Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2014 год / № 37 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

СОЛИҚЧИЛАР УЧУН ЧЕКЛОВ

4.09.2014 йилдаги ЎРҚ-373-сон Қонун билан Солиқ кодексига ҳамда «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунга (29.08.1997 йилдаги 474–I-сон) ўзгартиришлар киритилди.

Бундан буён солиқ хизмати қуйидаги ҳолларда ўз қарорларига асосан банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйишга ҳақли бўлмайди, яъни:

солиқ тўловчи – юридик шахс томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот уни топширишнинг белгиланган муддатидан кейин 15 кун мобайнида тақдим этилмаган;

солиқ тўловчи – юридик шахс қайд этилган манзилда бўлмаган ҳолларда.

Мазкур ҳолларда энди фақат банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш юзасидан суд тартибида чоралар кўрилиши мумкин. Солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинган ёки солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш рад этилган ҳолларда ҳам шундай йўл тутилади.

Бундай чора кўриш суднинг ваколатига кирганлиги сабабли Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилди.

 

ҚОНУН БЎЙИЧА ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛАДИ

4.09.2014 йилдаги ЎРҚ-373-сон Қонун билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга (11.12.2003 йилдаги 560–II-сон) ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжатга «блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс» атамаси киритилди.

Шунингдек ҳужжат билан веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;

гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни тарғиб қилиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шартлиги белгиланди.

Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт. Ушбу мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин.

Белгиланган талабларни бузганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳужжат билан маъмурий ва жиноий жавобгарлик санкциялари белгиланди (худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик қўлланади).

Қонун билан бошқа қатор қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 5.09.2014 йилдаги 172 (6102)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.

 

ЯНА БИР ЭҲТИЁТ ЧОРАСИ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ

4.09.2014 йилдаги ЎРҚ-373-сон Қонун билан айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Жиноят процессуал кодексига яна бир эҳтиёт чораси киритилди ва унга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш мақсадида уй қамоғи қўлланилади.

Уй қамоғи қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.

Уй қамоғи кўрсатилган шахснинг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидан иборат бўлади. Соғлиғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тиббий муассаса уй қамоғида сақлаш жойи этиб белгиланиши мумкин.

Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисидаги қарорда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи дучор қилинадиган озодлик бўйича аниқ тақиқлар (чекловлар), шунингдек уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш зиммасига юклатилаётган орган кўрсатилади. Ўзига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахсга қуйидаги тақиқлар (чекловлар) ўрнатилиши мумкин:

1) муайян шахслар билан алоқада бўлиш;

2) хат-хабар олиш ва жўнатиш;

3) ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш;

4) уй-жойни тарк этиш.

Шахс барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин.

Қамоққа олинганнинг яшаш жойи қўриқланиши мумкин. Зарур ҳолларда унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатилади.

Уй-жойидан чиқиши бўйича ўрнатилган тақиқларга (чекловларга) риоя этиши устидан назорат амалга оширилаётганда ички ишлар органи унинг яшаш жойида бўлишини сутканинг исталган вақтида, кундузги вақтда кўпи билан 1 марта ва тунги вақтда кўпи билан 1 марта текширишга ҳақли.

Зарур ҳолларда электрон кузатиш воситалари қўлланилиши мумкин.

Уй қамоғини ижро этиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг яшаш жойидаги ички ишлар органи зиммасига юклатилади.

Киритилган ўзгартиришлар билан мазкур эҳтиёт чорасини қўллашнинг бошқа жиҳатлари ҳам тартибга солинган.

Кодекс йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклашни тартибга солувчи меъёр билан ҳам тўлдирилди. Йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш прокурорнинг қарорига кўра, жиноят иши ёхуд унинг материаллари судда йўқолган тақдирда эса ижро этиш учун прокурорга юбориладиган суд ажримига кўра амалга оширилади.

Йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш жиноят иши ҳужжатларининг белгиланган тартибда далиллар деб топилиши мумкин бўлган сақлаб қолинган кўчирма нусхалари бўйича ва процессуал ҳаракатларни бажариш орқали амалга оширилади.

 

АУДИТНИНГ ЯНГИ ЖИҲАТЛАРИ

Президентнинг 22.08.2014 йилдаги ПҚ–2225-сон қарори билан Аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Аниқлаштирилишича, аудиторлик ташкилотлари аудиторлик текширувини олиб бориш даврида хўжалик юритувчи субъектга бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, тиклаш, олиб бориш ҳамда молиявий ҳисоботни тайёрлашдан ташқари профессионал хизматлар кўрсатиш ва хўжалик юритувчи субъектнинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси) функциясини амалга оширишга ҳақли эмас.

Аввал назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари аудиторлик ташкилотлари энди аудиторлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ аудиторлик текширувини ўтказиш чоғида халқаро аудит стандартларини қўллашлари мумкин.

Аудиторлик хулосалари ва ҳисоботларининг нусхалари аудиторлик ташкилотида 5 йилдан кам бўлмаган муддат сақланиши белгиланган.

Аудиторлик ташкилотлари аудиторларнинг ҳар йили 1 марта малака ошириш курсларидан ўтишларини, шунингдек аудиторлар фаолияти сифатини назорат қилишни таъминлашлари лозим.

Аудиторлик ташкилоти бошқа аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин эмас.

Мазкур аудиторлик ташкилоти ўзининг асосий иш жойи бўлган аудиторгина аудиторлик ташкилотининг раҳбари бўлиши мумкин.

Ҳужжат билан бошқа қатор ўзгартиришлар киритилди.

 

ЯНГИ МУТАХАССИСЛИК КИРИТИЛДИ

Президентнинг 3.09.2014 йилдаги ПҚ-2228-сон қарорига мувофиқ Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти соҳасида чуқур билимларга эга бўлган ва хитой тилини эркин биладиган юқори малакали хитойшунос мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультети ташкил этилади.

Ҳужжат билан Тошкент давлат шарқшунослик институтининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректоратига 2014/2015 ўқув йили учун бакалавриатга қабул квоталари ҳисобидан қуйидаги таълим йўналишлари бўйича хитойшуносликка ихтисослаштириладиган талабаларнинг ўқув гуруҳларини шакллантириш топширилди:

хитой филологияси — 34 киши;

жаҳон сиёсати — 25 киши;

мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик — 25 киши.

Шунингдек Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлигига Тошкент давлат шарқшунослик институтининг штатлар жадвали хитойшунослик факультети ташкил этилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлаш вазифаси юкланди. 2015 йилдан бошлаб ташкил этилаётган факультетнинг ўқув жараёни ва илмий-методик ишларини ташкил қилиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар ва талабаларнинг чет эллардаги олий таълим муассасаларида стажировкадан ўтишлари учун Давлат бюджети параметрларида таълим соҳасига ажратиладиган маблағлар доирасида маблағ ажратилиши назарда тутилди.

 

Ҳужжатларга қисқача
шарҳларни эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2102 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика