Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 37 / Бизнинг маслаҳатлар

Корхона тугатилди

Ўзим Бухоро вилоятиданман, Тошкент шаҳрида МЧЖ шаклидаги корхонани ташкил этдим, унинг ягона таъсисчисиман. Саволларим қуйидагилардан иборат:

1. Корхонам Тошкент шаҳрида уй сотиб олиш ҳуқуқига эгами?

2. Агар шундай ҳуқуққа эга бўлса, корхонам тугатилаётганда уйга бўлган ҳуқуқ қандай расмийлаштирилади? 

 

Уй-жой кодекси 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилганидек, фуқаролар, юридик шахслар ва давлат турар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг субъектларидир. Ушбу Кодекснинг 22-моддасида фуқаролар ва юридик шахслар якка тартибда уй-жой қуриш, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш, хусусийлаштириш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа йўллар (асослар) билан турар жойни хусусий мулк қилиб олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 1-илова) 8-бандига биноан пойтахт ва Тошкент вилоятида турар жойга оид олди-сотди, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя битимларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар сотиб олувчи томон:

Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган;

Тошкент шаҳри ҳудудида камида 3 йил доимий яшаб турган (лавозимда бўлган), Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган) 2, 5, 9-11-бандларига мувофиқ пойтахтда доимий прописка қилинган жисмоний шахс ҳисобланса ва ички ишлар органининг доимий пропискаси борлиги тўғрисидаги маълумотномасини тақдим этса.

Кўриниб турибдики, Тошкент шаҳрида турар жойни олиш билан боғлиқ чеклашлар юридик шахсларга эмас, фақат айрим фуқароларга тааллуқлидир. Демак, сиз томонингиздан пойтахт шаҳрида ташкил этилган, юридик шахс мақомига эга бўлган корхона шу ҳудудда уй-жойни сотиб олиш ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа йўл билан олиш ҳуқуқига эгадир. Уй-жой кодекси 23-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ мулкида уйи, квартираси бўлган юридик шахслар уларни ижарага, арендага беришга ҳамда улардан уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа мақсадларда фойдаланишга ҳақлидирлар.

Корхонангиз тугатилаётганда эса уй-жойга бўлган ҳуқуқ масаласи қуйидагича ҳал этилиши лозим. Фуқаролик кодекси (ФК) 55-моддасининг тўққизинчи қисмида Юридик шахснинг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки унинг шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуқларга эга бўлган муассисларига (иштирокчиларига), агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, топширилади деб кўрсатилган.

ФКнинг 59-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисига ва «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (6.11.2001 йилдаги 310-II-сон) 8-моддаси биринчи қисмининг еттинчи хатбошисига биноан жамият иштирокчилари жамият тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олишга ҳақлидир.

Демак, борди-ю, корхонангиз тугатилса, унинг кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилингандан кейин қолган мол-мулкини, шу жумладан Тошкентда сотиб олинган уй-жойни ягона муассиси, яъни сиз олишингиз мумкин бўлади.

Юридик шахсга тегишли бўлган уй-жойни бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимнинг тасдиқланиши Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бир қатор бандларида назарда тутилган. Хусусан, Йўриқноманинг 78-бандига мувофиқ юридик шахсларга тегишли бўлган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлаш пайтида нотариус томонидан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

«Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси;

давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси;

уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг кадастр ҳужжатлари йиғмажилди;

юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси;

уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг қолдиқ баланс қиймати ҳақида юридик шахс раҳбари ва бош ҳисобчисининг имзоси қўйилган маълумотнома;

юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумот;

юридик шахс ваколатли органининг тегишли қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

вакилга берилган ва тегишли тартибда расмийлаштирилган ишончнома (агар ушбу вакил билан юридик шахс ўртасида меҳнат шартномаси тузилмаган бўлса, унда нотариал тартибда расмийлаштирилган ишончнома талаб қилинади);

уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида рўйхатда турувчи шахслар ҳақида маълумотнома;

топшириш ва қабул қилиш далолатномаси (агар битимни имзолашдан аввал уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми топширилган бўлса);

тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция, тўлов топшириқномаси, тўлов мажбурияти кечиктирилган ҳоллар бундан мустасно)*;

Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари ёки шаҳарлар ва туманлар архитектура ва қурилиш бошқармалари (бўлимлари)нинг уйнинг бузилиши ёки бузилмаслиги тўғрисидаги маълумотномаси.

 

*Бундай ҳисоб-китоб юқорида изоҳланган ҳолатингизга тааллуқли эмас.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2559 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика