турини ўзи белгилаб олиши, шунингдек уларга ўзи нарх белгилаши имконияти берилганлигини алоҳида таъкидлади. Янги ташкил топган оилавий корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти корхона давлат рўйхатига олинган санадан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан холи қилиб қўйилганлигини айтмайсизми?!

Бундан ташқари, кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар оилавий корхонага ҳам татбиқ этилар экан. Оилавий корхонанинг жами фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин батамом корхона иштирокчилари ихтиёрида бўлади.

– Бундай шароитда ишлаш бизни жуда қизиқтириб қолди, – дейди А.Шарипов. – 2013 йилнинг май ойида оилавий корхона тариқасида рўйхатдан ўтдик, июнда эса янги қурилган уйимизни меҳмонхона сифатида расмийлаштирдик.

Ҳозирги кунда оилавий корхона штати Акром Шарипов, унинг рафиқаси ва қизидан ташкил топгандир. Кейинчалик у оилавий корхона базасида туристик фирмани рўйхатдан ўтказсак деган ниятда юрибди. Ана шунда оиланинг бошқа аъзолари бу фирмада ишлайдиган бўлади.

Биз Акром Шарипов билан Тошкентда ўтказилган «Буюк ипак йўлида туризм» халқаро кўргазмасида танишиб қолдик. У анжуманга Бухоро делегацияси таркибида қатнашчи сифатида ташриф буюрган экан.

«Ўзбектуризм» Миллий компанияси Бухоро бўлимининг вакили Акмал Саломовнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Бухорода 20 дан ортиқ туристик фирма ва 80 дан ортиқ катта-кичик меҳмонхона фаолият кўрсатиб турибди. Кейинги йилларнинг иш тажрибаси оилавий хусусиятдаги мини-меҳмонхоналар туристлар ўртасида шуҳрат топаётганлигини кўрсатмоқда. Гап маблағда, бундай меҳмонхона арзонроққа тушишида эмас. Улар йирик меҳмонхоналарга нисбатан бугунги бухороликларнинг оилавий анъаналари, расм-русумларини яхшироқ билиб олишга, ўз гўшасидан йироқда илиқ оиловий муҳитни ҳис қилишга ёрдам бермоқда. 

 

Саида ЖАНИЗАКОВА, мухбиримиз.

Прочитано: 5893 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика