Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 40 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК

25.09.2014 йилда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги ЎРҚ-376-сон Қонун қабул қилинди.

Қонун билан белгиланишича, ижтимоий шериклик – давлат органларининг ННТ билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Ҳужжатда ижтимоий шериклик амалга ошириладиган қуйидаги асосий фаолият соҳалари назарда тутилади:

аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш;

атроф муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа соҳалар.

Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари орасида ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши, ижтимоий шериклик субъектлари томонидан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш ва ҳоказолар бор.

Ҳужжат билан ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари белгиланди. Давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий, процессуал механизмлари, ижтимоий ва социал аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этишда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал ва ишбилармонлик фаоллигини оширишда улар иштирокининг шакл ва усуллари аниқлаштирилди.

Шунингдек ижтимоий ва социал аҳамиятга молик ННТ лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини беришнинг асосий механизмлари белгиланди.

Мазкур Қонун 2015 йил 1 январдан кучга киради.

 

«ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ» ТИЗИМИ УЧУН

Ўзбекистон Республикасида «Электрон ҳукумат» тизими ва иқтисодиётнинг реал сектори учун ахборот тизимлари ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича «LG CNS Uzbekistan» қўшма корхонасини ташкил этиш юзасидан ўзаро англашув тўғрисидаги Меморандум (Тошкент, 17.06.2014 йил) ижроси доирасида Президентнинг 19.09.2014 йилдаги ПҚ-2237-сон Қарори билан қуйидагилар белгиланди:

МЧЖ шаклида барпо этилаётган қўшма корхонанинг устав жамғармасида ўзбекистонлик муассислар («UNICON. UZ» илмий-техникавий маркетинг тадқиқотлари маркази ДУК ва «Ўзбектелеком» АК) улуши 49%ни, «LG CNS Со., Ltd» (Корея Республикаси) компаниясининг улуши эса 51%ни ташкил этади;

қўшма корхона ўз фаолиятини 2014 йилнинг охиригача бошлайди ҳамда 2015 йил мобайнида Корея Республикасидан мутахассисларни ва мамлакатимизнинг етакчи дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини жалб этган ҳолда 15 та лойиҳани амалга оширади.

Қарор билан қўшма корхона фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди.

Президентнинг 20.09.2013 йилдаги ПҚ–2042-сон Қарорига мувофиқ «LG CNS Uzbekistan» ҚК 2022 йилнинг 1 январига қадар қуйидаги тўловлардан:

барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалардан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалар бўйича божхона тўловларидан озод қилинади (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

«LG CNS Uzbekistan» ҚКга Президентнинг 27.06.2013 йилдаги ПҚ-1989-сон Қарорини амалга ошириш доирасида «Электрон ҳукумат» тизимининг маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплексларини жорий этишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида қатнашиш ҳуқуқи берилди.

 

ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК МАСАЛАЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ НИЗОМЛАР ТАСДИҚЛАНДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 22.09.2014 йилдаги 269-сон Қарори билан «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунга (2.01.2014 йилдаги ЎРҚ-364-сон) мувофиқ қуйидагилар тасдиқланди:

Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги низом;

Васийлик ва ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулкини ҳисобга олиш давлат реестри тўғрисидаги низом;

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдини юритиш ва васий ёки ҳомий томонидан ўз мажбуриятларини бажариши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақидаги низом.

Ўзбекистон Республикасида васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги низом васийлик ва ҳомийлик органларининг ваколатларини, уларнинг вазифалари ҳамда васийликни ва ҳомийликни белгилаш, амалга ошириш ва тўхтатиш тартибини белгилайди.

Ҳужжат билан боланинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича васийлик ва ҳомийлик органларининг алоҳида функциялари тартибга солинади.

Васийлик ва ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда мол-мулкини ҳисобга олиш давлат реестри тўғрисидаги низом мазкур реестрни шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди. Масалан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган фуқаролар, вояга етган муомалага лаёқатли, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган фуқаролар тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон базасини яратиш.

Давлат реестри электрон ҳужжат кўринишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантирилади ва юритилади. Давлат реестрини шакллантириш учун васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этилади.

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлари йиғмажилдини юритиш ва васий ёки ҳомий томонидан ўз мажбуриятларини бажариши тўғрисида ҳисобот тақдим этиш тартиби ҳақидаги низомга мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳар бири учун шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини шакллантиради.

Васий ва ҳомий ўз мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили 10 январгача васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этади.

Васийлик ва ҳомийлик органи васийлик ёки ҳомийликдаги шахсларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини сақлашда ундаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.

Васийлик ёки ҳомийлик тугатилиши билан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди васийлик ва ҳомийлик органининг архивига сақлаш учун топширилади ҳамда архивда 75 йил мобайнида сақланади.

 

САМАРҚАНДНИНГ КЎҲНА ОБИДАЛАРИ

Вазирлар Маҳкамасининг 25.09.2014 йилдаги 271-сон Қарори билан Самарқанд шаҳрида «Расмий меҳмонлар қабуллар уйи» комплекси негизида «Форумлар мажмуаси» комплекси ташкил этилади. Шунингдек «Расмий меҳмонлар қабуллар уйи»дан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бошқармаси негизида «Форумлар мажмуаси» комплексидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бошқармаси ташкил этилади.

«Форумлар мажмуаси» комплекси йирик халқаро иқтисодий ва маданий форумлар, илмий анжуманлар ва конференциялар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик йилларида эришган ютуқларини ҳамда иқтисодий ўзгаришларни чуқурлаштириш ва ривожланган демократик давлат қуриш борасида тўпланган тажрибасини очиб берадиган ижтимоий-сиёсий тадбирларни ўтказиш марказига айланади.

Ҳужжат билан «Форумлар мажмуаси» комплексидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бошқармаси ходимларининг умумий чекланган сони 120 нафар этиб белгиланди.

Комплексдан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бошқармаси таъминоти бўйича харажатлар Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида амалга оширилади.

 

Ҳужжатларга қисқача шарҳларни
эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА
тайёрлади.

Прочитано: 3091 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика